Муҳаббат Ҳамидова. Ҳаёсизда иймон бўлмас

Нонушта чоғида телевизордан томоша қилган иккита клипли қўшиқ дилимни хира қилди. Чуқур ўйга толдирди. Қўшиқ мазмуни (агар уни мазмун деб бўлса) ўз йўлига. Мени хонанда қизларнинг ножоиз хатти-ҳаракатлари ниҳоятда хафа қилди. Наҳотки, томошабин эътиборини шундай шармандали (узр), беҳаёларча йўл билан қозонмоқчи бўлишса? Ахир сунъий “оҳ-воҳ”лар билан одамлар қалбини ром қилиб бўладими? Бундан ҳам алам қиладигани, бу хонанда қизлардан бири “Ўртар” қўшиғи билан ҳануз халқимиз қалбини ўртаб келаётган машҳур халқ ҳофизининг, яна бири сермаъно қўшиқлари, жарангдор овози билан эл меҳрини қозонган аёл санъаткорларимиздан бирининг набираси экан. Қўшиқчи қизлар ўз бобо ва бувилари билан фахрланиб юришса керак.

Бироқ сира тасаввур қила олмайман: бу улуғ санъаткорлар жигаргўшаларининг бундай “қўшиқ”лари ёки “клип”ларини кўриб, “баракалла болам”, деб елкасига қоқиб қўярмикан?!

у воқеа таъбимни хира қилгани етмаганидек, ўша куни ёш-у, қари бир не­ча киши­ бекат­­да авто­бус кутиб тургандик. Кўпчиликнинг эътибори ҳаё аталмиш ҳисдан бегона йигит билан қизда. Қизнинг қўллари йигитнинг бўй­нига чирмовуқдай ёпишган. Йигитчанинг қўли ҳам “бекор” тургани йўқ, албатта. Биров ҳавас билан, биров ғазаб билан уларни кузатади. Чидаб туролмадим, йигитчага яқинлашиб қўлига бир урдим. Иккаласи ҳам чўчиб тушди, ҳайратданми, ғазабданми шаҳд билан мен томонга ўгирилишди. Шунда ҳам қиз йигитни қўйиб юбормади.

— Тинчликми, хола? Мен сизни танимадим! — деди йигит.

— Бу нима қилиқ! Уялмайсанми ёки қаерда турганинг эсингда йўқми?!

— Мен бекатдаман. Аммо сиз ўзингизни уйдаман деб ўйладингиз, шекилли. Мен ўғлингиз эмасман, ўғлингизни терганг, нима қиласиз бегоналарнинг ишига аралашиб! — деди йигит титроқ товушда. Ҳатто жаҳли чиққанидан бўлса керак, қулоқларигача қизариб кетди.

— Бегонамиш! Биримиз отангдан, биримиз онангдан каттадирмиз. Уятсиз! Менинг ўрнимда шу қилиғингни онанг кўрса, индамасмиди?! Ёки шу ахлоқсиз қизни келин қилишга рози бўлармиди?!

— Ким сизга унга уйланаман, деяпти. Йигитчилик, биз ҳам эркакмиз, тушунинг-да, ахир. Ёки ўзингизни кўрсатмоқчимисиз, ўқитувчисиз шекилли-а? — дея масхараомуз тиржайди у.

— Ҳақиқий эркак, аввало севгилисининг обрўсини ўйлайди, аяйди. Уни бегоналарга кўз-кўз қилмайди. Ҳақиқий эркак ҳатто ўз жуфти ҳалолининг ҳам бегона тугул ота-онаси, қўшниси олдида билагидан ушламайди. Бу бизда уят, беодоблик ҳисобланади.

— Ну ладно, Алик, прекрати… — шундай дея қиз менга норози қаради-да, йигитни судраб биздан узоқлашди.

— Ҳозирги ёшлар шу-да. На уятни билади, на ҳурматни, — деди бир амаки улар ортидан қараб туриб. — Муҳаббатнинг қадрини биладими булар?! Бугун бунисининг, эртага яна бошқасининг кўнглини хушлаш муҳаббат бўптими?! Гапириш бефойда. Қайси бирини тарбиялаб улгурардингиз.

— Э, шаҳар бедарвоза эмас-ку, уялтириш керак. Ўшанда сал ҳушёр тортишади. Одамлар билан ҳисоблашадиган бўлишади. Ана борсин паркка, панага ўтсин, — деди яна бир ёши каттароқ аёл. — Бошқаларнинг ҳам юз-кўзини очвораяпти шунақа беҳаёлар.

— Юз-кўз қоптими, ҳар хил чет эл киноларини кўравериб, ўшалар­га ўх­шашга интилишади. Телевизорда кўрсатил­аётган кинолар ҳам майли, ҳар ҳолда катталар назоратида. Бироқ, шунақанги шарманда дисклар бор эканки… айтишга тилим бормайди. Афсуски, уни ҳали ғўр ёшлар видеоларда, интернет клубларда томоша қилишади, ҳатто айрим жойларини қўл телефонларига ҳам кўчириб олишар экан. Ўйласам, юрагим орқамга тортиб кетади. Бўйдоқнинг ақли кўзида деган гаплар бор, ахир. Шунақа ахлоқсизлар туфайли кишиларимиз турли бедаво дардларга чалиниб қолишаяпти. Менинг ҳам иккита ўғлим бор. Бундай ёмон таъсирлардан асраш учун доим ҳам уларни пойлаб юролмайман-ку! Адаси ҳам кун бўйи ишда, — куйиб-ёниб гапирди кўринишидан зиёлигина аёл.

— Қуш уясида кўрганини қилади. Ҳар куни юриш-туришидан хабардор бўлинг, ўртоқлари, ошна-оғайнилари кимлигини суриштиринг. Яхши одамларни ибрат қилиб кўрсатинг, ёмонлиги туфайли эл олдида юзи қора бўлганлардан гапиринг. Болангиздан келажакда кутаётган орзу-умидларингизни эслатиб туринг, — деди бир амаки. — Бири бўлмаса, бири эсида қолади. Кузатишларимдан шундай хулосага келдим: ёмон йўлга кўпроқ назоратсиз қолган ёшлар ёки камлик, кўстлик кўрмай ўсган йигит-қизлар кириб қолаяпти. Бола азиз, одоби ундан азиз. Боласидан кўра, унинг одобини яхши кўрадиган ота-онанинг фарзанди куй­дирги бўл­майди.

Сездим, бу суҳбатимизга автобус кутиб турган ёшлар ҳам лоқайд қарашмади. Зора бу гаплардан улар тўғри хулоса чиқаришса. Шу таскин билан автобусга чиқдим. Одатдагидай одам кўп.

— Кейинги бекатдан чиққанлар, йўл ҳақини тайёрлаб туринг, — чипта сотувчининг овози эшитилди. Орадан бироз вақт ўтгач, у йўловчиларга урилиб-сурилиб бизга яқинлашди. 19-20 ёшлардаги чиптачи йигитнинг кийими кўзимга уни шундай совуқ кўрсатдики… Индамай қўя қолмоқчи ҳам бўлдим. Бироқ, ички бир нидо тинч қўймади. Эгнига аллақайси ажнабий юртнинг қора рангли майкаси (футболка эмас, росмана ич кўйлак) ва калта шим кийиб олган эди. Гўё у жамоат транспорти — автобусда эмас, қандайдир бир пляжда юргандай.

— Кондуктор, бу нима юриш? — дедим майкасига ишора қилиб.

— Кунни қаранг ёндираяпти-ку, — деди у иссиқданми, хижолатданми пешонасини силаб.

— Рисолада­­гидай кўй­лак кий, терламайсан. Шу яланғоч баданингни эркагу аёл, ҳатто бўйи етган қизларга ҳам суртиб ўтаяпсан. Бу ҳамманинг ғашига тегаяпти. Қолаверса, тиббиёт нуқтаи назаридан ҳам бу ишинг хато. Тағин бир дардни орттириб олма.

— Вой бў, ғирт ваҳимачи экансиз-у. Бу гапларингизни менга эмас, қорнини очиб юрган қизларга гапиринг.

У жаҳл билан олдинга ўтишга интилди.

— Қизларни қўявер, уларга ҳам ҳали навбат келади. Лекин опа тўғри айтаяпти. Кун бўйи турли тоифадаги одамлар чиқадиган жамоат транспортида ишлайсан. Бундай юришга ҳаққинг йўқ, — суҳбатга қўшилди ёнимдаги ўриндиқда ўтирган милиция ходими. — Ҳар бир ишхонанинг ўз қонун-қоидаси, талаби бўлади. Сенинг асосий вазифанг, тартибли кийи­ниш, йўловчилар билан ширин муомалада бўлиш. Шу қадди қоматингга, қизлар очиқ юрибди-ку, дейиш уят.

Автобус бекатда тўхтагач, чиптачи йўловчиларни кузатиш учун пастга тушди.

— Э, синглим, бундай ярим яланғоч юриш эркагу аёллар орасида уят саналмай қолди. Бизнинг пайтимизда аёллар-ку аёллар, ҳатто эркаклар — оталар, йигитлар ҳам дас­турхон атрофига расамадида кийиниб, ўтирарди. Қиз бола тугул ўғил бола ҳам ота-онаси олдида чўзилиб ётмаган. Шунақа эдик десак, эндиги ёшларга ёқмайди. Эскича фикрлайсиз, қариб қолгансиз. Ҳозир замон бошқача, енгсиз кўйлак ёки калта шим кийган билан яхши одам ёмон бўлиб қолмайди, дейишади, —дея гап бошлади олдинги ўриндиқда ўтирган кекса киши. — Аслида, кийим ҳам иймоннинг, ҳаёнинг бир белгиси. Тунов куни бир хорижий телеканалда Африканинг ёввойи қабиласи ҳақида кўрсатув берди. Тавба, қари-қари кампир-чоллар ҳам яланғоч, биргина лунгида юрибди. Кўрганнинг кўнгли озади. Бизнинг ҳам ярим яланғоч кийиниб юрган ёшларимизни ақлли, маънили деб бўладими?! Ҳаё бўлмаган жойда иймон ҳам бўлмайди.

У киши бир муддат сукут сақлаб яна давом этди.

— Мен ҳам кийиниш борасида ўғлимга, набираларимга кўп насиҳат қиламан. Лекин фойдаси йўқ. Ўғлим ҳам, келиним ҳам бир хил соч турмагида, бир хил калта шимда юраверади. Орқасидан ажратолмай ҳам қоламан. Ҳой болам, сал ўзинг­га қараб юр, десам кулиб қўяди, холос. Ўрганаман деса, ўзимизда ҳам қандай чиройли одатлар, кияман деса, қандай чиройли либосларимиз бор. Мен ҳам жуда бидъатчи эмасман. Фақат ҳамма нарса меъёрида бўлсин, дейман. Ўзимизни, ўзлигимизни унутиб қўймасак, дейман-да. Биз томири мустаҳкам, танаси бақувват халқмиз. Керак бўлса, манаман деган элларга ибрат бўладиган анъаналаримиз, бегона қўллар тугул бегона кўзлар ҳам тешиб ўтолмайдиган оиламиз бор. Афсуски, баъзи ёшларимиз бунинг қадрини билмайди. Аммо менга бир нарса таскин беради. Отам раҳматлик “Ёмонни яхши бўлди, деб суюнма, яхшини ёмон бўлди деб куюнма” ёки “Қазисан, қартасан, асл зотингга тортасан” дердилар. Мана ҳозир ҳам маънавияти бой, юртининг фахрига айланишга ҳаракат қилаётган ёшларимиз жуда кўп. Улар билан гаплашсам, дилим равшан тортади, келажакка умид уйғонади.

Мен ҳам ўйланиб қолдим. Отахон ҳақ. Гуруч курмаксиз бўлмайди. Эҳтимол кун давомида дилимга озор берган воқеалар ҳам ана шундай ўзбекона ахлоқимизни салгина хира қилиб турган оддий курмаклардир. Балки уларга гапириб тўғри қилгандирман. Гарчи бугун тўғри гапнинг тўқмоғи уларга қаттиқ теккан бўлса-да, эртага шифо бўлар. Чунки миллат боласининг бегонаси бўлмайди, уларнинг камчилиги — бизнинг камчилигимиз. Уларни тўғри йўлга солишимиз шарт. Шу хулосага келиб автобусдан тушаётганимда ҳайдовчи тўхтатди:

— Опа, танбеҳларингизни эшитдим. Узр, шогирдимнинг камчилигига эътибор қилмаган эканман. Эртагаёқ бу хатони тузатамиз.

— Илоҳо шундай бўлсин, қани энди ҳамма хатоларимизни тузата олсак…

“Ҳуррият” газетасидан олинди (2009).