Миржалол Маҳмудов. Бола бало бўлмасин десангиз

Баъзи ота-оналар болани жазоламасликнинг мутлақо иложи йўқ, деб ҳисоблашади. Тўғри, у гоҳида гапингизга қулоқ солмаслиги, хархаша қилиб, тинчлик бермаслиги мумкин. Лекин борлиқни эндигина ўргана бошлаган мурғакни билиб-билмай қилган ёки қилмаган иши учун жазолаш шартмикан? Ахир, гўдак кўнглига озор бермай, яхши тарбия бераётган ота-оналар ҳам бор-ку?!

Ота-она фарзандига “Мана бундай қил!” — деб ўргатади. Бола эса қайсарлик қилиб, ўз билганидан қолмайди. Бундай вазиятда нима қилиш керак? Бир ўйлаб кўринг: биз катталар ҳам бирор муаммо билан юзма-юз келганда кўпинча кекса авлоднинг тажрибасини инкор этиб, ўз йўлимизни танлашга ҳаракат қиламиз. Бундай қулоқсизликни эса ўзимизча “шахсий фикр” деб баҳолаймиз. Бироқ мана шу “қулоқсизлик” туфайли биз бебаҳо тажриба орттириб, мустақил бўлишни ўрганамиз, ҳаётда ўз йўлимизни топамиз.

Ота-оналар жигарбандларини ўз бошларидан ўтказган қийинчиликлардан, азобу уқубатлардан асрашга ҳаракат қилади. Уларнинг мақсади эзгуликдан ўзга нарса эмаслигига шак-шубҳа йўқ. Бироқ оқибатда ота-она боласини зарур эркинликдан чеклаб қўяди. Тажриба орттиришга интилиш бола ва ота-она ўртасидаги тушуниш ва ишончга путур еткизса ёмон бўлади.

Кўп ота-оналар жазоламасдан тарбия қилиб бўлмайди, деб қаттиқ адашади. Улар болани тўғри йўлга солиш учун ўзига хос ақидага амал қилади: “Аввал огоҳлантираман. Кейин талаб қиламан. Шунда ҳам айтганимни қилмаса, жазолайман”. Жазолашнинг турлари ҳам кўп: тарсаки тушириш, бурчакка турғазиш, хонада ёлғиз қолдириш, тасма билан қўрқитиш, ширинлик ёки мулт­фильмдан жудо қилиш… Энди вазиятга боланинг кўзи билан қарайлик. Нима деб ўйлайсиз, у айни чоғда нимани ҳис қиларкин? Қилган ишидан афсусланадими? Йўқ, асло! Бу ёшда бола қилиб қўйган ишининг оқибатларини деярли англамайди. Лекин унга кўрсатилаётган қаҳр-ғазабни жуда яхши тушунади. Натижада, боланинг хаёлидан “Мени ҳеч ким яхши кўрмайди. Менга эътибор ҳам бермайди”, деган ўй кечади. Бундай туйғу бола руҳиятига салбий таъсир кўрсатади. Баъзида жазолаш ёмон хулққа барҳам бериб, бола сиз тақиқлаган ишларни қилмайди. Чунки у жазоланишдан қўрқади. Шунинг учун мабодо сиз тақиқлаган нарса махфий тарзда амалга оширилса, бундан ажабланманг. Энди сиз болани ёлғон гапириш ҳамда муғомбирлик қилгани учун ҳам жазолашга тушасиз. Бу кетишда бундай боши берк кўчадан чиқишингиз даргумон.

“Боламни жазолашга умуман ҳожат йўқ”, дейдиган оналар ҳам топилади. Бахти бор экан, унга камтар, босиқ фарзанд насиб қилибди, деб ўйламанг. Бунақа боланинг ўзи йўқ. Фақат унинг оиласида муҳаббат ва ҳамфикрликка асосланган илиқ муносабатлар ҳукм­рон, холос.

“Бировнинг тажрибаси ҳали ҳеч кимга ҳеч нимани ўргатмаган”, — деб киноя қилган экан бир файласуф. Фарзандларимиз эса ҳар куни бу фикрнинг тўғрилигини исботлашади. Она ўғлига “Дарахтга чиқма, йиқиласан!” деб бақирса ҳам у барибир чиқади ва табиийки, йиқилади. Сўнг ўрнидан туриб, яна чиқади. Фақат бу сафар бошқача йўл билан. Буни қаранг, у шохдан маҳкам ушлаб олибди. Демак, фарзандингиз ўсяпти.

“Педагогик жиноят”дан сақланинг

Ота-оналар кўпинча бола табиатидаги ўзгаришларни кўриб чўчишади. Бироқ бу ўзгаришларнинг аксарияти боланинг ёшига боғлиқ ўзига хос хусусиятдир. Афсуски, кўп ота-оналар бундан бехабар. Шунинг учун ҳам улар болаларга нисбатан ўта қаттиққўллик қилади.

Кеча-кундуз тўхтовсиз йиғлаётган икки ойлик гўдакни жазолаш ҳеч кимнинг хаёлига келмаса керак. Ота-она унинг йиғлашига бирор арзигулик баҳона йўқлигини жуда яхши билади: бола соғлом, қорни тўқ, мизғиб олган, таглигини алмаштиришган…Шунинг учун ҳам ўзларича хулосага келишади: кўтаришни хоҳлаяпти, уни тинч қўй! Бекор айтибсиз! Бу ёшда гўдакни ота-она эътиборидан жудо қилиш жазолашга тенг. Бола руҳиятига салбий таъсир кўрсатиш эса чинакам педагогик жиноят саналади.

Навбатдаги ёшга доир ўзгариш бир ярим ёшда бошланади. Болакай онасининг ортидан қолмайди. Ахир у онасининг бирорта қариндошига ташлаб, кўчага кетишидан қўрқади-да. Она бир амаллаб чиқиб кетди ҳам дейлик, ана ўшанда кўрасиз ҳақиқий хархашани. Яқинда юришни ўрганиб олганига қарамай, энди қаёққа боришини ўзи танлай олишини яхши тушунади. У энди атрофни бемалол ўрганиши мумкин. Бироқ онаси бўлмаса, ҳимоясиз қолишини ички ҳис билан сезиб туради. Ана шундан чўчийди!

Уч ёшдаги ўзгаришлар ота-онани, айниқса, қўрқувга солади. Агар уришиб, тарсаки солса, янада қаттиқроқ йиғлай бошлайди. Эътиборсиз қолдирса, дув-дув кўз ёшини тўкади. Қучоқлаб, тинчлантиришга уринса ҳам, митти қўллари билан итариб ташлаб, яна жазавага тушади. Агар бу ёшдаги ўзгаришга оиладаги зиддиятлар, болалар боғчасига кўникиш, иккинчи фарзанд­нинг пайдо бўлиши, ота-онанинг ажрашиши каби бола руҳиятига зарар етказувчи ҳолатлар ҳам қўшилса, жазава янада кучайиши исботланган. Бирор арзигулик сабаб бўлмаса-да, бола атрофида содир бўлаётган воқеа-ҳодисаларни кузатиб боринг. Эҳтимол, бола боғчадаги энага ёки доимо унинг ёнида бўлувчи бувиси билан келишолмай қолгандир. Салбий омиллар таъсирини камайтиришга ҳаракат қилинг, шунда боладаги асабий тутқаноқ камаяди. Психологларнинг фикрича, қулоқ солмаслик бола менининг шаклланишидаги муҳим босқичдир. Шу тариқа у ўзини мустақил тута бошлайди.

Тартибни яхши кўрадими, демак, унинг атрофида барқарорлик ҳукмрон. Дарвоқе, бу ҳол кўпинча зиддиятларга сабаб бўлади. Дейлик, она ўйинчоқни унинг рухсатисиз нарироққа суриб қўйди, ота эса тушлик вақтида унинг доим ўрганиб қолган жойи­га ўтириб олди. Ана шунда гўдак тартибнинг тикланишини талаб қилади. Ота-она эса уни инжиқликда айблаб, ўзларича қайта тарбиялашга уринишади. Бироқ гап шундаки, атрофдаги барқарорлик бола учун хотиржамлик ва осойишталик гаровидир. Шунинг учун ота-оналар иложи борича болакайнинг талабларига бўйсуниши керак.

Ҳам танқид, ҳам мақтов…

Мутахассисларнинг фикрича, кўпчилик олдида жазолаш ҳам самарасиз экан. Негаки, униси ҳам, буниси ҳам болани бошқалардан ажратиб қўяди. Болага эса ўзини ўзгача ҳис қилиш ёқмайди. Болани жазолашга бутунлай қарши бўлган оналар яхши хулқли болани қўллаб-қувватлаб, рағбатлантириш тизимига ўтиб олишган. Бу тизимга кўра, ота-она боланинг яхши хатти-ҳаракатини диққат билан кузатиб, бу ҳақда овоз чиқариб ҳаммага маълум қилиши керак. Мисол учун, кичкина бола латтани қўлга олиб, пол артишга чоғланди. Майли, унинг ёрдамидан умуман наф бўлмасин, лекин она, албатта, боланинг ёрдами учун мақтаб қўйиши керак. Мазкур усул боланинг фаолиятини ижобий томонга йўналтириб, ёмон одатларни ташлашга ёрдам беради.

Қулоқсизлик хуружи ҳамма оилада содир бўлади. Бундай ёшда бола ўйинчоқни пала-партиш ўйнайди. Болани ҳеч қачон яхши кўрган ўйинчоғидан жудо қилманг. Фақат болага қилиб қўйган ишидан хафа эканлигингизни билдиринг.

Унга катта одам билан гаплашгандай муомала қилиш лозим: “Синглингни урганинг учун мен сендан хафа бўлдим”, “Телевизорни узоқ томоша қилсанг қаттиқ хавотирланаман…” Балки ўша лаҳзада натижасини кўрмассиз, лекин вақти келиб ўзгаришлар, албатта, бўлади. Катталарнинг ҳар бир айтган сўзи боланинг онги-шуурида муҳрланади. Меҳмонга борганда ёки кўча-кўйга чиққанда болангизнинг айнан сиз тушунтиргандай хатти-ҳаракат қилишидан қувонасиз.

Афсуски, дунёда ҳамма учун бир хил ҳақиқат бўлмайди. Шунинг учун қийинчиликлар билан рўбарў келганда болалар психологига мурожаат қилишдан уялманг. Шунингдек, ота-оналик ички сезгингизга қулоқ солинг. Тарбия масалаларида ундан яхши маслаҳатчи йўқ!

Имкон беринг

Агар бола кўз олдимизда иссиқ чойнак ёки пичоққа қўл чўзса, машина йўлига югурса, қўрқув ва ғазаб ҳисси устун келган она боласига, ҳатто, шапалоқ тортиши ҳеч гап эмас. Гарчи бунда боланинг айби бўлмаса-да. Қизиқувчанлиги туфайли бола ҳали нима юз беришини билмайди. Бундай вазиятда ота-она дастлаб болани хавф-хатардан асраб, кейин сал эси кирганда, ҳаммасини бирма-бир тушунтириб бериши керак. Иложи бўлса, вазият билан болани таништириш керак. Мисол учун, болага иссиқ (қайноқ эмас) чойнакка тегиниб кўришга имкон беринг.

Вазиятни мураккаблаштирманг

Бошқаларнинг ўйинчоғини тортиб оладиган, урушқоқ бола, табиийки, онасидан танбеҳ эшитади. Бироқ боладаги тажовузкорлик ота-онанинг айнан шундай хатти-ҳаракати натижасида келиб чиқиши исботланган. Агар бола онасининг шапалоғига ўрганиб қолса, у ҳам ўзини тенгдошлари орасида шундай тутади. Ахир зиддиятларни ҳал этишнинг бош­қа маданиятли кўринишларидан бехабар бола учун бу хатти-ҳаракат одатий ҳолга айланади-да. Болани бу тарзда жазолайвериш вазиятни бирёқли қилиш ўрнига уни янада мураккаблаштиради.

Мустақил бўлишига шошилманг

Она кечки овқатни тайёрлаб, севимли сериалини томоша қилишни ёки телефонда гурунглашишни хоҳлайди. Биз фарзандимиз тезроқ мустақил бўлишини орзу қиламиз ва ундан масофа сақлашга уринамиз. Бироқ мус­тақил бўлишига ҳаддан зиёд эрта ўргатиш тескари натижага олиб келиши мумкин. Унда бола ўзини ёлғиз ҳис қила бошлайди.

Қизиқишини чегараламанг

Бундай қайсарлик, айниқса, оналарга ёқмайди. Лекин бу норозиликдан фойда йўқ: фарзанд сизга бўлган меҳрини шундай ифодалаяпти, холос. Бунинг учун уни жазолаш умуман нотўғри.

Ота-оналарнинг норозилигига сабаб бўлувчи бу каби вазиятларни кўплаб келтириш мумкин. Бола секин-аста оламни англай бошлайди, ўзича турли хатти-ҳаракатларга қўл уради. Биз катталар эса унинг қизиқувчанлигини чегаралаб, унинг ички дунёсини ўзимизга мослашга ҳаракат қиламиз.

Ҳурматли ота-оналар! Билиб қўйинг, боланинг ҳар қандай хархашаси унинг ривожланишидаги тўсиқларга бўлган норозилигидир.

“Ҳуррият” газетасидан олинди (2011).