Менинг бахтим…

Биз бахтли бўламиз худо хоҳласа,
Худо хоҳламаса учрашармидик…
Муҳаммад Юсуф

Биз албатта бахтли бўламиз, худо хоҳласа. Сен дунёдаги энг бахтли аёл бўласан. Бу қийноқларинг, дардларинг ҳали барчаси унут бўлади…

Ҳали тўйимизни ҳам кўрасан. Дабдабани ёқтирмайман. Оддий ўтади тўйимиз. Дўст-ёронларни чақирамиз. Тўкин дастурхон; мазмунли суҳбатлар бўлади. Ҳамма бизга хавас қилади. Дуо қилади, саодатимизни тилайди. Ёр-ёрлар айтилади…

Кейин олиб кетаман сени, ўз диёримга. Онамнинг қанчалик севинишини билсанг эди. Сени қанчалик яхши кўришини тасаввур қилолсанг эди. Ҳаммага мақтаб чиқади келинини. Еру кўкка ишонмайди. Меҳнатдан тўймайдиган отам эса келини қўлидан бир пиёла чой ичиб, сенга раҳматлар айтади, дуолар қилади. Севинади, ўғлининг камолидан, бахтидан. Зеро, уларнинг мақсади ҳам шу эди. Синглим эса энг яқин сирдош топганидан хурсанд. У сени ҳеч қачон зериктириб қўймайди.

Менинг ҳам саодатли кунларим бошланади. Энди ортиқ студент эмасман. Студентликнинг оғир ҳаёти қолиб кетди. Энди мени ўйлайдиган, севадиган, ардоқлайдиган кишим биттага кўпайди. Ишдан келсам, дунёдаги энг гўзал аёл мени кутиб олади. “Яхши келдингизми?” деган сўзиёқ барча чарчоқларимни аритиб юборади.

* * *

Фарзанд кўрамиз. Биринчи фарзанд. Мен унинг ўғил бўлишини тилардим. Қизалоқ бўлса ҳам шукрона айтаман. Ўғил бўлса исмини Абдулазиз қўямиз, қиз бўлса Муҳсина. Онамнинг қувончини кўрмайсанми? Ҳали туғилмасдан тикдириб қўйган кийимчаларини сенга тақдим этади. Чақалоқни қўлига оларкан, Аллоҳга шукроналар айтади. Юз-кўзидан ўпади, эркалатади. Бешиктўйга ўз қўллари билан кулча ёпади. Уйимизни тўлдирган ёш болаларга сен кулча тарқатасан.

…Ҳали кўп болаларимиз бўлади, бир-биридан ширин, бир-биридан асал. Улар бағрида яна ёшликка қайтамиз.

Абдулазиз менга ўхшайди! Ҳеч тинч турмайди. Сени доим қийнайверади. Лекин сен бундан роҳатланасан. “Ўғилгинам” деб эркалатасан. Аста-секин тили чиқади. “Дададзон” дея бошлайди. Кейин “ойижон”ни ўрганади. Энди унинг хизматидан сен ҳам баҳраманд бўласан. Сахар ухлаб ётганимда уни бошимга қўйиб қўясан-да, у мени уйғота бошлайди:

– Дададзооон! Туриин! Номоз ўқиссимиии?

– …Ҳа, ҳозир…, – дейман эринибгина.

– Дададзооон! Дададзооон!

– Абдулазииииз!

– Турииииин, дадўўўў.

– Хўўўп. Мана. Турдим, ўғлим.

* * *

Энди биз оилада уч кишимиз, энди ўғлимиз ҳам ҳақиқий аъзога айланди. Энди унга кўп нарсаларни ўргата бошлаймиз. Ишдан келаётиб унга албатта совға олиб келаман. “Дададзоним келдилааа” деб кутиб олади, дарров югуриб келиб қучоқлашади. Ошхонадан кейин сен чиқасан. Салом бериб қўлимдаги нарсаларни оласан… Ота-онам билан бирга овқатланамиз. Таомдан кейин қучоғимда ўтирган Абдулазиздан сўрайман:

– Абдулазииииз?

– Дададзоооон!

– Дадажонизи яхши кўрассими ё ойижонизими?

– Дададзонди яшши чўяман!

– Ийи, ойижонизи-чи?

– Ойижоними сиз яшши чўяссу!..

Бу суҳбатдан кейин биз бирон сўз тополмай қоламиз. Дадам ҳам аямга қараб, кулиб қўядилар. Сен эса чойнакни кўтарганча ошхонага югурасан.

* * *

Бир куни ўғлимизнинг жойнамоз устида намоз ўқишимизга тақлид қилаётганини кузатаман. Астагина сени чақираман. Абдулазиз ибодатини давом эттирарди. Уёқ-буёққа аланглаганча, нозик ҳаракатлар билан рукуга кетади, сажда қилишидаги гўзалликни кўрмайсанми? Икки томонга салом беради-да, нозик қўлларини дуога очади. Беихтиёр бизнинг ҳам қўлларимиз кўтарилади. Кейин у орқага қарайди. Биз эса йиғлар эдик…

* * *

Сезиб турибман, сен бу “умр дафтари”ни ўқиб чиқяпсан. Бағринг тўлиб йиғлаяпсан. Қўй, яширмагин кўз ёшларингни. Сен яна баттар эзиляпсан. Титраяпсан… Йиғламагин, азизам. Бу беғубор кўзларинг намланмасин, ҳеч қачон. Бу кўзлар доим кулиб турсин, кулиб яшасин! Ҳали яхши кунлар келажак!

Сен албатта БАХТЛИ бўласан!

Дунёдаги энг бахтли аёл бўласан!

Давронбек ТОЖИАЛИЕВ

10 декабрь, 2005 йил. 8:59:45