Маъсума Аҳмедова. Муқаддас хаёл

“… Сиз ҳозир вафо-садоқат ҳақида гапирдингиз. Мен қандай қилиб бир одам билан шунча йил яшадим? Қандай яшадим?

Мен умрим бўйи қалбимдаги гўзал хаёл билан яшадим. Мен умр йўлдошимни бари фазилатлар эгаси деб тасаввур қилдим. Унинг қиёфасида ўзим орзу қилган фазилатларни изладим ва уларни кашф этдим. Аслида мен қалбимдаги гўзал хаёлни, ўзим яратган образни севдим…”

Бу бир ҳикояда тасвирланган аёл монологидан бир лавҳа. Ҳикоядаги аёл кўнглидан чиққан гаплар азиз ўқувчимизга бир оз ғайритабиий туюлиши мумкин. Лекин ана шу лавҳа ҳикоя қаҳрамонининг бой ички оламидан, оила олдидаги катта масъулиятидан далолат бериб турибди.

Вафо-садоқат, хиёнат, поклик, эзгулик ва ёвузлик тушунчалари яшаб турган дунёмиз каби кўҳна ва айни дамда янгидир. Дунё дунё бўлиб, динлар асл инсоний, пок муносабатларни тарғиб қилди, оила қўрғонидай мустаҳкам қалъани жорий этди. Зеро, оилада, бу қўрғонда туғилган фарзандлар комил инсонлар бўлиб вояга етди. Бадиий адабиёт, хусусан, академик санъат турлари жамиятда устувор иймон, поклик мавзуларини илгари сурди. Шарқда ҳам, Ғарбда ҳам таг-замини билан оилада бунёд бўлган ана шу комиллик улуғланди.

Бир социолог дугонам бор. У анчадан буён жамиятдаги оила институтлари ҳақида тадқиқот олиб боради. Бир кун ҳовлиқиб, менга шундай деб қолди:

– Бу қандай қабоҳат ахир? Бир қиз бир йигит билан севишади, табиий, турмуш қуришмайди. Сабаб аниқ: йигитнинг онасига қиз, оиласи, унинг келиб-чиқиши маъқул келмайди. Ахир бизда мешчанларча қараш биринчи ўринда туради-ку. – дейди у киноя билан. – Ҳаётимиз мазмуни, бир йигитнинг уйланиши-ю, совчилар мавзуи, ўртадаги қилинажак сарполару тоғоралар сони… Гўёки ҳаётда шундан бўлак муҳокама қилинадиган масала йўқ.

Мен кулиб, дугонамнинг фикрига қўшилиб, дейман:

– Кейин қайнона-келин можароси…

– Ҳа… Айтмоқчи бўлганим, севмаганига уйланган эски ошиқлар яна топишиб олишади. Хўш, оила нима бўлади, ўртада туғилган бола тақдири нима бўлади, деган одам йўқ!

Мен олима дугонамнинг куюниб айтган гапларини эшитиб, ўйланиб қолдим. Аксарият жамиятда юз бераётган шундай чиркин воқеалар илдизи албатта маънавиятга, кишининг ички оламига, хусусан, оила муқаддаслиги ҳақидаги эзгу туйғуларга бориб тақалади. Азал-азалдан бадиий адабиёт, санъат комил инсонни тарбиялаб келди, жамият тараққиёти йўлида хизмат қилди, унинг мувозанатига катта таъсир кўрсатди.

Асл санъат усталари бўлмиш чинакам шоирлар, ёзувчилар, рассомлар, драматурглар яратган асарлар ботиний дунёмизни бойитди, қалбимизда поклик, иймон туйғуларини ниш оттирди. Ёдингизда бўлса, мумтоз адибимиз Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар” романида бир эпизод бор. Тошкандлик Отабекни ота-онаси қайта уйлантирмоқчи бўлади. Отабек минг азоб билан Марғилонга келади.

“… Киши изтиробка тушкан кезларда тилаб эмас, ихтиёрсиз баъзи бир йўсунсиз ишларга уринадир. Шунингдек, ул ҳам жиддий бир равишда Фузулий мутолаасига берилди.

Ул ўзининг шубҳасидаги гапка қониъ (қаноат қилган), орадан ярим соатлаб эмас, бир соатлаб вақт ўтиб борган бўлса ҳам бу унга зерикарлик эмас, тез келгандан келмагани яхши; яхшилиқми, ёмонлиқми, ҳайтовур, бўладирған кўнгилсиз гапни кечиккани яхши… Фузулийни яхшилаб ўқуш керак. Шунинг учун ҳам маънолик шеърлардан бош кўтармайдир-да, гўёки айтарсиз китобка михланган…

Кумушнинг уйга келиб киргани ҳам унга сезилмай қолди. Ул қушлар каби латиф товуш чиқармаслиқ қилиб гилам устидан юриб келди-да, секингина шамъ ёниға – Отабек қаршисиға ўлтурди. Унинг кўйнагининг чиқарған енгилгина шамоли билан ёниб турған шамъ “лоп” этди-да, кўришкандек, ўйнашқандек бўлди. Бу ҳолдан китоб устига муккадан кетиб ўлтурғучи чўчиб, кўтарилиб қаради. Қаршисида Фузулий таъбирича, себи занахдони (бағбақаси) негадир қизариб, новаки мижкони билан жуфталанган ҳалиги пари эди… Биринчи қарашдаёқ куткан ишининг тўғрилиғиға инонди ва осийлар (гуноҳкор) каби кўзини ерга тикди. Ул Кумушдан итобомиз сўзлар, аччиғ хитоблар кутар; биринчи итобдаёқ ота-она гуноҳига тавба қилишға ҳозирланар эди. Аммо иш ул куткунча чиқмади. Кутилмаган жойда, гўёки уни бу оғир ҳолдан қутқармоқчи бўлгандек:

– Фузулий яхши китоб, – деди Кумуш, – мен ҳам ёлғиз қолған кезларимда бу китобдан бошимни ололмас эдим, сизамми?”[1]

Дилбар ёзувчимиз Абдулла Қодирий идеали, ҳам ботинан, ҳам зоҳиран гўзал Кумуш умр йўлдошини мушкул вазиятдан қутқаради, адиб орзусидаги зебо Кумуш ғоят оғир, кундошли бўлишдай уқубатли юкни уҳдасига олади:

“… – Мен рози, мен кўндим, – деди дафъатан Кумуш, бу сўзни нимадандир қўрқғандек шошиб айтди”…[2]

Бу лавҳани, хусусан, бутун романни ҳис-ҳаяжонсиз ўқимай бўладими? Фузулийни “бош кўтармай” мутолаа қиладиган маънан гўзал Кумуш чигал тугунни ечади, яъни Отабекнинг оғир ҳолатини тушунади. Ана шу ўринда ёзувчи кўплаб аёлларимизга намуна, сабоқ бўладиган манзарани келтиради. Мен бу билан аёлларимиз ҳар қандай вазиятда ҳам албатта кундошли бўлишга кўнсинлар, деган сийқа фикрни ифода қилишдан йироқман. Лекин биргаликда кечирмиш ҳаётда шундай вазиятлар бўладики, юзага келган шароит оилани сақлаб қолиш учун аёллардан ниҳоятда оқилона қарор қабул қилишларини талаб этади. Айтмоқчи бўлганим: оила – эр-хотинга катта масъулият юклайди. Бу масъулиятни ҳар бир киши ҳис қилиб, шунга қараб иш кўрмоғи маъқул эканлигидир.

Асл таг-заминига кўра Қодирий бу романида XIX аср ўрталари ўлкамиз ҳаётини акс эттиради, “ота-она орзу-ҳаваси”дай ўзбекнинг ҳали ҳам учраб турган бу одатини алам билан қаламга олади. Шу ўринда романни мутолаа қилган ҳар бир китобхон қалбидан Отабек билан Кумуш биргаликда барпо этган оила қандай латиф, ажойиб, мустаҳкам бўлиши мумкинлиги кечмаганмикин? Айни инсонпарвар ёзувчи сифатида Қодирий кундошлилик оқибатлари, оиладаги учинчи одам, яъни иккинчи хотиннинг қандай ишларга қодирлиги, унинг аламзадалиги қандай драмаларга, ўз эрига суюкли бўлмасликдай изтироблар туфайли келиб чиққан ҳасад туйғулари қандай фожиаларга олиб келиши мумкинлигини асл бадиий сўз билан намоён этади. Ана шу аламзадалик бошқа одам билан бахтли бўлиши эҳтимоли бўлган наинки Зайнабни, балки бутун оилани маҳв этади.

Шарқ адабиётида ҳам, Ғарб адабиётида ҳам оила қўрғонига четдан келтирилган ҳужум, тўғрироғи, бегона одамнинг оила осойишталигига дахл қилиши кескин қораланган ва бу дахлдорлик ҳеч қачон кечирилмаган. XIX аср охири – ХХ аср бошларида яшаб ижод қилган таниқли итальян ёзувчиси Габриеле д’Аннунцио ўзининг машҳур “Бегуноҳ” романида айни оилага қилинган таҳдид, хиёнат оила қўрғонининг дарз кетиши ва инсонлар бошига не савдоларни солиши мумкинлигини ҳаққоний тасвирлаб берган. Оила институти, қадриятлари ҳамиша ҳар қандай жамиятда қадрланган.

Улуғ рус шоири Александр Пушкиннинг “Евгений Онегин” шеърий романи ёдингиздами? Мазкур шеърий роман кўп марта ўзбек тилида чоп қилинган. Дастлаб устоз Ойбек, сўнг шоир Мирзо Кенжабек талқинида ўзбек тилига ўгирилган. Бу шеърий романни ўқир экансиз, улуғ шоир даҳосини ҳис қиласиз, асл шеъриятдан баҳраманд бўласиз.

Роман сюжети шундай: киборлар жамиятидан безган, зериккан, машҳур рус танқидчиси В. Г. Белинский таъбири билан айтганда, “жамиятда ортиқча одам”га айланган асилзода йигит Евгений Онегин қишлоққа келади. Қишлоқда уни таъсирчан, деразадан кўзини узмай тинмай хаёл сурган, камгап, нозик, қўшни қиз Татьяна тоза кўнгил билан севиб қолади. Шундайки, кўнглида жунбишга келган ҳис-туйғулардан шошиб қолган қиз ниҳоят муҳаббати рад этилишидан ҳам чўчимай, дадиллик билан Онегинга мактуб ёзишга жазм этади.

Я к вам пишу – чего же боле?
Что я могу ешё сказать?
Теперь я знаю, в вашей воле
Меня презреньем наказать.
Но вы, к моей несчастной доле
Хоть каплю жалости храня,
Вы не оставите меня[3].

Яъни:

Хат ёзурман сизга не чора?
Яна не ҳам айта олурман?
Мен биламан, энди бир бора
Қаҳрингизга балки қолурман.
Лекин қаро бахтимга зора
Кўриб зарра шафқатни раво,
Кетмагайсиз ташлаб бенаво[4].

Татьянанинг оппоқ қор сувлари, тонгги шудринг каби беғубор, самимий муҳаббати жавобсиз қолади, Онегин киборларга хос назокат билан қиз қалбини авайлаб, унинг севгисини рад этади. Сўнг Онегин дуэлда дўсти Владимир Ленскийни отиб, қишлоқдан, балки ватанидан олисларга кетади.

Орадан йиллар ўтади. Бу орада Татьяна генералга турмушга чиқади. Евгений Онегин чет эллардан ватанига қайтиб келади. Петербургдаги бир балда мафтункор, соҳибжамол хоним унинг эътиборини жалб этади. Тақдир ўйинини қарангки, бу вазмин, гўзал княгиня хоним Татьяна бўлиб чиқади. Энди Онегин киборлар оламида энг соҳибжамол аёлга айланган Татьянани қайтадан кашф этади, унга ошиқу беқарор бўлиб қолади.

Татьянани телбаларча севиб қолган Онегин аёл изидан қолмайди, унинг бир қарашига, бир табассумига, бир оғиз сўзига маҳтал бўлади. Татьяна эса гўё эски севгилисини кўрмайди, ишқ дардидан адойи тамом бўлган ошиқ ҳолига заррача парво қилмайди. Унга ҳамма қатори ниҳоятда вазминлик ва одоб билан муомала қилади. Романни ўқир экансиз, шоир идеали Татьянани муаллиф каби сиз ҳам севиб қоласиз, аввало, унинг ниҳоятда иродалилиги, вазминлиги, оқилалиги ҳар қандай ҳурматга сазоворлиги хаёлингизга келади.

Ниҳоят, Онегин ишқ азобу қийноқларига чидай олмай Татьянага мактуб битишга мажбур бўлади. Унинг ишқий мактуби жавобсиз қолади. Барибир Онегин ўжарлик билан аёлга мактуб кетидан мактуб йўллайверади. Ахири Онегиннинг ишқий номаларидан безган Татьяна унга сўнгги, узил-кесил қарорини айтади. Мана, орадан икки аср ўтибдики, Татьянанинг бу қарори ҳамон сон-саноқсиз китобхонлар аудиториясини ҳайратда қолдирмоқда, шоир даҳоси яратган чин инсоний вафо-садоқат тимсолига айланган беназир Татьяна образи неча-неча авлодларни тарбиялаб келмоқда. Татьяна Тангри ҳузурида барпо этилган оилани муқаддас билади, умр йўлдошига вафони ҳар қандай кўнгил майлларидан, кўнглидаги оташин муҳаббатидан ҳам устун қўяди.

“А счастье было так возможно,
Так близко!.. Но судьба моя
Уж решена. Неосторожно,
Быть может, поступила я?
Меня с слезами заклинаний
Молила мать, для бедной Тани
Все были жребии равны…
Я вышла замуж. Вы должны,
Я вас прошу, меня оставить;
Я знаю: в вашем сердце есть
И гордость, и прямая честь,
Я вас люблю (к чему лукавить?),
Но я другому отдана;
Я буду век ему верна”.[5]

Яъни:

“Бахт бўлса-чи, нақадар мумкин,
Яқин эди нақадар!.. Энди –
Тақдирим ҳал. Эҳтимол у кун
Хомлик қилдим. Қанча ялинди
Кўзёш билан авраб онам ҳам,
Оҳ, Татьяна шўрликка у дам
Ҳамма нарса барибир эди…
Турмуш қилдим оқибат… Энди
Илтимосим, тинч қўйинг бизни.
Мен биламан, қалбингизда бор
Ҳам ғурур, ҳам собит, баланд ор,
(Ёлғон нечун?) Севаман сизни,
Насиб этдим бошқага фақат;
Унга содиқ қолурман абад”.[6]

Шу ўринда кўнглимга бир тилак келди: қани эди ўша социолог дугонам айтган турмуш қургач, топишган эски ошиқлар А. С. Пушкиннинг ушбу шеърий романини ўқисалар, кейин мулоҳаза қилсалар, ўз қилмишларидан андак хижолат тортсалар… Аввало, жамиятимизда юз бераётган ана шундай кўнгилсиз ҳолатлар кишиларнинг маънавий пучлигидан, кўнгил қашшоқлигидан келиб чиқиши табиий. Ҳозирги кунда ёшларимиз газета дўконларида қалашиб ётган, қўлига тушган ранг-баранг, сариқ матбуотга оид газета-журналларни ўқийдилар, нияти бадиий асар яратиш эмас, пича пул ишлаб олиш илинжида “мардикор” қаламкашлар ёзган, сира тортинмасдан, уялмасдан, қисса, ҳикоя, деб эълон қилган олди-қочди савдоларни ўқийдилар, кинотеатрларимизда профессионал фильмларни эмас, кино санъатини тушларида ҳам кўрмаган тижоратчи “киночилар” ишлаган сийқа фильмларни кўрадилар. Кенг, глобал Интернетдан ҳам ана шундай ғариб мақсадлари йўлида фойдаланадилар. Бунинг оқибати ўлароқ, саёз маълумотлар, сийқа танишувлар оддий ҳолга айланади. Аввало Интернетдан киши ўз билимларини ошириши учун фойдаланиши керак эмасми? Ана энди улар ўзларига кимни, қайси образни намуна деб билсинлар? Улар асл санъат билан танишмасалар, музейларга, театрларга бормасалар, чин адабиётни билмасалар…

Таниқли инглиз адибаси Жейн Остиннинг машҳур “Ғурур ва хато” романи бизга ҳам таниш. Турли кино компаниялари ушбу роман асосида кўп марта фильм ишлаган. Экранлаштирилган романнинг ҳар бир вариантида Жейн Остин руҳи сақлаб қолинишига ҳаракат қилинган. Яъни романда оила анъаналари, яъни оиланинг ҳам бир кичик мамлакат сингари ўз қонун-қоидалари борлиги кўрсатиб берилган. Адиба таваллуд топган оилада ҳам китоб мутолаа қилиш анъанаси ҳукм сурган. Жейн Остиннинг аллақачон инглиз адабиёти дурдоналарига айланган тўрт романи ҳам оилада мавжуд китоб ўқиш анъанаси маҳсулидир.

Аксарият ўзбек хонадонларида ҳам бутун оила жам бўлиб китоб ўқиш анъанаси бўлган. Яқин-яқингача танча атрофида ўтириб, давра бўлиб китоб ўқилган. Кейин ўқилган китоб оила даврасида муҳокама қилинган. Мутолаа кишининг онги шуурига етиб, қалб бойлигини оширишга хизмат қилган. Шундай мутолааларда кўнгил бойлиги ортган оталаримиз, оналаримиз бир-бирларига, хусусан, оилага садоқат билан муносабатда бўлганлар.

Жаҳон тарихида неча-неча тарихий шахслар ҳаёти, уларнинг ўз жуфти, оиласига вафо-садоқати ҳақидаги ибрат бўларли воқеа-ҳодисалар кўп учрайди. Буюк шахслар муҳаббати, садоқати тиллардан тилларга кўчиб, афсоналарга айланган. Бундай шахслар ҳаёти, садоқати кўнгилларда эзгу туйғуларни уйғотиб, кишиларга вафо-садоқат сабоғини бериши тайин.

“Жиноят ва жазо”, “Ака-ука Карамазовлар”, “Телба” каби ажойиб асарлари билан жаҳон адабиётини бойитган улуғ рус ёзувчиси Ф. М. Достоевский бу дунёдан ўтар чоғи хотини Анна Григорьевнага дил розини изҳор этади: “Мен сенга ҳатто хаёлимда ҳам хиёнат қилмадим…”

ХХ асрнинг забардаст кино устаси, машҳур итальян кинорежиссери Федерико Феллини санъатда неореализм йўналишини илгари сурди ва шу оқимда ажойиб фильмлар яратди. Унинг “Йўл”, “Амаркорд”, “Оркестр машқи” каби фильмлари кино ижодкорларига яхши мактаб вазифасини ўтайди. Кинорежиссернинг ижодда баланд чўққиларга кўтарилишига бир одам унга камарбаста бўлган, ҳамиша ёнида турган. Бу аёл – Федерико Феллинининг рафиқаси, сафдоши, актриса Жульетта Мазинадир. Уларни ХХ асрнинг энг романтик жуфтлиги деб атайдилар, уларнинг бир умрлик вафо-садоқатга мисол бўла оладиган муҳаббат тарихи ҳамон тилларда достон.

Ҳиндистоннинг Агра шаҳрида бетакрор обида бор. Жаҳоннинг етти мўъжизасидан бири саналган бу обида муҳаббат, вафо-садоқат қасри деб ҳам аталади. “Тож Маҳал” деб номланган мазкур масжид-мақбара бобурий ҳукмдор Шоҳ Жаҳон томонидан суюкли рафиқаси Мумтоз Маҳал хотирасига барпо этилган. Мазкур муҳаббат қасри бунёд этилишига 1632 йилдан 1653 йилга қадар – йигирма йилдан зиёд вақт сарфланган. Маълумки, Мумтоз Маҳал ўн тўртинчи фарзандини дунёга келтираётиб, оламдан ўтади. Суюкли хотинининг ўлимидан ғоятда куйган, азоб чеккан Шоҳ Жаҳон ушбу обидани бунёд этиш билан рафиқаси хотираси олдида ўзини бурчли сезади, севиклисига ўз садоқатини ифода этади.

Айтишларича, “Тож Маҳал” ёдгорлиги мармарлари кундуз куни оппоқ, тонгги сабода пушти, ойдин оқшомда эса кумуш рангда товланар эмиш.

“Тож Маҳал” ёдгорлиги ҳамон умрбоқий муҳаббат, асл инсоний вафо-садоқат рамзи бўлиб, табиатнинг турфа рангларида жилва қилиб турибди.

———————-

[1] Абдулла Қодирий. Ўткан кунлар. Меҳробдан чаён., Тошкент, Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа бирлашмаси, 1992, 122-бет..

[2] Ўша жойда, 123-бет.

[3] А.С. Пушкин. Полное собрание сочинений, 5-том, изд. «Наука», Ленинград, 1978, стр.60.

[4] А. С. Пушкин. Евгений Онегин. Мирзо Кенжабек таржимаси, Тошкент, Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриёти, 1988, 79-бет.

[5] Там же, стр. 162.

[6] Ўша жойда, 209-бет.


Зиё истаган қалблар Telegram каналига марҳамат!