Жўра Саъдуллаев. Оқ ажал исканжасида

“Кайф-сафоли ҳаёт” чўққиси — гиёҳвандлик умуминсоний қадриятларни поймол этиб, ХХI аср бошига келганда тарих қатларида кузатилмаган янги бир дард — ОИТСни келтириб чиқарди. Бу касаллик тез суръатлар билан тарқалиб, бугун инсоният уни “Аср вабоси” деб атамоқда. Бугун унга қарши бир киши, бир мамлакат, бир ҳудуднинг эмас, балки бутун инсоният, бутун жаҳон жамоатчилиги курашиши лозимлигини ҳаётнинг ўзи тақозо этмоқда.

Давлат ва жамоат арбоблари, жаҳон ҳамжамияти намояндалари тинчлик, тараққиёт ва халқаро хавфсизлик масалаларини муҳокама қилиш учун кўпинча Тошкентга тўпланишлари биз учун ифтихорли анъанага айланди. Бу мустақил Ўзбекистон, унинг глобал жараёнлардаги нуфузини, долзарб халқаро муаммолар, чунончи, наркотик моддалар ноқонуний тарқатилишининг олдини олиш, бу борада халқаро ҳамкорликни фаоллаштириш, ахборот алмашинуви ва махсус оператсияларни самарали мувофиқлаштиришни йўлга қўйиш масалаларини ҳал этишга қўшаётган муносиб ва салмоқли ҳиссасининг эътирофидир.

Бутун жаҳон миқёсида олиб борилаётган саъй-ҳаракатларга қарамасдан гиёҳвандликнинг хуружи ҳамон сусаймаётир. Бугун шу нарса аниқки, унинг кенг тарқалиб боришидан турли уюшган жиноий гуруҳлар, трансмиллий синдикатлар ниҳоятда манфаатдор. Шуни ҳисобга олиб, 1998 йили БМТ Бош Ассамблеясининг махсус сессияси чақирилди, гиёҳванд моддалар билан боғлиқ муаммолар қизғин муҳокама қилинди.

Хўш, муаммонинг илдизлари қаерда? Бу балои офат илдизларини қуритиб, инсоният бошидаги машъум қора кўланкани кўтариб ташлаш шунчалик мушкулми? Гиёҳвандликнинг “алифбоси”ни нималар ташкил этади?

Гиёҳванд моддалар тайёрланадиган ва энг кўп тарқалган ўсимлик — наша деярли барча мамлакатларда ёввойи ёки маданий ҳолда ўстирилади. Ундан тайёрланган гиёҳванд моддаларни ҳозирги кунда курраи заминимизнинг 200 миллиондан ортиқ аҳолиси истеъмол қилади. Бошқача қилиб айтганда, бугун ер юзида яшовчи ҳар 10 минг одамдан 25 нафари сурункали нашаванд. Уларнинг 70 фоизини 30 ёшга тўлмаган йигит-қизлар ташкил этади.

Таъкидлаш жоизки, жаҳон ҳамжамияти хуфёна синдикатларга қарши тобора самарали курашаётир. Афсуски, наркотиклар билан боғлиқ вазият бугунги кунда ҳам Марказий Осиёда мураккаблигича қолмоқда. Афғонистон ҳамон гиёҳванд моддалар етиштирувчи йирик марказ бўлиб қолаяпти. Бу ҳолат жаҳон ҳамжамиятида, айниқса, қўшни мамлакатларда алоҳида ташвиш туғдираётир.

Мамлакатимизда наркотик моддаларни ноқонуний ишлаб чиқариш ва истеъмол манзилларига етказиб берилишининг олдини олишга қаратилган тезкор тадбирлар изчил ўтказиб келинмоқда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси 1994 йил 30 апрелда қабул қилган қарор бу ҳаракатларга, шунингдек, наркотик моддалар ва психотроп воситаларнинг ноқонуний айланишига қарши тадбирлар дастурини амалга оширишни тезлаштирди. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар муттасил амалга ошириб келаётган махсус “Қорадори” тадбирлари бирмунча самарали тус олди.

— Янгийўлга Тошкент шаҳридан келин бўлиб тушганман, — ҳикоя қилади ёшгина жувон. — Эрим ҳайдовчи, олис-олис юртларга юк таширди. Қайнона-қайнотам инсофли, диёнатли одамлар эди. Иш, уй юмушлари билан бўлиб вақт ўтганини сезмас, эримнинг хориж йўлларида эсон-омон юришини Яратгандан тилаб тонг орттирардим.

Лекин кўп ўтмай, ҳайдовчи эр оғир шамоллаб, юқори ҳарорат билан Янгийўл касалхонасига тушиб қолди. Икки кун ичида уни бошқа касалхонага ўтказишди.

— У героинга ружу қўйганини, аллақачон ОИТСга чалинганини дўхтирлардан эшитдим, — ҳикоясини давом эттиради аёл. — Мени ҳам текшириб шу бедаво дардни юқтириб олганлигимни айтишди. Бир сонияда бутун ҳаётим, орзу-умидларим саробга айланди-қўйди. Бедаво дардга чалинганимни айтишганида олти ойлик ҳомилам бор эди. Дўхтирлар обдон текширишди. Хайриятки, у касаллик вирусидан ҳоли экан. Мени ҳаётга, яшашга талпинтириб турган шуъла мана шу…

Гиёҳвандлик иллатидан бугун бутун жамият жабр чекмоқда. “Оқ ажал” хуружини, ундан сақланишни ўрганмай туриб, онгли, баҳамжиҳат ҳаракатларсиз бартараф қилиб бўлмайди. Азалий ҳақиқат бу ўринда ниҳоятда долзарб: касалликдан кўра, унинг олдини олган осон. Ҳам осон, ҳам ишончли. Вақт ўтгандан кейинги пушаймондан асло наф йўқ.

“Ҳуррият” газетасидан олинди (2011).