Интернетни нега ёмон кўрасиз?

Телевидение чиққанда, энди газеталар йўқ бўлиб кетади, деган таҳминлар бўлган. Инсоният бир янгиликни ҳар доим ҳам хурсандчилик билан кутиб олавермайди. Танқидлар, хавфсирашлар гирдобида янгилик кириб келади. Ўзбекистон интернет тармоғига уланганини сарҳисоб қилиб, “атиги” сўзини ишлатолмаймиз. Бунга 10 йилдан ошди, биз бу меҳмонни кутиб олиб, аллақачон мезбонга айлантиришимиз керак эди. Лекин ҳали ҳам эшикни очайми – йўқми, деб иккиланиб турибмиз.
Бизда интернет ривожланмаганини айтиб ўтирмайман, аҳволни ўзингиз яхши биласиз. Хўш, ривожлантириш учун нима қилиш керак?

“Интернет журналистикаси ривожланиши учун интернет ривожланиши керак”, деймиз. Тўғри, бу учун маблағ, техник таъминот, ҳар  бир  хонадон компютерга эга бўлиши талаб этилади. Лекин бундан олдинроқдаги яна бир керакли нарса бор. Бу -интернетни тушуниш, унинг кераклигини ҳис қилиш. Ўзбек оммавий ахборот воситаларида интернет мавзуси қандай ёритилганини кузатсангиз, кўпинча, (тўғрироғи, асосан) танқидий фикрларни кўрасиз. Нимани танқид қилишни билмасдан интернетни топиб олишганми бу мухбирлар, ким билади. Интернетга берилган таърифларни эшитинг: “миш-мишлар макони”, “бузғунчилар уйи”, “ахлоқсизлик манбаи”. Бир газетада “Интернетдан фойдаланиш – тиконзордан гул излаш” дейилган бўлса, яна бир ақлли муаллиф интернетдек мўжиза, дея “мўжиза” сўзини киноя оҳангида қўштирноқ ичига олиб ёзибдилар.

Тўғри, интернет афзалликлари қаторида салбий жиҳатларга ҳам эга. Фирибгарлар, ахлоқсизлар учун у эркин майдон вазифасини ўтаяпти. Терроризм, порнография, турли иллатларнинг урчиши, текширилмаган ҳар қандай ахборотлар оқими интернет орқали кучайяпти. Онлайн ўйинлар ва чатхоналар ёшлар онгини эгаллаб олиб, вақтларини бекорчиликка кетказмоқда. Лекин интернетнинг турган битгани бу эмас-ку. Сизга оддий ҳақиқатни айтаман: ўша ўйин ва чат мухлислари, “чат-мен” даражасига етганлар интернетни билмаслиги мумкин. Интернетни ёқишни билади холос, унинг қандай имкониятлари бор, интернетда чатданда қизиқроқ нималар борлигини билмайдиганлари жуда кўп. Биз интернет  кафеларни тўлдириб ўтирган “чат жиннилари”ни кўрамизу, интернет ёшлар учун танишув майдони, бу уларни бузади, деб осонгина хулоса чиқариб қўя қоламиз. Аслида улар интернетнинг фаол фойдаланувчилари эмас, агар шундай бўлганида у орқали ахборот олган, тил ўрганган, масофавий ўқишлар талабасига айланган, иш қидирган, ўз ж
амиятларини тузган бўлардилар. Майли, бу ишларини чатдан бошлабдилар, буни пойдевор сифатида оқлаш мумкин. Сиз уни танқид қилгандан кўра, интернетнинг бошқа имкониятларини очиб беринг, чатга киришга вақти бўлмай қолади.

Интернет ёшлар онгини бузаётгани йўқ. Ҳамма инсоннинг характери турлича. Кимдир муомалада эркин, бошқа биров реалда фикрини аниқ билдиролмайди, инсонлар билан чиқишиб кетолмайди. Шунда у учун интернет маънавий бошпана бўлиши мумкин. Интернет форумлари, онлайн конференсиялар, қўйингки, ўша танишув сайтларида ҳеч бўлмаса инсонлар билан мулоқотни ўрганар.

Интернет  танишув макони эмас. Интернетдан шу йўлда фойдаланадиган инсонни кўрган бўлсангиз, билингки, у ўзи табиатан шунақа. Интернет бўлмаса, бошқа жойда ҳам шу ишни қиларди. Чатхоналар уни бемазалаштирмади, бунга ёрдам берди холос. Ҳар куни 10 та қиз билан (ёки қиз йигит билан) танишишни режалаштирган бўлса, буни интернетсиз ҳам амалга ошириши мумкин. Телевидение, радио, мобил ҳизматлари ҳаттоки газета-журналларда ҳам бу бор-ку. Хуллас, “Реалда бошқа, виртуалда бошқа одамман” сафсатасига ишонманг. Интернетда ёлғончи – ҳаётда ҳам ёлғончи. Фақат бирини оғзаки, бирини ёзма усулда акс эттиради.

Интернетни қораловчиларнинг яна бир даъвоси – порнография. Бу борада ҳам юқоридаги фикрни билдирмоқчиман. Интернетни чеклаш билан беҳаёни ҳаёли қилиб қўёлмаймиз. Интернет порнографиясига қарши курашгандан кўра, умумий порнографияга қарши турайлик. Аудиторияни кенг йўсинда аҳлоққа ўргатайлик. Бунда диний кўрсатмалардан фойдалансак, бир мусулмон сифатида шармсиз фото ва видеолар кўришни ўзига эп кўрмайди, сиз қилган насиҳат эмас, эътиқоди бунга йўл қўймайди. “Интернет – порнография. Ундан эҳтиёт бўлиш керак” деган гапингизга кирадиган одам интернетдаги ахлоқсизликдан чекинади холос, бошқа унсурлари-чи?   

Бизда интернетни кўпинча катталар қабул қилолмайди. “Интернет оммавий ахборот воситаси эмас”, “Интернет китоб бўлолмайди”, “Интернет касридан миллий маданиятмиз йўқ бўлиб кетяпти” дейшади ёки интернетни салбий таъсирини кўрсатиб саҳифа-саҳифа мақолалар ёзишади. Мақолалари тўла қўрқинчли статистика. “Интернетда ўз жонига қасд қилишни ўргатадиган мингдан ортиқ сайт бор экан, бунинг орқасидан юзлаб ёшлар нобуд бўлибди”. Бу маълумотлар, рақамларни қаердан олдингиз, деб сўрасангиз “Интернетдан” деб жавоб беришади…

Сиз бизни шу йўл билан тарбиялай олишингизга ишонасизми? Эшитганига амал қилиб кетаверадиган ёшлар аллақачон ёшлар қаторидан  чиқиб бўлишди. Ҳозирги ёшларга чатни ёмон кўрсатмоқчимисиз – интернетнинг бошқа, тўғри кўчаларига жалб қилинг, ўз жонига қасд қиладиган сайтларга киришимизни хоҳламаяпсизми – ҳаётга қизиқишни орттирадиган сайтлар очинг.

Катталар интернетни қабул қилолмайди, деймиз. Ёшларчи? Ёшларнинг ўзи тайёрми бунга? Бир йигит “Компутердан минг километр узоқда юрадиган қизларни ҳурмат қиламан” деб фикр билдирганди. Бир қизга интернетни ўргатай, десам, “Мен  ҳеч қачон интернетни ўрганмайман” дейди (худди “Ҳеч қачон сигарет чекмайман” деган оҳангда). Майли, ҳар кимнинг ўз қараши бор. Кимгадир интернетни билмайдиган қиз идеал бўлса, кимдир интернетга кирмаслик билан “онаси ўпмаган қиз” бўлмоқчи-да. Компутердан минг километр узоқда юрадиган қизларни ёқтирадиган йигит ҳурматига сазовор бўлиш учун ҳеч қачон интернетни ўрганмасинлар. Биз – интернетни онгли равишда биладиган ёшлар эса ҳар иккаласини ҳам ҳурмат қилмаймиз!

Энди интернет журналистикаси ҳақида. Биз рус ва инглиз ахбороти гирдобига тушиб бўлдик. Русча фикрлаб, инглизча ўйлаяпмиз. Ўзбекча мушоҳада қаерда қолди? Ҳамма керакли маълумотларни рус ва инглиз тилларида олганимиздан кейин қаерда ҳам қоларди?! Ўзбек тилидаги ахборот берувчи сайтлар қанчада янгиланишини айтишга уяламан. Янгиланганда ҳам улардан хабар эмас, пресс-релиз ўқиймиз. Информацион-таҳлилий материаллар билан бойитилган сайтлар ҳам бор, лекин кам, керагидан ўн баробар кам!

Интернет – қўштирноқсиз ёзиладиган мўжиза. Сиз қўштирноқлар ичига маҳкум қилганингиз билан, у мўжизалар қаторидан чиқиб қолмайди. Алишер Навоийнинг бундан бир неча аср илгари айтиб кетган “Иллат излаганга иллатдир дунё, Ҳикмат излаганга ҳикматдир дунё” сўзларини эсланг. Нега иллат излаётганлар касрига ҳикмат излашни тўхтатиб қўйяпсиз?

Интернет ривожланиши керак. Бу учун маблағ, техника ва ҳоказо, ҳоказолар керак. Ундан олдин эса интернетни тушунишимиз, интернетни билишимиз керак.. Газеталар интернетдан янгилик олиб босгандан кўра, чатни ёмонлаб бонг ургандан кўра бир саҳифасини интернетни (унинг фойдали томонларини) ўргатиш дарсига бағишласин. Йўқ, бундан ҳам олдин газеталарда “Ҳой, одамлар, интернет сизни еб қўймайди” мазмунидаги мақолалар керак.

Бирор янгилик пайдо бўлса, у аввало инсонлар томонидан қизиқиш билан қабул қилинади, сўнг ҳамма муккасидан кетиб унга ёпишиб олади, ундан кейин баъзи фош этишга ўч қатлам, масалан “қитимир” журналистлар ундан ёмон томонини ахтаришга тушади, топади ҳам. “Сиз ҳаётингиз мазмунига айлантириб олган нарса аслида мана бундай салбий томонларга ҳам эга” деб жар солади. Ҳудди шунга ўхшаб аввал интернет ҳаётимизга кенг миқёсда кириб келсин, аудитория веб оламнинг фаол фуқароларига айлансин, ижобий жиҳатларини ўзлаштириб олайлик, кейин салбий томонини қидирасиз, ўшанда танқид қиласиз. Ҳозир эса интернет, яхшими-ёмонми, кириб, оммалашмасдан туриб кўксидан итармайлик,  уни бироз яхши кўрайлик, ёмон кўришга ҳали улгурамиз!

Дурдона Алимова