Интернет “касаллиги”

Бугун компютерсиз ҳаётни тасаввур қилиш қийин. Деярли ҳар бир ташкилотда унинг хизматига эҳтиёж бор. Интернет ҳам узоқни яқин қилувчи, ҳамма соҳадан маълумот берувчи энтсиклопедия ўрнини эгаллади. Балки шунинг учундир, ундан фойдаланувчилар сони кундан-кунга ортиб бормоқда. Бироқ ёшлар, айниқса, ўсмирлар орасида интернетга қаттиқ боғланиб қолиш ҳолатлари кузатилаяпти. Бу эса интернет “касаллиги”ни келтириб чиқарди ва натижада уларни даволаш зарур бўлиб қолаётир.

Ана шундай беморларни даволовчи касалхона Пекинда жорий йилда очилган бўлиб, у ерда шу вақтгача 400 га яқин бемор даволанди. Бу касалхонада даволаниш нархи қиммат — кунига камида 50 доллар туради. Шифохонада бир вақтнинг ўзида 20 бемор даволанади ва уларга яна шунча доктор ва ҳамшира хизмат кўрсатади. Интернет “касаллиги” билан оғриган беморларнинг даволанишига камида икки ҳафта керак бўлади. Бу ерда дори-дармонлар билан бирга уларни соғлом турмуш тарзига ўргатиш учун спорт машғулотлари ҳам ўтказилади. “Тҳе Тимес”нинг ёзишича, 16 ёшли Дай Генини ота-онаси касалхонага олиб келганларида дастлаб нима учун келганини англамади. Бироқ даволаниш учун келганини билгач, “мен компютер ўйинларини узоқ вақт ўйнамайман”, деди. Ваҳоланки, у бир кунда 8 соат вақтини компютер олдида ўтказарди. Бу ерга келган болаларнинг баъзиларини компютерда узоқ вақт шуғулланиб ўқишга бормагани учун мактаб ва коллежлардан четлаштиришган.

Ўсмирларнинг кўпчилиги вақтини интернет чатларда, одам ўлдириш ёки зўравонлик кабиларни тарғиб қилувчи ўйинларни ўйнаб ўтказгани учун ота-онаси ва дўстлари билан ҳам яқин муносабатда бўлмаган. “Ўз-ўзини паст баҳоловчи ёки тарбияси муаммоли болалар интернет олдида ўтириб, ўзларига етарли баҳо бера олмайди, — дейди 20 йиллик руҳшунослик мутахассислигига эга шифохона директори Тао Ран. — Бизда даволанаётган беморларнинг 85 фоизи интернет ўйинига руҳан боғланган, 10 фоизи интернет чатига ва яна 5 фоизи интернет ўйинига ашаддий ишқибозлардир. Ана шу тоифадан биттаси ҳатто кечаси касалхона палатасидан чиқиб, шифохона компютер системасига тегишли бўлган паролни топиб олиб, компютер ўйнаган”. Шу билан бирга Доктор Тао бу болалар руҳий касаллик, қўрқинч, уйқусизлик, қўл-оёқларининг қотиб қолиши каби касалликларга чалинади ва улар ўз тенгдошлари даврасида бўлишни ҳам хоҳламайди, дейди. Унинг айтишича, бу ерда даволанаётганларнинг 70 фоизи муваффақиятга эришадилар. Аммо айрим ўсмирлар бу ердан чиқиб, яна интернетга боғланиб қоладилар.

Интернет “касаллиги”га чалинган болаларнинг кўпчилигида битта умумий ўхшашлик бор — улар ўз оиласида ягона фарзанд ҳисобланади. Шунинг учун уларда бўш қолиш ва зерикишга истаганча вақт топилади. Бу муаммо Хитойда бир жуфтга бир бола сиёсатидан пайдо бўлган.

Аммо аҳвол шундай давом этаверса, ушбу шифохона мижозлари кўпайиши аниқ. Ҳисоб-китобларга қараганда, Хитойда 42 миллион компютер ва 103 миллион интернетдан фойдаланувчилар мавжуд бўлиб, улар мамлакат аҳолисининг 7,9 фоизини ташкил қилади. Бу эса АҚШдан кейин иккинчи ўрин демакдир. Мавжуд ҳолатнинг, келиши мумкин бўлган хавфнинг олдини олиш мақсадида ҳукумат томонидан назорат кучайтирилди. Назорат қуйидаги кўринишда олиб борилади. Масалан, киши ғашига тегадиган мавзуларни изловчилар учун ҳукумат махсус шарҳловчини ёллаган, улар интернет чатларда тўғри фикрларни билдирадилар. Мабодо фойдаланувчилар излаш тизими орқали “демократия”, “инсон ҳуқуқлари” ва шунга ўхшаш сўзларни қидиришса интернет сайти махсус сигнал билан беркилиб қолади. Илгари болалар жиноятчилик, гиёҳвандлик ва ўз-ўзини ўлдиришни ифодалайдиган ўйинларни ўйнаши мумкин эди. Эндиликда Хитой ҳукумати компютер ўйинларини ҳам назоратга олиб, ҳар бир ўйинни текшириб кўргандан сўнг ўйнашга рухсат бераяпти.

Интернетга боғланиб қолишнинг салбий оқибатлари ҳақида ҳар қанча гапирилмасин, барибир кундан-кун унга ўрганиб қолаётганлар сони ортиб бормоқда. Айниқса, руҳий боғланиш фожеали оқибатларга олиб келади. Яқинда Жанубий Кореянинг 28 ёшли фуқароси интернет кафеда 60 соат компютер ўйинини ўйнаб, очликдан вафот этди. Таэгу шаҳрининг фуқароси Ли уйқуни ҳам, овқатни ҳам компютер ўйинларига сарфларди. У ўйин давомида берилиб кетиб, ўзи иштирок этгандек бўларди. Бир сафар Ли ўзини беҳол сезганида уни касалхонага олиб боришади ва бир неча соатдан кейин у юрак хуружидан вафот этади. Бу ишқибоз бир ой олдин иш вақтида ўйин ўйнашга кетгани учун ишдан ҳайдалган эди.

Аҳвол шундай жиддий тус олаётганига қарамай, Жанубий Кореяда компютер ўйинлари жуда оммалашган.

Наргиза ДЎСИМБEТОВА тайёрлади.