Инсониятнинг энг буюк ихтироси

Миллий таомлар ва неъматлар орасида нон қадим-қадимдан ўзига хослиги билан қадрланиб келган. Машҳур физик олим Алберт Эйнштейндан талабалари “Сиз яратган нисбийлик назарияси атом бомбасини ишлаб чиқишга йўлланма берди. Шунинг учун ўзингиз яратган назарияни энг буюк ихтиро деб айта оласизми?” – деб сўрашганида, машҳур олим бироз ўйланиб туриб, “Инсоният ҳаётидаги энг буюк ихтиро, бу – нондир”, – деб жавоб берган экан.

Халқимизда ноннинг кўплаб турлари бўлиши билан бирга, ҳар бир минтақа аҳолиси орасида нон тайёрлашнинг ўзига хос технологияси ва мактаби мавжуд.

Ўзбек оилаларида фарзандлар болалик давриданоқ нонни эъзозлаш, уни исроф қилмаслик ру­ҳида тарбияланади. Нон ҳеч қачон оёқ остига таш­ланмайди. Нонни босиш оғир гуноҳ ҳисобланади. Дастурхонга тортилган нон оила бошлиғи томо­ни­дан синдирилади. Мотам маро­­си­ми­дан ташқари деярли барча маросимларга келган меҳмонлар ўзлари билан нон олиб борадилар, ўз навбатида, ушбу тантаналардан нон олиб қайтишади.

Халқимиз орасида ўтказиладиган кўплаб тақвимий байрамлар, сайллар ва оилавий маросимларда аксарият ҳолларда нон билан боғлиқ қатор урф-одат ва расм-русумлар мавжуд. Хоразмда нон бўлак­ла­ри­­ ту­мор қилиб тақилган ва нон учун хамир тайёрлаб қўйилган ерга (ма­са­лан, тан­дир олдига) жин, парилар яқинлашмайди, деб қаралган. Айтишларича, нон бор жойга тур­ли­ инс-жин­лар ва ёвуз кучлар яқинлашмас экан. Шу боис, ёмон кўздан, ёвуз кучлардан асровчи восита сифатида янги туғилган чақалоқ ёки хатна қилинган боланинг ёстиғи остига бошқа қатор магик хусусиятга эга буюм­лар билан бирга нон қўйиш анъанаси бор.

Халқимизда ётадиган ерда нон еб бўлмайди, деган гап бор. Агар ётоқда нон ейилса, киши ёмон туш кўриб, тушида алаҳсираши мумкин, деб ҳисобланади. Бу фикр-мулоҳазалар ҳам нонга бўлган эҳтиромдан далолат беради.

Водий аҳолиси орасида кенг тарқалган одатга биноан, қизнинг ота-онасидан розилик аломатлари олингач, йигит томон бир неча кундан сўнг, кўпинча совчиларнинг учинчи марта келишларида алоҳида дастурхон ва совға-саломлар қилиб келади. Дас­турхон атрофида ҳар икки томон тўй тўғрисида маслаҳатлашадилар. Шундан сўнг даврадагилар орасидан кекса ёшли, кўп фарзандли, бир никоҳли киши йигит ва қиз тақдирининг мустаҳкам боғланиши ҳақига дуои фотиҳа ўқиб, қўлига қиз томонидан дастурхонга қўйилган ва йигит томонидан олиб келинган нонлардан биттадан олиб жуфт қилади ва нонни юза тарафига қаратиб тенг қилиб синдиради. Ушбу удум халқимизда нон синдириш деб номланади.

Кекса ёшли онахонларимизнинг таъкидлашларича, нон тирикликнинг энг буюк неъматидир. Унаштирилаётган ёшларнинг нондай азиз бўлиб, ўз қадр-қимматларини йўқотмасин, деган ният ушбу удумда мужассамлашган. Нон­ни жуфт синдиришда эса келин-куёвнинг қўша қариши ҳақидаги орзу-истак намоён бўлиб, ушбу маросим ҳар икки томон ўртасида қариндошчилик ришталари боғланганлиги рамзи ҳисобланади.

Ўзбекона тарзда тайёрланадиган нонларимизда хал­қимизнинг кўп асрлик тарихий қадриятлари билан бирга меҳнат фаолияти қиёфаси ва иқлим шароитлари ўз аксини топган. Шунинг учун ҳам ўзбекона нонларимиз маданиятимизнинг ажралмас қисми тарзида ҳар доим қадрлидир.

Дилфуза Аширова тайёрлади.
“Маърифат”дан олинди.