Инсоф сари барака

Ривоят қилинишича, Худойи таолога ёқмайдиган жойлардан бири бозор экан. Сабаби, бозор – одамлар бир-бирларини алдайдиган жой, фирибгарлар, ўғирликлар макони. Аммо бозорсиз ҳам кунимиз ўтмайди-да. Эҳтиёжга яраша нарсаларни олиш учун бозорга борамиз, бор-йўғини сотишни истайдиганлар ҳам ўша ерда…
Айни гилос пишган маҳал. Қўқон бозорида гилос олмоқчи бўлдим. Сотувчи аёлнинг тили ҳам, қўли ҳам чаққон экан, қўл тарозисида дарров икки кило тортиб берди. Пулни тутқизиб, йўлимга кетар эканман, қўлимдаги пакет жуда енгил туюлиб кетди. Икки кило чиқмасов. Олма сотиб ўтирган онахонда паллали тарози бор экан, гилосни тортиб беришини илтимос қилдим.
– Бир килою тўрт юз! – деди онахон. – Нима, бир ярим кило олганмидингиз, болам?
– Қаёқда, хола, икки кило чиқиши керак эди, – жавоб қайтардим хунобим ошиб. Кошки бу зормонда арзон бўлса.
Ўша заҳотиёқ гилос сотувчининг олдига қайтиб бордим.
– Ушланг гилосингизни! – пакетни унинг қўлига тутқаздим. – Пулимни қайтариб беринг!
– Нимага, нима бўлди?
– Ўзингизни билмаганга солманг, икки кило деб берган гилосингиз ҳатто бир ярим кило ҳам чиқмади. Одам деган ҳам шунчалик ноинсоф бўладими? Тарозидан уриб қолишга уялмайсизми?
– Унақа деманг, ука, тарози ҳақи нималигини биз ҳам биламиз. Қўл тарозим яхши ишламай қолган бўлса керак, келинг, анави паллали тарозида тортиб, етмаганини қўшиб бераман.
– Йўқ, менга пулимни қайтариб беринг, сиздан ҳеч нарса олмайман.
Қарасам, аёлнинг пул бергиси йўқ. У дедим-бу дедим, охири дўқ қилиб барибир пулимни қайтариб олдим. Тарози ҳақи нималагини биладиган одам шундай йўл тутса, билмайдиганидан нимани кутиш мумкин?..
Қўлида осма тарози, тоғора-тоғора маҳсулоти билан нафақат бозорлар, балки кўча-кўй, бекатлар атрофларида савдо қиладиган аёлларни пойтахтда ҳам кўп учратганман. Уларнинг орасида тарозидан уриш эвазига кўпроқ пул топмоқчи бўлганлари талайгина. Қилмишини юзига солсангиз, пинак бузишмайди. «Нима қилайлик, қишни қиш, ёзни ёз демак, эртадан кечгача савдо қиламиз. Тирикчилигимиз шу, тирикчиликнинг эса айби йўқ», деб ўзларини оқлаган бўлишади. Тўғриси, мен уларга ачинаман. Тирикчилик эмас, ҳалол тирикчилик айб эмаслигини тушуна олишмаганига ачинаман. Ўзгалар ҳақини юлиб қолиш эвазига роҳат-фароғат топган инсонни шахсан мен ҳали учратганим йўқ, бундан кейин ҳам учратишимга ишонмайман.
Аввало, ҳаромдан бойлик тўпламоқчи бўлган одамнинг уйида барака бўлмайди. Қолаверса, фарзандларини ҳаром луқма билан боққан ота-она келажакда ўзи учун фалокатлар борлигини билиб қўйсин. Бир танишим бўларди. Меҳрибонлик уйида узоқ йиллар ишлади, ана шу вақт давомида етимларнинг ҳаққини қийиш эвазига ҳовли-жойини тиклаб олди, ўғил уйлаб, қиз чиқарди. Ташқаридан қараганда, оиласи рисоладагидек, ўзига тўқ ва тинч хонадонга ўхшарди, аслида эса у ерда ҳаловатдан асар ҳам қолмаган эди. Айниқса ўғли жуда такасалтанг чиқди. Йигирма икки ёшгача икки марта уйланди. Ҳеч қаэрда ишламаслигини қўя туринг, бу ёқда хотини оғироёғу, у эса ўзидан бир неча ёш катта енгилтак рус аёлига илакишиб олган. Фақат ўшани дермиш. Хуллас, уйда ҳар куни жанжал, йиғи-сиғи. Бир куни ўша танишимнинг ҳасратни эшитиб қолдим: «Балки болаларимни ҳаром билан катта қилганим учун шунчалик жабр кўраётгандирман…» Ниҳоят қилган хатосини тан олганидан суюндим, афсуски энди кеч. Ана энди тирикчиликни рўкач қилиб, тарозидан уриб қолувчи сотувчилар ҳам ўзгалар ҳақини болаларига едираётгани ҳақида ўйлаб кўришсин.
Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом сотилаётган молни тўғри ўлчаб бериш лозимлиги, шунда барака бўлиши ҳақида айтганлар. Аксини қилган одам эса гуноҳкорга айланиши шубҳасиздир.
Тўғри, бозордаги ҳамма сотувчиларимиз ҳам харидорлар ҳақига хиёнат қилувчи эмас. Ҳалол, инсофли сотувчиларимиз, савдогарларимиз кўпчиликни ташкил этади. Савдо-сотиқ билан ота-боболаримиз қадим-қадимдан шуғулланиб келишган, ўша пайтлари ҳам бозорларимиз обод бўлган, тош-тарозининг тўғрилигини текшириб турадиган масъул шахслар ишлаган. Шунинг учун бозорларимиздан барака кўтарилмаган.

Аброр Адҳамзода