Футурология: тарих, бугун ва келажак

Келажак ўзига эҳтиёткор муносабат талаб қилади.
О.Тоффлер

Инсоният уни эртага нима кутаётганини билишни хоҳлайди. Бу қизиқиш тафаккур пайдо бўлгандан бери мавжуд. Шу йўлда улар юлдузларни кузатиб эртанги об-ҳавони, кузнинг қандай келишига қараб қишнинг қандай бўлишини билишга, жониворлар ҳаракатларига қараб фалокатлардан огоҳ бўлишга уринганлар. Келажакка бўлган интилиш нафақат табиатга нисбатан, балки инсонлар тақдирини билишга ҳам қаратилган эди. Бу йўлда фолбинлар, мунажжимлар фаолият кўрсатган. Антик адабиётни кузатадиган бўлсак ҳам воқеаларни олдиндан билишга бўлган ҳаракатларни яққол кўрамиз. Софоклнинг «Шоҳ Эдип» асарини олиб кўрайлик. Унда янги туғилган чақалоқнинг тақдири айтиб берилади ва бу башорат охир-оқибат юзага чиқади.

Бугунги кун одамини ҳам келажак қизиқтиради. Лекин бу жараён анчагина илмий тус олиб, фан сифатида шаклланган. Илмий башорат қилишни яқин ўтмишнинг меваси десак, хато қиламиз. Унинг илдизлари анча чуқур томир отган. Бир хитой мутафаккиридан шогирди сўраган экан:

— Келажакни олдиндан билиб бўладими? Мен бунга шуб­ҳа қиламан.

Шунда устоз жавоб берибди:

— Тасаввур қил, сенинг узоқдаги бир дўстинг касал. Иккита от турибди. Бири озғин, узоқ йўлга чидамайди. Иккинчиси бақувват, яхши ем еган, узоқ йўлга яроқли. Қай бирини минасан?

— Албатта, иккинчисини.

— Унда нега келажакни олдиндан билиб бўлмайди деяпсан?!

Дарҳақиқат, келажак бугуннинг давоми, бугуннинг маҳсулидир. Уни ўзимиз яратамиз. Бугун нафақат оддий одамлар ҳаётида, балки давлатларнинг узоқ вақтга мўлжалланган сиёсати, узоқ вақтлик дастурларида илмий прогнозлаш (асослаш) жуда аҳамиятли эканидан хабарингиз бор.

«Футурология» термини лотинча «футурум» — «келажак» ва юнонча «логос» — «фан» сўзларидан олинган бўлиб, келажакни экстра­полятсия (нарса ва ҳодисанинг бир қисмини кузатиш асосида олинган, хулосаларни унинг бошқа қисмига ёйиш ёки татбиқ этиш) йўли билан мавжуд технологик, иқтисодий ва ижтимоий ҳолатни таҳлил қилган ҳолда олдиндан айтиб беришга ҳаракат қилади.

Ўзбекистон миллий энтсиклопедиясида ёзилишича, футурология икки йўналишда шакл­ланган. Биринчи йўналиш — экологик пессимизм тарафдорлари инсоният ривожининг салбий оқибатларини башорат қилсалар, иккинчи йўналиш — илмий-техникавий оптимизм намояндалари технология тараққиётининг ижобий имкониятлари асосида инсоният тсивилиза­тсиясини сақлаб қолиш мумкин, деб ҳисоблайдилар.

«Футурология» терминини сотсиолог Осип Флектхайм фанга киритган. У 1943 йили дўсти, олимлардан бири Олдосу ­Хакслига ёзган хатида ушбу терминни ишлатиш ташаббуси билан чиқади ва Хаксли буни маъқуллайди.

Биринчи илмий башорат қилишга уринишлар ХИХ аср охирида пайдо бўлиб, Геогр Эрманнинг «Германия 2000да» (1891), Иван Блионнинг «Келажакдаги уруш ва уларнинг иқтисодий оқибатлари» (1897), Гюстав де Молинарининг «Келажакдаги жамиятни сиёсий ва иқтисодий ташкил қилишнинг хомаки чизмаси» (1899), «Герберт Уэллснинг «Олдиндан ­завқланиш» (1901) каби асарлар яратилган.

«Футуролог» атамаси мўжизавий тарзда башорат қилишни билдирмайди, балки мавжуд воқеликнинг тараққий қилиш даражаси, тезлиги, ўзгаришларнинг оқибатларини таҳлил қилиб ўрганади. Ҳозирда футуролог сифатида тан олинган олимлар бор. Улар асосан технологик анъаналарни ўзлаштирган ва ўз китобларида кузатиш натижалари, фикр ва хулосалари, башоратларини келтириб ўтишган. Шундай мутахассислардан бири Олвин Тоффлердир. Унинг «Маданият истеъмолчилари», «Учинчи тўлқин назарияси», «Келажак билан тўқнашув» каби асарлари машҳур.

О.Тоффлернинг «Келажак билан тўқнашув» китоби 1970 йилларда ёзилган бўлишига қарамай ҳалигача ўз аҳамиятини йўқотгани йўқ. Бу асарда яқин келажакда инсоният ҳаётида кечадиган ўзгаришлар ва уларнинг оқибатлари ҳақида сўз боради. Мавжуд воқелик асосида хулоса чиқарилган. «Эврилишлар айни ҳаётнинг ўзи демакдир. Аммо қуюшқонни тарк этиб эркинликка чиқиб олган ўзгаришлар жиловлаб бўлмайдиган ва бошқаришга кўнмайдиган, борган сари тезлашиб борувчи ва инсоннинг нафақат жисмоний, балки қарор қабул қилишдаги психологик механизмларини ҳам барбод қилувчи, ҳаётга ёт, инсонга душман ҳодисалардир».

Жамиятимизда юз бераётган ва юз бермоқчи бўлаётган янгиликлар, биз кўриб турган ­дунёни бутунлай остин-устун қилиб ташлайди. Тоффлер яшаш суръатининг тезлашишини башорат қилар экан, маълум бўлган, бутундунё шаҳарлашув жараёни, ишлаб чиқаришнинг ўсиши, янгидан-янги истеъмол буюмларининг кўпа­йиши каби маълум фактларга таянади.

Олим Курт Карем «Биз йигирманчи аср одамлари инсоният тарихида беш минг йил давом этган бир даврни хотималаймиз» дейди. Кеннет Боулдинг эса ХХ аср тарихдаги энг муҳим бурилиш нуқтаси эканини исбот қилар экан, шундай дейди: «Бугунги дунё… мен туғилиб кўз очган дунёдан тубдан фарқ қилади. Бу фарқ мен туғилган дунё билан Юлий Сезар дунёси ўртасидаги фарқдан кам эмас. Агар инсоният тарихига бугунги кун нуқтаи назаридан қарасак, мен бу тарихнинг қоқ ўртасида туғилганман, десак бўлади. Дунёга келмасимдан олдин қанча ҳодисотлар содир бўлган бўлса, мен туғилгандан бери шунча ҳодисот ўтди».

ХХИ асрга келиб эса ҳодисаларнинг рўй бериш суръати, жараёнларнинг узлуксиз равишда кечишини кузатаяпмиз. Ахборот олиш ва ахборот узатишнинг янада осонлашиши, интернетнинг кириб келиши, уяли алоқанинг кенг тарқалиши, масофаларни писанд қилмаяпти.

Олвин Тоффлер «Осон алмаштирса бўладиган инсон» иборасини ишлатади. Бу борада психолог Кортни Толнинг фикри эътиборга лойиқ: «Унча кўп бўлмаган одамлар билан яқин муносабатларга асосланадиган барқарорлик самарасиз бўлиб чиқади… Ҳаракатчанликнинг бундан кейинги кучайиши ва одамларнинг ўзаро жуда тез дўстлик ўрнатиш қобилияти ҳамда шу қадар тез уни тўхтатиб қўйиш ёки шунчаки унутиш шунга олиб келадики, келажакда ўтмиш учун характерли бўлган бир нечта кўп йиллик дўстона муносабатлар ўрнини кўпгина қисқа муддатли дўстлик алоқалари эгаллайди».

Бу башорат бугунги кунда рўёбга чиқди. Интернет сайтларида сиз ўзингизга осонгина дўст топасиз, бугун у билан виртуал оламда дилдан гаплашасиз, дўст тутинасиз, лекин эртага у билан гаплашишнинг имкони йўқ. Шу боис инсоннинг инсон олдидаги қадри йўқ, муносабатлар мўрт.

Инсоннинг инсон олдидаги қадри йўқолишини буюмларнинг қадрсизлиги билан изоҳлаш мумкин. Масалан, ҳар бир инсон охирги чиққан телефонни сотиб олгиси келади. Чунки буниси олдингидан яхши, унинг функтсияларида кўпроқ қулайликлар мавжуд. Шундай қилиб, эски телефоннинг қадри йўқолади (гарчи уни бирор яқин одамимиз совға қилган бўлса ҳам).

Шунингдек, бир марта фойдаланиш мумкин бўлган идишларнинг кўпайиши чақалоқларнинг бир марталик тагликлари, консерва қутилари, сақич қоғозлари, янгидан-янги ки­йимларнинг модага чиқиши буюмларга бўлган совуқ муносабатни шакллантиради. Келажакда эса буюмларнинг аҳамиятсизлиги кузатилади.

Олвин Тоффлер ҳаётнинг суръати тезлашишини башорат қилар экан, Франтсиядаги бистро(анъанавий таомхона)ларнинг йўқолиши ва фаст-фудларнинг кўпайиши билан изоҳлайди. Яъни, илгари франтсузлар очиқ ҳаводаги ­бистрога кириб, бир-икки соат бемалол овқатланишарди, энди улар фаст-фуд деб аталадиган жўнгина пештахта олдида тик оёқда сутли коктейлни ютиб, яна чиқиб кетаверади.

Одамлар овқатланиш учун ҳам кам вақт сарфлашига тўғри келяпти. «Ролтон», «Биг Бон» каби тез тайёр бўлувчи овқатлар бунга мисолдир.

Айтиш мумкинки, О.Тофф­лернинг илмий башоратлари тўғрилиги исботланмоқда.

Келажакда инсоннинг бойликка, моддийликка бўлган муносабати ҳам ўзгариши кутилмоқда. «Интеллектуал мулк ҳамма моддий бойликлардан устун бўлади. Инсон қандайдир моддий манбага эга бўлмаган ҳолда жаҳд қилиб бойлик яратади», дейди Тоффлер.

Инсоният яқин келажакда ахборот оқимининг кучайган тўлқинлари орасида қолиши кутилмоқда. Мутахассис Роберт Хилярд қуйидаги ҳисоб-китобни келтиради: «Ҳозирги суръатлар сақланиб қоладиган бўлса, бугун туғилган гўдак коллежни тугатаётган пайтда мавжуд ахборотнинг ҳажми тўрт баравар кўпаяди, у эллик ёшга тўлганда эса билимлар миқдори 32 мартага ошади. Бунинг маъноси шуки, жамики инсон билимларининг 97 фоизи гўдак туғилгандан ке­йин дунёга келади».

Бугун ахборот омили ва узатиш шу қадар осонлашганки, компютер қаршисида ўтириб, дунёнинг қай бурчагида қандай воқеа содир бўлаётганини билиш мумкин. Қадимда ҳам воқеалар юз берган, лекин уни билиш имкони мавжуд бўлмаган. Масалан, Миср эҳромларининг борлигини Геродот ўз «Тарих» китобида ёзмагунча, қарийб 2000 йил давомида дунё билмаган. Бир сўз билан айтганда, келажак инсонга жуда кўп имкониятларни беради.

Санобар Жуманова,
«Маърифат» газетасидан олинди.