Феруза Ҳудойқулова. Сериалсевар болалар

http://n.ziyouz.com/images/bolalar.jpg

Холамнинг уйига меҳмонга боргандим. Эшик очилиши билан шўх-шодон жиянларим югуриб чиқишди. Соғинганимдан меҳрим товланиб, бирма-бир бағримга босдим. Бу вазиятни жияним Отабек зимдан кузатиб турган экан, ўз фикрини дабдурустдан баён этди:

— Опа, сиз бизни ўпманг. Биз сизнинг жиянингизмиз-ку, севишган йигит-қизлар шундай қилишади.

Бошида унинг сўзидан қотиб қолдим. “Ҳа, сен одобсиз, бу гапни қаердан олдинг?” десам, “Солиҳ билан Зайнаб севишиб мактабга ҳам бормай, шундай қилишди”, деб кулиб қочди.

— Даданг қаерда? Сен болани дадангга айтмасамми?

— Дадам уйда йўқ. Меҳмонга кетган.

— Унда онанг қаерда?

— Бир соат олдин қўшнининг ­уйига кетувди.

Оёқ кийимимни ечар-ечмас катта жияним Мадинанинг баланд овози эшитилиб қолди: “Келинглар, “Сейман оға” бошланди”. Тўполончи болалар телевизор турган хона томон чопишди. Мен ҳам улар ўтирган хонага кирдим. Пултни олиб, бошқа каналга ўтказдим. Бирдан шовқин-сурон бошланди. Сўнг бири қўйиб, бири йиғлашга тушди. Қандайдир каналга қўйсам, мултфилм намо­йиш этилаётган экан. “Шуни кўринг­лар”, дедим-у, балога қолдим. Иложсиз “Ёшлар” телеканалига алмаштиришга мажбур бўлдим. Қўйишим билан йиғи-сиғи ҳам, бақир-чақир ҳам тинди. Холам ҳам келди. Бўлган воқеани айтдим.

— Қулоғимнинг тинчи дея индамаяпман. Тўғри қиляпманми ёки нотўғрими, ўзим ҳам билмайман. Қара, овозлари ҳам чиқмай томоша қилишларини.

Сериал якунланиши билан болалар олдимизга келишди. Кўрганларини оқизмай-томизмай, ипидан игнасигача айтиб беришди. Сўнг Отабек:

— Ойи-ойи, қачон яна “Жаббор оға”ни беради? – деди.

Холам ҳам оддий қилиб:

— “Сейман оға” тугасин кейин, — деди. Отабек ўзида йўқ хурсанд.

— Ойи, сиз Назар, дадам эса Жаббор оға, мен Эфеман. Сиз олдин Али муаллимни севгансиз-а? Мен шунда кимнинг ўғлиман?

Бу савол қанчалик кулгили туюлса-да, унинг замирида мурғак бола онгининг қанчалар ўзгаргани намоён эди.

Отабек яна сўз қотди:

— Опа, Амирхонбейни кўряпсизми?

— Йўқ!

— Кўринг-да, — дея койигандай бўлди. Кейин яна сўзини давом эттириб: — Мен Амирхон, сиз Рай­ҳон, — деди.

— Ким у Райҳон?

— Амирхонбейнинг хотини. Катта бўлганимдан сўнг сизга уйланаман. Кейин “дадаси-аяси” бўлиб яшаймиз.

Қанчалар кулгили гап! Биз бу комедиянинг ортидан келувчи трагедияни кутиб яшаётган томошабинга ўхшаймиз, холос.

Ўзбекистон телерадиокомпаниясидаги барча каналларда сериал намойиш қилиш одат тусига айланиб улгурган. Бири тугагач, иккинчиси бошланади. Соат 19.30 дан то 24.00 гача сериаллар поезди уланиб, эфирга узатилади. Ўзбек хонадонларини кузатар экансиз, шаҳарми ёки қишлоқ, шу вақт ичида ҳамма сериал томоша қилиш билан банд бўлади. Томошабинлар орасида боғча ёшидаги болалар ҳам, мактаб ўқувчилари ҳам кўпчиликни ташкил этади. Улар сериални киприк қоқмай томоша қилади. Шунда бир савол туғилади: Болалар қачон дарс тайёрлайди ёки устозларига кўрган сериалларини сўзлаб беришадими?

Биз фарзандларимизга “Қулоғимнинг тинчи, жонимнинг роҳати” зайлида индамаётганимиз ўзимизнинг оёғимизга болта уриш билан баробардир. Руҳшуносларнинг таъкидлашича, ҳар кунги такрорий ҳолат шартли рефлекс ҳосил қилади ва вақти-вақти билан одам ўша нарсага эҳтиёж сезиб туради. Ке­йин эса аста-секин бутун ҳаёт шундан иборатдай бўлиб қолади. Бу, айниқса, ёш авлод келажаги учун катта хавф солади. Бугунги кунда намойиш этилаётган сериаллар болаларга ҳам “юқиб”, йиллар ўтгач ўз асоратини кўрсатмайдими? Энг ачинарлиси, миллат ёшларининг маънаний тарбиясига ана шу сериаллар салбий таъсир кўрсатмай қолмаса керак. Келажак эса, кўп бора таъкидланганидек, ёшлар қўлида. Ёшларни катталар тарбия­лаши ва оқ-қорани танитиши лозим. Киношуносларнинг фикрича, турк сериаллари бизнинг минталитетимизга мутлақо зид. Халқимизга кўпроқ Корея-Хитой ҳамда Япония киноижодкорлари томонидан ишланган “Ошин”, “Денгиз ҳукмдори”, “Сарой жавоҳири”, “Сўнгги қиролича” каби тарихий сериаллар мос тушади. Булар ёшлар ва катталар кўрадиган сериал бўлиб, ибрат олса арзийдиган жиҳатлари кўп.

“Ҳуррият” газетасидан олинди (2008).