Фароғат қасри

Ривоят қилишларича, Имоми Аъзам Абу Ҳанифанинг оталари Собит бир куни таҳорат олмоқчи бўлиб, ариқ бўйига келибдилар. Шу пайт ариқдан оқиб келаётган бир қирмизи олмага кўзлари тушибди. Собит олмани олиб, бир тишлабдилар. Тишлабдилар-у, “Иэ, бу қайси боғнинг олмаси экан, эгасини рози қилмай еб қўйибман-ку! Охиратда бунинг жавобини қандай бераман?” дея ўйланиб қолибдилар.

Ва олма оқиб келган томонга юрибдилар. Бироз юрсалар, рўпарадан бир боғ чиқибди. Боғда сув тараб юрган боғбондан сўрабдилар:

– Мана шу олма сизнинг боғингизданми?

– Ҳа, менинг боғимнинг ҳосилидан.

– Унда ё олманинг ҳақини олинг ёки рози бўлинг. Мен олмани билмасдан еб қўйибман.

Боғбон рўпарасида ҳалол, одил ва инсофли йигит турганини сезибди. Дилида туғилган нияти тилига кўчибди:

– Битта шартим бор. Агар шу шартга кўнсангиз, мен олма учун рози бўламан.

– Шартингизни айтинг, – дебдилар Собит.

– Бир қизим бор: икки кўзи кўр, тили гунг, икки оёғи ва икки қўли шол. Ўшани никоҳингизга оласиз.

Собитнинг кўксидан “э, воҳ” деган нидо отилиб чиқибди. Шартга кўнай, десалар, бир олмани деб ҳаётларини бир умрга мажруҳ қиз билан боғлаш оғир. Кўнмасалар, олма эгаси рози бўлмай, қиёматда азобга қолади. Собит ўйлаб-ўйлаб, охири ўша қизга уйланишга розилик берибди. Оқшом гувоҳлар иштирокида никоҳ ўқилиб, куёв қиз ҳарамига кирибди. Не кўз билан кўрсинки, қаршисида бир париваш таъзим билан салом бериб турибди.

– Эй қиз, сиз кимсиз? – сўрабдилар Собит.

– Мен боғбоннинг қизиман, бугун сизга никоҳлашди-ку, – дебди соҳибжамол қиз.

Воқеа сабабини боғбондан сўрабдилар. У эса ўз шартини шундай шарҳлабди: кўр деганим – эсини таниганидан буён ҳаром ишларни кўрмади; гунг, соқов деганим – ҳанузгача ёмон ва беодоб сўзларни тилга олмади; икки қўли шол деганим – ўзгалар ҳаққига қўл узатмади; икки оёғининг шоллиги – остона ҳатлаб гуноҳ ишларга қадам қўймаганидир, дебди. Собит бу бахтдан хурсанд бўлиб, ўзига бундай покдомон, ҳалол жуфтни рўпара қилгани учун Аллоҳ таолога беадад шукроналар айтибди. Ана шу икки покиза ва ҳалол инсонлардан Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алай­ҳидек буюк зот дунёга келган экан.

Оила – муқаддас даргоҳ. Уни пок сақлаш учун эса турли бузуқ ишлардан йироқ бўлиш, хусусан, фарзандларни ҳалол йўл билан боқиш, тарбиялаш талаб этилади. Ота-боболаримиз бу нарсага алоҳида эътибор қаратганлар. Чунки фарзанднинг келажакда ким бўлиб етишиши, асосан, оиладаги муҳитга, ота-онанинг тарбиясига боғлиқ эканлигини улар яхши билишган.

Динимизда оила қуришга алоҳида рағбат кўрсатилади. Имкон бўлганда ҳар бир инсоннинг оила қуриши, ҳатто, улкан савоб қозониш имконияти сифатида тарғиб қилинади. Жумладан, пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) бир ҳадиси шарифларида шундай деганлар: “Эй йигитлар жамоаси, сизлардан ким уйланишга қурби етса, уйлансин, чунки уйланиш кўзни аёлларга қарашдан ва фаржни ёмон, ҳаром ишлардан сақлайди. Агар қайси бирларингиз уйланишга қурби етмаса, рўза тутсин, рўза тутиш у учун яхшидир” (Бухорий ва Муслим ривояти).

Дарҳақиқат, инсоннинг чиройли тарз­да шаръий никоҳдан ўтиши уни ёмон йўллардан асрайди. Бу эса ўз-ўзидан жамиятда айрим хунук иллатларнинг урчишига тўсиқ қўяди. Шунинг учун уйланиш, пок оила қуриш нафақат инсон маънавий оламининг, балки жамият равнақи ва ободлигининг ҳам гаровидир.

Лекин бугунги ривожланган дунёнинг “маданиятли” инсонлари ҳаётида оиланинг қадри тобора йўқолиб бораётгандек. Бу нарса дунё афкор оммасининг ҳақли равишда ташвишига сабаб бўлмоқда. Ҳатто, Ғарб оилаларида ўтказилган тадқиқотлар оила институтининг яшаб қолиш эҳтимолини жиддий муаммо тарзида талқин қиляпти.

ХХ асрнинг иккинчи ярмида Ғарб мамлакатларида айрим гуруҳлар “ҳуррият”, “шахс эркинлиги” деган шиорларни кўтариб, “оиланинг кераги йўқ, никоҳ шарт эмас, у инсоннинг эркини чеклаб қўяди” деган даъволар билан чиқишди. Ана шу бемаъни ҳаракатга қўшилган миллионлаб кишилар ҳозир бу сафсата келтирган кулфатларнинг азобини чекаяпти. Минглаб оилалар парокандаликка юз тутди, кўплаб болалар тирик етим бўлди, жамиятда зино, фаҳш, турли бузуқликлар авжига минди. Ҳар хил бедаво касалликлар, жумладан, ОИТС каби балолар инсоният бошига бало ёғдира бошлади. Фаҳш ишларни тарғиб қилувчи мафкура радио, телевидениэ, матбуот саҳифалари, ҳатто болалар ўқийдиган китобларга ҳам «чанг» солди.

Бугун онгли инсоният мазкур асоратлардан қандай қутулишни билмай ҳайрон. Охир-оқибат, ўша “ҳуррият” тарафдорларининг ўзлари ҳам оиланинг, ундаги пок ҳаётнинг қанчалик зарур эканини англаб етишди. Айни кунларда оиланинг афзаллигини тарғиб қилиш, эркак ва аёлларни оила қучоғига қайтариш учун миллионлаб маблағлар сарф­ланяпти, махсус қонунлар чиқарилаяпти.

Қуйида Одам Ато яратилганидан бери амал қилиб келган оила тизимининг бузилиши натижасида вужудга келган инсоний фожеаларнинг айрим кўринишларидан мисоллар келтирмоқчимиз.

Иккинчи жаҳон урушидан кейин “оммавий маданият” ниқоби остида амалга оширилган “жинсий инқилоб” нафақат анъанавий оила шаклларига жиддий зарар етказди, балки зино, фаҳш ишларининг ҳаддан зиёд урчиб кетишига сабаб бўлди. Ҳатто, бугунги кунда айрим давлатларда зинога қонуний рухсат берилиб, уларда расмий рўйхатдан ўтган кўплаб фоҳишахоналар фаолият юритмоқда. Бу нарсага айрим одамларнинг эрк, ҳуқуқ нуқтаи назаридан табиий қараётгани, айниқса, ачинарлидир. Оилада ота-она ва фарзанд муносабатларининг азалий анъаналарига путур етди. Жамиятда ажралишлар сони кескин ошиб кетди. Масалан, биргина Буюк Британияда 1970 йил туғилган болаларнинг 40 фоизга яқини ўз ҳаётининг қайсидир даврида оилада фақат онаси ёки отаси билан яшаган. Шунинг­дек, оила бузилишлари фарзандлар руҳияти, тарбиясига салбий таъсир ўтказган. Айни шу масала бўйича Ғарб тадқиқотчилари 60 та ажрашган оилаларнинг болалари ҳаётини ўрганиб, уларнинг қарийб барчаси ота-оналари ажрашган пайтда кучли эмоционал ҳолатда бўлганлигини аниқлашди. Мактабгача ёшдаги болалар эса баъзан содир бўлган воқеалар учун ўзларини айб­дор санашган.

Кейинги пайтларда никоҳсиз яшаш ғарб жамияти учун табиий ҳолга айланиб бормоқда. Масалан, Шветсия, Германия каби мамлакатларда ёшларнинг никоҳга кирмай бирга яшашларини табиий қабул қилишади. Бундай “оила”лар сони Буюк Британияда ўтган асрнинг 70-йилларида 300 фоизга ўсган.

Ҳозирги Буюк Британияда “бирга яшаш” никоҳга киришдан олдинги «тажриба» босқичи ҳисобланади.

Оилавий ҳаётнинг бундай тарзда ўзгариб бориши онгли инсонларни ўша даврлардаёқ жиддий ташвишга солган. Масалан, 1859 йилда “Бостон Куартерли Ревю” журнали ходимларидан бири шундай деб ёзади: “Эски маънодаги оила ҳаётимиздан йўқолмоқда ва бу нафақат институтларимизнинг эркин характерига хавф солади, балки жамиятимизнинг мавжудлигини ҳам хавф остида қолдиради”. Шунингдек, 1980 йили Буюк Британияда Консерваторлар партияси оила тушунчасини сиёсат даражасида муҳокама қилган. 1986 йилда Бош вазир Маргарет Тетчер хоним хотин-қиз консерваторлар конферентсиясида: “Бизнинг сиёсатимиз оиладан, унинг эркинлигидан ва хотиржамлигидан бошланади”, деб ҳайқирган эди.

Хуллас, жамиятнинг соғлом ва яшовчан қолиши учун оиланинг қанчалик зарур эканлигини бугун адашган инсониятнинг ўзи яна тан олмоқда. Лекин энди бой берилган вақтни ортга қайтаришнинг иложи йўқ, билъакс, янги авлод ихтиёрида эса асл инсоний ҳаётдан оғишмаслик имконияти бус-бутун турибди. Зора, ундан тўғри фойдаланса…

Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) шундай деганлар: “Қайси қавмда зино тарқалса, Аллоҳ таоло уларни ота-боболари билмаган касалликларга мубтало қилади”. Бугунги кундаги саратон, заҳм, ОИТС каби асримиз ваболари илгари бўлган эмас. Уларнинг ҳаммаси бандалар қилаётган қилмишлар учун юбораётган офатлари эмасмикан? Ҳа, оиладек пок, муқаддас даргоҳни топташ, уни турли бузуқ йўлларга алмаштириш ҳеч қайси дин, халқ, тузум ва фалсафада оқланган эмас.

Биз муқаддас оила даргоҳини бутун ва пок сақлаб, унинг асл қадр-қимматига етишимиз керак. Шунда у биз учун бетакрор, жозибали, меҳру муҳаббатга тўла, файзиёб фароғат қасрига айланади.

Беҳзод Мамадиев
“Маърифат” газетасидан олинди.