Эҳтиёт бўлинг, велосипедчилар!

http://n.ziyouz.com/images/velosiped.jpg

Велосипед жуда фойдали транспорт воситаси. Ундан фойдаланган инсоннинг танаси соғлом, руҳи тетик бўлади. Яна бир муҳим жиҳати, велосипед атроф-муҳит учун зарарсиз, моддий тарафдан эса қулай ва ихчамдир. Бундан ташқари, велосипедни ҳордиқ воситасига ҳам киритиш мумкин. Шунинг учун ҳозирги кунда велосипеддан фойдаланиш, айниқса, ёшлар ўртасида кенг тар­қалмоқда.

Дарвоқе, велосипедни бошқариш учун махсус ўқув курсларини тугаллаш ва имтиҳон топшириб, алоҳида ҳуқуққа эга бўлиш талаб этилмайди.

Шунга қарамай, “егарга” ўтирмоқчи бўлган шахс велосипедни бошқариш учун зарур талабларни билиши лозим. Негаки, велосипедчи томонидан йўл ҳаракати қоидаларига риоя этмаслик нафақат ҳайдовчилар ва пиёдалар учун ноқулайликларни келтириб чиқаради, балки унинг саломатлигига ҳам зарар етказиш эҳтимолини оширади. Демак, хавфсиз ҳаракатланиш йўл ҳаракатининг барча иштирокчилари учун шарт.

14 ёшга кирдингизми?

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида йўл ҳаракати “Йўл ҳаракати хавфсизлиги тўғрисида”ги Қонун, Вазирлар Маҳкамасининг 2000 йил 11 декабрдаги “Йўл ҳаракати қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори ва бош­қа бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан тартибга солинади.

Велосипед – одам кучи билан ҳаракатлантириладиган, икки ёки ундан ортиқ ғилдиракли транспорт воситаси. Кам учрайдиган осма двигателли велосипедлар эса мопедга тенглаштирилади. Бундан келиб чиққан ҳолда, мантиқий нуқтаи назардан таъриф бериладиган бўлса, велосипедчи – велосипеддан транспорт воситаси, дам олиш усули ёки спорт тури сифатида фойдаланадиган шахсдир. Бу доимий ишга велосипед билан қатнайдиган шахс, дунё кезувчи сайёҳ, профессионал спортчи-велопойгачи, вақтини чоғ ўтказаётган ўсмир ёки бошқа мақсадларда велосипедда ҳаракатланаётган инсон бўлиши мумкин.

Велосипедни бошқариш учун ёшга нисбатан талаб қўйилмаган, уни ҳамма бошқариши мумкин. Бироқ, унутмаслик керакки, йўл ҳаракати қоидаларига мувофиқ, йўлларда велосипед бошқариш 14 ёшга тўлган шахсларга рухсат этилади. Ушбу талабга риоя қилишга боланинг ота-онаси масъулдир.

Велосипедга «қандай талаблар қўйилади?

Велосипедда ҳаракатланиш хавфсиз бўлиши учун уни доим барча техник талабларга жавоб берадиган ҳолатда тутиш даркор. Хусусан, у товуш бергич мосламаси билан жиҳозланган ва тормози соз бўлиши зарур. Олд томонига оқ рангли, орқа томонига қизил рангли чироқча ёки қизил рангли нур қайтаргич, ён томонларига эса зарғалдоқ ёки қизил рангли нур қайтаргич ўрнатилиши керак.

Велосипедчи ҳаракатланишдан олдин велосипеднинг техник созлиги, жиҳозланганлигини кўздан кечириши, ҳаракатланиш вақтида техник ҳолатини соз ҳолда бўлишини таъминлаши мақсадга мувофиқдир.

Шу ўринда яна бир маълумот: велошлем, тирсак ва тиззаларни ҳимояловчи воситалар ҳам мавжуд. Уларни тақиш мажбурий ҳисобланмайди, аммо жароҳатланишларнинг олдини олиш, муқаррар жароҳатларни енгиллаштириш, ҳаракатланиш ва соғлиқ учун муҳим бўлган тана аъзоларини асраш мақсадида улардан фойдаланиш тавсия қилинади.

Ҳаракат қоидалари

Таъкидлаш лозимки, велосипедда ҳаракатланишни, авваламбор, у учун ажратилган махсус йўлкаларда амалга ошириш лозим. Бироқ бизда ҳозирги вақтда бундай йўлкалар камлиги сабаб ҳаракатланишнинг бошқа алтернатив имкониятларидан фойдаланилмоқда.

Велосипедни бошқариш пайтида йўлнинг четки ўнг томонидан бир қатор бўлиб ҳаракатланишга йўл қўйилади. Аммо мазкур қоида велосипед йўлкалари мавжуд бўлган йўлларда тақиқланади. Шунингдек, велосипедчилар агар пиёдаларга халақит бермаса, йўл ёқасида ҳаракатланишга рухсат этилади. Маълум ҳолларда, йўл ҳаракатини тартибга солувчи шахснинг талабига биноан велосипедчи тротуарда ҳам ҳаракатланиши мумкин.

Автомобилларнинг катта тезликда ҳаракатланишига мўлжалланган, бошқа йўллар билан туташмайдиган автомагистралларда велосипедларнинг ҳаракатланиши тақиқланади. Шу билан бирга, “Велосипедда ҳаракатланиш тақиқланган” йўл белгиси ўрнатилган йўлларда ҳам ҳаракатланиш мумкин эмас.

Сигнал ва ишоралар

Автотранспорт воситаларининг ҳаракатланиши йўл ҳаракатининг бошқа иштирокчилари учун тушунарли ва кўринарли бўлиши учун уларда турли ёруғлик (чироқ) мосламалари ўрнатилган. Велосипедда бундай мосламаларнинг йўқлиги боис, ушбу вазифани велосипед ҳайдовчиси бажаради.

Велосипедчи ҳаракатланишни бошлашдан, қайта тизилиш, бурилиш ва тўхташдан олдин ишора бериши лозим. У чап қўлини ёнга узатса ёки ўнг қўлини ёнга узатган ҳолда тирсакни тепага тўғри бурчак остида букса, бу велосипедчи чапга бурилишини билдирувчи ишора саналади. Ўнгга бурилиш учун эса қўлларнинг ҳаракат тартиби алмашади, холос, яъни таъкидланган тартиблар ўнг ва чап қўлларда бажарилади.

Тўхташ ишораси чап ёки ўнг қўлни юқори кўтариш орқали билдирилади.

Тегишли ҳаракат ишорасини бериш манёвр бошланишидан олдин бажарилиши ва тугаганидан сўнг дарҳол тўхтатилиши лозим.

Кўриш мумкинки, огоҳлантирувчи ишоралар кўп эмас ва содда. Бинобарин, ишора бериш велосипедни хавфсиз ҳайдашнинг муҳим қисми ҳисобланади.

Жавобгарлик

Йўл ҳаракатининг бошқа қатнашчилари сингари велосипедчилар ҳам ҳуқуқбузарлик учун тўлиқ жавобгар ҳисобланади. Дастлаб маъмурий жавобгарлик хусусида. Маъмурий жавобгарлик тўғ­рисидаги кодексда қуйидаги нормалар мавжуд:

– велосипедчининг алкоголли ичимликдан, гиёҳванд модда таъсиридан ёки ўзгача тарз­да мастлиги ёки маст эмаслигини белгиланган тартибда аниқлаш учун текширувдан ўтишдан бўйин товлаши – энг кам иш ҳақининг уч баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади (136 модда);

– велосипед ҳайдовчининг алкоголли ичимликдан, гиёҳванд модда таъсиридан ёки ўзгача тарзда маст бўлган ҳолда йўл ҳаракати қоидаларини бузиши – энг кам иш ҳақининг уч баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади (138 модда).

– велосипед ҳайдовчиларининг йўл ҳаракатини тартибга солувчи сигналларга бўйсунмаслиги, устунлик берувчи, тақиқловчи ёки кўрсатма берувчи йўл белгилари талабларига риоя этмаслиги – энг кам иш ҳақининг учдан бир қисми миқдорида, йўл ҳаракати қоидаларини бузиши оқибатида авария ҳолатини вужудга келтириши – энг кам иш ҳақининг бир баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади (138 модда).

Тавсиялар

Йўлларда юқори хавфсизлик ва ҳар жиҳатдан қулай ҳаракатланиш учун малакали велосипедчилар қуйидаги тавсиялар беради:

– юқори тезликда юрмасликка ҳаракат қилинг – меъёрдаги тезликда вазиятни назорат қилиш осонроқ;

– велосипедингизни чироқлар ва ёруғ қайтаргичлар билан жиҳозланг – йўллардаги яхши кўриниш тўқнашув хавфини камайтиради;

– йўл ёқасидаги автомобиллардан эҳтиёт бўлинг – улар тўсатдан ҳаракатга келиши ёки кутилмаганда эшиклари очилиши мумкин;

– ҳаракат зич бўлган йўлларда юрмасликка ҳаракат қилинг ёки бундай йўлларда пиёдалар сафига ўтинг;

– ён-атрофдаги вазиятни билиш учун доим йўлларни кўздан кечиринг.

Оқ йўл!

Жаҳонгир Сотиболдиев,

Адлия вазирлиги масъул ходими

“Ҳуррият” газетасидан олинди (2013).