Чин муҳаббат қайдасан?

Дунёда ҳеч бир инсон йўқки, муҳаббат аталмиш буюк туйғуни бошидан ўтказмаган бўлса. Севги билан ҳаётимиз чароғон, меҳр мавжудки, унинг тафтидан қалбларимиз нурга тўлади. Одатда, севги деганда, кўз олдимизга китоб ва филмлардаги икки қаҳрамоннинг бошидан ўтган саргузаштлар келади. Аслида нафақат филм қаҳрамонлари, балки ўзимизнинг ҳам босиб ўтган йўлимиз, бутун умримиз муҳаббатга ошно экан.

Бу гапларнинг исботи сифатида мутахассисилар севгини 5 даврга ажратишди. Ҳаётимизга файз бағишловчи бу муқаддас туйғунинг инсонда қандай шаклланишини айнан шу даврлар орқали тушуниб олиш мумкин.

БИРИНЧИ ДАВР — ГЎДАКЛИК ПАЛЛАСИ

Чақалоқ севги меваси, у дунёга келгани учун ҳам барча учун севимли. Чақалоқнинг ўзи эса ҳали севиш нималигини билмайди ва ундан ҳеч ким буни кутмайди ҳам. Бола фақатгина ўз эҳтиёжларини қондиришларини истайди. Атрофдагиларга қанчалик ташвиш орттираётганини билмаган ҳолда ота-онасини истаган пайтда безовта қилиши мумкин. Хоҳласа туннинг қоқ ярмида ҳам уларни уйғотиб, қорни очган ёки чанқаганини билдиради. Бу даврда инсон фақат ўзини сева олади.

Ота-онага бўлган севгининг шаклланиши.
Боланинг илк муҳаббати ота-онасига тегишли, асосан у онасини яхши кўради. Шундай бўлиши табиий, чунки она ҳамиша ўз боласи билан бирга. Демак, у бола учун бошқалардан кўра кўпроқ аҳамиятга эга. Шу даврдан эътиборан бола ўзида ота-онага бўлган муҳаббатни туя бошлайди.

ИККИНЧИ ДАВР — ДЎСТЛИК МАВСУМИ

Бир неча йил ўтиб, болада уйидан ташқаридагилар, масалан, ўз жинсидаги тенгқурига нисбатан қизиқиш уйғонади. У ота-онаси билан бир қаторда дўстининг қарашлари билан ҳам ҳисоблаша бошлайди. Уйдан ташқарига чиққач, ота-она бола учун иккинчи даражага ўтади. Энди у ўзини, сўнг дўстини, кейин эса ота-онасини севади.
У қанчалар фаол бўлмасин, ёнида дўстлари йўқ бўлса, ўзига нисбатан ишончсизлик ҳисси ортади. Қизиғи шундаки, ўғил болалар учун бундай ҳолатга қаттиқ берилиш келажакда аёллардан ҳуркишга олиб келади.

УЧИНЧИ ДАВР — ЎСМИРЛИК

Бу даврда организм билан бирга дунёқараш ҳам ўзгаради. Энди инсонда қарама-қарши жинс вакилларига нисбатан қизиқиш пайдо бўлади. Умуман олганда, ўсмирлик тажриба ва хатолар давридир. Масалан, қизлар аввалига бир йигитча билан дўстлашади, сўнг бошқаси билан… Шундан сўнггина улар ким билан дўстлашган маъқул-у, кимдан узоқроқ юрган дурустлигини англаб етади.
Қизлар тахминан 10 ёшгача киноюлдуз ёки машҳур қўшиқчиларни орзу қилишади. Ёш улғайиб боргани сайин уларнинг орзулари реаллаша бошлайди. Энди улар “қўл етмайдиган юлдуз”ларидан воз кечиш эвазига мактабдаги энг чиройли бола ёки спорт билан шуғулланувчи кўркам бир йигитни орзу қилишади. Бироқ улар фақатгина йигитдан меҳр кутишади. Ўзим унга нима бера оламан, деган савол ҳақида эса бош қотириб кўришмайди. Орзу битта: бу дўстликка ҳамманинг ҳаваси келсин! Демак, бу даврда сиз муносабатларни ўзингиз яратасиз, севги оламига кириб боришингизга эса ҳали вақт бор. Инсон бу даврда ўз шеригидан истаган хоҳишининг бажарилишини кутади, ўзи эса унга ҳеч нарса бермайди.

ТЎРТИНЧИ ДАВР — БАЛОҒАТ

Бу ёшда сиз кўпроқ диққатни жисмоний гўзаллигингизга қаратасиз. Чунки энди сиз учун ҳис-туйғулар ва руҳий омиллар муҳим жиҳатга айланади. Энди сиз аввалгидек ундан бирор нима талаб қилмайсиз, балки ўзаро муносабатларда ўз ҳиссангиз ҳақида ўйлай бошлайсиз. Шерик тушунчасидан воз кечиб, унга мустақил шахс сифатида қарайсиз. Агар уни ҳақиқатан севсангиз, унинг учун қўлингиздан келган яхшиликни қилишга ҳаракат қиласиз. Худди шу каби шеригингиз ҳам ўзиникидан кўра сизнинг қизиқишларингизни устун қўя билиши керак. Шундагина бу муносабатларга чин севги дея баҳо бериш мумкин.

ЧИН СEВГИ

Аслида чин муҳаббат билан хушторлик орасида қандай тафовутлар мавжуд? Шунчаки майлни севгидан қандай фарқлаш мумкин? Фарқ шундаки, севги киши ҳаётига аста-секинлик билан кириб келади, хушторлик эса жуда тез намоён бўлади. Севги худди гул каби бўй чўзади, бунинг учун эса вақт керак. Инсонни бир неча марта учратиш билан уни яқиндан билиб олишнинг иложи йўқ. Устига устак кўп инсонлар “ниқоб”да юради ва бу ниқобнинг тагида нима борлигини дарров англаш ўта мушкул. Билингки, инсонни яхши билиш учун ойлар, ҳатто йиллар керак бўлади. “Бир кўришдаёқ севиб қолиш” иборасини эшитганмиз ва кўпчилик бунга ишонади ҳам. Бироқ бундай бўлиши мумкин эмас. Ҳозиргина учратган одамингизга нисбатан кучли ҳавас уйғониши мумкиндир, бироқ бу ҳавас қанчалик кучли бўлмасин, шунчаки юзакиликдан бошқа нарса эмас. Буни ташқи кўринишга қараб хуштор бўлиш дея баҳолаш мумкин, холос. Инсонни ҳақиқатан севиш учун катта йўлни босиб ўтиш керак бўлади.
Севгининг юракдан ўчиб кетиши ҳам қийин. Ошиқлик эса бамисоли қушдек учиб кетади. Модомики, ҳақиқий севгининг мустаҳкамланиши учун вақт керак экан, хушторлик онлари узоққа бормай барҳам топади.
Севги марказида ҳамиша битта одам туради, хушторлик эса аксинча. Дейлик, бир қиз икки йигитни ёқтириб қолди: бири анча улуғвор, ишончли ва масъулиятни ҳис қиладиганлардан. Иккинчиси эса шўх ва бебош, сайру саёҳатни яхши кўради. Қиз улардан қай бирини танлашни билмай ҳалак. Бироқ ҳақиқий севги бир инсонни танлайди, ўзи учун қадрли бўлган барча нарсани ўша инсондан топади ва бошқасини қидириб ўтирмайди ҳам.
Севги яратувчанлик қобилиятини ато этади, хушторлик эса борини ҳам йўққа чиқаради. Севги сизнинг шахсиятингиздаги барча яхши хислатларни очиб беради. У сизга янгитдан куч-қувват бағишлайди, умр йўлингизни белгилаб беради ва ҳаётга қизиқишингизни орттиради. У ижодда ва бошқа ишларингизда ёрдам беради. Сизнинг шахсий тараққиётингизга улуш қўшади. У сизнинг қадр-қимматингизни тиклайди, ўзингизга ишонч ва яқинларингиз олдидаги бурч ҳиссини қайтадан вужудга келтиради. У сизни муваффақият сари етаклайди. Сиз чин дилдан ўқишга, режали яшашга ва арзимас нарсаларга аҳамият бермасликка ўрганасиз.

Хушторлик эса севгиддан фарқли ўлароқ бунинг бутунлай тескарисидир. У ҳаётингизга тартибсизлик олиб келади. Сиз ошиқ бўлиб қоласиз-у, муваффақиятларингиз ва меҳнатга лаёқатингиз камая боради. Мавжуд иқтидорингизни намоён қилишга имкон қолмайди. Сизнинг яқинларингиз, оила аъзоларингиз ҳам буни пайқаган ҳолда: “Сенга нима бўлди? Ҳеч қаэрга бормайсан, бирор ишга қўл уришни хоҳламайсан, бирор еринг оғрияптими?” дея хавотирга тушишади. У сизни осмонларга олиб чиқади, сиз ҳам ҳаммаси яхши, у мени севади деб, мактаб, иш, ўқиш, пул, бошқа нарсалар олдидаги масъулиятдан ўзингизни йироқ тутиб юраверасиз. Ачинарлиси, у сизга ҳаётга панжа ортидан қарашни ўргатади.
Севги муаммоларни биргаликда енгишга ундайди, хушторлик эса ҳамкорликни инкор қилади. Агар сиз чиндан севсангиз, севган инсонингизнинг нафақат ташқи кўриниши ва хатти-ҳаракатлари, балки унинг феъл-атвори, ҳис-туйғулари, тутган йўли ҳам сизни қизиқтиради ва ўзига жалб этади. Севгилингизнинг омад ва муваффақиятсизликка, ҳаёт қийинчиликлари ва фавқулодда мусибатларга муносабати қандайлигини кузатасиз. У сахий, тарбияли, жонкуяр инсонми? Сизнинг динга, маълумотга, оила, жинсий ва молиявий ҳаётга нисбатан қарашларингиз уники билан ҳамоҳангми? Дўстлар-чи? Уларга ҳам бир хил муносабатдамисиз? Оқшом пайти оила ёки дўстлар даврасида суҳбат қуриш, кўнгил ёзиш учун сайрга чиқиш унга ҳам маъқулми? У билан фикрларингиз мукаммал даражада уйғун бўлсагина, сиз чин маънодаги севгига эриша оласиз.
Севги маънавий камчиликларни эътиборга олади, хушторлик эса улардан кўз юмади. Севги инсондаги энг гўзал хислатларни намоён қилади. Инсон севгилисининг камчиликларини кўрибгина қолмай, уларни бартараф қилишга ҳаракат қилади. Хушторлик эса инсондаги ёмон иллатларга назар солишга умуман йўл қўймайди. Сиз уни ҳар қандай танқиддан ҳимоя қиласиз. Хушторлик сизни ўзингиз ўйлагандан-да кўпроқ савдойи қилиб қўяди. Унинг чиройи, кўркам қадди-қомати ва ширинсўзлиги барча камчиликлари (масалан, қўполлиги, юзсизлиги, ялқовлиги)дан кўз юмишингизга ундайди. Севги эса бутунлай ўзгача: у бўйнинг пастлиги, қулоқ ёки буруннинг катталигига эмас, ички дунё гўзаллигига қараб баҳо беради.
Севги учун айрилиқнинг қўрқинчли жойи йўқ. Хушторлик учун эса бу даҳшат. Айрилиқда севги, ҳатто мустаҳкамланади. Севгилингиз сиздан узоқда эканида унинг қанчалар кераклигини тушунасиз. Хушторлик эса айнан мана шу синовга дош беролмайди, айрилиқ уни “ўлдиради”. Чунки хушторлик жисмоний яқинликдагина яшайди, холос, вақт синовидан эса ўтолмайди.
Севгида жисмоний яқинликка нисбатан жуда эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлинади. Хушторлик учун бу нарса сув ва ҳаводек зарур. Ҳақиқий севишганлар жисмоний яқинликка зўр бериб интилмайдилар. Энг аввало улар бир-бирини ҳурмат қилиш, қадрлашни ўрганади. Яқинлик эса никоҳдан сўнг ўз-ўзидан амалга ошаверади.

Севги беғараз ва холис, хушторлик эса худбин. Севги фақатгина ҳис-туйғулар билан чегараланиб қолмайди, сиз унга ҳамиша эътибор билан қарайсиз, унинг учун қандайдир даражада яхшиликлар қилишни истайсиз ва бу билан уни севишингизни амалда исботлайсиз. Чиндан севган инсон сизнинг муҳтожлигингизни сезмай қолмайди, ҳаттоки бошига кулфат тушганида ҳам бирор илтимосингизни ёдидан чиқармайди. Хушторлар эса меҳрни ўзларидан эмас, ҳамиша шерикларидан талаб қилишади. Уни севишларини, ардоқлашдан чарчамасликларини истайдилар.
Чин севги оила ва дўстларга ҳам манзур бўлади. Хушторлик эса фақатгина қарама-қаршиликларга сабабчидир. Агар сиз кимнидир чин дилдан севсангиз, сизнинг оилангиз, дўстларингиз муносабатларингизни қўллаб-қувватлайди. Улар сизнинг севган одамингизга қанчалар муносиб эканингизни айтишади. Ота-она ва дўстлар ризолиги одатда, севгининг ҳақиқийлигидан дарак беради. Мабодо, ота-онангиз ёки дўстларингиз сизнинг муносабатларингизни маъқулламаса, ҳушёр бўлаверинг! Ахир сизнинг келажакдаги бахтли ҳаётингизни ўйлаган одам ҳеч қачон сизга ёмон маслаҳат бермайди, аксинча улар сизни кулфатдан ҳимоялашга уринади. Қолаверса, статистик маълумотларга қараганда, ота-оналар қаршилигига қарамай қурилган оилаларнинг кўпи узоққа бормай ажралишган.
Севгида ишонч устун, хушторлик эса шубҳа туғдиради. Рашк туйғуси ҳаммада ҳам бор, лекин ҳақиқий муҳаббатга ошно қалб эгаси пухта ўйлаб кўргач, охир-оқибат севгилисига ишончни ҳис қилади. Хушторлик эса ҳуда-беҳудага рашк қилиш, заифликни ўзида намоён қилади. Шубҳа ўз шеригини занжирга солиб қўяди ва хоҳлаган пайтда унинг тизгинидан тортишни маъқул билади. Бу эса худбинликдан бошқа нарса эмас.
Севги ҳақиқий ҳаётни ўргатади. Унда сиз муаммоларга очиқ кўз билан қарайсиз, уларнинг аҳамиятини пасайтиришга уринмайсиз. Йигит ва қиз бор кучи билан олий ўқув юртини тамомлашга ҳаракат қилмоқда. Нега? Чунки улар ўқишни битириб, сўнг турмуш қурса, уларнинг севгиси, хусусан, оиласи янада мустаҳкам бўлишини билади.
Ҳақиқий севган инсонлар муаммолардан ўзини олиб қочмайди. Балки биргаликда унинг ечимини топишга уринади. Агар уларнинг муносабатига нимадир хавф солса, буни очиқчасига муҳокама қилиб, ақлли хулосага келишади. Хушторларни эса вазият умуман қизиқтирмайди. Дейлик, оилали одам ёш бир қизга ошиқ бўлади, қиз ҳам уни ёқтириб қолган. Оиласининг бузилиб кетиши билан эса унинг умуман иши йўқ. Ҳеч тортинмай улар бирга юраверишади…
Энди ҳам айтинг-чи, ҳақиқий меҳр-муҳаббатнинг ошиқу беқарорликдан фарқи бор эканми? Шундай бўлгач, “Усиз менга ҳаёт йўқ. Мен уни севаман”, деб ҳамма нарсадан кўз юмишдан аввал танамизга бир ўйлаб кўрайлик. Бошимиздан кечаётган бу ҳис-туйғулар ўткинчи эмасмикан? Биз “севяпман” деб, авжи билим олиш, ҳаётда ўз ўрнимизни топиш палласида вақтни беҳудага сарф этмаяпмизми? Нима бўлганда ҳам севги бизга йўқотишлар эмас, янгича куч, интилиш ва ғайрат олиб келсин.

Муборак ОХУНОВА тайёрлади