Барно Султонова. Қўл телефони яхшими ёки китоб?..

Инсоннинг энг яқин ва беминнат дўсти китобдир. Китобхонлик, айни пайтда нашр қилинаётган бадиий асарлар савияси, унга бўлган талаб ҳақида мақола ёзаётиб, гарчи мен учун таниш мавзу бўлса-да барибир иккиландим. Ахир китоб, унинг инсон ҳаётидаги ўрни ҳақида ёзиб ёки гапириб адо қилиш мумкинми?

Талабалигимда энг яхши кўрган жойим Чорсуда жойлашган “Турон” кутубхонаси бўларди. Ўзимизнинг машҳур ёзувчилардан тортиб, чет эл адиблари асарларини илк марта ўша кутубхоналардан топиб ўқиганман. Ва Кумушбиби, Раъно, Зеби, Саида, Женни Герхардт, Керри, ­Наташа, Нелли, Княз Мишкин каби қаҳрамонларнинг характери, ички дунёси ҳаётни теранроқ англашимга туртки бўлган.

Биз аслида нима учун китоб ўқиймиз? Сабаби оддий, чунки китобда дунёда ҳеч нарса билан таққослаб ва ҳеч қаердан топиб бўлмайдиган ҳаловат бор. Яна у дунёни қалб кўзи билан кўришингизга ёрдам беради.

Китоб дўконларини айланиш севимли машғулотим. Яқинда пойтахтимизнинг марказий кўчаларидан бирида жойлашган “Шарқ зиёкори” дўконига бордим. Тартиб билан номланган ҳар бир бўлимдан истаган китобингизни топишингиз мумкин. У ерда, айниқса, ёш китобхонларни кўриб, очиғи, хурсанд бўлдим.

— Яхши асар ҳар доим ўз ўқувчисини топади. Ҳеч қачон пештахталарда туриб қолмайди. Масалан, Расул Ҳамзатовнинг “Менинг Доғистоним”, Муҳаммад Юсуфнинг “Улуғимсан Ватаним”, Исажон Султоннинг “Боқий дарбадар”, китобларини қидириб тополмаяпмиз, — дейди Жаҳон тиллари университети талабаси Ризвоной Низомова. — Ўқиган китобларимизни таҳлил қиламиз, баҳс-мунозара юритамиз. Тўғри, баъзи асарлардан кўнглингиз тўлмайди. Масалан, мен чет эл ёзувчиларининг аввал таржима қилинган асарлари билан бугунгисида катта фарқ сездим. Айрим таржимонларда маҳорат етишмаслиги сезилиб қолаяпти.

Китобга қизиқиш уйғотишнинг муҳим омиллари нимада, деган саволингизга келсак, аввало, оила муҳити, қолаверса, мактабда адабиёт муаллими ўз вазифасини теран анг­лаши, деб жавоб берган бўлардим.

Дарҳақиқат, машҳур кишиларнинг кўплари уларни адабиёт муаллими китобга қизиқтиргани ва кўп китоб ўқиш орқали ижодкор бўлиб етишганини алоҳида таъкидлашади.

— Мактабда фақатгина адабиёт муаллимининг эмас, балки кутубхона мудираси билан ўқитувчининг ҳамкорлиги йўлга қўйилган бўлса, аминманки, ўша даргоҳ ўқувчиларининг диди, китобхонлик савияси юксак бўлиши шубҳасиз, — дейди Бухоро вилояти, Шофиркон тумани 24-мактаб бошланғич таълим ўқитувчиси Гулсара Нурмуродова. — Агар болага дастлабки китобни танлашга ёрдам берсангиз, кейинчалик ўзи қандай асарларни ўқиш ёки ўқимасликни фарқлай олади. Китобга қизиқишим туфайли ўқитувчилик касбини танладим. Ҳозир фарзандларим учун менинг энг яхши совғам китоб. Мўъжазгина кутубхонага эгамиз. Яқинларимиз, қўшнилар кутубхонамиздан бемалол фойдаланишади. Бир-биримизга китоб совға қилиш ҳам яхши анъанага айланган.

Яқинда бир онахоннинг бозорда эски китобларни сотаётганига гувоҳ бўлдим. Қўлидаги китобларга қарасам нақ хазинанинг ўзи. Кутубхонани бойитадиган энг сара асарлар экан. Қўлимга олиб варақларканман, уларда кўрсатилган саналар китоблар узоқ йиллар олдин совға қилинганидан далолат бериб турарди. Эндиликда яқинларимизга китоб ҳадя қилишни унутиб қўймадикми? Ёки китоб совға ўрнини босмайдими? Ушбу савол билан кўпчиликка мурожаат қилдим. Қизалоғини етаклаб юрган она фарзандларига мобил телефон, планшет, кийим, сумка совға қилганини айтди. Бозордан қўни-қўйнини тўлдириб чиқаётган отага: “Ўғил-қизларингизга китоб ҳам совға қилиб турасизми?”, дея берган саволимга эса: “Китоб совға қилганим билан ўқирмиди, ҳозир интернет деган бало чиққан”, деган жавобни олдим.

— Мен интернет туфайли китоб ўқишга эътибор камайди, — деган гапга қўшилмайман, — дейди, Тошкент Архитектура ва қурилиш институти қошидаги 1-академик лицей ўқувчиси Алижон Ҳотамов. — Чунки китоб ўқимайдиганлар ҳамиша бўлган. Фақат улар эндиликда ­компютерга ружу қўйишган. Аммо соатлаб телефонда гаплашиш, суткалаб телевизор олдидан жилмаслик, ҳафталаб компютер ўйинлари билан машғул бўлиш интеллектуал салоҳиятимизни емиришини бугун вақтнинг ўзи кўрсатаяпти. Интернет орқали ҳам турфа бадиий адабиётлар, мутафаккир алломаларимиз асарларидан фойдаланиш, ҳатто ҳеч қайси кутубхонадан ёки дўкондан тополмаган сара асарларни олиб ўқиш мумкин.

Яна бир суҳбатдошим, Тошкентнинг Сергели туманида яшайдиган Нордона Қўлдошева болани китобга жалб қилишдаги қизиқарли усулини мен билан ўртоқлашди.

— Уйимизда мўъжазгина кутубхонамиз бор. Фарзандларим, айниқса, Худойберди Тўхтабоевнинг “Сариқ девни миниб” асарини, “Болалар энциклопедияси”ни қўлдан қўймай ўқишади. Мен уларга қизиқ ҳикоялар, шеърлар ўқиш жараёнида қаҳрамонларга ўзларининг исмини қўяман. Табиийки, фарзандларим китобдан исмини излайди. Ва ўз-ўзидан унда ўша шеър, ҳикоя, эртакка нисбатан қизиқиш уйғонади.

Бугун талаб ва эҳтиёждан келиб чиқиб нашриётлар зарур китобларни қайта-қайта нашр қилишмоқда. Бироқ баъзан айрим кишилардан китобларнинг нархи қиммат, деган гапларни эшитиб қоламиз. Ҳолбуки, бир кунда гаплашадиган қўл телефонимиз ҳақи ёки ойда бир неча бор қатнашадиган гап-гаштакларимиз пулига яхшигина қанчадан-қанча китоб харид қилса бўлади. Фақат биз телефонда бекорчи суҳбатларга кетадиган вақтимиз ва маблағимизни китоб учун сарфлашни, фарзандларимизга ойда бир бўлса-да китоб харид қилишни асосий вазифа деб тушунсак бас…

Мен шу куни Ғафур Ғулом номидаги маданият ва истироҳат боғида илгари ўтказилган китоб байрамида танишган Учтепа туманидаги 229-мактаб кутубхона мудираси Сайёра Сиддиқова ва 9-синф ўқувчиси Моҳинур Абдураҳмоновани дўконларнинг бирида учратиб қолдим. Қўлида китоб бир-бири билан қизғин баҳслашаётган устоз-шогирдни бироз кузатиб уларга яқинлашдим. Улар март-апрел ойларида ўтказилаётган “Китобим — офтобим” ҳафталиги ғолибларига совға танлашаётган экан. Сайёра опа ўқувчиси Моҳинурнинг “Энг яхши китобхон” танловида шаҳар босқичи ғолиби бўлганини хурсанд бўлиб айтиб бергани эсимга тушди.

— “Энг яхши китобхон мактаб” танловининг республика босқичида учинчи ўринни олдик, — деди Сайёра опа. — Айниқса, ўқув йили тугаётганда китоблар марафонини ўтказишимизнинг ўзи бир байрамга айланиб кетади. Ўқувчиларимиз кутубхонамизни бойитишга ҳисса қўшишади. Энг кўп ва қизиқ китобларни совға қилган ўқувчиларимизни рағбатлантирдик…

Китоб маънавий бойлик. Яқинда данғиллаган ҳовлига кўчиб чиққан танишимизни қутлагани бориб уйнинг лойиҳасини, жиҳозларини кўриб оғзимиз очилиб қолди. Меҳмонхона, ётоқхона, болалар хонаси, ошхона, яна меҳмонхона… баъзи хоналарда иккитадан компютер, ҳар бир хонада баҳайбат телевизор, катта-катта, боссангиз оёқ ботадиган чўғдек гиламлар, бу ҳашаматни кўриб ақлингиз шошиши табиий. Аммо ҳеч бир хонасида китоб кўрмаганим учунми, менга уйнинг ҳашамлари бироз ғариброқ ва сунъийроқдай туюлди. Ахир ота-она китобга қизиқмаса фарзандлари мутолаа завқи нималигини ҳис қила олармиди?

Кундалик ҳаётимиздаги янгиликлар, аввало, фарзандларимиз ҳаётида акс этади. Бугунги ёшларимизга ҳар қанча ҳавас қилсак арзийди. Улар бугун компютер билимларини пухта эгаллашмоқда, турли тилларни ўрганишмоқда, фан ва спорт мусобақалари, олимпиадаларида қатнашиб жаҳон шоҳсупаларида юртимиз шаънини кўтармоқда. Биз уларнинг эришаётган ютуқларидан хурсанд бўламиз. Шу ғалабаларга йўл очиб, ­мустаҳкамлаб, ҳаёт йўлини ёритиб турадиган мангу сўнмас бир машъала борки, бу китобдир. Инсон тафаккурининг чинакам мўъжизаларидан бири бўлмиш китоб ёшларимизда соғлом дунёқарашни шакл­лантиради. Доимо мутолаа қилган кишининг эътиқоди мустаҳкамланиб, онг ва тафаккури чархланади. Фарзандлар қалбида Ватанга муҳаббат, юртга садоқат, одамларга меҳр-оқибат, аждодларимизга ҳурмат туйғуларини камол топтирадиган яхши асарлар бизнинг энг катта бойлигимиздир. Шу боисдан китоб жавонларимиз ҳамиша шундай китобларга тўлиб-тошиб туришида ҳикмат кўп. Зеро, буюк адиб Эрнест Хемингуэй айтганидек, “Барча яхши китоблар бир жиҳати билан ўхшаш бўлади. Ўқиб тугатаётгангиз сари рўй бераётган воқеалар: яхшилик ёки ёмонликми, ҳаяжон, ғамгинлик ва афсус-надоматларми, одамлар ва жойларми, ҳатто об-ҳаво қандайлигигача, шуларнинг бари сизда рўй бергандек туюлаверади ва булар бир умрга кўнглингизга ўрнашиб қолади”.

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси, 2014 йил 15-сон