Баҳодир Мўминов. “Куёв ош емади”

Ёши улуғ ота-боболаримизнинг айтишларича, бир замонлар одамлар иккита қотган нон, икки қисим жийда, агар топилса бир ҳовуч майиз билан тўй қилишган экан. Бугун эса ўзбекнинг ҳар бир куни тўй-томошасиз ўтмайди. Шукрким, бу хилдаги маросимларга борсангиз элимизнинг дастурхони тўкислигига, асалдан тортиб новвотгача борлигига гувоҳ бўламиз. Бу осойишта-фаровон, тўкин-сочин ҳаётимиздан нишона. Қолаверса, мустақил Ўзбекистонимизда инсонлар бахтли яшаётганидан далолат эмасми? Бунинг эса қадрига етишимиз керак.

Бугун халқимиз орасида айрим кишилар ўзлари ўйлаб топган турли “одатлари” билан тўйлар қилишаётгани ҳақида кўп ёзишмоқда. Шундай бўлиши табиий. Чунки қовун-қовундан ранг олади, деганларидай баъзи учарларга эргашиб, кўплаб юртдошларимиз йиллаб пешона тери эвазига топган пулини бир кунлик тўй дабдабалари учун сарфлашмоқда.

Сўзимиз қуруқ бўлиб қолмаслиги учун бир мисолни келтириб ўтаман. Юртимизнинг бошқа ҳудудларида бўлгани каби Наманган вилоятининг айрим қишлоқларида ҳам «куёв ош емади» удуми бор. Унга кўра, келиннинг уйига куёв навкарига борган йигитлар бор овозлари билан «куёв ош емади», деб бақиришлари лозим. Шунда келин томондан кимдир бирор бир совға бериб куёвга ош едиради. Акс ҳолда, қуруқ қўл билан қайтишлари ҳеч гап эмас. Яқинда чекка қишлоқларнинг бирида ушбу удумнинг қандай ўтказилиши устидан чиқдим. Ўзларининг бақир-чақирлари бутун қишлоққа эшитилганидан хурсанд бўлган куёв жўралар борган жойларидан камида телевизор билан ДВД плеер олиб келинишига ишонишарди. Буни қарангки, уларнинг таъбини билмаган шўрлик қайнота қўлида «Мадонна» гилам билан хонага кириб келди. Буни кўрган куёв жўралардан бири «ота, шунча бақирганимизга битта гиламми?», деса бўладими?

Бу ҳам етмаганидек, айрим ҳолларда куёвлар қайноталарига уялмай ўз истакларини айтишгача боришаётгани таажжубланарли. Ўша куни маҳалла оқсоқоли шундай йигитлардан нолиб қолди:

— Совуқ қиш кунларининг бири эди, — деб гап бошлади у. — Эрта тонгда қўшнимиз Холида опа уйимизга чиқибди. Яқиндагина қиз узатиб елкаларини босиб турган тоғдан халос бўлган қўшнимизнинг кайфияти тушкун эди. Аввалига унинг бу ҳолатини тўйнинг ташвишларидан чарчаган бўлса керак, деб ўйладим. Аммо унинг ҳаловатсизликларига бошқа сабаб бордек туюлди. Шу ҳақда ўйлаб тургандим, Холида опанинг ўзи сўз очди:

— Қўшни, бир илтимос билан чиққандим, — деди у маъюс оҳангда. — Иложи бўлса, озгина қарз бериб турсангиз. Кеча қизим келиб кетганди. Ўзиздан қолар гап йўқ. Янги келиннинг ота-онаси ҳар байрамда қудасиникига совға-салом юбориши керак. “Янги йилда куёвингизга палто билан телпак олиб берасиз”, деб келибди бечора қизим. Шунга пулимиз етмайроқ турибди.

Дарҳақиқат, халқимизнинг байрамлари кўп. Янги орзулар, янги марралар сари элтувчи, инсонларга хушнудлик улашувчи бу тантаналарнинг ташрифи, афсуски, кимлар учундир ҳозиргидек ташвиш туғдирмоқда. Ҳар байрам арафасида янги куёв эса виждони қийналмай қайнотасининг пуллари эвазига «нималикдир» бўлиб қолишдан, қайнона эса келининикидан келган қўш-қўш саватлар билан қўни-қўшнига мақтанишдан уялишмаяпти. Энг ачинарлиси, куёв бўлган айрим йигитлар дўстлари даврасида оғиз кўпиртириб мақтанишни ор билмаяптилар. Шундайлардан бирининг айтишича, эгнидаги Туркиянинг қиммат костюм-шимини аёлининг ота-онаси ҳайитлик сифатида «инъом» этган эмиш.

Шу ўринда қизларга ҳам айтар сўзимиз бор: азиз қизларжон! Сизларга яхши маълумки, ота-она ўз фарзанди учун ҳар нарсага тайёр. Сизнинг бахтингиз, қувончингиз учун ҳар қандай қийинчилик чикора уларга. Бироқ бу ҳар байрамда тоғора-тоғора ош, бошдан оёқ ки­йим-кечак, фарзанд суюнчисига замонавий сервант ҳадя қилинг, дегани эмас. Зеро, шуни билингки, сиздан ке­йин ҳам уйланадиган акангиз, турмушга берадиган синглингиз бор. Уларни уйли-жойли қилиш ота-она зиммасида. Шундай экан, келинг, сизнинг уйингизга қўшни келинникидан кўра камроқ сават борсин. Камтарликка интилинг. Ҳайитликка телевизор айтиш ўрнига турмуш ўртоғингиз билан бахтли ҳаёт кечириш ҳақида ўйланг. Байрамда яхши тилак, эзгу истакнинг ўзи ҳам бебаҳо совға.

Аслида оила учун зарур бўлган ашёлар эру хотиннинг меҳнат қилиб топган пуллари эвазига сотиб олинса, таассуротлари бошқача бўлади.

Агар оила яхшилик, эзгулик каби хислатлар устига бунёд этилса, жамият ҳам, мамлакат ҳам, фаровон ва нурли бўлади. Икки ёшнинг бахт­ли турмушидан кўзланган мақсади турли ҳою ҳаваслар эвазига қандайдир буюмлар орттириш эмас-ку.

“Ҳуррият” газетасидан олинди (2011).