Қариндошлар никоҳи нега камаймаяпти?

Мутафаккирлардан бири «фарзанд тарбиясини у туғилишидан олдинроқ келин танлашдан бошлаш керак», деган эди. Бу ҳикматга қулоқ тутгувчилар кам бўлмаяпти, аммо унинг аксини қилганлар аксарият ҳолларда ногирон фарзандларга ота-она, ногирон невараларга буваю буви бўлиб қоляпти. Сабаби — келин танлашда йўл қўйилган хатолик, яъни яқин қариндошдан қиз олишлик. Аянчли томони шундаки, хатоликни англаб етганда кеч бўлади. Афсуски, уни тузатиб бўлмайди. Қариндошлик никоҳининг меваси бўлиб дунёга келган ногирон гўдак олдида ўзни айбдор сезишдан ҳеч қандай наф йўқ.
Яқин қариндошлар никоҳидан туғилган гўдакнинг, тўрт мучаси ҳамиша бут бўлавермаслиги кўпчиликка маълум бўлгани ҳолда шу ишни ихтиёр этувчилар ҳанузгача топилишини қандай тушуниш мумкин?
Бу гапларнинг ҳаммаси сафсата, ана фалончиларнинг оиласида ҳамма соғлом-ку, дейдиганлар кўплаб топилади. Бироқ улар зоҳирий хулосага таянувчилардан ўзгалар эмас. Қариндошлик никоҳининг салбий жиҳатлари ЮНЕСКОнинг «Ипак йўли» радио лойиҳаси сайтида журналист Бинафша Қаландарованинг боласи ногирон аёл ва унинг отаси билан қилган суҳбатида атрофлича очиб берилган. Суҳбатни айрим қисқартиришлар билан ҳукмингизга ҳавола этишга қарор қилдик.
— Нима сабабдан тоғангизнинг ўғлига турмушга чиққансиз?
— Ота-оналаримиз шуни хоҳлашган.
— Наҳотки улар қариндошларнинг никоҳи яхши оқибатларга олиб келмаслигини билишмаган?
— Билмадим. Аммо биз тиббиёт текширувидан ўтаётганимизда докторлар «Қариндош эмасмисизлар?» деб сўрашган. Биз буни яширганмиз. Чунки улар қариндош бўлсаларинг тўй бўлмаслиги керак дейишган.
— Фарзандингиз соғлом туғилганми?
— Тўйдан кейин икки йил ўтиб ўғилли бўлдик. Аммо ногирон туғилди. Икки ёшга тўлдию ҳаракати йўқ. Бошини тутолмайди. Докторлар қариндош бўлганларинг учун шундай бўлган, дейишди.
— Ота-онангиз бундан афсусдами?
— Онам ҳанузгача акамга қиз бериб бекор қилибман, дейди.
— Яқин қариндошлар никоҳи ҳақида нима дейсиз?
— Бегона бўлгани яхши. Қариндош бўлиб нима бўлдик. Болам шунақа туғилганида жуда сиқилдим. Ҳар нарса деб овундим. Баъзан ўзимни қўйгани жой тополмайман, юракларим сиқилиб кетади. Қариндошларнинг турмуш қурмагани яхши. Маҳалла-кўй, ҳамма бундай никоҳга йўл қўймаслиги керак…

* * *

— Қизингизни қайнингизга келин қилиб берган экансиз. Бу таклиф кимдан чиққан?
— Куёвнинг бувалари васият қилиб кетганлар. Васиятларига қарши чиқолмадик.
— Нега бундай васият қилган бўлиши мумкин?
— Келажакда қариндошлар бир-бири билан аҳил-иноқ бўлсин деганлар-да.
— Қариндошларнинг никоҳидан туғилган фарзанд ногирон бўлиши мумкинлигини билмасмидингиз?
— Энди билдик. Илгари шунақа қудачилик кам бўлар эди. Ҳозир кўпайиб кетяпти. Ака-укалар ҳам қуда бўлишяпти. Кўпчилиги фарзанд бўлмай ажраб кетишяпти. Қариндош-уруғ қуда бўлмагани яхши экан-да. Чунки аксарият ҳолларда носоғлом бола туғилар экан.
— Бундай ҳолатнинг олдини олиш учун нима қилиш керак, деб ўйласиз?
— Бунга кўпинча ота-оналар сабабчи бўлишади. Улар яхшилаб ўйлаб кўрсалар маъқул бўларди. Диндорлар ва дўхтирлар томонидан тушунтириш ишлари олиб борилиши керак…

* * *

Мана, суҳбат мазмуни билан ҳам танишиб чиқдик. Унда алам ва армон, пушаймонлик ва аччиқ ҳақиқат жо бўлган. Динимиз ҳам, табобат ҳам яқин қариндошларнинг никоҳини маъқуллашмайди. Буни республика «Оила» илмий-амалий маркази томонидан 2002 йили Бухоро, Навоий ва Хоразм вилоятларида олиб борилган тадқиқотлар ҳам исботлаб берган эди. (Тадқиқотда уч вилоятдан ногирон болали 600 оила иштирок этган.) Ўша йилда қариндошлар никоҳи Бухоро вилоятида 38,7 фоиз, Хоразм вилоятида 45,9 фоиз, Навоий вилоятида эса 27,3 фоизни ташкил этган. Тадқиқот ҳисоботида «Сўровнома ўтказилган оилалар ҳақидаги маълумотларнинг таҳлили шуни кўрсатдики, ота-оналарнинг 23,6 фоизини, бува-бувиларнинг 16,4 фоизини қариндош-уруғлар ўртасида тузилган никоҳлар ташкил этади. Бу эса аксарият ҳолларда ривожланишда бирон-бир нуқсони бор ногирон бола туғилишининг асосий сабабларидан биридир», дейилган.
Ўрганилган ногирон болаларнинг 40 фоизи қариндош-уруғлар ҳосиласига тўғри келади. Айнан ўша йили Хоразм вилоятида қариндошлик никоҳи туфайли туғилган ногирон болаларнинг 29,9 фоизи «нерв-руҳий тизим бўйича», 12,6 фоизи «таянч ҳаракати тизими бўйича», 21,8 фоизи «кўз касалликлари бўйича», 8,0 фоизи «кар-сақов», 11,5 фоизи «қон касалликлари бўйича» ногирон деб топилган. Тадқиқот хулосасида қариндошлар никоҳи туфайли ногиронлар сони ортаётганлиги алоҳида таъкидланиб, жойларда никоҳ масалалари ва оила саломатлиги муаммоларига жиддий ёндашиш ҳамда аҳоли ўртасида тарғибот ишларини кенг миқёсда олиб бориш ва аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқиш лозимлиги айтилади.
Таассуфки, бу гаплар деярли қоғозда қолиб кетмоқда. Чунки маҳалла қўмиталари, оммавий ахборот воситалари бу борада етарли ишларни амалга оширяпти деб бўлмайди. Қариндошларнинг қуда-андачилиги эса давом этмоқда…
Республика «Оила» илмий-амалий маркази катта илмий ходими Даврон Холиқов билан суҳбатда бу борадаги яна бир қанча жиҳатлар ойдинлашди.
Аксарият кишилар, — дейди биз билан суҳбатда Д.Холиқов, — ногиронлик нозоологик ҳолатда намоён бўлгандагина жиддий эътибор қаратишади. Аслида камқувватлик, бўйи пастлик, ўта узунлик, зеҳнсизлик, шайтонлаш каби аломатлар ҳам ногиронлик сирасига киради. Ногиронликнинг бундай кўринишлари қариндошлик никоҳидан туғилганларда кўп кузатилади. Табобатда ногиронликнинг сабаблари уч турга бўлинади. Қариндошлик никоҳи шу сабаблардан биридир. (Бошқа сабаблари: экологик таъсир ва орттирилган ногиронликдир.) Бир неча йил муқаддам марказимиз Чуст туманининг Олмос қишлоғида тадқиқот ўтказган эди. Натижада ушбу қишлоқда яшовчиларнинг аксари бегоналар билан қуда-андачилик қилмаслиги маълум бўлди. Қишлоқ аҳли бир-бири билан жуда яқин қариндош бўлиб кетган. Болалар орасида ногиронлик юқори.
Қариндошларнинг бир-бири билан қуда бўлишлари сабабларига келсак, улар турлича. Оиланинг мол-мулкини бегонага қолдирмаслик, оға-инилар орасидаги яхши қизни қўлдан чиқармаслик ва камхаржлик туфайли, қалин, сеп, тўй ва тўйдан кейинги турли маросимлардаги харажатларни қисқартириш мақсадида қариндошлар қуда бўлишмоқда.
Аммо бу сабаблар билан уларни оқлаб бўлмайди. Келажак авлоднинг саломатлигини гаровга қўйиш эвазига турмуш қурмаслик лозим. Соғлом авлоднинг шаклланишида ушбу масалага эътибор қаратиш муҳим аҳамият касб этади. Соҳибқирон Амир Темур бежизга келин танлашга катта аҳамият бермаган. Бу анъанани бугун ҳам давом эттириш фойдадан холи бўлмайди.
Ҳаёт ҳам, соғлик ҳам Аллоҳ томонидан инсонга берилган бебаҳо неъмат. Уни суиистеъмол қилишга, путур етказишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Биз нафақат бўлажак авлод тарбиясига, балки соғлигига ҳам бирдек масъулмиз. Шундай экан, яқин қариндошларнинг оила қуришига индамай қараб туриш дунёга келадиган гўдакнинг ногирон бўлиб туғилишига ота-онаси билан баробар тарзда сабабчи бўлиш демакдир.
Мавриди келганда бир нарсани таъкидлаб ўтиш жоиз. Президентимиз томонидан соғлом авлод масаласига жиддий эътибор берилаётганлиги қувончли ҳол. Агар эътибор берадиган бўлсак, йилларнинг оила йили, соғлом авлод йили, меҳр ва мурувват йили, сиҳат-саломатлик йили деб номланиши кўп эзгу ишларга туртки бўлди. Бу ишлар ҳукуматимиз томонидан соғлом авлод ва унинг тарбиясига қаратилган эътибор самарасидир. Юртимиз миқёсида никоҳ олдидан келин-куёвлар учун мажбурий тиббиёт кўриги жорий қилинганлигини ҳукуматимизнинг бўлажак авлодларга ғамхўрлиги деб тушунмоғимиз лозим. Жорий йил Президентимиз ташаббуси билан «Сиҳат-саломатлик йили» деб эълон қилинди. Демак, йил давомида, ундан кейин ҳам қариндошлар никоҳи муаммолари мутасадди ташкилотлар, наинки улар — ҳаммамизнинг ва ҳар биримизнинг диққат-эътиборимизда бўлмоғи даркор.

Абдулҳамид Мухторов
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2005 йил 8-сонидан олинди.