Ғарбчами? Ғарибчами?

… Суҳбатларимизнинг бирида у: “Боламни ғарбча тарбиялаяпман!”, деб қолди мақтанганнамо. Ўшанда хаёлимга нима келди, айтайми?! Пингвинлар ҳақидаги эски мултфилм ёдимга тушиб кетди: кичкинтой Лоло узоқ қариндошлари бўлмиш – қушларга ўхшаб учишга жон-жаҳди билан тиришади, аммо у барибир учолмайди. Ҳеч қачон учолмайди. Қушлар эса пингвинлардек чуқур сузолмайди. Ҳеч қачон. Афсуски, Лоло мана шундай устунлиги борлигидан бехабар – ҳикмат топмайди…
…Бугун жуда кўпчилик демократия деганда Ғарбни, Ғарб деганда демократияни тасаввур қилади. Ғарбликлар қандай қилиб Ғарбдан қочишни билмай юришганда, бир тўда “хомо-сапинес”лар ўзлигидан кечиб, улар сари талпинаётганини “демократия” дея изоҳлаш нақадар кулгили бўлса, улар цингари “демократия”ни “оригиналлик” деб қабул қилиш ҳам шу қадар қайғулидир. Бинобарин, демократия аслида бутунлай бошқача.

Европа ва АҚШда юз бераётган фан-техника инқилоби ҳамон дунёнинг бошқа исталган нуқталарини ларзага солмоқда, ҳайратлантирмоқда. Эҳтимол ана шундай жозибага алданиб, демократиянинг туб шаклу шамойилига унчалик ҳам эътибор бермаётгандирмиз. Ғарбнинг урф-одати, анъанасига маҳлиё бўлиб, ўзлигидан, маънавиятидан жудо бўлаётган жамиятлар башариятни зимдан жуда катта фожеа сари етаклаяпти. Энг катта муаммо шундаки, айрим Шарқ халқлари такрорланиб турувчи тарих отлиғ дониш мўйсафидни унутишмоқда. Тўғрироғи, бугунги Европа энди-энди босиб ўтаётган йўлни Шарқ беш юз йил олдин ортда қолдирганини, бунинг натижаси ўлароқ, таназзулга учраб, ташаббусни буткул Ғарбга топшириб қўйганини тан олгиси келмаяпти.  

Тирикликнинг битта ўзгармас эҳтиёжи бор. Бу – истакларнинг чек-чегара билмаслиги. Яхши яшаш учун курашиш, бойлик илинжида керак бўлганида ҳеч нарсадан тап тортмаслик инсон табиатига сингиб кетган. Бу, афсуски, ҳамма замонга хос, жумладан, биз нафас олаётган ХХИ асрга ҳам.

* * *

ЭНГ ТЎКИН-СОЧИН, фаровон турмуш тарзига эга давлатлар қаерда? Ғарбда! Энг яхши фан-техника маҳсулотлари қаерда? Ғарбда! Энг яхши ўқув юртлари қаерда? Ғарбда! Энг илғор мутахассислар қаерда жамланяпти? Ғарбда! Энг бой магнатлар, маблағ эгалари қаерда? Ғарбда! Ғарбда! Ғарбда!

Хўш, шундай экан, у ҳолда нима учун Ғарбнинг ҳар қадамда, ҳар нафасда маънавий жиҳатдан тобора тубанлик бот-
қоғига ботиб кетаётганига гувоҳ бўляпмиз? Англияда яқинда шундай бир ахлоқсизлик юзасидан суд бўлиб ўтдики, бу ҳолат нафақат ислом оламида, балки насронийлар жамиятида ҳам қаттиқ қораланган, қораланади.

Воқеа шундай бўлган: Лондонда истиқомат қилувчи бекорчи ота мўмайгина даромад топиш мақсадида, аниқроғи, ҳеч қаерда ишламай пул топиш илинжида инсоният шаъни учун улкан доғ бўлиб тушувчи жиноятга қўл урди. У ўз пуштикамаридан бўлган уч нафар қизининг ҳар биридан икки нафардан фарзанд кўрган. Бунинг сабаблари суриштирилганда, жуда жўн, лекин бугунги Ғарб “маданияти”га хос хулосага келинган. Бирор руҳий ёки жисмоний хасталик билан оғригани аниқланмаган ота ва бир вақтнинг ўзида қизларига “куёв” бўлган кимса ўша кўпчилик зўр бериб талпинаётган Ғарбча “музқаймоқ”нинг асл ретсептини ошкор қилиб қўйди.

Биласизки, ҳозирги даврга келиб, Европа ва океан орти мамлакатида бир қатор ўта жиддий муаммоли масалалар илдиз отиб кетган. Агар дунёни ўз исканжасига олган молиявий инқироз Ғарбда бундан икки йил аввал бошланган бўлса, демографик инқирознинг ўт олганига чорак асрдан ошди. Келажак авлод, зурриёд, ишчи кучи масаласида жиддий ўйга толган йирик-йирик мамлакатлар “бепуштлик балоси”дан қутулмоқ йўлида катта маблағ эвазига бўлса ҳам, демографик сиёсат юритишга мажбур бўлмоқда.

Хусусан, Англияда оила қуришдан тортиб, фарзандни дунёга келтиришгача ҳукумат томонидан яхшигина пул мукофоти тайинланган. Юқорида қораланган, судланган “ота” – инсоният зараркунандаси ўз худбинлиги, манфаати учун айнан шу имтиёзни суиистеъмол қилган бўлиб чиқди.

Бундай, одам тилга олиш у ёқда турсин, хаёл қилишдан ҳам ҳаё қиладиган ҳолатлар Ғарб учун аллақачон фожеалар “рўйхати”дан ўчирилган. Ғарб учун энг муҳими – бу нима қилиб бўлса ҳам, қандай йўл тутиб бўлса ҳам, пул топиш, маблағ жамғариш! Буни пухта ўрганган психологлар, маҳаллий мутахассислар ғарбликларнинг пессимизм ва скептитсизм (!) хасталигига чалинганини таъкидлашяпти. Келажакка бўлган умидсизлик, эртанги кунга, атрофидагиларга ва асрлар оша яшаб келаётган қадриятларга ишонмаслик, ҳар бир нарсага шубҳа билан қараш туфайли чуқур руҳий тушкунликка тушиб қолгани оқибатида юзага чиқаётган катта-катта “томоша”лар шунчалик юқумли бўлганидан у зумда бутун Ер шарини осонгина забт этяпти. 1880-1936 йиллар оралиғида яшаган европалик футуролог Освалд Шпенглер ўзининг машҳур китоби – “Европа қуёшининг ботиши” асарида буни таърифлаб кетгани диққатга сазовордир.

* * *

ЕВРОПА ҚАНЧАЛИК ФАРОВОН турмуш тарзига эга бўлмасин, ҳаёт – жуда қиммат. У ерда бир асрдан буён истиқомат қилувчи, аммо ўз шахсий турар жойига эга бўлмаган оилаларни истаганча топиш мумкин. Шу каби муаммолар қаршисида ечим тополмай тушкунликка берилиш ишончсизликни, ишончсизлик эса ношукрликни келтириб чиқаради. Шундан сўнг эса аламзада фуқаро “ғарбча демократия” ниқоби остида истаган бузуқиликларини амалга ошираверади. Бу, албатта, бир тоифа сотсиолог ва психологларнинг фикри, холос.

Яна уни тўлдирадиган иккинчи қараш ҳам йўқ эмас. Европада асосий ахлоқсизликларни бой-бадавлат оила вакиллари авж олдириши маълум бўлган. Тунги барларнинг, яланғоч базмхоналару шармсиз исловатхоналарнинг асосий харидорлари ҳамёнидаги пулини қаерга қўйишни билолмай, кўзига уйқу келмаётган киборлар, оқсуяклар. Ғарбда аслида бундай жараён капитализмга ўтилган дастлабки йилларданоқ оммавий тусда кўзга ташланганини ҳисобга олсак, “оралиқ масофа” сақлашга уринишларнинг бошланганига ҳам сал кам уч юз йилга яқинлашиб қолибди.

Демократия – ғарбликлар наздида гуё хаёлга келган ҳар қандай хатти-ҳаракатни тўсиқларсиз, тақиқларсиз – эркин ҳолда амалга ошириш тартиби эмиш. Яъни у қандай яшашни маъқул кўрса, ҳукумат унга ўша шароитни яратиб беришга мажбур. Аввалига бу мезонни эшитиб, енгилгина кулган ва “бу утопияларнинг утопияси-ку”, дея қўл силтаганлар бугун янглишганларини англаяпти. Ғарб ҳукуматларининг бир қанчаси ўша “демократ”ларнинг талабларини бирма-бир қондиришга киришиб кетди. Сабаби, бошида халқ онгини осмоний хаёллар, пуч ёнғоқлар билан тўлдирган, аслида Ғарб ҳукуматларининг узоқни кўзламай юритган ноодил сиёсати эди. Айрим европалик маддоҳлар Шарқ учун ясаган хўрагига ўзлари илиниб қолганини мана энди тушунишяпти, назаримда.

Демократия – тартибсизлик, дегани эмас. Аслида демократия тушунчаси Ғарб ёки Шарққа тегишли алоҳида топилдиқ ҳам эмас. Унинг вужудга келиши онгли инсоннинг умумтафаккури ривожланишига дахлдор, идрокнинг янги қирралари намоён бўлиши билан боғлиқ. Бундай ҳодиса эса иккала маконда ҳам содир бўлган ўз вақтида. Демократиянинг содда ва ўзгармас мазмуни – виждон эркинлиги! Виждон деган сўзнинг ортида юксак маънавиятдан ранг олган ватанпарварлик, миллатпарварлик, одамийлик, имон-эътиқод, садоқат, уят, ор-номус, шарму ҳаё, андиша каби ўта нозик хислатлар туришини жуда яхши биласиз!   

* * *

ҒАРБ ЁШЛАРИ фарзанд дунёга келтириш ҳақида аллақачон ўйламай қўйишган. Йигитларга уйланмаслик, қизларга эса қирққа чиқса-да, эрга тегмаслик урф тусига кирган. Улар наздида, оила – барча ташвишлару бахтсизликларнинг асоси. Ва бундан ташқари, оила улар учун эркинликни бўғувчи ихтиёрий қуллик экан!!!

Германияда бундан уч-тўрт йил олдин “умумий оила” (тотал фамилй) деган таҳқиромуз гуруҳ юзага келганди. Улар оила қуришга тиш-тирноғи билан қарши. Уларнинг фикрича, жамиятдаги барча эр шу жамиятдаги ҳамма аёл (ёши, мартабаси, миллатидан қатъи назар) учун тегишли, бирдек алоқадор. Шунинг учун бирор аёл исталган вақтида исталган эркак билан тунини ўтказиши мумкин, бироқ асло оила иттифоқини юзага келтирмайди. Мана, сизга навбатдаги ғарбона маънавиятсизлик!      

Шу ўринда Юртбошимизнинг ушбу асосли фикрлари ёдга тушади:

“…бу ёруғ дунёда ҳаёт бор экан, оила бор. Оила бор экан, фарзанд деб аталмиш бебаҳо неъмат бор. Фарзанд бор экан, одамзот ҳамиша эзгу орзу ва интилишлар билан яшайди”.

Албатта, Ғарбда оила тушунчаси бутунлай маиший луғатдан унутилган, деб бўлмайди. Мактабни битирар-битирмас, мустақил бўлиб, ўз “арава”сини ўзи тортишга киришган ғарблик қиз агар вазият тақозо қилса, олтмиш ёшлик сўққабошга бўлса-да, бой ва тўкин-сочин ҳаётни таъминлай олса бас, турмушга чиқиб кетаверади. Ғарбда узоқ йиллар яшаб, у ердаги туриш-турмушни обдон кузатган танишимнинг айтишича, ёшгина қизларнинг нима учун шу йўлни тутишларининг сабаби бор экан. У ҳам бўлса – ёшини яшаб, ошини ошаб қолган чолкуёв умри давомида тўплаган каттагина мероси қайғуси!

Ғарбда бугунги кунга келиб, ғурур-ор, эрлик шаъни, аёллик иффати деган нозик тушунчалар ҳам “ҳаддидан ошган” тартибсизликнинг жирканч догмалари билан қоришиб кетяпти. Масалан, Англияда шундай “свингер-клуб” (свингер-клуб) деган ном билан машҳур бўлиб кетган “қадамжо”лар борки, у ерда ақлга сиғмас “эркинлик” кузатилади. Аниқроғи, гўёки кундалик ташвишлардан толиққан, бир-биридан “тўйган”, доимий бир хилликдан чарчаган “модерн” эр-хотинлар бу ерга ташриф буюришгач, мажбуриятларни унутишади. Бир-бири билан бўлган қонуний никоҳини оммавий тарзда (!) эр бошқа бир шундай “оила”нинг аёли билан, хотин бошқаси билан алмашади. Бунинг устига, “алмашилган оила” маълум вақт бирга яшаши мумкин. Худди эр-хотиндек, битта оиладек истиқомат қилаверишади. Келишилган фурсат ниҳоясига етгач эса ҳаммаси жой-жойига қайтиб, ҳеч нарса бўлмагандек турмушини давом эттираверади. Бу ақлдан озган жамиятнинг энг хунук маҳсулоти, бутун дунё маънавиятини ғорат этишга қаратилган иддаоси бо
ълса, ажабмас.

* * *

ХОҲИШЛАР ЧЕГАРА БИЛМАЙДИ, унга тўла-тўкис эришиш эса… Машҳур франтсуз адиби Оноре де Балзакнинг “Сағри тери тилсими” номли ажойиб романи бор. Уни ўқиган киши бир оддий ҳақиқатнинг тасвирини уқади, сағри терисининг тилсимини топади: истак бепоён – имкон эса чекланган.

Бор-будини, ҳаётини охирги қиморбозликка тикиб, барибир омадсизликка учраган роман бош қаҳрамони ўзини сувга ташлаш учун кетаётиб…, антикварлар сотиладиган ҳужрадан топиб олгани – сеҳрли тери, шубҳасиз бугун Европанинг қўлида. Тери соҳиби ниманики истаса, шу муҳайё бўлади. Энг қизиғи, кўпинча у бебурд, аҳмоқона унсурларни эҳтиёжга айлантириб, сўрайверади, истайверади. Тери қанча истакни амалга оширса, шунча кичрайиб боради, тери кичрайгани сайин эса роман қаҳрамонининг умри ҳам қисқариб кетаверади ва охир-оқибатда эса… Ўша, бутун Ғарб қўлида тутиб тургани, қанчалик истаса-да, воз кечолмаётгани – сеҳрли сағри тери ниманинг рамзи, тимсоли экан-а?! Ҳа дарвоқе, романда бу ғайриоддий тери Оврўпога Шарқдан келтирилгани ёзилганди. Шарқдан?!

Ғарбни аста-секин емираётган маънавий парокандаликни энг замонавий фан-техника ютуқлари ҳам бир зумга тўхтатиб қололмайди. Буни ҳатто “Ғарб ҳалокати” асари орқали танилган америкалик сотсиолог Патрик Жозефф Бюкенен ҳам фош қилди. Чунончи, Бюкененнинг фикрича, Ғарб чиндан ҳам ҳалокатга учраётган экан, демак, эндиликда Шарқ тириляпти. Буни Хитой, Япония, Жанубий Корея, Цингапур, Ҳиндистон ва араб мамлакатларининг ҳам саноат, фан-техника, ҳам демографик жиҳатдан ўсиб бораётгани мисолида кўриш мумкин. Аммо “сағри тери тилсими”ни икки томон ҳам яхшилаб ёдда тутиб қолса, бўлгани.

* * *

БУГУНГИ ЎЗБЕКИСТОН замини тарихан “Буюк ипак йўли”нинг асосий чорраҳаси бўлган. Дунёни ўз билими ва салоҳияти билан лол қолдирган алломалар, фозил зотлар бизнинг аждодларимиз эди. Шарқнинг буюк уйғонишини ҳаракатга келтирган асосий куч ҳам аслида бизнинг боболаримиз орасидан чиққан ал-Хоразмий, Ибн Сино, Беруний, Форобий, Имом ал-Бухорий, аз-Замахшарий, ат-Термизий, Мирзо Улуғбек, Али Қушчи, Навоий, Бобур цингари етакчилар эди.

Бугун-чи, бугун бизнинг ёшлар бобою момоларига муносиб бўла оляптими?! Улар ўз имкониятлари, салоҳиятларидан етарлича фойдалана  олишяптими?. Албатта, истиқлолга эришган Ватан фарзандлари бугун дунё кўрмоқда, хоҳ спорт соҳасида, хоҳ билим борасида бўлсин, жаҳонда ўзимизга яраша ўрнимиз, нуфузимиз борлигини баҳоли қудрат намойиш этишяпти. Агар боксчиларимиз Италияда ўтказилган жаҳон чемпионатидан олтин медал билан қайтишган бўлса, математикларимиз камида кумуш медал билан келишмоқда. Уларга мингдан минг ташаккур, кам бўлмасин!

Бироқ маънавиятга таъсир этувчи маданиятимизда учраётган айрим камчиликлар дилни хира қилади. Бунга Ғарбнинг нима алоқаси бор, дерсиз. Ҳамма айбни осонгина Ғарбга ағдариб, ўзингни оқлама, дерсиз. Кечирасиз, ҳеч ким Ғарбдан норози эмас. Ҳа, Ғарб яхшими-ёмонми, тўғрими-хатоми ўз йўлидан кетяпти. Аммо бизда сўнгги вақтларда халқнинг савиясини тушириб юбораётган “ижодий” асарларнинг юзага келишини қандай ҳодиса билан изоҳламанг, илдизи “ғарбча маданият”га бориб тақалаётгани ажабланарлидир.

Тинимсиз ахборот оқими вужудга келтираётган глобал муҳитда миллий қадриятлар, ўзига хосликни ифодаловчи олтин анъаналар “занглаб”  кетяпти. Буни телевидение, радио, матбуот, турли мавзу ва мазмундаги кинолар, қўшиқлар, уларга ишланган турли даражадаги клиплар занглатаяпти. Имон, эътиқод ва бурчдан ҳосил бўлган Ақл тарозусига қўйиб ўлчанмаган, хаёлга келган дастлабки “ғоя”ни андиша қилмай, бемалол “маҳсулот” ўрнида атрофдагиларга улашилаётган жамиятда инсон онги тобора ўтмаслашиб кетяптики, у Габриел Гарсиа Маркеснинг “хотирасиз”ларини (“Ёлғизликнинг юз йили” романи) айни ҳақиқатга айлантирмоқда. Бу ҳам Ғарбда!

* * *

ХХI АСР – АХБОРОТ АСРИда водород бомбасию вайронкор ракеталарга ҳожат йўқ. Улар аллақачон классик замоннинг ибтидоий қуроллари тарзида тарихга кирган. Бугунги дунёни маҳв этиш учун ахборот бошқарувини қўлга олишнинг ўзи кифоя, Ғарб айни кез ахборотнинг эгаси бўлиб турибди. Бу ахборотга эгалик қилиш эса сизу биз “майда-чуйда” дея кўпам эътибор беравермайдиган унсурлар сабабли рўёбга чиқаётгани ёлғон эмас. Шулардан бири – халқларнинг санъати соҳасига қилинаётган “ҳужум” бўлиб чиқмоқда.

Буни янада теранроқ англаш учун Президентимиз Ислом Каримовнинг мана бу ҳаётий ҳақиқатларига қулоқ тутишнинг ўзи кифоя:

“Айрим ёш ижрочи ва ижодий гуруҳларнинг жамоатчилик эътиборига тақдим этаётган “асар”лари санъатнинг ҳеч қандай талаб ва мезонларига жавоб бермайди. Нафақат мавзу ва мусиқа, балки саҳна ҳаракатларида ҳам очиқдан-очиқ ажнабий “оммавий маданият” кўринишларига тақлид қилиш, “юлдузлик” касалига чалиниш ҳолатлари тез-тез учраб тураётгани чинакам санъат мухлисларини ранжитмасдан қолмайди, албатта.

…Биз учун ахлоқий жиҳатдан номаъқул, миллий қадрият ва қарашларимизга ёт бўлган, лекин ҳозирги вақтда ҳаётимизга кириб бораётган мана шундай кўринишларни бамисоли юқумли касаллик деб қабул қилишимиз лозим. Ва айни шу асосда бундай хуружларнинг ўта хавфли ҳолат эканини
англашимиз зарур.

Нега деганда, агар инсоннинг қулоғи енгил-элпи, тумтароқ оҳангларга ўрганиб қолса, бора-бора унинг бадиий диди, мусиқа маданияти пасайиб кетиши, унинг маънавий оламини сохта тушунчалар эгаллаб олиши ҳам ҳеч гапмас”.

Навниҳолдек санъат оламига энди кириб келаётган хонандаларни ўстириш, улғайтириш мақсадида таъсис этилган нуфузли мукофот яқинда навбатдаги соҳибу соҳибаларига топширилди. Мазкур мукофот ўз навбатида улкан ишонч демакдир. Ишонч-
ни эса доимо оқлаш мушкул, у узлуксиз равишда масъулиятни, бурчдорликни талаб қилади. Айнан ёш ижодкорларни қўллаб-қувватлашни ният қилган рағбатга муносиб бўлиш, уни ўзининг юксак асарлари орқали оқлаш, (халқ маънавиятини сўндириш эмас, юксалтириш учун) астойдил тер тўкиб хизмат қилиш лозим, деб ўйлайман.

Ҳозирда яратилаётган аксарият “санъат намуналари”нинг нархи ҳаминқадар бўлиб бораётгани тингловчиларда айрим нотўғри қарашларнинг туғилишига сабаб бўлиб қолиши ачинарлидир.

Санъаткор бўлишга аҳд қилган ёшларимиз халқнинг эътирофига чиндан ҳам лойиқ ва виждонан хотиржам бўлиш учун том маънодаги курашга киришадиган, ўзининг зўрлар ичра зўрлигини исботлайдиган вақт келди!

Мусиқа каналлари орқали узлуксиз равишда берилаётган савиясиз клиплар, кинолар ҳам халқни ишонтираётгани, кулдираётгани, вақти келганда йиғлатаётгани оғриқлидир. “Сариқ матбуот” деб ном олган ахборий восита эса биринчи саҳифасида бонг уриб, ҳайқириб, худдики маънавиятсизликни, маданиятсизликни қоралайдию, лекин иккинчи саҳифасидан ўша маънавиятни, ўша маданиятни ўзи бузиб турибди. Гап чала пишган тарвуздек бемаза қўшиқлар, “қўлбола” кинолар ёхуд ўз сўзига ўзи амал қилолмайдиган айрим оммавий ахборот воситаларида эмас, балки улар томонидан халқ маънавиятига, ахлоқига, самимий тушунчаларига етказилаётган бемисл зарардадир. Бундай иллатга, муаммога қарши қандай самарали курашиш мумкин? Қандай?

* * *

ХУЛОСА ЯСАШДАН ОЛДИН яна савол бермоқчиман: сиз танлаган йўл ҒАРБЧАМИ ёки ҒАРИБЧАМИ? Ўзингизни, атрофдагиларни ва болаларингизни қандай тарбиялаяпсиз?

Ажнабий маданиятнинг буюк оҳанрабосига тикилиб, ялтир-юлтирдан кўзи қамашганча уларга интилаётганлар бор. “Оригинал” деган муҳр остида худдики ҒАРБ маданиятини тарғиб қилаётганлар аслида ҒАРИБ маданиятнинг асирига айланганлигини сезмаяпти чоғи. Ваҳоланки, Ғарб ўзининг “оригинал” маданияти билан қандай таназзулга юз тутаётганини юқорида ўқиб, гувоҳи бўлиб турибсиз.

Бундай ғарбча “демократия”ни ниқоб қилиб, юртимизга турли йўллар билан киритилаётган ҳар қандай таҳдидларга онгли равишда тўсиқ қўйиш, ўз миллатимизнинг буюк ўзанларидан куч олган маънавий иммунитетимизни ҳосил қилишимиз бугунги кун талабидир.

Зоҳиджон Холов