Зиёвуддин Акрамов, Асом Рафиқов. Орол мадад сўрайди (1986)

Ўз номи билан обиҳаёт деб аталадиган табиатнинг бу тенгсиз неъмати ҳақида ҳар бир халқда қанчадан-қанча нақл бор. Шундай экан, унинг киши ҳаётидаги ўрни хусусида галириб ўтирмаса ҳам бўлади.

ЮНЕСКО маълумотларига қараганда, дунёнинг тахминан 2 миллиард кишиси чучук сувни тўла истеъмол қилишдан маҳрум, чунки ичимлик сув бойликлари Ер шарининг барча жойларида бир хил тақсимланмаган. Масалан, Ҳиндистонда ҳар бир кишига йилига ўртача 2,9, Хитойда 3,8, Индонезияда 13,0, Канадада 128,0 минг кубометр сув тўғри келади. Эндиликда сувдан фойдаланиш Ер юзида йилига 3000 кубометрни ташкил қилмоқда. XXI аср бошига келиб бу рақамнинг яна бир ярим баравар ошиши кутилмоқда. Сувга бўлган эҳтиёжнинг муттасил ошиб бориши суғориладиган ерлар майдонининг кенгайишига кўп жиҳатдан боғлиқ. Тахминларга қараганда, 1990 йилга келиб суғориладиган ерларнинг майдони яна 50 миллион гектарга кенгайиб, 280 миллион гектар майдонни ташкил қилади. Демак, сувга бўлган талаб янада ортади.

Мамлакатимизда сув бойликларининг тақсимланиши ғоятда нотекис: аҳоли зичроқ жойлашган қуруқ иқлим зонасида жон бошига ўртача 0,4—4,5 минг кубометр чучук сув тўғри келган ҳолда, шимолий қисмда бу кўрсаткич салкам 30 минг кубометрга боради. Бунинг устига адир зонада сув суғориш, саноат, транспорт, коммунал эҳтиёжлари учун бошқа регионларга нисбатан кўпроқ сарф бўлади, бу ҳол сувни ниҳоятда тежаб-тергаб фойдаланишни талаб этади.

Ўрта Осиё ва Қозоғистонда кейинги 25 йил мобайнида ирригация ишларининг беқиёс ўсиши ўлкада-мавжуд сув бойликларининг кўп миқдорда суғоришга сарфлашни тақозо қилмоқда. Бунинг оқибатида барча дарёларнинг қуйи қисмида сув сарфининг миқдори камайиб бормоқда. 60-йилларнинг бошларига қадар, серсув дарёларнинг сувига тўлиб-тошиб турган Орол денгизи, Балхаш кўли, Чув ва Сарисув дарёларининг қуйи этакларидаги бир неча кўллар эндиликда саёзлашиб бормоқда. Иссиқкўлдан суғориш мақсадларида кўп ҳажмда сув олиниши туфайли унинг сатҳи ҳам анча пасайди.

Асрлар давомида лиммо-лим тўлиб турган бу сув-ҳавзаларининг эндиликда илк бор қуриши туфайли уларнинг атроф-муҳитга кўрсатаётган салбий таъсири йилдан-йилга ошиб бораётгани яққол кўзга ташланмоқда. Ҳозирги вақтда мутахассислар ва олимларнинг диққат-эътибори ана шу оқибатларни иложи борича тезроқ бартараф қилиш муаммоларига қаратилган.

Маълумки, Ўрта Осиё ва Қозоғистонда эрамиздан 4—5 минг йил илгари ҳам деҳқончилик тараққий қилиб келган. Археологларнинг аниқлашича, Амударё ва Сирдарёнинг қуйи оқимларида қадимги вақтларда жами 4,5—5 миллион гектар ер суғорилган. Қулай иқлимий шароит, серсув дарё ва сойларнинг мавжудлиги, тупроқ таркибида ҳали тузларнинг тўпланиши юз бермаганлиги сабабли аҳоли катта майдонларда деҳқончилик қилиш имкониятига эга эди.

Орол денгизи ҳавзасида 1913 йили ҳаммаси бўлиб 2 миллион гектар ер суғорилган. Октябрь инқилобидан кейин ирригация ишлари ягона режа асосида олиб борилди. Натижада суғориладиган ерларнинг майдони муттасил кўпая бошлади. Айниқса, регионда суғориладиган деҳқончилик КПСС Марказий Комитетининг Май (1966) пленуми қабул қилган қароридан сўнг кенг қулоч ёйди. Туркманистонда суғориладиган ерлар майдони эндиликда 1965 йилга нисбатан икки баравардан зиёдроқ, Ўзбекистонда 1,2 миллион гектарга, Қозоғистонда 0,7 миллион гектарга кўпайди. Ҳозир бу ерларда жами 8,5 миллион гектардан ортиқроқ майдонда суғорма деҳқончилик билан шуғулланилмоқда. Бинобарин, Ўрта Осиё ва Қозоғистонда суғориладиган ерлар майдони 1965 йилга нисбатан 2,8, 1950 йилга нисбатан эса 3,8 миллион гектар ортди.

Хўш, Орол денгизи ҳавзасида халқ хўжалигида фойдаланиш мумкин бўлган сув кўлами қанча ва ҳозирги вақтда унинг қанча миқдоридан фойдаланилмоқда? Бу ҳавзада дарёларнинг ўртача кўп йиллик сув оқими 127,5 кубокилометрни ташкил қилади: шундан Амударё ҳавзасида 79,5, Сирдарёда — 37,2, Қирғизистон ва Қозоғистондаги дарё ҳавзаларининг барчаси—10,2 кубокилометрга тенг. Дарёлар оқимига зарар келтирмай фойдаланса бўладиган ерости сувларининг ҳажми СССР Геология Министрлигининг маълумотларига кўра, 15,7 кубокилометрга тўғри келади. Демак, ҳар йили тўлиб турадиган сув бойликларининг умумий ҳажми 143,2 кубокилометрни ташкил этади.

Орол ҳавзасида ирригация мақсадлари учун шу кунда 110 кубокилометрдан мўлроқ обиҳаёт далаларга таралмоқда. Аммо шуни назарда тутиш керакки, 1970 йилдан бошлаб кетма-кет қурғоқчиликнинг юз бериши ва дарёларнинг ўртача йиллик оқимининг умумий миқдори камайишига қарамай, суғоришга белгиланган ҳажмда сув етказиб берилмоқда. 1974—75 йиллардаги кучли қурғоқчиликда Сирдарёнинг ўртача кўп йиллик оқими нормадагидан 38 фоиз, вегетация даврида эса 50 фоиз кам бўлди, бу даврда сувдан фойдаланиш ҳажми дарёнинг сув оқимидан 1,5—2 баравар кўп бўлди. Шунда сув омборлари, ётиқ ва тик зовурларнинг сувлари қўл келди. Бундай қурғоқчилик 1982-83 йилларда яна такрорланди, энди зовур сувларидан тўлиқ фойдаланиш билан бирга, экин майдонларини фақат Ўзбекистонда 600 минг гектарга қисқартиришга тўғри келди.

Сирдарё ҳавзасида сувдан фойдаланиш 1950 йилдаги 22 кубокилометрдан 1980 йилга келиб 43 кубокилометргача кўпайди, шундан 6 кубокилометр сув қайтган сувлар ҳисобига фойдаланилган, бинобарин, ана шу ҳавзадаги сув бойликларининг барчаси эндиликда халқ хўжалигида ошиғи билан ишлатилмоқда. Амударёда бир мунча сув бойликлари мавжудлиги сабабли бу ҳавзада сув танқислиги Сирдарёдек сезиларли эмас. Бироқ суғорма деҳқончиликнинг жадал тараққий қилиши билан бу ҳавзада ҳам 1980 йилдан сув танқислиги кучая бошлади.

Деҳқончиликдан ташқари сув маданий-маиший, саноат, транспорт, қурилиш ва чорва фермалари эҳтиёжларига ҳам сарфланмоқда. Масалан, Ўзбекистонда саноат, коммунал ва балиқ хўжаликларига йилига 6 кубокилометрдан зиёдроқ сув сарфланмоқда.

Суғориладиган ерлар майдонининг кенгайиб бориши сабабли коллектор системалари орқали четга чиқиб кетадиган қайтган сувларнинг ҳажми ҳам муттасил кўпайиб бормоқда. Ҳозир зовур сувларининг ўртача миқдори каналларнинг бош қисмидаги сув сарфининг 25 дан 60 фоизигача тўғри келади, САНИИРИ маълумотига кўра, қайтган сувларнинг ҳажми йилига 36 кубокилометрдан зиёд. Шундан 17,3 кубокилометри яна ўзанларга қайта оқиб, суғоришда фойдаланилмоқда, қолган қисми эса Қизилқум ва Қорақумдаги бекиқ ботиқларга оқизилмоқда. Ҳозир Денгизкўл, Сариқамиш, Арнасой ва бошқа қатор ботиқларда 40 кубокилометр қайтган сув тўпланган. Суғорма деҳқончиликнинг тўхтовсиз ўсиши билан бирга қайтган сувларнинг ҳажми ҳам муттасил кўпайиши ҳисобга олинса, яқин вақт ичида мавжуд «сунъий шўр кўллар»нинг сони ҳам орта боради. Сув танқислиги кучайиб бораётган бир вақтда ана шу сувлардан оқилона фойдаланиб, дарё суви билан аралаштирилган ҳолда суғоришда фойдаланилса, ўлкамизда суғорма деҳқончиликни янада юксалтиришга имкон яратилган бўлар эди.

КПСС Марказий Комитетининг Октябрь (1984) Пленуми узоқ муддатга мўлжалланган мелиорация дасдуриламалини белгилаб берди. 2000 йилга келиб фақат Ўзбекистонда суғориладиган ерларнинг умумий майдони 5—5,5 миллион гектарга етиши, яъни ҳазиргига (3,8 миллион гектар) нисбатан яна 1,5—1,7 миллион гектарга кенгайиши мўлжалланган, бинобарин, шунча ерни суғориш учун камида 18—20 кубокилометр сув зарур. Бунга фақат ирригация тармоқларининг фойдали таъсири коэффициентини ошириш, эскидан суғориладиган зонадаги суғориш системаларини қайта қуриш, суғориш усуллари ва техникасини такомиллаштириш, ерларнинг мелиоратив ҳолатини фаннинг энг охирги ютуқлари асосида яхшилаш орқали эришилади.

Олтмишинчи йилларнинг бошидан суғориладиган майдонларнинг тобора кенгайиб, суғоришга сарфланаётган сув миқдорининг ошиб бориши ва бунинг устига 1970 йилдан бошлаб кетма-кет қурғоқчилик юз бериши Орол денгизи гидрологик режимининг ўзгаришига жиддий таъсир кўрсатди. Денгизга Амударё ва Сирдарё орқали 1961—1970 йилларда ўртача 42,9, 1971—1980 йилларда ўртача 16,1, 1981—1984 йилларда эса ўртача 4,2 кубокилометр сув қуйилди.

Амударё ва Сирдарёнинг қуйи оқимларида сув режимининг тартибга солиниши, ҳавзаларда ирригация ишларининг тараққиёти Орол денгизи сатҳининг пасайишига олиб келди. 1965 йили Сирдарё Чордара сув омборининг қуриб ишга туширилиши билан дарёнинг қуйи оқимидаги сув режими ростлаб қўйилди, яъни баҳорги ва ёзги сув тошқинларининг ҳажми, ёзда қор ва музликлар ҳисобига дарёнинг тўлиб оқиши тартибга солинди, денгизга қуйиладиган сув миқдори анча камайди. 1974 йили Казалинск шаҳридан юқорироқда дарё тўғон билан бутунлай тўсилди. Ўша йилдан эътиборан Сирдарё суви денгизга тамоман етиб бормайдиган бўлди.

Амударё этакларида сув режими 1974 йили Тахиатош гидроузелининг қуриб ишга туширилиши натижасида бутунлай ўзгарди. Бу вақтга қадар тошқин туфайли дельтада сув жуда катта майдонларда ёйилиб оқарди, дельтадаги кўллар ва ботқоқликлар сув билан тўларди, Нукус шаҳридан шимолроқда дарё ўзани бир неча тармоқларга ажралиб кетган эди. Денгиз косаси лиммо-лим тўлиб тургани учун дельтада сув оқими Оролга томон жуда секин оқарди. Баъзан денгиз қирғоғи билан дельта ўртасидаги чегарани баландлиги олти-саккиз метрга етадиган қалин қамишзорлар қоплагани туфайли аниқлаш қийин эди.

Тахиатош гидроузели дельтада сув режимини ростлаб қўйганидан сўнг, ҳар йилги сув тошқинлари ва дарёнинг узлуксиз тўлиб оқиши бутунлай ўзгарди, эндиликда сув суғориш мақсадларига унчалик зарур бўлмаган кезларда гидроузел орқали денгиз томон вақти-вақти билан оқизилмоқда. Аммо қурғоқчилик кучли бўлган баъзи йилларда (1982) сув денгизга умуман етиб бормаяпти.

Орол денгизи сатҳининг пасайиши, асосан Амударё ва Сирдарё орқали 60-йилларнинг бошларига қадар келиб турган сув миқдорининг аста-секин камайиб боришига боғлиқ. 1974 йилга қадар денгиз сатҳи анча секин пасайиб борди, чунки бу вақтларда Сирдарё ва Амударё орқали сув нормадан камроқ бўлса ҳам бир маромда оқиб турган эди. Орол юзаси 1974 йилга келиб 3 метр чўкди. Шу йилдан денгиз сатҳи тез суръатларда саёзлаша бошлади. Атмосфера ёғинлари ва Амударёдан келадиган сув ҳажмига қараб, Орол сатҳи йилига 40 дан 70 сантиметргача пасая борди. 1985 йилнинг бошида денгиз сатҳи 11 метрга пасайиб кетди. Денгизнинг ўртача чуқурлиги эндиликда 5 метрга, максимал чуқурлиги эса 58 метрга тенг.

Ҳозир денгиз сувининг ҳажми тахминан 450 кубокилометр, майдони эса 44,5 минг квадрат километрга тўғри келади, сувнинг ҳар литрида ўртача 22—24 грамм туз бор.

Денгизнинг ҳозирги қирғоғи жанубий соҳилдан 40—50, жануби-шарқий қисмида эса 80—100 километрдан узоққа чекинди. Оролнинг чекиниши асосан жанубий, шарқий ва бир оз шимолий соҳиллари ҳисобига юз бермоқда, чунки бу соҳиллар унчалик чуқур эмас. Ғарбий қисми жуда чуқур (энг чуқур жойи 69 метр) бўлгани учун денгизнинг чекиниши Устюрт томонида унчалик сезиларли эмас, бу ерда Орол эски қирғоқдан бор-йўғи бир неча юз метрга узоқлашган, холос. Келажакда ҳам денгиз акваториясининг қисқариши асосан жанубий, шарқий ва шимолий соҳиллари ҳисобига юз беради.

Денгиз сатҳининг 1961 йилдан бошлаб тобора пасаййб бориши ва Орол бўйи регионида дарёлар сув режимининг тартибга солиниши бу ўлкада табиий, экологик, ижтимоий-иқтисодий шароитларнинг ўзгаришига сабаб бўлмоқда.

Тадқиқотчиларнинг маълумотига кўра, Амударё дельтасида 60-йилларнинг бошларига келиб тахминан 100 минг гектар майдонни эгаллаган турли катталикдаги кўллар ва кўлобларнинг майдони 345 минг гектарга яқин эди. Ана шу кўл ва кўлобларни сув билан таъминлаш учун йилига Амударёдан 6,4 кубокилометр сув қуйилар эди. Дарё сув сарфининг камайиб бориши билан кўл ва кўлобларнинг майдони ҳам қисқариб борди. 1968 йилга келиб кўлобларнинг айдони икки марта қисқарди, 1975 йил бошларида деярли уларнинг ҳаммаси қуриди. Шу кунда дельтада фақат бир неча кўл сақланиб қолган, уларнинг майдони асосан келиб қуйиладиган зовур ва шунга ўхшаш сувларнинг миқдорига боғлиқ. Шунинг учун ҳам уларнинг майдони турғун эмас, ҳар литр сувида 5—10 грамм туз бор, чуқурлиги 1—19 метрга боради.

Қуриган кўл ва кўлобларнинг ўрни аввал қалин қамишзорлар ва қўға билан қопланган, кейинчалик ерости сувлари сатҳининг чуқурлашуви ҳамда маъданлашиш даражасининг ошиши, тупроқда шўр тўпланиши сабабли уларнинг ўрнини шундай муҳитга чидамли бўлган шўртоб ўсимликлар: қорабароқ, юлғун, кермак, бир йиллик шўралар эгаллади. Эндиликда юлғун билан қорабароқ жуда катта майдонларни қоплаб олган, чунки бу ўсимликлар шўрга бардош бериш билан бирга анча чуқурда жойлашган шўр намликни узун илдизлари орқали истеъмол қила олади.

Олтмишинчи йилларнинг бошларида Амударё денгизга тўрт тармоқ: Инженер-ўзак, Ўрдабой, Ўнг Оққой ва Чап Оққой орқали қуйилар эди, ҳозир эса оқим фақат Ўрдабой ўзанида сақланиб қолган. Толдиқдарё, Кўҳнадарё, Гедей, Эркиндарё, Чўртамбой каби барча ўзанлар қуриб битган. Қозоқдарё, Равшан тармоқлари каналга, Оқбошли ва Қозоқдарё қўлбола сув омборига айлантирилган.

Асосий сув Оқдарё орқали оқиб, Ўрдабойга етиб борганлиги туфайли дарё сатҳининг доимо пасайиб бораётганлиги натижасида Оқдарё ўзанида айни пайтда чуқурлама эрозия юз бермоқда. Ўзаннинг чуқурлиги баъзи жойларда 8—10 метрни ташкил қилади. Эрозия ҳодисасининг жадаллашаётганига вужудга келган турли баландликдаги терассалар мисол бўла олади.

Орол денгизи ҳавзасида дарёлар сув режимининг тартибга солиниш муносабати билан уларнинг қуйи оқимларида, хусусан, дельталарда оқизиқларнинг кўп миқдорда чўкиши ҳам камайиб бормоқда. Чунки дарёларнинг сув омборлари, гидроузеллар ва сув тиндиргичлар билан жиловланиши, яъни дарё тармоқларининг тоғ ёнбағирларидан эрозия жараёнида олиб келган оқизиқлари сув оқимининг сусайиши натижасида сув ҳавзаси остида чўкади. Амударё ҳавзасидаги ирригация тармоқларига 70-йилларнинг ўрталарида йилига 112 миллион тоннадан оқизиқ оқиб келган. Энди бу оқизиқларнинг каттагина қисми сув омборлари остида чўкмоқда. Бир томондан, сув омборларининг лойқа билан тўлиши тезлашса, иккинчи томондан, экинзорларда ётқизиладиган оқизиқларнинг миқдори камайиб кетмоқда.

Мутахассисларнинг фикрича, дарё суви билан олиб келинган оқизиқлар экинларнинг ўсиши учун қулай шароитлар яратади. В. А. Ковда ва бошқа олимларнинг ҳисоб-китобларига қараганда, Амударё дельтасидаги суғориладиган ерларда, Тахиатош гидроузелининг ишга туширилишига қадар, суғориш нормаси ҳар гектар майдонда 10 минг кубометр деб олинса, шу майдонга 36 тонна дарё оқизиғи сув билан келган. Оқизиқларнинг таркибида 600—1200 килограмм калий, тахминан 50 килограмм фосфор, 20 килограмм умумий азот ва 265 килограмм гумус бўлган. Эндиликда эса, ана шу фойдали усулларнинг катта қисми сув омборларида тутилиб қолмоқда, суғориладиган ерларнинг «табиий усулда ҳосилдорлигининг ошиши» камайиб бормоқда.

Олтмишинчи йилларнинг бошларига қадар Амударё дельтасининг шимолий қисмидаги ерости сувлари Орол денгизининг кучли босими таъсирида бўлганлиги, дарёнинг ҳар йилги баҳор ва ёзда тошиб оқиши, кўл ва кўлоблар, ботқоқликларнинг мавжудлиги туфайли ерости сувларининг сатҳи юзада эди, уларнинг шўрлиги ва кимёвий таркиби унчалик кескин фарқ қилмас эди.

Денгиз сатҳининг пасайиб бориши, дарё сув режимининг тартибга солиниши натижасида ерости сувларининг режими ҳам кескин ўзгарди. Эндиликда қуриб бораётган денгиз косаси табиий зовур сифатида дельтанинг ер ости сувларини ўзига тортиб олмоқда, шунингдек, буғланиш жараёни ҳам улар сатҳининг пасайишини жадаллаштирмоқда.

Денгизнинг эски қирғоқ чизиғи яқинидаги жойларда ерости сувлари сатҳи ҳозир 3—10, зовур сувлари билан таъминланаётган ғарбий ва марказий қисмларидаги қамишзорларда 2—3, шарқий қисмида 8—10 метр чуқурда жойлашган.

Ерости сувларининг маъданлашиш даражаси Судочье кўли ва Жилтирбос қўлгиғининг кўл ва кўлоблари атрофида ҳар литр сувда 30—50, баъзи жойларда 80—100, дельтанинг ғарбий ва марказий қисмининг сув билан қопланадиган яйловларида 10—20, қолган ерларда 30—80 граммни ташкил қилади. Бунга асосий сабаб дельтанинг кафтдек текис ётиқ ҳаракатига монелик қилиши ҳисобланади. Ерости сувлари кимёвий таркибига кўра, сульфат-натрий ва хлорид-натрий типига мансубдир.

Ерости сувлари сатҳининг пасайиши ва дарё тошқинлари юз бермаётганлиги натижасида дельта тупроқлари ҳам ўзгариб бормоқда. Авваллари гидроморф режимда ривожланиб келган тупроқлар эндиликда автоморф йўналишида тараққий қилишга ўтди. Аллювиал ботқоқ ва ўтлоқ тупроқлар (майдони 550 минг гектар) эса қуриган ботқоқ тупроққа айланди. Ўтлоқ аллювиал тупроқлар рельеф тузилишига мувофиқ ўтлоқ тақир чўл тупроққа (баландликларда) ва ўтлоқ аллювиал қуриган (пастликларда) тупроқларга айланди. Ерости сувлари сатҳи 6—8 метрдан пастга тушиб кетган жойларда ўтлоқ-тақир чўл тупроқлар эндиликда тақирсимон тупроқларга айланмоқда.

Қуриган кўл ва кўлоблар, ясси текисликлар ўрнида ерости сувларининг фақат буғланишга сарф бўлиш оқибатида ботқоқ-ўтлоқ ва ўтлоқ тупроқлар тузларнинг ниҳоятда кўп тўпланиши туфайли шўрхокка айланди. 1960 йилга қадар дельтанинг суғорилмайдиган зонасида ҳаммаси бўлиб 84 минг гектар майдон фаол шўрхоклар билан банд эди. 1984 йили бу рақам тўрт марта кўпайди.

Шўрхоклар кўпинча тузларининг таркибига кўра қатқалоқ, кўпчима, ўтлоқ ва ботқоқ морфологик кўринишларда учрайди. Ботқоқ шўрхоклар Судочье кўли, Жилтирбос кўл ва кўлоблари атрофида, ўтлоқ шўрхоклар зовур сувларини пастқамликларга ташлаб юбориладиган жойдарда, қатқалоқ шўрхоклар ерости сувлари буғланишига сарфланаётган текислик ва ботқоқларда, кўпчима шўрхоклар рельеф жиҳатидан баландроқ бўлган тепа ва тепачаларда тараққий қилмоқда.

Орол соҳилининг жануби-шарқий қисмида жўякли қумлар орасида денгиз сувининг шимилиб ўтиши туфайли 60-йилларга қадар турли катталикдаги бир неча юз кўл мавжуд эди. Оролнинг чекиниши натижасида бу кўллар ҳам қуриди, сувнинг фақат буғланишга сарф бўлиши сабабли уларнинг остида жуда катта қалинликда туз қатлами вужудга келди. Тузларнинг кимёвий таркибига ва шўрхокларнинг морфологик кўринишига кўра бу ерларда кўпчима, қатқалоқ, ўтлоқ, ботқоқ шўрхоклар ва ўзига хос яланг тузлардан иборат ўта шўрлар таркиб топди.

Ерости сувлари сатҳининг аста-секин пасайиб бориши жараёнида уларнинг шўрлиги орта бориб, тупроқларнинг юза қатламларида буғланиш натижасида турли тузлар тўпланди. Уларнинг аксарий қисми 0,1—1,5 метр қалинликдаги тупроқда вужудга келиб, маълум масофада бир неча қатламлар ҳосил қилган. Энг кўп туз тупроқнинг асосан юза қатламида пайдо бўлиб, унда туз миқдори 0,5 дан 10—15, ҳатто 30 фоизгача етади.

Тузларнинг кўп ёки оз миқдорда тўпланиши аксарият ҳолларда тупроқ тарқалган жойнинг литолигик ва геоморфологик хусусиятларига бевосита боғлиқдир. Дарё ўзани ёқасидаги қумдан ва қумлоқдан ташкил топган соҳилбўйи баландликларда туз миқдори асосан оз бўлиб, тупроқлар кучсиз ва ўртача даражада шўрланган. Чунки қум ва қумоқдан ташкил топган қирғоқбўйи ерлар ерости сувларининг ётиқ ҳаракатига яхши имконият туғдиради, бинобарин, буғланиш жараёни нисбатан камроқ кечади.

Кафтдек текислик ва бекиқ ботиқларда асосан шўрхоклар ва кучли даражада шўрланган ўтлоқ-тақир тупроқлар тарқалган. Тупроқда туз миқдори 30 фоизгача боради ва 1,5—2 метр чуқурликда маълум қалинликда (30—40 сантиметр) тузли қатламлар учрайди, улардаги туз миқдори юқори ва қуйи қатламларга нисбатан анча кўп. Тузли қатламлар ерости сувларининг буғланишига сарф бўлиши натижасида илсимон гиллар ва оғир таркибли қумоқли қатламларда пайдо бўлган.

Орол денгизининг жануби-шарқий соҳилларидаги ҳисобсиз шўрхоклар таркибида жуда катта миқдорда (ҳар гектар майдонда 0—1 метр қалинликда 6400—7000 тоннагача) туз мавжуд. Тузлар кимёвий таркибига кўра, натрий-хлорид, сульфат-натрий типига мансубдир.

Кейинги 20 йил мобайнида Амударё дельтасининг шимолий суғорилмайдиган зонасида туз тўпланиши янада тезлашди, дастлабки ҳисоб-китобларга қараганда, 0—2 метр қалинликда тахминан 268 миллион тонна туз тўпланди, шундан 47,3 фоизи шўрхокларда мавжуд.

Амударё дельтасининг табиий ва экологик шароитларининг ўзгаришига қадар бу ерда асосан қамишзорлар мавжуд бўлиб, Л. С. Берг ифодаси билан айтганда, ўзига хос «Оролбўйи ландшафти» ҳосил қилган эди. Қамишли тўқайзорлар 760 минг гектар майдонни эгаллаган бўлиб, чўлга айланиш ҳодисасининг ривожланиши туфайли ҳозир уларнинг майдони 100 минг гектарга тушиб қолган. Уларнинг ўрнида қуруқсевар ва шўр муҳитга чидамли юлғун, қорабароқ, кермак ва бошқа шўрадорлар оиласига кирувчи ўсимликлар кенг тарқалган. Бу ўсимликлар ҳосил қилган яйловлар маҳсулдорлиги қамишдан иборат бўлган бурунги яйлов ва пичанзорлар (ҳар гектар ерда 6—16 центнер)га нисбатан анча оз (0,5—3 центнер).

Авваллари дарё ўзанларининг иккала соҳили кенглиги 2—5 километргача дарахт ва буталардан ташкил топган тўқайзорлардан иборат эди. Дарё тошқини вақтида бу ерларда сув 0,5 метргача кўтариларди. Ҳозир эса дельта сув режимининг тартибга солиниши, ўзанларнинг қуриши, ерости сувлари сатҳининг пасайиши ва уларнинг маъданлашиш даражасининг кўтарилиши, тупроқ шўрлигининг ошиши туфайли вужудга келган ноқулай экологик муҳитга моелаша олмаслик ва қурғоқчиликнинг борган сари кучайиши сабабли дарахтларнинг қуриши авж олмоқда. 1961 йилга қадар 261 минг гектар майдонни эгаллаган тўқайзорлар майдони бугунгача 5 марта қисқарди. Тўқайзорларнинг қуриши оқибатида уларнинг ўрнида қурғоқчиликка чидамли юлғунзорлар ва бошқа ўсимликлар кенг майдонларни эгаллаган. Эркиндарё, Кўҳнадарё, Қозоқдарё, Чўртамбой, Толдиқдарё, Оқбошли каби дарёлар соҳилларини эгаллаган тўқайзорлар қуриб бормоқда. Аввалги ноёб тўқайзорлар билан боғлиқ маҳсулдор яйловлар ҳосилдорлиги паст ксерофит қуруқсевар яйловлар билан ўрин алмашмоқда.

Денгизнинг чекиниши ва Амударё дельтасининг қуриб бориши ўлканинг маҳаллий иқлимига ҳам сезиларли таъсир кўрсатмоқда. Орол бўйида иқлимнинг ўзгариши фақат денгизнинг қуриб бориши билангина боғлиқ бўлмай, балки атмосфера умумий циркуляциясининг таъсири, Ўрта Осиёнинг чўл зонасида ҳаво умумий ҳароратининг кўтарилаётганлиги ва бошқа омиллар билан ҳам боғлиқдир.

1961—84 йиллар оралиғида Орол бўйида ҳаво температурасининг ўзгариш динамикасини ўрганиш шу нарсани кўрсатадики, шу вақт ичида температуралар оралиғидаги фарқ айниқса қиш фаслида сезиларлидир. Масалан, 1961—65 йилларда Мўйноқ станциясида январнинг ўртача ҳарорати 4,4 даража бўлса, 1976—80-йилларда 8,3, Қўнғирот станциясида шунга мос ҳолда 4,8 ва 8,1 даражаларни ташкил қилган. Кейинги 10 йилда Уяли, Мўйноқ, Тигровий станцияларида ҳавонинг суткали амплитудасида сезиларли ўзгаришлар юз берди. Бу ҳол шу жойларда ҳаво ҳарорати кескин ошганидан дарак беради.

Олиб борилган ҳисоб-китобларга қараганда, Орол бўйида ҳавонинг мутлоқ ва нисбий намликлари ҳам жиддий ўзгариб бормоқда. Мўйноқ станциясида 1950—59 йилларда нисбий намлик июль ойида 61 фоизни ташкил қилган бўлса, 1970—79 йилларда 57, Тигровий станциясида 66 ва 61, Чимбойда 52 ва 47 фоизни ташкил қилган.

Кейинги ўн йилликда соҳил бўйи станцияларида сўнгги (баҳорги) совуқ уриш фурсатлари энг охирги вақтининг (Мўйноқ станциясида 10—12 кунгача) чўзилиши ва биринчи (кузги) совуқ уриш вақтининг эрта бошланиши (Мўйноқ станциясида 10—12 кунгача қайд қилинди. Бинобарин, соҳил бўйи станцияларида денгизнинг иқлимни юмшатиш хусусиятлари борган сари камайиб бормоқда. Шу билан бирга, чанг-тўзонли кунлар бундан 20 йил аввалги муддатга нисбатан анча кунга чўзилган.

Орол денгизи сатҳининг тушиб кетишига қадар унинг гидростатик босими Судочье кўлининг жанубий қирғоқ чизиғидан ўтадиган кенгликкача сезилар эди. Бошқача қилиб айтганда, Амударё дельтаси ғарбий ва марказий қисмларининг учдан икки қисми Орол таъсирида бўлар эди. Дельтанинг шарқий қуруқ қисмида денгиз таъсири 20—30 километр масофагача билинар, Жанадарёнинг қуруқ ўзанига денгиз суви 50—60 километргача кириб борарди.

Жанубий Орол бўйининг табиий ва экологик шароитларини денгиз сатҳининг пасайиши натижасида ўзгариши даражасига қараб қуйидаги: фаол, суст ва узоқ (таъсири камроқ сезилган) зоналарга бўлиш мумкин. Биринчи зонага табиий шароитлар жуда ҳам кучли равишда ўзгарган майдон, яъни дельтанинг ғарбий ва марказий қисмлари киради: иккинчи зонага фақат айрим табиий компонентлари (ерости сувлари ёки тупроқ ва ҳакозолар) ўзгарган майдон, чунончи, дельтанинг шарқий қисми, учинчи зонага Оқчадарё дельтасининг шимолий-ғарбий ва Жанадарё дельтасининг жанубий-ғарбий қисмлари киради. Шу зонага денгиз сатҳининг пасайиши унчалик катта ҳажмда табиий ўзгаришларга олиб келмаган территориялар мансубдир. Ана шу кўрсатилган зоналарда яна табиий шароитларнинг қанчалик даражада ўзгарганлигига қараб алоҳида табиий комплексларни ажратиш мумкин: масалан, жуда интенсив, кучли, ўртача ва камроқ ўзгарган геосистемалар. Жанубий Орол бўйи регионини бундай қисмларга ажратиш бу ўлкани илмий жиҳатдан чуқурроқ ўрганишда ва денгиз сатҳи пасайишийинг салбий оқибатларини тезроқ тугатишда маълум аҳамиятга эгадир.

Сирдарё дельтаси табиий муҳитининг ўзгариши Қайроққум (1965) ва Чордара (1965) сув омборларининг ишга туширилиши туфайли юз бера бошлади. 1974 йилдан бошлаб Сирдарё сувининг Оролга қуйилмаслиги дельтада ва дарёнинг қуйи оқими водийсида табиий ва экологик шароитларнинг тубдан ўзгаришига олиб келди. Оқибатда 70-йилларнинг бошларида, қозоғистонлик мутахассисларнинг маълумотига қараганда, дарёнинг ўрта оқими водийсида, қадимги ва ҳозирги дельталарида 2 миллион гектардан ортиқ майдондаги тўқайзорлар, пичанзорлар ва ўтлоқзорлар қуриди. 80-йилларнинг бошларига келиб яна 846 минг гектар майдондаги яйловлар ва тўқайзорлар чўлга айлана бошлади.

Дарё тошқини ва ўзанларда сув оқимининг барҳам топгани туфайли ерости сувларининг дарё суви ҳисобига тўйиниши тўхтаганлиги натижасида уларнинг сатҳи дельтада 3,5, баъзи жойларда 7—8 метргача пасайди, маъданлашиш даражаси энди ҳар литр сувда 5—9 граммни ташкил қилмоқда.

Дельтада дарё сувининг тартибга солинганига қадар салкам 1,5 миллион гектар майдонда аллювиал ўтлоқ ва ботқоқ гидроморф тупроқлар ривожланган бўлиб, уларда асосан қамишзорлар кенг тарқалган эди. Қамишдан иборат бўлган яйловларнинг мақсулдорлиги ҳар гектарда 10—50 центнерни ташкил қилар эди. Ҳисоб-китобларга қараганда, бу яйловларда 3,6 миллион тонна ўт ўсиб, улардан дағал хашак етиштиришда ва қишки яйлов сифатида фойдаланилар эди. Эндиликда суғориладиган ерлардан ташқари барча яйловлар ва пичанзорлар қуриди, улар ўрнида ҳар гектар майдондан 2 центнердан ҳосил берувчи, шўр тупроққа чидамли галаофил (шўрланишни севувчи) ўсимликлардан иборат яйловлар вужудга келмоқда.

Ерости сувлари шўрлигининг ошиши, тупроқда кўп миқдорда туз тўпланиши натижасида дарахтлардан ташкил топган тўқайзорлар қуриб, улар ўрнида юлғундан иборат янги тўқайзорлар бунёд бўлмоқда. Қамишзорлар авваллари 220 минг гектардан ортиқ майдонни эгаллаб турган эди, ҳозир уларнинг майдони 10 марта қисқарди. 70-йиллар ҳар бирининг мейдонини 50 минг гектардан ортиқ бўлган Қораўзак ва Оқчой — Қувондарё кўл системалари эндиликда хўжалик аҳамиятини бутунлай йўқотди. Винобарин, Сирдарё дельтасида ҳам худди Амударёнинг қуйи қисмида юз бераётган чуқур экологик ўзгаришлар бевосита Орол денгизи сатҳининг пасайиб бораётганлиги билан боғлиқдир.

Денгиз акваториясининг қисқариб бораётганлиги Орол бўйи региони экологик шароитларини ўзгартириш билан бирга унинг, ижтимоий-иқтисодий шароитларига ҳам таъсир этмоқда. Бунинг натижаси ўлароқ халқ хўжалиги жиддий зарар кўрмоқда. Сув шўрлигининг ошиши, балиқлар урчийдиган ва яшайдиган жойларнинг қисқариши сабабли балиқ ови денгизда умуман тўхтатилган, чунки Оролда аввалги шўрлик даражаси шароитида яшаб келган балиқ зотлари эндиликда бутунлай тугади. Денгиз суви шўрлигининг тўхтовсиз ошиб бораётганлиги шўрроқ муҳитда яшашга мослашган балиқ зотларини кўпайтиришга имкон бермаяпти. Яқингача бу ерда салкам 500 минг центнергача балиқ овланар эди. Энг қимматли балиқлар: лаққа, зоғора балиқ, сазан, сўзанбалиқ (усач) ва бошқа балиқлар овланиши бўйича Орол денгизи СССРда юқори ўринлардан бирини эгаллар эди.

Денгиз қирғоқларининг порт шаҳарларидан узоқлашиб кетиши натижасида Мўйноқ, Учсой, Қозоқдарё, Урга, Аральск ва бошқа ўнлаб посёлка ва шаҳарларнинг денгиз транспорти ва у билан боғлиқ бўлган хўжалик, саноат функциялари издан чиқди, кемаларни таъмирлаш корхоналари ёпилди. Оролнинг кейинги вақтларда тўхтовсиз саёзлашиб бораётганлиги туфайли кемалар ҳаракати ҳам тўхтатилди. Шунингдек, денгизнинг қуриган қисмида, порт шаҳарларнинг яқинида кўп миқдорда катта-кичик кемалар қуруқликда қолиб кетди. Бу кемалар ва баржалар бу ерлардан олиниб, бошқа денгиз ёки дарёларга туширилса, халқ хўжалиги учун ҳали-кўп хизмат қилиши мумкин эди.

Мўйноқ шаҳридаги Иттифоқ аҳамиятига эга бўлган балиқ комбинатида Оролда тутилган балиқлардан кўп миқдорда консервалар тайёрланар ва дудланган балиқ маҳсулотлари чиқарилар эди. Комбинатнинг Урга, Қозоқдарё, Оқпетки оролларида ва бошқа кўпгина жойларда балиқни қайта ишлайдиган цехлари мавжуд эди. Эндиликда бу цехлар ёпилиб, фақат Мўйноқ комбинатида Амударё дельтасида сақланиб қолган кичик кўлларда, Сариқамиш кўлида, Атлантик океанида тутилган балиқлар асосида оз миқдорда маҳсулот тайёрланмоқда. Бу ерда тайёрланаётган консерваларнинг эса таннархи ошиб бормоқда.

Авваллари Мўйноқ комбинатини балиқ билан таъминловчи бир неча балиқ овловчи колхозлар мавжуд эди, энди уларнинг сони кескин қисқариб кетди, ишчи кучи халқ хўжалигининг бошқа соҳаларига ишга ўтказилди. Шунга қарамасдан ишчиларни меҳнат билан таъминлаш масаласи ҳали тўла ҳал этилмаган.

Денгиз транспорти ва балиқчиликнинг издан чиқиши аввалги ишлаб чиқариш ихтисосланишини бирмунча ўзгартиришга сабаб бўлмоқда. Сув режими сунъий равишда тартибга солиниб турган Амударё дельтасидаги кўлларда ва балиқларни кўпайтиришга мўлжалланган махсус сув ҳавзаларида балиқчиликни ривожлантириш мақсадга мувофиқдир. Бунинг учун Амударёнинг ҳозирги ўзанида ва қуриб қолган кўллар ўрнида махсус сув омборлари қуриб, зотли балиқларни кўпайтириш лозим.

Дельтадаги қуриб бораётган яйловларни сув билан таъминлаб, яйлов чорвачилигини ривожлантириш, бир томондан, ортиқча ишчи кучини меҳнатга жалб қилишга имкон берса, иккинчи томондан, чўлга айланиш ҳодисасини камайтиришга ҳамда ўлканинг қишлоқ хўжалигини ривожлантиришга шароит яратади. Бу тадбирлар ҚҚАССРнинг шимолий зонасида товар балиқчилик ва сут-гўшт етиштирадиган тармоқларнинг жадал суръатларда тараққий қилишига олиб келади.

Мўйноқ ярим оролининг шарқий соҳил бўйи минтақаси ажойиб денгиз дам олиш хонаси ҳисобланар эди. Ўзбекистонда ягона ҳисобланган бу манзилда бир неча пионер оромгоҳлари Ўрта Осиёдаги турли корхоналарнинг дам олиш зоналари жойлашган эди. Ҳар йили минглаб меҳнаткашлар ва ўқувчилар ёз бўйи ҳордиқ чиқариб, денгиз ҳавосидан нафас олиб, саёз пляжларида чўмилиб, чўл офтоби нурларидан баҳраманд бўлар эдилар. Ҳозир барча дам олиш уйлари ишламайди.

Кези келганда шуни айтиш керакки, қуйи Амударё денгиз соҳилидан бошқа жойларда ҳам ундан қолишмайдиган ажойиб дам олиш зоналарини ташкил қилиш мумкин. Тўямўйин сув омбори ишга тушди, энди унинг ўнг соҳилларида худди Оролдагидек дам олиш зоналарини бунёд этиш мақсадга мувофиқдир. Бу ерларда Тошкент областидаги Туябўғиз сув омбори соҳилларида ҳозир мавжуд бўлган замонавий ҳордиқ чиқариш ва сув-спорти иншоотларига ўхшаш дам олиш комплексларини қуриш орқали регионда улкан дам олиш маскани вужудга келади.

Худди шундай дам олиш зоналарини Амударё қирғоқларидаги тўқайзорларда ташкил қилиш ҳам муҳимдир. Дарахт ва буталардан иборат Амударё тўқайзорлари ўзининг сўлимлиги, хушманзаралиги, ёзда салқинлиги, сайроқи қушларнинг бетиним куйлаши билан ажралиб туради. Хуллас, қуйи Амударё табиати меҳнаткашларнинг ҳордиқ чиқариши учун қулай имкониятларга бой, гап — фақат улардан оқилона фойдаланишда қолган.

Амударё дельтасида кўл ва кўлобларнинг қуриши сабабли ондатра тутиш ва кўпайтириш бутунлай издан чиқди. 1957 йили бу ерда 1 миллион 200 минг ондатра тутилган бўлса, 1979 йили атиги 5 минг дона ондатра тутилди, холос. Ҳозир бу жониворлар айрим кўллардагина сақланиб қолган ва уларнинг сони унчалик кўп эмас.

Мутахассисларнинг олиб борган ҳисоб-китобларига қараганда, Орол денгизи сатҳининг пасайиши натижасида Жанубий Орол бўйи регионидаги халқ хўжалигига етказилган зарар балиқ, овчилик ва қишлоқ хўжалик, саноат ондатрачилиги, денгиз, дарё транспортлари ва бошқаларнинг йиғиндисидан иборат. Халқ хўжалигининг бу соҳаларидаги умумий зарар 1980 йили 92,6 миллион сўмни ташкил қилди.

Орол бўйи яйловлари чорвачиликни ривожлантириш учун анча қулайдир. Дельталарда сув режими росмана бўлиб турган вақтларда чорва учун энг озуқабоп қамишзорлар, пичанзорлар кўп эди. Қамиш энг арзон қурилиш материали бўлибгина қолмай, сермаҳсул озуқа ҳамдир. Ҳар гектар ердан 100—150 центнер қамиш ўриб олинади. Ундан ажойиб силос тайёрланади. Қамиш «С» витаминига бой бўлиб, моллар учун тўйимли ва уларнинг сутини кўпайтиради. Қамишдан тайёрланган силос бошқа ўсимликлардан тайёрланган силосга қараганда анча арзон тушади. 10 тонна кўк қамишдан 8 тонна сифатли силос олиш мумкин, 1967 йилдаги ҳисобларга қараганда, қуйи Амударёда қамишларнинг саноат запаси 372 минг гектарни ташкил қилган. Агар майдонларнинг ўртача ҳосилдорлиги гектарига 12—15 тонна деб олинса, ундан йилига 5 миллион тонна ем-хашак тайёрлаш мумкин. Бу бутун Ўзбекистон бўйича бир йилда тайёрланадиган ем- хашакка яқинлашиб қолади. Аммо ярим миллион гектарга яқин яйловнинг сув билан тўлиқ таъминланмаётганлиги сабабли, ўтлоқларнинг 20 фоизи, табиий пичанзорларнинг 30 фоизи фойдаланилмоқда, қолган яйловлар сувсиз қовжираб ётибди.

Орол денгизининг келажаги ва уни сув ҳавзаси сифатида сақлаб қолиш масаласига тўхталадиган бўлсак, аввало денгизнинг қуриб бораётган қисмида келажакда қандай табиий географик ва экологик ўзгаришлар юз бериши хусусида сўз юритишга тўғри келади. Бу савол ҳаммани кўпдан бери қизиқтириб келмоқда. Олиб борилган илмий-тадқиқотлар шуни кўрсатадики, қуриб бораётган қисмдаги қум массивларида яқин 15—20 йил мобайнида барханлар, дўнгликлар ва бошқа қум уюмлари асосан тўла шаклланиб, маълум бир қум минтақасини ҳосил қилади. (Улар қумда ўсувчи саксовул, қандим, қуёнсуяк ва бошқа псаммофитлар билан қопланади ва Қизилқум чўлига хос ландшафт вужудга келади).

1970—80 йилларда денгиз остидан чиққан қуруқликдаги шўрхокларда туз тўпланиш жараёни табиий усулда шўрсизланиш босқичига ўтади, чунки ерости сувлари сатҳининг 6—8 метр пастга тушиб кетиши шўрхокларнинг гидроморф ва яримгидроморф ривожланиш босқичидан автоморф босқичига ўтишга олиб келади. Баъзи жойларда кўпчима шўрхоклар ўрнида устидаги юмшоқ унсимон қатламларнинг шамол ёрдамида учиб кетиши натижасида тақирли тупроқлар вужудга келади. Шунга мувофиқ, бу ерларда асосан қорасаксовул, юлғун, бир йиллик шўралар ўсиши учун қулай экологик шароитлар туғилади. Орол денгизининг қуриган шарқий соҳилларидан шамол учириб келган қумлар туфайли жойларда турли қум уюмларининг вужудга келиш эҳтимоли бор.

1981—90 йилларда денгиз остидан чиққан ва сувдан холи бўладиган қуруқликлардан шўрхоклар вужудга келиб, уларда туз миқдори кўпроқ бўлади, чунки денгизнинг маъданлашиш даражаси ўшанда ҳар литр сувда 25 граммдан ортиб кетади. Ерости сувлари шўрлигининг ошиб кетиши билан тупроқда туз тўплана боради, натрий-хлорид тузларининг кўпроқ тўпланиши туфайли қатқалоқ шўрхокларнинг пайдо бўлиши кучаяди. Бу ҳол шўр экологик шароитга чидамли ўсимликлар, масалан, қорабароқ, саризазан ва бошқа галофит ўсимликларнинг тарқалишига имкон беради.

1991—2000 йилларда денгиз сувидан холи бўладиган қуруқликда ерости сувлари маъданлашиш даражасининг ҳаддан ташқари юқори бўлиши (ҳар литр сувда 60-100 грамм) сабабли, қуруқликда яланг ўта шўр шўрхоклар вужудга кела бошлайди, ўсимлик ўсишига эса ҳеч қандай экологик шароит мавжуд бўлмайди ва ҳамма жойни оппоқ яланг туздан иборат қалин қатламли шўрхоклар эгаллайди. Бу туздан иборат бўлган қуруқликнинг майдони денгиз сатҳининг борган сари пасайиши билан кенгаяверади.

Ҳисоб-китобларга қараганда, 90-йилларнинг бошларидан эътиборан Орол денгизига Амударё орқали қуйиладиган сувнинг миқдори камая боради ва оқимнинг бутунлай тўхтаб қолиши ҳам эҳтимолдан холи эмас. Денгиз акваториясида буғланишнинг ниҳоятда катта ҳажмда юз бериши ва унга дарёлар орқали сув келмаслиги туфайли 1990 йилдан сўнг Орол сатҳининг 13 метрга пасайиши ва шунинг оқибатида Катта денгизнинг Кичик денгиздан ажралиши кутилмоқда. Бу вақтга келиб денгиз сувининг маъданлашиш даражаси ҳар литр сувда 28,5 граммгача кўтарилади. Сув шўрланишининг ошиб бориши ундаги тирик мавжудотнинг нормал ривожланишини хавф остида қолдиради, бинобарин, шўр муҳитга чидамли балиқ ва зоопланктонларнинг ҳам кўпайиши тўхтайди.

Денгиз сатҳининг тўхтовсиз пасайиб бориши натижасида 2010 йилга келиб, Катта денгиз икки сув ҳавзасига: шарқий, унчалик чуқур бўлмаган қисм ва ғарбий, нисбатан чуқур қисмга бўлинади. Буғланишнинг тўхтовсиз давом этиши туфайли шарқий саёз қисм умуман қуриб боради ва кейинчалик улкан шўрхокка айланади. Шўрхокнинг туз таркиби асосан ош тузидан иборат бўлади.

Денгиз Қизилқум, Устюрт, Катта ва Кичик Бўрсиқ, Орол бўйи Қорақум чўллари ўзаро туташуви мумкин бўлган ерда жойлашганлиги сабабли унинг қуриши натижасида Орол чўли вужудга келиши турган гап. Агар денгиз сувининг ҳаммаси буғланиб кетса, унинг остида 10 миллиард тоннадан ортиқ туз қатлами қолади. Совет олими С. Ю. Геллер Орол денгизи тубида қоладиган ош ва сульфат тузлари қатламларининг атроф муҳитга таъсири камроқ бўлади, чунки натрий хлорид тузининг кристаллари ўзаро бирлашиб, қаттиқ қалин қатлам ҳосил қилади ва шу туфайли шамол таъсирига берилмайди, дейди. У, ўз фикрини Орол ва Каспий денгизлари қирғоқлари яқинидаги майда кўлларнинг қуриши натижасида уларнинг тубида қолган тузларнинг хусусиятларига қараб изоҳлайди.

Бироқ қишда кучли тўлқинлар натрий сульфат тузларини қирғоққа чиқариб ташлаши мумкин. Вужудга келган мирабилит ёзда қуриши натижасида тенардитга айланади. Бу маъдан енгил бўлгани учун шамол таъсири тезда атрофга ёйилади ва тупроқ таркибидаги туз миқдорини кўпайтириб, унинг шўрлик даражасини оширади.

САНИИРИ мутахассисларининг дастлабки ҳисоб-китобларига қараганда, Орол денгизининг ҳозирги қуриган қисмидан Амударё дельтасига шамол ёрдамида ҳар гектар майдонга йилига 500 килограмм ва ундан ортиқ туз кўчиб келмоқда. Тенардит маъданининг кўплаб вужудга келиши чоғида эса бу рақамнинг янада кўпайиши эҳтимолдан холи эмас. Бинобарин, бу ўлкада шамолнинг йил давомида асосан шимолдан жанубга ва жануби-ғарбга томон эсишини эътиборга олинса, туз тўпланиш ҳодисаси бутунлай Хоразм воҳаси территориясида юз беради. Бас, шундай экан, асосий мақсад ана шу нохуш ҳодисани иложи борича камайтириш ва бартараф этиш ҳамда келажакда сульфат тузларини воҳанинг суғориладиган майдонларида тўпланишига йўл қўймасликдан иборат.

Бунинг учун Орол денгизи сатҳини маълум бир турғунликда сақлаб қолмоқ зарур, ана шунда атроф-муҳитга сульфат тузларнинг тарқалиши анча камаяди. Умуман олганда, йирик табиий географик ва экологик жабҳаларнинг ўзгаришини олдиндан прогноз қилиш мақсадга мувофиқдир. Бу борада олимлар, мутахассислар, ер ва сув муаммолари билан шуғулланувчи йирик гидрологлар, геологлар, географлар, экологлар, иқтисодчилар, тупроқшунослар, мелиораторлар, археологлар ва бошқа касбдаги мутахассислар илмий жиҳатдан тўла асосланган прогноз тадқиқотларини ишлаб чиқишлари лозим.

Амударёнинг қуйи этакларида суғориш ва яйловларга сув чиқаришни ривожлантириш — табиий ва иқтисодий оқибатларни камайтиришнинг муҳим омилидир. Орол бўйида содир бўлаётган чўлга айланиш ҳодисаси олдини олишнинг бирдан-бир йўли дельталарда суғориш ва яйловларга сув чиқариш, қумли чўлларда мелиорация ишларини ривожлантириб, яйловларнинг маҳсулдорлигини ошириш зарурлиги барча мутахассислар томонидан қўллаб-қувватланмоқда.

Амударё дельтасида салкам 1,3 миллион гектарга яқин майдонда чўлга айланиш ҳодисаси юз бермоқда, шунинг талайгина қисми (58 фоизи) қамишзорлар бўлиб, яйлов ва пичанзорлар сифатида фойдаланилар эди. Ана шу қуриб-қовжираб бораётган яйловларга сув чиқаришни ташкил қилинса, бир томондан, юлғун ўсиб ётган шўрҳокларнинг катта қисми яна қайта маҳсулдор экосистемаларга айланарди, иккинчи томондан, яйлов чорвачилиги учун катта майдонларда ем-хашак етказиб бериш имкони яратилган бўлар эди.

Судочье кўли атрофининг шимоли-шарқий қисми ва Қипчоқдарё билан Оқдарё оралиғида улкан ботиқ деярли ҳар йили лиман усулида суғорилиб, катта майдонларда қамиш етказилмоқда, худди шундай ишларни Майпост ботиғи, Қозоқдарё қуйи оқимининг шимолий қисми ва Аспантай массивида амалга оширилиши натижасида чорва учун қамишдан ем-хашак тайёрланмоқда. Бироқ бундай амалий тадбирлар бутун дельта миқёсида амалга бширилганда, айни муддао бўлар эди.

Дельтада чўлга айланиш ҳодисасини тўхтатиш учун бутун майдонда суғориш ишларини йўлга қўйиш зарур, Албатта, бунинг учун сув етарли эмас, лекин қайтган, айниқса, коллектор-зовур сувларини қамишзорларни суғоришга сарф қилинса, катта самарага эришиш мумкин.

Амударё дельтаси ғарбий қисмининг Сариқамиш кўлига қуйилаётган Дарёлиқ ва Озерний коллекторлари сувини махсус канал қуриб, Судочье кўлига буриш орқали лиман усулида суғориш мумкин. Агар бу лойиҳа амалга оширилса, салкам 3 кубокилометр сувни қуриб бораётган қамишзорларга тарашга эришилади. Фақат қамиш ўстиришгина эмас, балки қуриб қолган бир неча ўнлаб кўлларни яна қайтадан сув билан тўлдириш имкони туғилади, Судочье кўли сатҳи эса росмана ҳолга қайтади. Кўл ва кўлмакларда сувнинг доим мавжуд бўлиши ондатра ва балиқчиликни ривожлантириш билан бирга, сувда сузадиган паррандаларни кўпайтириш учун ҳам қулай имконият яратади. Зовур сувлари билан яйловларни лиман усулида суғориш ва кўлларнинг сув билан таъминланиши ернинг шўрланишини камайтиради ҳамда қамишзорлар учун экологик шароитни вужудга келтиради.

Ўтроқ яшаш пунктларининг деярли йўқлиги Амударё дельтаси ғарбий қисмида зовур сувлари асосида яйловларга сув чиқаришда яна бир қулайлик туғдиради, чунки бу ерларда зовур сувларини истеъмол қиладиган аҳоли йўқ. Қоражар қишлоғи аҳолиси Равшан каналидан Кеусир кўли орқали келадиган бир оз шўрроқ сувни истеъмол қилади. Демак, аҳолига Толдиқ каналидан водопровод орқали сув элтиш керак.

Агар дельтада сув омборлари қуриб ишга туширилса, Амударёнинг қуриган ўзанлари сув билан таъминланиб, мавжуд сувга ташна тўқайзорлар обиҳаётдан баҳраманд бўларди. Эркиндарё ўзани бошдан-оёқ сув билан таъминланса, дельтанинг КС—1 коллектор билан Қозоқдарёнинг шимолидаги яйловларга оби-ҳаёт таралади.

Шамол эрозиясининг кучайишига қарши кураш чоралари ҳақида гап кетганда, шуни айтиш керакки, аввалги қулай экологик шароитларнинг деградацияланиши, яъни бузилиши тупроқнинг ўсимлик ўсиши учун бутунлай яроқсиз бўлиб қолишига олиб келди. Бу ҳол тупроқларда шамол таъсирининг авж олишига сабаб бўлмоқда. Айниқса, шамол катта майдонлардаги қумли тупроқни ялаб кетган, ер эрозия туфайли ўйдим-чуқурга айланган. Қуруқ ўзанларнинг иккала соҳилида онда-сонда ўсган юлғун, терак каби дарахт ва буталарнинг илдизлари шамол таъсирида очилиб қолган.

Қум уюмлари билан бирга турли жойларда ҳар хил катталикдаги чуқурликлар ҳам пайдо бўлмоқда. Бу ҳол суғоришда маълум ноқулайликлар туғдириб, ерларни текйслаш ишларининг таннархини ошириб юбормоқда. Шунингдек, шамол эрозияси туфайли тупроқнинг чиринди ва торфга бой қатлами тўзиб кетмоқда.

Ҳосилдор тупроқни сақлаб қолиш учун шамол таъсири кучлироқ сезиладиган жойларда экологик шароитга бардошли саксовул, юлғун, янтоқ, қуёнсуяк, селин каби бута ва ўсимликларнинг уруғини экиш лозим.

Қорақалпоғистон қишлоқлари ва чорва фермалари жуда ҳам тарқоқ ҳолда жойлашган. Шунинг учун автомобиль йўллари ҳам катта масофаларга чўзилган ва улардан ташқари ўйдим чуқурдир. Ҳайдовчилар носоз йўллардан юрмаслик учун эскиси ёнидан янги йўл соладилар. Масалан, Ҳакимота, Қоражар, Зоир, Бойгужа, Алиовул каби қишлоқларга бир йўла 20—30 тадан бир-бирига ёндош тупроқли йўллар мавжуд ва уларнинг ҳаммаси ўйдим-чуқур бўлиб кетган. Бинобарин, автомобиль ҳаракатини тартибга солиш ҳам тупроқ эрозиясига қарши курашда муҳим омилдир.

Қуйи Амударёда чўлга айланиш жараённинг кечиши, зовур ва оқава сувларининг дарёга ташланиши, чучук сув шўрланишининг жадал ошиб бориши натижасида аҳолини истеъмолга яроқли обиҳаёт билан таъминлаш тобора муаммога айланиб бормоқда. Саманбой, Темирбой, Қозоқдарёда сувнинг маъданлашиш даражаси кучайгани учун уларнингсуви истеъмол қилишга бутунлай ярамайди. Бундан ташқари дарё сувида турли хил заҳарли химикатлар мавжудлиги аниқланган, улар ҳаёт учун хавфлидир. Амударё дельтасида аҳолини таъминлаш мақсадида Оқбошли, Қипчоқдарё, Эркиндарё, Кўҳнадарё, Картабой, Ўзек каби бир неча ўзанларга Амударё орқали баҳорда сув юборилиб, уларда обиҳаёт ғамлаб олинади. Ёз, куз ва қишда аҳоли бу сувдан истеъмол учун фойдаланади. Бироқ ўзанларда сув оқмай туриб қолгани учун айниб, ичишга ярамай қолади.

Амударё дельтасида ичишга яроқли ерости сувлари ҳамма жойда ҳам етарли эмас. Улар кўпроқ ирригация каналлари ва дарё тармоқлари яқинида учрайди. Чучук ерости сувларининг умумий заҳираси тахминан секундига 3 кубометрни ташкил этади. Сувлардан мўл-кўл фойдаланилаётган бир даврда уларнинг заҳираси ҳам камайиб бормоқда. Шуни ҳам айтиш керакки, Амударё сувининг булғаниши туфайли канал ва ўзанлар ёқасида вужудга келадиган чучук сув ҳам ифлосланиб бормоқда.

Ҳозирги куннинг долзарб масаласи — қуйи Амударё регионига тоза дарё сувини етказиб бериш ва уни ифлосланишдан сақлаб қолишдир. Қорақалпоғистоннинг шимолий районларига тозароқ сув етказиб бериш мақсадида Туямўйин сув омборидан Нукус шаҳри томон водопровод қувури ётқизилмоқда, келгусида эса уни Чимбой ва Мўйноқ шаҳарларига қадар етказиш мўлжалланган. Аммо бу лойиҳанинг амалга оширилйши билан аҳолининг тоза сувга бўлган талаби тўлиқ қондирилади, деб айтиш қийин, чунки Туямўйин сув омборида ҳам сув борган сари ифлосланмоқда. Яхшиси, Амударё ҳавзасига барча тоифадаги ишлаб чиқаришда фойдаланилган сувларни оқизмаслик даркор. Шундагина дарё суви ўзининг то қуйи қисмига қадар истеъмол учун яроқли бўлиб туради, Амударё ҳавзасида ҳам худди шу Волга ва Ўрол дарёларида тақиқланганидек, унга оқава ва зовур сувларини ташлашга чек қўйиш мақсадга мувофиқдир. Шунингдек, дельтада аҳоли пунктлари жойлашган дарё ўзанларида сувнинг муттасил оқиб туришига эришиш лозимдир. Булардан ташқари, Нукус, Тахиатош, Хўжайли, Мўйноқ, Қўнғирот, Чимбой, Тахтакўпир, Кегейли сингари шаҳарлар аҳолисини тоза сув билан таъминлаш мақсадида сувни тозалаб берадиган махсус инженерлик иншоотларини қуриш шу куннинг кечиктириб бўлмайдиган вазифасидир.

Олиб борилган ҳисоб-китобларга қараганда, фақат Қорақалпоғистонда суғориш учун 2 бараварга яқин кўп сув сарф қилинмоқда, шўр ювиш ва суғориш ишлари барча қоида, тартиб, норма талабларга асосан олиб борилса, ҳар йили камида 3—3,5 кубокилометр сувни иқтисод қилиб қолиш мумкин.

Ортиқча сув сарф қилишнинг яна бир сабаби ердан фойдаланиш коэффициентининг ниҳоятда кичиклигидадир. Пахта, шоли ва бошқа экинларнинг майдонлари кичик-кичик карталардан иборат бўлиб, улар тарқоқ ҳолда жойлашган. Шунингдек, суғориш шохобчаларининг белгиланган чамадан анча узунлиги туфайли сувнинг шимилиш ва буғланиш миқдори катта бўлмоқда.

Суғориладиган майдонларнинг маълум нишабликда эмаслиги, зовурлар йўқлиги ёки сийраклиги, майдонларда сувнинг кўллаб қолиши шўрнинг яхши ювилишига монелик қилади ва ерости сувлари сатҳи кўтарилиб кетади.

Анчадан буён Сариқамиш кўлига қуйилаётган Дарёлиқ ва Озерний коллекторларини Судочье кўлига буриш керак. Ортиб қолган сувни Ажибой ва Мўйноқ қўлтиқларига оқизилса, бу ерларда кўплаб арзон ем-хашак етказиш мумкин. Дельтанинг шарқий томонидаги КС-1, КС-3 ва КС-4 магистрал коллекторлар ҳозир Оролнинг қуриган қисмига қуйилмоқда. Жилтирбос қўлтиғида ва ундан ғарброқда шу тўпланган сувлар катта майдонларни эгаллаган кўл, кўлоб ва ботқоқликларни вужудга келтирди.

Беруний, Тўрткўл ва Элликқалъа районларининг суғориладиган ерларида ҳосил бўлган қайтган сувлар ҳозир Оқчадарё дельтасининг тор йўлагида ва шимолий-ғарбий Қизилқумда заминга шимилиб ҳамда ҳавога буғланиб кетмоқда. Аёзқалъа тепалигининг шимолида катта кўл вужудга келиб, ҳозир Оқчадарё йўлаги томон кенгайиб бормоқда. Агар шу жойдан махсус йиғувчи коллектор қазиб, бу сувларни денгиз томон йўналтирилса айни муддао бўлар эди.

Сув бойликларидан тежамкорлик билан фойдаланишни йўлга қўйишда Туямўйин сув омборида юз бераётган ҳодисани дарҳол бартараф қилиш ғоят муҳимдир. Бу гидроузел ишга туширилгандан сўнг, Хоразм областининг Ҳазорасп, Хонқа, Боғот ва бошқа районлари ерларидаги ерости сувларининг сатҳи кўтарилиб бормоқда. Шунингдек, жойлардаги суғориладиган майдонларнинг шўрланиши авж олмоқда, ерости сувларининг маъданлашиш даражаси ошиб, мевали ва манзарали дарахтларнинг вегетация шароитлари ёмонлашмоқда, ҳатто улар қуриб бормоқда, мавжуд зовур тармоқларининг иш функцияси эса оғирлашмоқда. Бизнингча, тўғондан маълум масофада чуқурлиги 8—10 метрга борадиган коллектор қазиб, тўғон остидан шимилиб ўтаётган сувларни суғориш каналига йўналтириш лозим.

Айтиш мумкинки, Орол бўйида экологик мувозанатнинг бузилиши туб моҳиятига кўра, сув ресурсларидан моҳирона фойдаланмаслик оқибатида келиб чиққан. Ўз навбатида ўзгариб бораётган табиий ва иқтисодий вазиятлар ер, яйлов, ўсимлик, ҳайвонот дунёси бойликларидан оқилона фойдаланиш борасида қийинчилик туғдирмоқда. Ана шу шароитда регион бойликларининг потенциал маҳсулдорлигини доимо ошириб бориш ва денгиз сатҳининг пасайиб бориши туфайли вужудга келаётган зиддиятларни кечиктирмай ижобий ҳал қилиш айни долзарб вазифадир.

Қуйи Амударёда табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва уларни бойитиб бориш, бу борада табиат билан жамият ўртасида кечаётган ўзаро таъсирлар натижасида вужудга келаётган нохуш жараёнларни ўз вақтида бартараф этиш, асосан, икки доирада амалга оширилиши керак. Жанубий Орол бўйи — Амударё ҳавзасининг сўнгги табиий-гидрологик қисми ҳисобланади, дарё дельтаси бутун ҳавзада эрозия жараёнида сув билан оқиб келган турли оқизиқлар ётқизиладиган, унга ташланган оқава, зовур ва бошқа тоифа сувлар қуюқлашадиган ҳамда ўзандаги сув ҳажми дарёнинг юқори ва ўрта оқимларидаги воҳаларга сарф бўлиши сабабли унинг режими тартибга келтирилган йирик табиий комплекс бўлиб ҳисобланади.

Шуни ҳисобга олган ҳолда, табиий ресурслардан фойдаланиш ва уларни муҳофазалаш жараёнини кенг ва тор доираларда ҳал қилиш мақсадга мувофиқдир. Кенг доирада амалга ошириладиган амалий ишлар дарёнинг бутун ҳавзасини қамраб олган бўлиб, табиатни муҳофазалаш ишларини жуда катта территорияда олиб боришни тақозо этади. Бунга асосан дарё ҳавзасига ташланаётган барча оқава ва қайтган сувларни тўхтатиш йўли билан сувнинг ифлосланишига чек қўйиш, шўрланишини камайтириш, ортиқча олинаётган сув миқдорини эҳтиёжга яраша сарфлаш, Оролнинг қуриган қисмидан дельтага шамол таъсирида учиб келаётган тузларни иложи борича камайтириш каби тадбирлар киради.

Тор доирада амалга ошириладиган вазифаларга шу ўлканинг ўзида юз берадиган ноқулай табиий, экологик ва социал-иқтисодий жараёнларнинг олдини олиш ҳамда ресурслардан тежаб-тергаб фойдаланишни йўлга қўйиш каби тадбирларни киритиш мумкин. Кўп ҳолларда тор доирада олиб бориладиган амалий ишларнинг суръати, самарадорлиги ва ҳажми кенг доирада олиб бориладиган ишларнинг ҳажми ва самарадорлиги билан узвий боғлиқдир.

Орол денгизи муаммоларини фақат Амударё ва Сирдарё ҳавзалари доирасида эмас, балки мамлакатимизнинг Ўрта региони (Ғарбий Сибирь, Қозоғистон ва Ўрта Оёиё) миқёсида ижодий ҳал қилиш мумкин. Чунки сув ресурсларининг зоналараро қайта тақсимланиши асосида. ирригация ишларининг тараққий қилиши туфайли маълум миқдорда қайтган сувлар вужудга келади, бу сувларни қуриб бораётган Орол сийнасига юборилса, унинг сатҳини қулай баландликда сақлаб туришга имконият яратилади. Бинобсрин, Ўрта Осиёда ягона туз тўпловчи манба сифатида Оролнинг яшаб қолишига тегишли шароитлар туғилади.

Орол бўйи региони табиий бойликларга мўл ўлка бўлиб, бу ерда кўп миқдорда пахта, шоли, чорвачилик маҳсулотлари етиштирилади, суғоришга яроқли ерлар фақат ҚҚАССРнинг ўзида (Устюртдан ташқари) 1,9 миллион гектардан зиёддир. Келгусида ана шу катта майдонларда янги ирригация массивлари вужудга келади. Қўриқ ерларнинг ўзлаштирилиши, яйловларни сув билан таъминлашнинг яхшиланиши, ёр қаъридаги маъданлардан кўпроқ фойдалана бошланиши, янги шаҳар ва посёлкаларнинг қад кўтариши туфайли Орол бўйининг иқтисодий потенциали янада ортади, ўлканинг СССРда Озиқ-овқат программасини амалга оширишда қўшган улуши янада салмоқли бўлади.

Ўзбекистон Компартиясининг XXI съезди ҳужжатларида таъкидланган мана бу сўзлар бевосита Оролнинг тақдирига ҳам дахлдордир: «Атроф муҳитни муҳофаза қилиш муаммоси тўғрисида алоҳида гапириб ўтиш керак. Бу соҳада ҳам бизнинг ҳал этилмаган муаммоларимиз кўп. Республиканинг индустриал марказларида ҳавонинг, сув ҳавзаларининг булғаниши масалалари ҳамон долзарблигича қолмоқда.

Ўн иккинчи беш йилликда табиатни муҳофаза қилиш тадбирлари учун 500 миллион сўмдан кўпроқ маблағ ажратилмоқда. Шунинг учун ҳам бу улкан ҳавзада юз берган экологик номутаносибликларни бартараф этиш ва унинг табиатини муҳофаза қилишга доир чора-тадбирларни ҳар томонлама зудлик билан ишлаб чиқиш кечиктириб бўлмайдиган ғоят муҳим вазифадир.

Зиёвуддин Акрамов, география фанлари доктори, профессор.

Асом Рафиқов, география фанлари кандидати.

“Шарқ юлдузи” журнали, 1986 йил, 6-сон.


Зиё истаган қалблар Telegram каналига марҳамат!