Зиёвиддин Акрамов, Рисқитилла Нуринбоев. Орол муаммолари (1979)

Жуда узоқ ўтмиш. Қорақум саҳроси орқали Каспий денгизига сув қуйиб турган Амударё нима бўлдию ундан юз ўгириб, шимолга қараб оқа бошлади. У қум саҳроларию, текис тўқайларни босиб ўтди, қанчадан-қанча чуқурликларни сув билан тўлдириб, Хоразм ботиғига етиб борди. Бу ерни ҳам тезда «забт» этгач, яна шимолга йўл олди. Ниҳоят у йўлда ўзига янги макон топди ва ҳозирги Орол денгизини ҳосил қилди. Худди шу вақтда Қизил Ўрда кўлини тўлдириб бўлиб, очиқ саҳрога жон киритиб келаётган Сирдарё ҳам Орол қучоғига етиб келган эди. Бу даврларда Иртиш дарёси Тўрғай дарвозаси орқали ўз сувининг бир қисмини Оролга «ҳадя» қилар эди. Кейинчалик Иртиш Оролдан бош олиб кетди. Сирдарё ва Амударёлар Оролга бир умрга сув қуядиган бўлдилар. Орол ўзани тўлиб, унинг сатҳи Ойбуғир ва Сариқамишгача кенгайди. Азим дарёлар бу жойларни ҳам тезда тўлғазгач, Ўзбойга сув қуя бошлади. Ўзбой эса Каспий билан туташиб кетган эди. Бу алоқа узоқ йиллар давом этди, аммо кейинчалик турли табиат ҳодисалари ҳамда суғориш ишларининг ривожланиши натижасида бу алоқа узилиб қолди. Дастлаб Сариқамишдан айрилган Орол кейинроқ Ойбуғир билан ҳам видолашди. Ниҳоят бугунги кунда Оролнинг тақдири анча ташвишли аҳволда қолди. Орол тобора чекиниб бормоқда.

Одамзод пайдо бўлган даврдан бери доимо ҳаракатда. У ўжар табиатни мислсиз жасоратлар билан ўзига бўйсундириб келмоқда. Инсон жонсиз чўлга сув чиқариб, унга ҳаёт бағишлади. Инсониятнинг илк бешикларидан бўлган Ўрта Осиёда эса одамлар энг қадимги даврлардаёқ каналлар қазиб сув чиқариш ишлари билан шуғулланганлар.

Бу ерда деҳқончиликнинг ривожланиши билан, суғориш ишлари авж олиб кетди. Дастлабки мироблар Туронда бундан олти минг йил олдин ерларни суғора бошлаган эдилар. Иқлим қуруқ, ёз иссиқ бўлган Ўрта Осиё чўлларида сув танқис бўлганлиги сабабли дастлабки вақтларда деҳқончилик фақат дарё водийларида ривожланган бўлса, кейинроқ суғоришнинг барча сирларини ўргана бошлаган аждодларимиз, ариқларга, ундан кейин эса йирик каналларга ўта бошладилар.

Тарих саҳифаларини варақлаб кўрсак, суғориш деҳқончилиги Ўрта Осиёда бир хилда ривожланмаганлигига гувоҳ бўламиз. Бундан тахминан тўрт минг йиллар олдин кишилар деҳқончиликда суғориш тармоқларидан фойдалана бошладилар. Эрадан олдинги 2—1 минг йилликлар эса аҳолининг суғориш малакасини пухта ўрганиш даври бўлди. Бу вақтда Ўрта Осиё территориясида улкан иқтисодий ва сиёсий ўзгаришлар рўй берди, синфий муносабатлар келиб чиқа бошлади, қулдорлик давлатлари ривожланиб, юксалиб борди.

Эрадан олдинги 1 минг йилликда Ўрта Осиёнинг суғориш тармоқлари ривожланишида янги босқич юз берди, дарёларда тўғонлар қурилди, йирик сув иншоотлари барпо этилди. Катта дарёлар атрофида деҳқончилик қизғин ривожланиб кетди.

Эрамизнинг IV-VI асрлари кўпдан-кўп ўзаро урушлар, қирғинлар туфайли суғориладиган деҳқончиликнинг сусайиш даври бўлди. VII асрдан бошлаб суғориш ишлари яна авж олиб кетди. Дарёларда йирик тўғонлар қурилди, турли катталикда каналлар қазилди. Кўриниб турибдики, буларнинг ҳаммаси Орол сув сатҳига аста-секин таъсир қила бошлади. Йирик феодал тўқнашувлар даврида ёки Чингизхон истилолари вақтида фақат шаҳар, қишлоқларгина эмас, экин майдонлари ҳам, суғориш тармоқлари ҳам бутунлай вайрон қилинганди. Мўғуллар истилоси давридаги бундай бузғунчиликлар ёзувчи В. Ян томонидан шундай таърифланади: «…Мўғуллар бутун Хоразмга сув берадиган катта тўғонни емириб ташладилар… Хоразмнинг бир неча шаҳарларини қутурган дарёнинг суви босиб кетди. Дарёнинг оқими ўзгариб,

анчагача Хазар денгизига қумлар орасидан оқиб ётди».

Бундай урушлар даврида Орол денгизининг сатҳи кўтарилиб, қисқа вақтда Сариқамиш билан туташади. Ўрта асрлардан кейин суғориш яна авж олиб кетди. Орол юзаси шу билан боғлиқ ҳолда яна пасая борди. Асримизга келиб суғориш ишлари айниқса кенг миқёсда ривожлана бошлади.

Инқилобдан кейин Ўрта Осиёнинг сиёсий ва иқтисодий қиёфаси ўзгарди. Илгарилари «Қуш учса қаноти — одам юрса оёғи куяди», деб келинган Мирзачўл, Қарши дашти сингари асрий чўлларда ҳозир давримиз деҳқонлари беҳисоб дур — «оқ олтин» ундирмоқдалар. Ҳозирги вақтда замонавий техника беқиёс даражада улкан қудратга эга. Техника кучи билан катта магисрал каналлар қурилди, йирик сув омборлари бунёд этилди. Бу сув омборлари Амударё, Сирдарё каби қудратли дарёлар сувини бепоён далаларга, чўлларга узата бошлади. Ота-боболаримизнинг кучи етмаган қўрқинчли чўллар эндиликда гулистонга айланди.

Республикамизда суғориш ишлари бундан кейин ҳам янада ривожланади, ҳозирда янги-янги ерлар ўзлаштирилмоқда. Бу — табиий ҳол, замон талаби. Ўз-ўзидан равшанки, янги ўзлаштирилаётган ерларга сув керак, сувнинг эса Ўрта Осиёда йилдан-йилга танқислиги ортиб бормоқда. Бу эса ўз навбатида табиатдаги катта мувозанатнинг бузилишига олиб келиши мумкин. Орол денгизи Ўрта Осиё чўллари ўртасида жойлашган, унинг атрофини Қизилқум, Қорақум, Устюрт, Бўрсиқ чўллари ўраб туради. Амударё ва Сирдарё унга деярли саккиз минг йилдан бери сув қуйиб келмоқда. Юқорида айтилганидек, Орол бир вақтлар тўлиб, Каспий билан боғланиб турарди. Ҳозирда эса унинг сатҳи йил сайин пасайиб бораётир.

Амударёнинг йиллик сув сарфи юқори қисмида 65,9 куб. км булиб, Орол денгизигача 39,2 куб, км сув етиб келади. Амударё Орол денгизигача табиий ва сунъий равишда ўз сувининг бир қисмини йўқотади. Табиий ҳолда дарё юзасидан 9,3 куб. км сув буғланиб кетса, беш куб. км сув дарё ўзанига шимилиб кетади, Амударё сувининг 16,4 куб. км дан ортиқроқ қисми суғориш ишларига олинади. Шундан тўрт куб. км сув қайтарилма (оқава) сув сифатида яна дарёга қайтади.

Сирдарёнинг йиллик сув сарфи 39,1 куб. км ни ташкил этади. Оролгача Сирдарё сувининг 12,4 куб. км қисми етиб боради. Сирдарё сувининг 6,8 куб. км қисми табиий равишда йўқолади. Суғориш ишларига эса 19,9 куб. км сув сарф бўлади, шундан 5,5 куб. км сув оқава сув сифатида қайтади.

Сирдарё ва Амударё Орол денгизига йилига эллик икки куб. км сув қуяди. Агар бу дарёларнинг суви суғоришга тақсимланмаганда, денгизга саксон саккиз куб. км сув қуйиларди. 1960 йилгача Оролга йилига эллик икки куб. км га яқин сув қуйилиб, денгиз чуқурлиги эллик уч метр атрофида турар эди. Бу ҳолда Орол денгизининг майдони олтмиш олти минг квадрат километрни ташкил қиларди. Йилига денгиз устига олти куб. км ёғин тушади (ёғин қатлами тўқсон мм). Денгиз юзидан эса эллик саккиз куб. км сув буғланиб кетади (буғланиш қатлами тўққиз юз мм).

Олтмишинчи йиллардан кейин юқорида келтирилган рақамлар ўзгарди, албатта. Оролга борувчи сув кескин камайганлиги натижасида денгиз сатҳи сўнгги ўн иил ичида етти метр атрофида пасайди ва ҳозир 46,3 метрга тушиб қолди. Икки мингинчи йилга бориб денгиз сатҳи ўн етти метрдан ортиқроқ пасайиши кутилади.

Орол сувлари шу йўсинда камайиб бораверса кейинчалик нима буларкин деган саволга турли олимлар турлича жавоб бердилар. Айримлар Орол майдони ўрнида деҳқончилик қилиш мумкин деб ҳисобладилар. Баъзилар Оролнинг қуриши табиатга айтарли таъсир қилмайди деган фикрда бўлдилар. Аммо Орол Ўрта Осиё табиатининг ажралмас бир бўлагидир. Унинг қуриб қолиши мавжуд регион учун катта салбий оқибатларга олиб келади. Биринчи навбатда денгизда яшовчи жониворлар қирилиб кетади. Орол денгизи Ўрта Осиёнинг балиқ базаси ҳисобланади, Бу ерда бир неча йил олдин тўрт юз минг центнер балиқ тутилган бўлса, ҳозирги кунда бу кўрсаткич юз минг центнерга тушиб қолди. Унинг суви камайиши билан балиқчиликнинг аҳамияти йўқолиб кетади. Денгиз сувининг шўрлиги ортган сари, бундай шўр сувга мослашмаган балиқлар қирилиб кетаётир. Бундан ташқари балиқларнинг урчиши учун чучук сув запаси ҳам камайиб қолди. Уларнинг овқатланиши учун майдон қисқарди. Оқибатда сазан, усач, лешч ва бошқа айрим тур балиқлар мутлақо тугаб қолди ёки жуда оз ммқдорда қолганлари ҳам хавф остида турибди.

Денгиз сувининг шўрлиги олтмишинчи йилларгача литрида 10,3 граммни ташкил қиларди, ҳозир эса литрида ўн етти граммга етиб қолди. Орол денгизи сувининг ҳажми бир минг олтмиш куб. км бўлиб, унда тўпланган тузнинг миқдори 10,9 миллиард тоннага яқиндир. Ваҳоланки, шунча туз запасининг вужудга келиши учун уч юз саксон йил керак бўлади. Амударё ва Сирдарё денгизга йилига 28,7 миллион тонна туз оқизиб келади. Оролнинг қуриши билан унинг ўрнида туз саҳроси пайдо бўлади. Бу тузлардан кимёвий хом ашё сифатида фойдаланиш мумкин дегувчилар ҳам бўлди. Лекин бу районда Орол томонидан Амударё дельтасига эсувчи шамоллар кучлироқ бўлади. Бу шамоллар туз қатламига бевосита таъсир қилиб (айниқса сульфат тузлари шамолга берилувчан бўлади) қишлоқ хўжалигида яроқли бўлган майдонларга учириб кетади ва ётқизади. Натижада унумдор ерлар ишдан чиқади. Ҳозирнинг ўзидаёқ Орол атрофидаги воҳаларда шўрланиш сезиларли даражада кўрина бошлади. Денгизга яқинлашган сари шўрланиш оқибатида ташлаб кетилган далаларни кўплаб кўришингиз мумкин. Бундан ташқари туз ҳозирнинг ўзидаёқ учиб фақат яқин атрофгагина эмас, анча узоқ масофаларга ҳам тарқалмоқда. Масалан, яқинда Татаристон электр линияларидаги ҳодисалар, электроизоляциянинг ишдан чиқиш сабабларини мутахассислар синчиклаб ўрганиб, унинг шамол учирган тузлардан шикастланганлигини аниқладилар.

Орол денгизининг қуриб бориши билан сизот сувлар сатҳи пасайиб, уларнинг босими ҳам кескин камайиб кетади. Бу фақатгина артезиан қудуқларгагина эмас, балки бу ерда ўсувчи ўсимликлар дунёсига ҳам салбий таъсир кўрсатади. Ҳозирнинг ўзидаёқ Амударё дельтасида Оролнинг кичрайиши билан бевосита боғлиқ бўлган ҳодисаларни кузатиш мумкин. ЎзССР Фанлар академияси география бўлимининг 1977 йилги экспедицияси даврида қуйидаги ҳодисаларнинг гувоҳи бўлдик. Бундан бир неча йиллар олдин Мўйноқ шаҳри атрофини сув қоплаб турган. Қизилжар ёки порлотовлик кишиларнинг айтишича, шу ерлардан қайиқда Мўйноққача бемалол бориб келавериш мумкин эди. Ҳозир эса бир вақтлар кўл ва ботқоқликлардан иборат бўлган жойлар, бефойда шўрхок бўлиб ётибди. Денгиз атрофидаги сермаҳсул яйловлар ўрнини каммаҳсул ўсимликлар эгаллай бошлади. Воҳалар, қалин дарахтли тўқайлар ўрнини юлғун буталари қоплаб олмоқда. Ўсимлик дунёси билан боғлиқ ҳолда мавжуд территорияда ҳайвонот олами ҳам йўқолиб бораётир. Масалан, бу ердаги тўқайларда яқин йилларгача нодир ҳайвонлардан йўлбарс бўларди. Амударё дельтасида кўп учрайдиган турли-туман қушлар, ҳайвонлар ҳам камайиб кетди.

Олдинлари Қуйи Амударё яйловларида жуда кўплаб чорва моллари боқиларди. Ҳозирги кунда бу яйловлар чекиниб, маҳсулдор озуқа ўсимликлар ўрнини юлғун ёки шўрхок ўсимликлари қоплаб бормоқда. Чорва моллари озиқланиши учун шароит тобора оғирлашиб бормоқда. Биологик вазиятнинг бундай ўзгариб бориши албатта иқтисодий шароитларга ҳам таъсир кўрсатади.

Орол денгизи Ўрта Осиё иқлимининг ажралмас қисми ҳисобланади. Унинг сатҳидан йилига тўқсон сантиметрга қадар сув буғланиб кетади. Шунча сув атрофдаги чўллар ҳавоси намлигига таъсир қилиши табиий бир ҳол.

Умуман олганда Орол денгизининг қуриши билан табиатдаги мувозанат бузилади. Шунинг учун табиатнинг бу улкан дурдонасини сақлаб қолиш устида кўп олимлар, илмий муассасалар иш олиб бормоқдалар. Кейинги вақтларда суғоришнинг илғор усуллари (ёмғирлатиб ёки ер остидан суғориш каби) кенг жорий қилинаётир. Сувнинг беҳудага исроф қилинишига йўл қўймаслик билан бир қаторда айрим ўсимликларнинг сув буғлантириш қобилиятини камайтириш тадбирлари амалга оширилмоқда.

Мавжуд сув ресурсларидан рационал фойдаланиш, бекорга Арнасой ва Сариқамиш чўкмаларига оқаётган қайтарилма — оқава ва дренаж сувларини Орол денгизига оқизиш йўллари ишлаб чиқилиб, бу сувлар тўлиқ Оролга юборилиши керак. Бу дастлабки тадбирларнинг аста-секин амалга оширила бориши Орол сатҳи пасайишининг секинлашувига олиб келади.

Кўпчилик адабиётларда Ўрта Осиё ирригациясини ривожлантириш ҳақида кўплаб фикрлар айтилади-ю, Орол масаласи четлаб кетилаётир. Ҳозирги вақтда табиатни қўриқлаш халқимиз олдидаги энг муҳим вазифалардан бири бўлиб турибди. СССР Конституциясининг 18-моддасида шундай дейилади: «СССРдаги ҳозирги ва келажак авлодларнинг манфаатларини кўзлаб, ер ва ер ости бойликларини, сув ресурсларини, ўсимликлар ва ҳайвонот дунёсини қўриқлаш ва улардан илмий асосда, оқилона фойдаланиш, ҳаво ва сувни тоза сақлаш, табиий бойликларни узлуксиз кўпайтириб боришни таъминлаш ва инсоннинг атроф-муҳитини яхшилаш учун зарур чоралар кўрилади», деб таъкидлаб ўтилади. СССР Конституциясида СССР гражданларининг ҳуқуқлари ва бурчлари равшан белгилаб берилган. Унда «СССР гражданлари табиатни муҳофаза қилишлари, унинг бойликларини қўриқлашлари шарт» (67-модда) деб уқтирилади. Модомики шундай экан, табиат инъоми бўлган Орол денгизи масаласини ҳал қилиш ишини Ўрта Осиё ирригацияси билан бирга олиб борилиши зарур.

Орол муаммосини ҳал қилиш йўлида кўпгина олимлар ўз фикрларини билдирдилар. Масалан, баъзи олимлар Помир дараларида жойлашган Сарез кўлини очиб юбориш йўли билан Орол денгизини қисқа муддатга тўлдириш мумкин демоқдалар. Сарез кўли Оролга Сирдарёнинг бир йилда қуядиган сувичалик сув қуйиши мумкин. Бу фикрга қўшилиб бўлмайди, чунки кўлнинг суви Оролни узоқ муддатга сақлаб туролмайди. Оқибатда Сарез кўлидан ҳам айрилиб қолган буламиз.

Профессор М. П. Львович эса денгизнинг саёз жойидан тўғон билан бўғиш ва сувни бир томонга тўплашни таклиф этади. Бу ҳолда Орол экваторияси кичраяди, аммо у сақланиб қолади. Унинг майдони шунда 44—46 квадрат км ва сатҳи қирқ тўққиз метр атрофида бўлади. Бу ҳам Орол учун айтарли ижобий натижа бермайди.

Хўш нима қилиш керак? Фақат Сибирь дарёларигина Орол денгизини ва унинг атоофидаги табиатни сақлаб қолиши мумкин. Ҳозирда Сибирь дарёларининг бир қисмини Ўрта Осиёга оқизиш проблемалари ишлаб        чиқилаётир. КПСС XXV съездида бу хусусда шундай дейилади: «Сибирь дарёлари тармоқларидан бир қисмининг сувини Ўрта Осиё ва Қозоғистонга буриш проблемаси билан боғлиқ бўлган илмий тадқиқ ишлари ўтказилсин ва шу асосда лойиҳалаш ишлари амалга оширилсин».

Ҳозир бу ҳаётбахш қарорни амалга ошириш учун қизғин киришилди. Кўпгина илмий муассасалар, жумладан ЎзССР Фанлар академияси география бўлими Орол проблемаси устида катта илмий иш бошлади. Шуни ҳам айтиб ўтиш керакки, Сибирь дарёларини Ўрта Осиёга оқизиш масаласи ўтган асрнинг 1868 йилиёқ рус инженери Я. Демченко томонидан илгари сурилган эди. Бу Ўрта Осиё иқлимини яхшилаш мақсадида айтилган дастлабки амалий таклиф эди. Ундан анча кейин ҳам бу масала бир неча бор кўтариб чиқилди. Масалан, 1920 йилларда Д Букинич, 1924 йилда Н. Н. Ботвинник, 1927 йилда В. А. Монастирев, З. О. Кирилец, 1930 йилда эса А. Макаров каби олимлар Обь, Иртиш, Енисей сингари дарё сувларини тўғон ёрдамида тўсиб Тўрғай довони орқали Оролга оқизишни таклиф этишди. А. А. Мюллер 1936 йилда бу дарё сувларини тўғон билан тўсиш ва насос ёрдамида кўтариб беришни таклиф қилди. Шу вақтга қадар бу таклиф ва лойиҳалар амалга ошмади. Бу масалага Орол суви камайиши сабабли пухта киришилди. Бугунги кунда муаммо мутахассислар қўлида ҳал бўлиш арафасида турибди.

Ҳозир Сибирь дарёларини Ўрта Осиёга оқизишнинг бир неча варианти ишлаб чиқилди Бундай лойиҳалардан бирида Тобольск шаҳри ёнида Тобольск сув омбори қурилиши кўзда тутилган. Бу сув омборига тўпланган сув саксон метрлар чамаси юқорига кучли насослар ёрдамида кўтариб берилади. Сув Тўрғай йўлаги орқали ўта бошлайди. Келаётган бу сув йўлида яна бир неча сув омборлари барпо этилади. Масалан Юқори Мингбулоқ сув омборида йиғилган сувнинг бир қисми Орол денгизи сатҳини саклаб туриш учун, бир қисми Сирдарё ва Қуйи Амударёга, у ердан эса канал орқали Туркманистон саҳроларига оқизилади. Сибирь суви ёрдамида катта майдонларни ўзлаштириш кўзда тутилади.

Тақдим қилинаётган лойиҳанинг яна бирида Енисей-Обь-Иртиш-Тоболь каналлари тармоғини ҳосил қилиш мўлжалланади. Бунда Осиново шаҳри яқинида Енисей дарёсига тўғон қурилади. Кўтарилган сув канал орқали Кеть ва Чулим дарёларига қуйилади. Чулим дарёсига яна битта тўғон қурилади ва сув Томь дарёсининг Обга қўшилишидан шимолроқда қурилган сув омборига канал ёрдамида туташтирилади. Бу ердан сувни яна Новосибирск шаҳри яқинидан қазилган салкам олти юз километрли канал ёрдамида Иртиш дарёсига оқизилади. Омск шаҳри яқинида яна бир тўғон вужудга келтирилади. Беш юз километрли канал орқали сув Тоболь дарёсига қўшилади. Қўрғон шаҳри яқинида бу дарёда яна бир тўғон бунёд қилинади. Натижада сув Тўрғай водийси бўйлаб қазилган канал ёрдамида Орол сари оқиб келади.

Лойиҳалардан бирида Обь суви Волга дарёси орқали келади. Аввал сув Печора дарёсига, сўнг Кама дарёсига қўшилади ва Волга дарёсига қуйилади. Сўнгра Волга-Урал каналига ўтади. У ердан сув Орол денгизи ва Ўрта Осиёга оқиб келади.

Сибирь дарёларининг Ўрта Осиёга келиши билан боғлиқ ҳолда халқнинг яна бир неча тармоқларини ривожлантириш назарда тутилади. Сибирь сув ҳисобига яна неча миллион гектар майдон ўзлаштирилади, ундан олинадиган маҳсулот эса яна бир қанча миллион аҳоли эҳтиёжини қондириши мумкин. Бундан ташқари Каспий-Шимолий Муз океани сув йўли очилади. Бир неча саноат корхоналари ва ГЭСлар қурилади. ГЭСларнинг умумий қуввати ўн миллион киловаттдан ортиши кутилади. Сув ҳавзаларида балиқчилик ривожлантирилади.

Шу билан бирга Сибирь дарёларини Ўрта Осиёга оқизишда айрим тангликлар ҳам келиб чиқиши мумкин. Шунча кўп сувнинг кириб келиши Ўрта Осиё табиатига таъсир кўрсатиши табиий. Биринчи навбатда ҳаво намлиги ортиб, ёғинлар одатдагидан кўпроқ тушиши кутилади. Бу маҳаллий дарёларнинг сув ресурсларини яна анча яхшилаши мумкин. Иқлим ўзгариб, об-ҳаво анча юмшайди. Ўлканинг ўсимликлар ва ҳайвонот дунёси бойийди.

Хуллас, Сибирь дарёларини Ўрта Осиёга оқизишда катта-катта муаммолар пайдо бўлаверади. Уларнинг ҳаммасини назардан қочирмай, ҳар томонлама пухта ҳал қилиш олимларимиз олдидаги энг катта вазифа булиб турибди.

Зиёвиддин Акрамов,

география фанлари доктори,

Рисқитилла Нуринбоев,

СССР география жамиятининг ҳақиқий аъзоси

“Шарқ юлдузи” журнали, 1979 йил 7-сон.