Уйғун. Ҳамид Олимжоннинг сўнгги кунлари (1964)

Мана, орадан 20 йил ўтибди. Аммо у воқеа ҳали ҳам кўз олдимдан нари кетмайди. Шоирнинг ёқимли овози, хушчақчақ кулгилари ҳамон қулоқларимда янграб тургандай…

1944 йил, июннинг иссиқ кунларидан бири, дам олиш кунининг арафасида эди. Иш тамом бўлгандан кейин, ҳойнаҳой, Ёзувчилар Союзида ҳеч ким қолмаган бўлса керак, деган умидда, истар-истамас телефон қилдим. Лекин, шу заҳотиёқ трубкадан Ҳамид Олимжоннинг таниш овози эшитилди:

— Ким?

— Мен… Уйғунман…

— Ҳа, қаёқларда юрибсиз? Соат 3 га ваъдалашибмидик? Қаердан гапиряпсиз? Қачон келасиз?

— Назаримда, хийла кеч бўлиб қолди… Бошқа куни чиқа қолсак бўлмайдими?

— Ланжлик қилманг! Унақаси кетмайди! Кеч бўлгани йўқ. Бошқалар келиб сизни кутиб ўтиришибди, зудлик билан етиб келинг, кутаман!

Шу гапларни айтди-ю, жавобимни кутмасдан, трубкани илиб қўйди.

Бир кун аввал Ҳамид (ўша пайтларда у Ёзувчилар Союзининг бошлиғи бўлиб ишларди). Союзга ажойиб бир боғ олинганлигини ва шу боғни бизларга кўрсатмоқчи эканини аитиб, бу иш бугунга ваъдалашилган эди. У, биздан бўлак Яшин билан Шайхзода ҳам боради, бир яйраб дам олиб келамиз, дегандан кейин, мен дарҳол уновдим. Аммо, эртасига, негадир, боргим келмади. Йўқ, бирор нарсани кўнглим сезганидан эмас, мутлақо! Уйда бир иш чиқиб қолувдими, ё бирор ерда каттароқ сайил, тамоша бўлиши керакмиди, ё биров тўсатдан меҳмондорчиликка, ё тўйга айтувдими, ҳозир эсимда йўқ, аммо боргим келмай, оёғим тортмай, кетиб қолишган бўлса, телефон қилувдим, кутмай кетиб қолибсизлар, деб кейин важ айтмоқчи бўлиб, Союзга атайлаб кечроқ телефон қилганлигим аниқ ёдимда. Йўқ, Ҳамид кетмасдан мени кутиб ўтирган экан.

Эски дўст, қадрдон, таъби нозик шоирни хафа қилиш одамгарчиликдан бўлмас, дедим-да, Союзга зудлик билан етиб бордим.

Қарасам, мендан бўлак ҳеч ким йўқ.

— Хўш, бошқалар қани?

У, одатдагидек, қулоғига қадар қизариб, айбдорларча кулди:

— Э, улар ҳам бетайин чиқиб қолди… Ҳалига қадар дараклари йўқ.

Яшин билан Шайхзоданинг келмаганини билиб, енгил тортдим ва қолишга важ топдим.

— Иш-пишлари чиқиб қолгандир-да! Келинг, бугун бормай қўя қолайлик. Иккаламиз нима қиламиз? Уларни ҳам олиб, эрта-перта чиқайлик.

— Йўқ, иккаламиз кетаверамиз. Балки улар кейинроқ ўзлари бориб қолишар. Чустий билан Азимовни боққа юбордим, улар тайёргарлик кўриб, кутиб ўтиришибди. (У маҳалда Чустий литфонд директори, Баҳром Азимов эса боғ мудири эди.) Қани, тезроқ юра қолинг, Чирчиқ поезди кетиб қолмасин.

— Поезд аллақачон кетиб бўлди!

— Йўқ, ҳали кетгани йўқ, юринг!

Кўчага чиқдик. Пушкин кўчасидан трамвайга ўтириб, Чирчиқ станциясига бордик. Биз борганда, поезд эндигина жўнаган экан. Ичимдан хурсанду, сиртимдан ачинган бўлдим:

— Э, аттаси…

У жиддий хафа бўлиб, қовоғини солди:

— Сиз айбдорсиз. Бирам имилладингиз-э… Қани, юринг машинага тушиб бўлса ҳам кетамиз.

Мен унинг вазиятини сезиб, қаршилик кўрсатмадим. Катта йўлга келиб машина кутдик. У маҳалда катта йўлдан мунтазам қатновчи махсус транспорт йўқ бўлиб, қўл кўтариб, тўғри келган бирон юк машинасига тушиб кетавериладиган пайт. Ёнимиздан шитоб билан бизни чангга кўмиб, уч-тўрт юк машинаси ўтиб кетди, аммо қўл кўтарсак ҳам, бақирсак ҳам, орқасидан югурсак ҳам — тўхтамади. Кийимларимизга, қошу киприкларимизга чанг ўтирди. Ҳамид муваффақиятсизликлардан жуда тажанг, тажанглигидан усти-бошининг чангини ҳам арткиси келмас эди. Мен унинг оппоқ чанг босган, шу топда худди тегирмончининг башарасини эслатадиган юзига қараб туриб, ноилож кулиб юбордим. У менга жаҳл билан ялт этиб бир қаради-ю, чамамда, нима учун кулаётганимни фаҳмлаб, жаҳлдан тушди-да, ғайри ихтиёрий равишда бор овози билан қаҳ-қаҳ уриб кулиб юборди:

— Башарангизга қараб туриб, одам тупроқдан яралган, деган ақидага ишонгим келди, — деди у ҳамон кулгидан тўхтамай.

Бу кулги унинг қалбидаги ногаҳоний ғазабни эритгандай бўлди. Ўша-ўша оғзимиздан ҳазил, мутойиба, кулги аримади.

— Зарарсиз, бу азобларнинг роҳати ҳам бўлади, — деди у кейин.

Шу орада ёнимиздан ўтиб бораётган яна бир юк машинасига қўл кўтардик. У қўл кўтаришимиз биланоқ тўхтади. Биз машинага чиқдик ва рўмолчаларимизни олиб, юз-кўзимизни арта бошладик. Уст-бошимизни қоқдик. Энди боққа қараб кетганимиз аниқ бўлди.

Дўрмондан ўтиб, Қибрайга етмай, машинадан тушдик. Бедазор, олмазор, жийдазор, пахтазорларни оралаб, хушманзара ерлар, узоқда кўринган тоғларни завқ билан тамоша қилиб, боғ томон пиёда йўл олдик.

Табиатнинг ажойиб ҳусн-тароватини тамоша қилиб борарканман, болалигим, қишлоғим ёдимга тушиб кетди. Ҳа, мен мана шундай гўзал табиат қучоғида улғайган эдим. Ҳамид-чи? У ҳам Жиззахда, худди мана шундай гўзал табиат қучоғида вояга етган шоир эди. Шунинг учун ҳам ушбу топда менинг қалбимга тўхтовсиз қуйилаётган ажойиб ҳис-туйғулар унинг ҳам қалбидан жой олаётгани аниқ. Мен бу ҳолатни унинг катта, севинч ва ҳайратга тўла кўзлар билан атрофга тўймасдан, оч назар ташлашидан, лабларидаги майин қалтироқ ва ним табассумдан яққол сезиб турардим. Шу пайтда унинг қалбида қандай ҳаяжон, фикрида қандай ўйлар, хаёллар, орзулар, мисралар туғилаётган экан?.. Билгим келарди, аммо унга ўринсиз савол бериб, хотирини пароканда қилишни, ҳаяжонини, севинчини, илҳомини чўчитишни истамасдим… йўлда ўрикзор оралаб жилдираб оқиб ётган муздай сувдан ҳовуч-ҳовуч ичдик. Ариқ бўйида пича ёнбошлаб дам олган бўлдик. Майсалар устида бир оз ағанашдик.

— Қани, кетдик, юринг! Ана, боғ ҳам кўриниб қолди!— деди у ўрнидан туриб.

Боққа киришимиз билан димоғимизга атир ва бол ҳиди урилди. Атир ҳиди ўрталикдаги шинам гулзордан, бол ҳиди эса ариқ бўйида ўсган азим липаларнинг гулидан тарқалмоқда эди. Назаримда, боққа киргандай эмас, жаннатга киргандай бўлдим. Ҳаво соф, салқин, узала кетган олмазор, мевазор, бедазорлар танларга ором бағишлар, кўзни қувонтирар эди.

Боғдан жуда хурсанд бўлганимни билиб, Ҳамид ғурур билан сўзлади:

— Қалай! Ёқадими?

— Қалай эмас, олтин! Ёққанда қандай!

У кулиб қўйди ва жавобимдан мамнун бўлиб, кесатиб сўради:

— Келганингиздан пушаймон эмасмисиз?

— Йўқ, аксинча, бошда келишга тихирлик қилганимдан ва сизни беҳуда ранжитганимдан пушаймонман.

— Аминман, ановилар ҳам кейин пушаймон бўлишади.

Ечиндик, ювиндик, катта ариқ бўйидаги гилам, шоҳи кўрпачалар тўшалган каравот устида, гуллаган, шохлари сувга тегай-тегай деб турган липа остида ўтириб роҳат қилиб овқатландик, яйраб чой ичдик.

Кейин боғни бошдан-оёқ кўриб чиқдик, қўшни колхоз далаларини айландик, Бўзсув ёқасига бориб қайтдик. Боғ менга жуда маъқул бўлди. Ариқ бўйига қайтар эканмиз, Ҳамид мендан яна сўради:

— Қалай?

— Жуда яхши боғ экан… Фақат шаҳардан сал олисроқ кўринади…

— Атайи олисроғини танладим. Бўлмаса, яқинроқ ерда ҳам, масалан, Луначарскийнинг ёнида ҳам бир боғ бор эди. Аммо уни қўйиб, буни олдим. Боғ яқин бўлса — жуда ҳам оёқ ости бўлиб кетади. Биласиз, союз, литфонд атрофида ўралашиб юрадиган салкам бекорчилар, ўзини ёзувчи деб ҳисоблайдиган нодонлар, бетамизлар, литфонд кассасини пойлайдиган, текин овқат бўлса муккасидан кетадиганлар кўп бўлади… Боғ яқин бўлса ўшанақалар келавериб, тинкани қуритади. Инжиқободдаги боғ эсингизда-ку!.. Бу ерга эса энди улар ўйлаб келишади. Узоқ. Ҳа, бу ерга энди ҳақиқий ёзувчилар келиб туриши, дам олиши, ижод қилишлари керак. Хўш, айтинг-чи, бу ерда дам олса, ижод қилса бўладими?

— Бўлганда қандоқ!

— Ҳа, ҳар йили дам олиш, курорт, деб аллақаёқларга борамиз… Мана курорт! Мана дам оладиган жой! Шундоқ ёнимизда! Ҳа, бу ерни ижод фабрикасига айлантирамиз… Бу ерда энди қанча-қанча шеърлар, поэмалар, ҳикоялар, романлар, пьесалар яратилади… Ўлмасак, кўрамиз!

Бу гапларни камол ишонч ва зўр ғурур билан гапирган Ҳамид Олимжон ҳам, унинг сўзларни ҳаяжон ва завқ билан тинглаган мен ҳам эртасига юз берадиган ногаҳоний фожиадан, кутилмаган даҳшатдан мутлақо бехабар эдик!

Ариқ бўйидаги каравотга ёнбошлаб, қаҳрабо кўк чойни аста ҳўплаб, суҳбатни давом эттирдик. Кечаси, ётар пайтимизда, Ҳамиднинг илтимоси билан уйдаги сим каравотлар ташқарига, гулзор ёнига олиб чиқилди.

— Ташқарининг ҳавосини қаранг, қандай яхши!.. Маза қилиб шу ерда ётамиз…

Соф ҳаво. Гул, райҳон ҳидларини димоққа уриб, шабада эсади, аллақаерда чигиртка сайрайди. Осмон тўла юлдуз… Йирик-йирик олтин юлдузлар… Анча вақт туннинг майин шивирларига қулоқ солиб, юлдузларнинг жамолига тикилиб, жим ётдик. Назаримда, Ҳамид юлдузларга тикилиб, ўй ўйламоқда эди. Балки шу топда у эртага ёзиладиган, навбатдаги, ўқувчини ниҳоятда мамнун қиладиган жонон шеърининг илк мисраларини ичида такрорлаётгандир. Зеро, бундай ажойиб кечада, бундай чиройли жойларда шоирнинг миясида шеър ўз-ўзидан туғила бошлайди… Мен унга халақит бермай, жим ёта бердим.

— Ухлаганингиз йўқми?—- деди у анчадан кейин, бошини мен томон буриб.

— Йўқ…

— Ҳавони қаранг, худди одамни элитиб қўядигандай… Кейин яна суҳбат бошланиб кетди. Самарқанд, Самарқандда ўқиб юрган чоғларимиз, Сиёбда ўтказилган маёвкалар, адабий кечалар, ўйин-кулгиларимизни мароқ билан эсладик.

— Биринчи маротаба қандоқ ва қаерда танишганлигимиз эсингизда борми?— деб сўради Ҳамид.

— Ҳа, эсимда бор… 27-йили, Самарқандда, Пединститутнинг ҳовлисида танишгандик. Ҳовлида студентлар давра олиб тўп ўйнашарди. Сиз тамоша қилиб, бир чеккада қараб турардингиз. Кейин даврага чопиб кириб, тўпни узоққа тепиб юбордингиз-да, ўйинни бузиб, яна қайтиб чеккага чиқдингиз ва қўлингизни чўнтагингизга солганча, гўё ҳеч нарса бўлмагандай, йигитларнинг таъна-тазарруига ҳам парво қилмай, жилмайиб туравердингиз. Ўша пайтда мен ҳам бир чеккада туриб, ўйинни тамоша қилардим. Сизга қараб кулдим, сиз ҳам кулдингиз, сўнг ёнимга келиб: «Сиз Уйғун эмасмисиз?» — деб сўрадингиз. Мен исмимни айтдим ва: «Сиз Ҳамид Олимжон эмасмисиз?» — деб савол бердим. Сиз кулиб, бош силкиб, қўл чўздингиз. Ўшандан бери айрилмас дўстмиз…

— Эсингизда экан… Ҳа, бизни ҳеч ким таништирган эмас. Ўзимиз танишганмиз… Мен сизни илгарилари ҳам эшитган эдим… Кундалик матбуотда чиқадиган шеърларингизни ўқиб турардим…

— Мен ҳам худди шундоқ — «Зарафшон» газетасида босиладиган шеърларингизни ўқиб, ғойибона таниш эдим…

— …Сизни, Самарқандга келибди, деб эшитиб, танишмоқ орзусида эдим… Ўша куни, сизни узоқдан кўриб синчиклаб қарадим ва нима учундир, Уйғун шу йигит бўлса керак, деган ўй кўнглимдан ўтди…

— Мен ҳам худди шундай ўйлаган эдим… Сизга бир қарадиму, шоир Ҳамид Олимжон шу йигит бўлса керак, деб ўйладим…

— Башарамга шоир деб ёзиб қўйилган эканми?— деб кулди Ҳамид.

— Ҳа, башарангиздан шоирлик ёғилиб туради…— ярим ҳазил, ярим чин қилиб жавоб бердим.

— Ҳа, мана, уруш ҳам тугай деб қолди… Ғалаба яқин. Айни яшайдиган, айни ижод қиладиган замонлар қайтиб келяпти, ўтган умрдан албатта розимиз… Умримиз, ёшлигимиз ёмон ўтмади. Жанг, кураш, ижод билан ўтди, завқ билан ўтди… Назаримда, бу ёғи ундан ҳам яхши ўтади…

Яна адабиёт, яна ёзувчилар ҳақида, ҳаёт ҳақида, янги ижодий режаларимиз ҳақида узоқ суҳбатлашдик… Овозимиз сусая, гапимиз озая бориб, кўзимиз уйқуга илиниб кетди.

Эрталаб уйғонганимизда қуёш чарақлаган, файзли, чиройли кун бошланган эди. Биз зўр иштаҳа билан нонушта қилдик. Сўнг, яна атрофни сайр этдик, янги пишган мевалардан едик. Тушда, боғбон боғ этагида, ўз чайласида ғалати, қўлинг ўргилсин бир ош қилиб, бизни меҳмонга чақирди. Ошни жуда яхши кўрадиган ва ўзи ҳам ошга жуда пазанда бўлган Ҳамид, боғбоннинг ошини мақтаб-мақтаб, роса иштаҳа билан еди.

Ошдан кейин пича ётиб дам олдик. Сўнг Азимовнинг таклифи билан мен, Ҳамид, Чустий, Азимовнинг ўзи ариқда яйраб чўмилдик. Ҳамид сувдан вақтлироқ чиқди, бизнинг эса сувдан ҳеч чиққимиз келмас эди. Шундай роҳат! Кейин бизнинг ёнимизга боғда ишлаб юрган йигитлар келиб қўшилди.

Ҳамид кўприк устида чўққайиб, кулиб ўтириб, завқ билан бизнинг чўмилишимизни, ёш болалардек бир-биримизни ариққа босиб, бир-биримизга сув сепиб, шовқин-сурон солиб ўйнашимизни тамоша қилар эди.

Бир маҳал Ҳамид ўрнидан туриб:

— Қани етар, чиқинглар, вақт бўлиб қолди, кетамиз,— деди.

Биз сувдан чиққимиз келмай:

— Нега кетамиз? Боғнинг айни гашт қиладиган фасли бошланаётибди, кечки салқин тушиб келаётибди, бугун ҳам қолиб, эртага эрталаб кетармиз…— дедик!

— Йўқ, Ҳамид унамади.

— Бўлмаса, сизлар қолаверинглар, мен кетаман. Уйдагиларга бугун албатта келаман, деб ваъда берганман. Бормасам — улар хавотир олиб ўтиришади.

Мен, унинг, айтган гапини сўзсиз амалга оширадиган одатини билар эдим. Демак, ҳеч қандай илтимосимизга қарамай, кетади. Бирга ҳамроҳ бўлиб келиб, уни ёлғиз жўнатиш инсофданми? Йўқ! Бирга кетиш керак! Бирин-кетин, истар-истамас сувдан чиқа бошладик. Бизнинг шаҳарга ноилож кетмоқчи бўлганимизни сезиб, у ҳазиллашди:

— Сизни боққа олиб келишда роса қийналувдим, энди жанобларини боғдан олиб кетиш ундан ҳам қийинга ўхшаб қолди. Мана, кўриб олдингиз, бундан бу ёқ истаган вақтингизда келаверасиз — боғнинг эшиги очиқ! Бугунги роҳатнинг қазосини кейинги сафар адо қиларсиз.

Баҳром Азимов вақтлироқ кетаётганимизга ачиннб, Ҳамидга мурожаат қилди:

— Асти, бу кеча ҳам қолсаларингиз бўлар эди, кечқурун ғалати, аччиқ қовурма қилдириб берардим.

Ҳамид унамади. Кейин мен, Ҳамид, Баҳром, Чустий тўртталамиз пиёда йўлга тушдик. Ҳамид ҳар галгидай биздан икки қадам илгари борарди. Руҳи жуда тетик, ўзи қувноқ эди унинг. Йўлда бир оз ғингғиллаб, хиргойи ҳам қилди.

Катта йўлга чиққанимизда кун ботиб қолган эди. Машина пойлаб, йўл бўйида анча ўтирдик. Бир маҳал Чирчиқ томондан эмас, балки Тошкент томондан келаётган катта юк машинасига кўзимиз тушди. Чустий:

— Нима бўлса ҳам, қанча олса ҳам майли, шу машинани тўхтатаман,— деди-ю, йўлнинг ўртасига чопиб чиқди, қўл кўтариб, машинанинг йўлини тўсди.

Машина тўхтади. Чустий шоферлар билан сўзлашди, сўнг бизни чақирди.

— Келаверинглар, иш пишди, ўзимизнинг шофер болалар экан!

Дарҳол келиб машинага чиқдик.

Шофер бола, татар йигити, ҳаммамизни ҳам танишлигини, шаҳарга жон деб, текингаёқ олиб бориб қўйишини айтди.

Кейин билсак, бу йигит дам олиш кунидан фойдаланиб, кира қилиб, пича чой чақа ишлаб олиш пайида юрган экан. Биз, бир чеккаси шошилинчда, бир чеккаси қоронғида шоферларнинг бир оз кайфи бор эканини ҳам пайқамабмиз.

Тўрттовимиз кабина орқасида тикка туриб олдик. Машина (студебеккер) шитоб билан йўлга тушди. Кўл ўтмай Дўрмон гузарида тўхтаб, яна иккита йўловчи олди!

Бу ишдан Ҳамиднинг бир оз энсаси қотди ва шоферга қараб писанда қилди:

— Бундан бу ёқ тўхтаманглар! Бошқа одам олманглар! Биз шошиб турибмиз! Вақтимиз йўқ! Ҳар қанча пул бўлса ўзимиз берамиз. Ҳайда!

Машинага тушганларнинг бири агроном, яна бири аллақаердан, рабочий батальондан бўшаб, уйига келаётган одам экан.

Машина яна йўлга тушди. Йўл серқатнов, қоронғи, чанг эди. Рўпарадан юк олиб, одам солиб келаётган машиналар учраб турарди.

Биз тушган машина йўл-йўлакай дуч келган аравалар билан машиналарни қувиб ўтиб, тўғридан келаётганларини чапдастлик билан четлаб ўтиб, илгари учар эди. Машина нотинч, биз гоҳ орқага, гоҳ ёнга чайқалиб, кузов қирғоғини маҳкам ушлаб борардик. Марказий Комитетнинг боғига яқин келганда шофер, вақтида тормоз беролмай, тўғрида, йўлнинг чеккасида, аллақаери бузилиб тўхтаб қолган юк машинасига урилиб кетмаслик учун, қоидага хилоф бўлса ҳам, машинани зарб билан чапга бурди. Йўлда турган машинани эндигина айланиб ўтиб эдик, рўпарадан, чанг-тўзон орасидан ўнга яқин одам тушган бир арава дуч келиб қолди. Энди… Суръат билан кетаётган оғир машина дам ўтмай аравага урилади-ю, даҳшат юз беради… Буни ҳаммамиз ҳам сездик. Шошиб қолган шофер ҳалокат юз бермасин учун машинани яна чапга бурди. Лекин машина йўлдан чиқиб кетди. Машинанинг кабинаси очилиб, икки шофер, ирғиб тушиб, икки ёққа қараб қочди. Идорасиз қолган машина қалдираб, шалдираб, чанг-тўзон кўтариб, аввал столбага келиб урилди, кейин столбани синдириб, катта дарахтга бориб урилди-ю, шохларни қасира-қусур синдириб, ёнга — ариққа ағдарилди…

Буларнинг ҳаммаси бир дақиқа ичида юз берди. Шу даҳшатли лаҳзалар ичида машинадан сакраб қолишга улгурган ва эндиликда чеккароққа чиқиб, нима қилишини билмай қотиб турган Баҳром Азимовдан бўлак ҳеч ким машинадан тушиб қолишга улгуролмади. Машина зарб билан дарахтга урилганда ҳаммамиз ҳар томонга қараб учиб кетдик. Мен учиб бориб, белим билан ариққа тушдим, зум ўтмай устимга машина ағдарилди. Чалқанча ётибман, машинанинг кузови келиб қорнимдан босди, борган сари нафас олишим оғирлаша борарди. Мен билан қатор йиқилган, рабочий батальондан бўшаб, бола-чақасининг олдига келаётган шўрлик шу заҳотиёқ жон берди. У мукка тушиб ётар ва елкасидан машинанинг кузови эзиб турарди. Оғзидан оқаётган қон аста-секин ариққа жилмоқда. Агар машинанинг кузови ўша шўрликнинг елкасида тўхтамаса ва мен ариқ ичига тушиб қолмаганимда, машина мени ҳам мажақлаб юбориши турган гап эди. Фақат тасодиф билан саломат қолдим — ариқ жонимга ора кирди.

Чанг-тўзон ичида Чустий билан агрономнинг бақириғи эшитилди. Чустийнинг қўли, агрономнинг оёғи синибди. Чустий: «Вой қўлим, вой қўлим!..» деганича дод солиб, Марказий Комитетнинг боғига кириб кетди. Машинанинг нарёғидан Ҳамиднинг оғир инграши эшитилди. Мен қаттиқ карахт бўлиб, лекин ҳушимни йўқотганимча йўқ эдим — ҳаммасини эшитиб ётардим. Бир оз ўзимга келгач, у ёқ-бу ёғимга назар солдим. Билагимдан то тирсагимга қадар тилиниб, суяги кўриниб қолибди. Қон оқмоқда… Сўнг, аста-секин оёқларимни қимирлатиб кўр-дим, қимирлайди, демак бутун. Аъзойи баданим ловиллаб ачиша бошлади, кейин билсам, моторга яқинроқ ерда ётган эканман, устимга бензин қуйилиб кетибди. Бензии ўт олиб кетса нима бўлади? Мени ваҳима босди… Жон ҳолатда машинанинг тагидан чиқишга ҳаракат қилиб кўрдим, белларим сидирилиб кетди, аммо чиқолмадим. Шу пайт Ҳамид Олимжоннинг яна инграб, зўрға гапираётган товуши эшитилди:

— Мени… қўя туринг… Уйғунга… қаранг. Машинанинг остида қолди… Чамаси…

Ҳамиднинг товушини эшитиб, тириклигини билиб, бир оз хурсанд бўлдим, дадиллашдим. Ёнимга шошилиб Баҳром келди. У, менинг машина тагидаги ҳолатимни кўриб, Уйғуннинг белидан чўрт узиб кетибди, сўнгги нафасда ётибди, деб ўйлади шекилли, бақириб йиғлаганича нари чопиб кетди.

Кўп ўтмай ҳалиги аравадаги одамлар, Марказий Комитетнинг боғидан чиққан кишилар, яқин атрофдаги хонадонлардан йиғилган катта-кичиклар етиб келишди. Мен ҳамон тақдиримга тан бериб жим ётибман. Одамлар ходалар олиб келишиб, кузовнинг остига тиқишди ва машинани кўтаришди. Устимдан тоғ қулагандай, дарҳол енгил тортдим. Узоқ-узоқ нафас ола бошладим. Кимдир қўлтиғимдан ушлаб даст кўтарди-ю, турғизиб қўйиб: «Қани, юриб кўринг!» деб қаттиқ туртиб юборди. Турткининг зарби билан юриб кетдим: «Ҳамма ёғи соғ! Бир асрабди!» деди ҳалиги киши. Мен, кўйлакларим дабдала, усти-бошим чанг, бензин, қўлларим қон, югурганча Ҳамиднинг қошига бордим. Ҳамид ариқ бўйидаги кўк майсада чалқанча чўзилиб ётар, оғир-оғир нафас олиб, оҳиста инграрди. Менга кўзи тушиб, чеҳраси бир оз ёришгандай бўлди.

— Ҳа, хайрият… омон экансиз… Мен…

Нарёғини айтолмай, яна инграй бошлади. Уст-бошига кўз югуртириб чиқдим, ҳамма ёғи соғдек, ҳеч ери яраланмагандек бўлиб кўринди.

— Сизга ҳам ортиқча ҳеч нарса бўлмаганга ўхшайди. Эҳтимол, бирор ерингиз лат егандир, тузалиб кетасиз,— дедим мен Ҳамидга далда бериб.

У бош чайқади:

— Йўқ… аҳволим оғир… ичим… ёнаётибди… Мен… ўламан…

Мен бу гапни эшитиб, аввал ҳайрон бўлдим, кейин лол қолдим. Бундай бўлишига ҳеч ишонмадим, ишонгим ҳам келмади! «Ахир, қандоқ қилиб энди, ҳалигина боғда хандон ташлаб кулиб юрган, ҳали ўн гулидан бир гули очилмаган, ҳаётни, яшашни нақадар қаттиқ севадиган, ажойиб, хассос шоир, шунақа, тўсатдан, тасодифан… бизни тарк этса? Йўқ, бунга сира ҳам ақл бовар қилиб бўлмасди! Дуруст, қаеридир қаттиқ лат егандир, эҳтимол, бели сингандир. Тузалиб кетар… Ўлим?! Ҳеч мумкин эмас! Оғриқнинг азобига чидаёлмай шунақа деяётгандир… Тузалади! Омон қолади! Албатта омон қолади!..» Бу фикрлар бошимдан чақмоқ тезлигида ўтди.

Бизни фалокатга дучор қилиб, ўзлари машинани ташлаб қочган шоферларни аллақаердандир тутиб келишиб, милицияга топшириб юборишибди. Иккаласи ҳам ичган экан, дейишди.

Боғдан Усмон Юсупов чиқиб келди (у пайтда Усмон ака Марказқўмнинг биринчи котиби эди), у ниҳоятда ҳаяжонда, юз берган фожиадан дилгир эди. У Ҳамид Олимжонни жуда ҳам қаттиқ севарди. Сўнг Усмон Юсупов комиссарига буюрди, зудлик билан машина келтирилди, мен ва қўли катта рўмол билан боғланган Чустий машинага ўтирдик. Ҳамидни эса уч-тўртта киши аста кўтариб (у ўрнидан қимирлолмасди), машинанинг орқа ўриндиғига суянтириб ўтирғиздилар. Машина шаҳарга, стационарга қараб секин йўл олди. Йўлда машина сал ножўя қимирласа ҳам Ҳамид инграр ва яна ҳам секинроқ юришни илтимос қилар эди. Ҳолбуки, ҳар дақиқа ғанимат бўлиб, Ҳамидни тезроқ касалхонага етказиш зарур эди. Чамаси, кечаси соат 9—10 ларда стационарга етиб келдик. Ҳамидни замбилга солиб кўтаришиб, стационарнинг бир бўш хонасига олиб киришди ва бўш каравотга ётқизишди. Биз ҳам ўша хонага кирдик. Орадан ҳаял ўтмай Тошкентдаги энг зўр жарроҳлардан Орлов, Кейзер, Берлинер ва бошқа бир қанча врачларни тўплаб, Усмон Юсупович етиб келди.

Жуда оғир нафас олаётган Ҳамид Усмон Юсуповга қараб:

— Ака, мендан ажралдинглар… мен ўламан… аҳволим оғир,— деди.

Усмон Юсупович бутун чоралар кўрилишини, албатта омон-соғ олиб қолишини айтиб, унга тасалли берди. Врачлардан кимдир биров:

— Буларни дарҳол бошқа-бошқа хоналарга жойлаш лозим, акс ҳолда, бир-бирини кўриб, ёмон таъсирланади, ортиқча ҳаяжонга тушади, — деди.

Шундан кейин Чустий билан мени у ердан олиб чиқиб кетишди. Чиқар эканман, Ҳамидга қараб кўз ишораси билан хайрлашдим. Нималардир демоқчи, унга аллақандай тасалли бермоқчи бўлдим, аммо тилим калимага келмади. Бу, севимли шоирни сўнгги бор кўришим эди.

Жой йўқлигидан мени ҳамширалар хонасига олиб кириб ётқизишди. Энг аввал Ҳамидни операция қилишлари керак экан. Ҳамширалар, врачлар мен ётган хонага кириб-чиқиб туришар, у ёқдан-бу ёққа югуришиб, асбоб, бинт ташишиб, дори-дармон тайёрлашар ва операцияга ҳозирлик кўришар эди.

Кўп ўтмай, Ҳамидни коридордан операция хонасига олиб ўтишди. Мен ётган хонанинг эшиги олдидан ўтар экан, яна қулоғимга Ҳамиднинг инграган товуши чалиниб, негадир кўнглим бузилиб кетди ва кўзимга ёш келди. Унинг жуда қаттиқ изтироб чекаётганини сезиб ётардим.

Операция жуда узоқ давом этди: икки соатми, уч соатми— ҳозир аниқ эсимда йўқ. Аммо жуда кўп вақт ўтганлиги, жуда мураккаб операция бўлганлиги ёдимда, Ора-чора, шошиб-пишиб қўшимча асбоб, дори-дармон олиб чиқиб кетаётган ҳамширалардан операциянинг боришини сўраб турдим. Улар: «Маст қилиш қийин бўлди, кўп наркоз беришга тўғри келди», «операция яхши ўтяпти», «ичига бир ярим пақирча қон тўлиб қолган экан, олиб ташланди», «қовурғалари синиб, ичак-чавағини, жигарини ситиб, йиртиб юборган экан»… деган каби жавобларни беришарди. Бир вақт операция тамомланиб, Ҳамидни яна коридордан олиб ўтишди: унинг эшитилар-эшитилмас инграши яна қулоқларимга чалинди.

Ҳамширалардан бири кириб, хурсанд ҳолда:

— Хайрият, операция яхши тугади. Тузалиб кетади,— деди-ю, яна ниманидир олиб чиқиб кетди.

Мен енгил тортдим, таранг бўлиб турган асаблар бир оз бўшашди. Аммо, орадан кўп ўтмай, ғамгин ҳолда Усмон Юсупович кириб келди.

— Бўлмади… олиб қололмадик… Ҳамиддан ажралдик…— деди у йиғи оҳанги билан.

Мен ҳангу-манг бўлиб қолдим.

— Операция яхши ўтди дейишди-ку?— дедим кўзимни катта очиб ва Усмон Юсуповнинг юзларига тикилиб.

— Ҳа… операция яхши ўтди-ю… аммо операциядан сўнг ўзига келолмади, наркоз кўплик қилди чамаси… — деди-ю, кейин ёнидаги докторларга қараб:— Энди буларга яхши қаранглар, — деб илтимос қилди. Сўнг, менга юзланиб:— Сизлар хотиржам бўлинглар, яхши қарашади. Энди, мен бориб ўртоқларга машъум хабарни етказишим керак, — деди-да, палатадан чиқиб кетди.

Уни дафн қилганларида мен, операциядан сўнг, қирқ даража ҳарорат билан касалхонада ётган эдим. Дафн маросимини кейин айтиб беришди. Шоир жуда катта ҳурмат ва зўр тантана билан бутун халқ, бутун совет ва партия ходимларининг иштирокида Ўртоқлар мозорига дафн этилибди. Кимдир, ўртоқларимдан бири, Йўлдош Охунбобоевдан кейин жуда зўр тантана билан дафн этилган Ҳамид Олимжон бўлди. Халқ уни шу қадар севар ва ҳурмат қилар экан, деди.

Ҳа, уни халқ жуда қаттиқ севарди ва ҳурмат қиларди. Шундай, ҳали ҳам севади ва ҳурмат қилади.

У жуда ёш, бевақт кетди, у ўзи билан бирга, ёзилиши мумкин бўлган, аммо машъум фожиа туфайли ёзилмай қолган қанча-қанча ажойиб шеърлар, балладалар, қанча-қанча нодир достонлар, драмалар ва илмий асарларни олиб кетди.

Аммо у ўзининг қисқа, лекин сермазмун умрида яратган шоҳ асарлари билан ўзига ўлмас обида ўрната олди ва халқнинг қалбида абадий қолди.

Халқ Ҳамид Олимжондай кишиларга қарата: уларга туғилиш бору, аммо ўлим йўқ, дейди. Ҳа, донишманд халқнинг бу доно сўзлари ҳақ! Шоир Ҳамид Олимжон доим барҳаёт.

1964 йил, май.