Пиримқул Қодиров. Тоғай Муроднинг туғма истеъдоди (1985)

Қадимий бир байтда шундай дейилади:

 

Ҳиди йўқ гулга чаман ҳайф,

Меҳри йўқ дилга бадан ҳайф.

 

Ҳар бир гулнинг ўзига хос ҳиди ва ҳар бир дилнинг такрорланмас меҳри, айниқса, адабиёт учун қадрлидир. Чунки адабиёт — сараланган бадиийлик чаманидир. Инсон дилига йўл топган асарларгина бу чамандан ўрин ола билади. Китобхонлар қалбига «жиз» этиб тегмаган, унга завқ бермаган сўхтаси совуқ асарларга бу чаман чиндан ҳайфдир. Шу сабабли адабиётга китобхон қалби орқали йўл топиб келмаган асар унда яшаб кета олмайди. Истеъдодли қалбнинг меҳри билан йўғрилган ғоявий мазмун ва янгича бир гўзаллик хуш бўйини таратадиган бадиий шаклларгина адабиёт чаманига мос тушади, унинг бойлигига бойлик, ҳуснига ҳусн қўшади.

Тоғай Мурод қиссалари адабиётимизга Сурхон водийсининг ўзига хос нафасини олиб кирди, меҳнатсевар, камтар ва танти чорвадорлар, боғбонларга нисбатан дилимизда самимий меҳр уйғотди. «От кишнаган оқшом» қиссаси «Алпомиш» достони анъаналарини эслатадиган халқчил руҳ билан суғорилган. Тоғай Муроднинг ўзи ҳам Алпомиш ва Барчинларни берган гўзал водийлар, бепоён яйловларда ўсганлиги унинг сўз бойликларидан, ёзувчилик услуби ва ўзига хос овозидан сезилиб туради. Насрий асарга шеърий жаранг ва кўтаринки руҳ бағишлай олиш қобилияти ёш адибнинг қаламига хос энг яхши фазилатлардандир.

Қисса қаҳрамони Зиёдулла оддий бир чўпон. Унинг ўз оти Тарлонга бўлган меҳри — инсоннинг табиатга қўйган меҳридай соф. Тарлон табиат тимсоли бўлгани учун ҳам ёзувчи уни ёрқин бир образ даражасига кўтариб тасвирлайди.

Биринчи қиссанинг қаҳрамони Зиёдулла ўзи яшаётган жойдаги қаллоб ва риёкор одамларга қарши дадил курашади. У ҳатто ўзидаги жисмоний нуқсонга қарши исён кўтаради, «кал» деган маломатни маънавий устунлик — моҳир чавандозлик шуҳрати билан енгиб ўтади.

«Ойдинда юрган одамлар» қиссасида ёш адибнинг ижодий изланишлари бошқачароқ йўлдан боради. Қоплон ҳам Зиёдулла каби меҳнатсевар, бир сўзли одам, у ҳам табиатга ихлос қўйган, Оймомо деган қизни севиб қолган. Икки қалбнинг туганмас муҳаббатига фарзандсизлик балоси қарши туради. Улар умр бўйи шу дардга даво излайдилар, баъзи одамларнинг маломатларидан азоб тортадилар, бир қанча вақт ўксик ва тили қисиқ бўлиб юрадилар.

Фарзандсизлик муаммосига Тоғай Мурод ўз қиссасида янгича талқин берганини алоҳида айтиш керак. Муаллиф қиссанинг дастлабки бобларида Қоплон билан Оймомони «акамиз», «опамиз», деб ҳурмат билан қаламга олади. Ёшлари улғайган сари адиб энди уларни «бобомиз», «момомиз», деб эъзоз билан улуғлайди. Қоплон ва Оймомо дилларидаги инсоний муҳаббатнинг юксаклиги туфайли китобхонлар қалбида фарзандларча меҳр уйғотадилар. Шу билан улар маънавий жиҳатдан кўп фарзанд кўрган муҳтарам боболар ва момолар қаторидан ўрин оладилар.

Тоғай Муроднинг қалбида меҳнаткаш халқимизга аталган яхши туйғулар кўп экани унинг қиссаларидан се-зилиб турибди. Фақат ҳали бу асарлар — адибнинг илк қадамларидир. Биз унинг ижоди ҳам, маҳорати хам янги-янги юксакликларга кўтарилади, деб умид қиламиз. Чунки унда туғма бир истеъдод бор. Истеъдод эса асл эътибори билан меҳру оқибатдан таркиб топади. Мана шу меҳру оқибатнинг бирор зарраси зое кетмаслиги учун адиб ўз истеъдодига «Бу фақат меники эмас, халқники, адабиётники!» деб қараши керак. Ана ўшандагина истеъдод ўсган сари уни умрбоқий қиладиган масъулият ҳисси ҳам ўсиб, илк муваффақиятлардан эсанкирашга йўл қўймайди.

Чинакам катта адиб ўз халқига катта бир қўшин келтиргандан ҳам улканроқ зафар ва шуҳрат келтириши мумкин. Фақат бунинг учун адиб ўзидаги истеъдодни худди қўшин байроғини авайлаб қўриқлайдиган яловбардор каби асраши керак, бу байроқни олдириб қўймаслиги, унга ғубор юқтирмаслиги, доғ туширмаслиги керак.

Тоғай Муродга чин қалбдан айтадиган тилагим ана шу.