Ойбек. «Навоий» романини қандай ёздим

Навоий шеърияти ва Навоий образи ҳамиша кучли бир қуёш каби кўнглимни тортар эди. Ўз асарларимда шоир Навоий образини яратишга зўр майл, орзу, истагим бор эди. Лекин тарихга кўз ташласам, Навоий гигант, буюк бир сиймо ҳолида қаршимда турар эди. Ёшлигимдан бери Навоийнинг ўлмас, абадий шеърларини севиб ўқир эдим, унинг жозибали ғазаллари борган сари кўнглимга сингиб борди, шакл ва мазмунлари юрагимни маст ва мафтун этди.

Ўзбек адабиётининг энг буюк меъмори улуғ Навоийни биз эндигина текширишга бошладик. Унинг мисли йўқ «Хамса»си, дилбар ғазалларини чала-чулпа, пала-партиш текширишлар бошланди; лекин баъзи адабиётчиларнинг айрим асарлари диққатга сазовордир. Умуман айтганда, Навоий ҳақидаги текширишлар ҳали тор ва сустдир. Чуқур мазмунли, вазнли текширишлар ҳануз йўқдир.

Тахминан 1936-37 йиллар кичик поэма — «Навоий»ни ёздим. Лекин бу машқ Навоий образини яратишда чизилган фақат бир эскиз эди. Кейин 1942 йил буюк полотнога ўтиб, «Навоий» романини ёздим. Бунинг учун, албатта, Навоийнинг барча асарлари, Навоий яшаган даврнинг тарихи, у даврнинг социал қиёфаси, у давр жамиятининг характери, урф-одати, хулқи-атвори билан танишишга тўғри келди. Кўп тарихий фактлар, материалларни йиғдим, уларни таҳлил этиб, мағзини чақиш учун чуқур ҳис этишга, ўйлашга бошладим. Бу ишга шу қадар ғарқ бўлган эдимки, романнинг иш плани қоғозда йўқ эди. У менинг кўнглимда, ёдимда эди, бутун борлиғимни банд этган эди. Юрсам-турсам ҳамиша Навоийни ўйлар эдим. Унинг маънодор ақлли кўзлари, хушфеъл, раҳмдил, олижаноб қиёфаси, асл, пок улуғ қалбини ҳис этардим, кўз ўнгимда кўрардим. Унинг теран, нозик, фалсафий фикрларини тўла тушунишга уринардим. Роман персонажлари ҳақида, уларнинг характерлари, бир-бирларидан фарқи, бир-бирига муносабатини равшан, яққол бериш устида хаёл юритиб, образларни тарашлардим. Ниҳоят, юракка йиққан, юракда сақланган бу материални ёза бошладим. Шунинг учун асар яратиш каби мушкул, оғир иш дунёда йўқдир, — дейман… чуқур ҳис этиш, қалбнинг зўр ҳаяжони, ўткир фикр, фаҳм, ажойиб илҳом… билмадим, яна ва на хислатлар керак.

Масалан, фараз қилайлик — Навоий ва Бойқаро масаласи. Булар тарихий конкрет шахслардир. Буларнинг образлари, ўзаро муносабатлари, фарқлари катта, кенг, мураккаб ва ғоят қарама-қаршидир. Айрим боблардаги воқеалар тарихий чин, реалдир; айрим боблардаги воқеалар эса шу замон характерига мувофиқ тузилган хаёлимнинг натижаси, мевасидир. Умуман айтганда, бу романда мен кўрсатишим лозим бўлган давр, Навоий даври, қийин, мураккаб даврдир. Роман устидаги меҳнатимда мушкул ва мураккаб воқеаларга кўп учрадим. Романда тарихий воқеаларни тўғри берганман, лекин баъзан хаёлга ҳам оз-моз ҳуқуқ бериб қўйганман; бу нарса истак, орзу ҳисларимнинг иши, илҳомбахш нарсалар, албатта.

Олайлик Навоий ва Жомийни. Романда Навоий ва Жомийни тарихий чин ва ҳақиқий, тўғри бердим. Навоий ва Жомийнинг учрашувлари, суҳбатлари ҳақиқий реал воқеалардир. Лекин бу воқеалар тарихий ҳақиқий материаллардан хира кўринади. Қандай қилайки, тарих ишлари, ҳаёт шундай мураккаб.

Жомийнинг ҳовли-жойи, ҳужраси, китоб устида чуқур мутолааси, Жомийнинг муомаласи, сўзлаши, қилиқлари, одати, хаёли, дунёқарашлари — жиндай фантазия қўшилган хаёлим мевасидир.

Тил масаласи айрим масаладир. Навоий яшаган даврларда ўзбек тили ўзига хос рангли, тўла, таъсирли тил эди. «Муҳокаматул луғатайн»да Навоий туркий тили хусусида кўп яхши гапиради, форс тили ҳақида умуман айтганда, андак шикоятомуз гапиради.

Навоийдан сўнг камбағаллашган, рангини йўқотиб ўча бошлаган ўзбек тили инқилобдан бошлаб яна жонлана кетди. Жозибали ифодалар, ранг-баранг бой турлар билан тўла бошлади.

Мен Навоий тилининг қудратини, гўзаллиги ва ҳуснини тўла кўрсатишга тиришдим. Унинг тилидаги айрим ўткир, моҳир, салмоқли ифодаларни, Навоийга хос терминлар ва шаклларни ишлатдим. Навоийнинг ёрқин шеърларидан, социал мотивларидан жиндек киритдим.

Хоналар, подшоҳлар, вазирлар, бекларнинг дабдабали ифодаларини, руҳонийларнинг форсий ва араб сўзларига ғарқ бўлган, бежалган усулларини кўрсатдим. Халқнинг маъноли, бой, оригинал, жонли, ўзига хос равшан тилини кўрсатдим. Бунинг учун, албатта, у давр адабиётини, ҳаётини, халқ тилини чуқур, муфассал ўрганишга тиришдим. Ёзувчилар тилни халқдан ўрганишлари лозим. Халқ тили ажойиб учирмалар ва қочириқларга бой битмас-туганмас асл манбадир.

«Навоий» романида асосан у даврдаги социал ҳаётни, кучли интригаларни, мураккаб сиёсий воқеаларни акс эттиришга тиришдим.


Зиё истаган қалблар Telegram каналига марҳамат!