Ўткир Ҳошимов. Нон ва иймон (1984)

Ишониш қийин бўлган воқеа

Ишонмасдим. Бу воқеани ўз кўзим билан кўрмаганимда ишонмасдим. Эсимда, бундан бир неча йил илгари «Литературная газета»да худди шундай манзара тасвирланган мақола чиққан эди. Бироқ уни ўқиганимда шубҳалангандим. «Ўлибдими энди шунчаликка бориб етса», деган эдим. Ўзим кўрганимдан кейин ишондим. Йўқ, аввал ўз кўзимга ишонмай гарангсиб турдим-да, кейин…

Бу воқеа Чилонзорда бўлди. Ишдан қайтаётиб, темир гаражлар олдидаги майдончада футбол ўйнаётган болаларга кўзим тушди. Одатда, кун ботиш олдида ҳамма бола ҳам онасининг кўзини шамғалат қилиб, кўчага шаталоқ отиб қолади. Булар ҳам қий-чув қилиб ўйнашар эди. Бири — тўққиз-ўн ёшда, бири тикроқ… Терлаб кетишган, бақириб-чақириб югуришади. Начора, ҳамма бола ҳам ўйнайди, ҳамма бола ҳам қий-чув солади. Бироқ болалар тепаётган «копток»ни кўрдиму вужудим сирқираб кетди, ўз кўзимга ишонмай серрайиб туриб қолдим. Улар… ярим буханка нонни копток қилиб тепарди. Ўшанда қай аҳволга тушганимни идрок этолмайман. Гўё болалар менинг бошимни ўртага олиб тепаётганга ўхшаб кетди. Кейин нима қилганим, нима деганим аниқ эсимда йўқ. Болалар ҳар ёққа тирқираб қочиб кетишди. Тупроққа беланган нонни қўлимга олдим. Ноннинг суви қочган, аммо ҳали жудаям қотмаган, шунинг учун «копток» вазифасини ўтаганда майдаланиб кетмаган, фақат қирралари тепки зарбидан, думалайверганидан силлиқланиб кетган, қора тупроққа беланган эди.

Нима гап, гражданин?

Бошимни кўтариб қарасам, рўпарамда юпқа гардишли кўзойнак таққан эллик ёшлардаги киши турибди! Нонни кўрсатдим:

— Футбол қилиб ўйнашяпти, қаранг.

Мен унинг ҳам «ёниб» кетишини кутган эдим. Қизиқ, кўзойнакли киши тутақмади.

— Яхшимас, гражданин, — деди бош чайқаб. — Болаларни нега кўрқитасиз!

— Ахир бу нон-ку! — дедим йиғламоқдан бери бўлиб. — Нон-ку!

Кўзойнакли киши бир қадар хижолат чеккандек бўлди. Аммо яна ўша гапини қайтарди:

— Қаранг, қўрқиб қочиб кетишди. Болада, ўйнаса ўйнабди. — У бир зум жимиб қолди-да, қўшиб қўйди: — Нон топилади. Боладан азиз бўптими?

Унинг қирраси чиқариб дазмолланган шимига, юпқа кўзойнак ортидан таънали боқиб турган кўзига узоқ қараб қолдим.

Эҳтимол, бола — боладир. Аммо ёруғ дунёда шунча яшаган, турмушнинг паст-баландини кўрган бу одамга нима деса бўлади!

Индамай бурилиб кетаётган эдим, ёнбош томондаги баланд уйнинг иккинчи қаватидаги қайсидир дераза шарақ-шуруқ қилиб очилди. Шанғиллаган овоз келди:

— Милиция чақириш керак! Ўн беш суткага қамаш керак, ёш болани кўрқитган безорини!

Гулдор халат кийган, кўкраги катта аёл деразадан қўлини чиқариб мени кўрсатар, борган сайин авжига чиқиб бобиллар эди.

Нонни қўлимда тутган кўйи кетавердим. Қизиқ, тап-пи таппидан узоққа тушмайди, деганлари шу эмасми? Боласининг «ҳуқуқини» ҳимоя қилаётган анави кўзойнакли киши билан тинимсиз шовқин солаётган манави хотин ўзи киму, фарзандига қанақа тарбия беради? Тупроққа беланган қўлбола «копток»ни кўтариб борарканман, хаёлимни бир-биридан маъюс фикрлар чулғаб олган эди.

Дадам айтиб берган даҳшатли ҳодиса

Урушдан кейинги йилларни эс-эс биламан. Онам арпа нон ёпган куни уйда байрам бўлиб кетар эди. Ота-онамиз, нон — табаррук, деб қайта-қайта қулоғимизга қуйишгани учунми, кейинчалик замон тўкинчилик бўлиб кетганидан кейин ҳам болалигимда ўрганган бир одатни ҳеч тарк этолмадим. Ерда нон бурдаси ётган бўлса, эҳтиётлаб кўтариб оласиз. Аввал уч марта ўпасиз, пешанангизга босасиз, кейин озодароқ жойга олиб қўясиз. Нима бу? Шунчаки бош-кетининг тайини йўқ, асоссиз эътиқодми? Ё мавҳум ақидами? Шошманг, бу сўроқларга жавоб излашга шошилмайлик.

…Ўша, оғир йиллар эди. Ҳали мактабга қатнамасдим. Қирқ ямоқ бўлиб кетган дастурхонни ўртага қўйиб, нонушта қилиб ўтирардик. Ўша куни онам арпа нон ёпган, яъни уйимизда байрам эди. Бир маҳал дадам жеркиб қолди:

— Нимага нонни тескари қўясан?

Қарасам, дадам менга гапиряпти. Дамим ичимга тушиб кетди. У — биз болаларни ҳеч қачон уриб-сўкмас, аммо ҳаммамиз дадамдан қаттиқ ҳайиқар эдик.

— Кўзинг борми! — деди у янаям зардалироқ оҳангда. — Нега нонни тескари қўйдинг?

Дастурхонга қарадим. Ҳозиргина ўзим тишлаган нон бурдасини тўнкариб қўйган эканман. Шоша-пиша ўнгини ағдардим.

— Билмаган-да, адаси, — деди онам одатдагидек юпатиб. — Энди унақа қилмайди…

Дадам индамади. Бироқ анчагача қовоғини солиб ўтирди. Эртасими-индиними, бостирмада арра қайради. Мен аррани босиб турдим. Дадам эгов билан занглаб кетган арранинг тишларини чархларкан, даҳшатли воқеани гапириб берди. Ҳозир бу ҳодисани сўзма-сўз айтиб беролмайман.

Ўттиз учинчи йили (дадамнинг айтишича катта акам туғилмасидан аввалроқ) ёмон очарчилик бўпти. Баҳор экан. Дадам Паркат томонда турадиган («Паркат» Паркент эканини кейин тушунганман) ўртоғиникига борибди. У тоғларда очарчилик шаҳардагидан баттар экан. Одамлар равоч, исмалоқ излаб, тоғ-тошларни кезиб юрганини кўрибди. Шулар орасида сен тенги (дадам «сен тенги» дегани эсимда қолган, демак, у олти ёшларда бўлади) боласи билан бир одам ҳам исмалоқ излаб чиққан экан. Бола нуқул бир гапни қайтариб йиғлармиш. «Нон», «нон», «нон!» Отаси тажанг бўлиб «ўчир овозингни!» дермиш. Бола бўлса жим бўлиш ўрнига баттар бақирармиш «Нон!» Нон беринг, нон!» дермиш. Шунда бояги одам «ўчир овозингни, бадбахт!» деб мушт ўқталган экан, бола отасидан қочаман деб орқасига қалқиб кетибди. Аксига олиб, нарироқда тарвуздек тош ётган экан. Бола шўрлик орқага тисарилиб боши билан тошга урилибди-ю типирлаб жон берибди. Одамлар, «нима қилдинг, ярамас, болани ўлдирдинг-ку!» деса бояги одам бошига муштлаб йиғлабди, боласини қучоқлаб дод солибди. «Ўлдиринглар, мениям ўлдиринглар, қайтага яхши бўлди, болам бу азоблардан қутулди, уч кун олдин онаси очликдан ўлган эди, қабристонга оборишига одам тополмай ҳовлимга кўмгандик», депти.

Билмадим, эҳтимол бу ҳодисага кўпчилик ишонмас. Аммо бир нарса аниқ: дадам ҳеч қачон ёлғон гапирмаган… Тепки зарбидан қирралари силлиқланиб кетган, қора тупроққа беланган нонни кўтариб борарканман, беихтиёр шу ҳодисани эсладим. Кейин Ленинграддаги Пискарёв қабристонидаги воқеа ёдимга тушди.

Ушбу қабристонда қамал пайтида очликдан ўлган марҳумлар ётади. Бу ерда оқ мармар, қора мармар, кўк мармардан ўрнатилган хотира тошлари оз эмас. Қабристонни айланиб юриб, соч-соқоли оқариб кетган кекса киши билан ёши бир жойга бориб қолган аёлга кўзим тушди. Бу қабристонда зиёратчилар кўп бўлади. Бироқ айнан шу одамлар эсимда қолганининг боиси бор. Улар ҳеч қандай дабдабали мармартош ўрнатилмаган жажжи қабр бошидаги пастак ёғоч ҳарракда жимгина ўтиришар, қабр устида эса… бир бурда нон бўлаги ётар эди. Ҳайрон қолдим.

Чол-кампир билан саломлашдик. Қабр устида нима учун нон ётганини сўрадим. Шунда чол-кампир аламли воқеани айтиб беришди.

Қамалда очликдан ўлган марҳумларни йиғиб олиш учун ҳам, кўмиш учун куч ҳам қолмаган. Мана шу чол-кампир (ўша пайтда ёш бўлишган) етти яшар қизчаларини етаклаб кетишаётганда, қизча қор босган кўча ўртасида ўлиб ётган одамнинг қўлида маҳкам чангаллаб ётган нонни кўриб қолган. Бола — барибир бола-да! Нонни кўриб ўша томонга югурган. Ота-онаси уни тутиб қолишолмаган. Қизча айни нонга етиб борганида душман отган снаряд ёрилгану…

…Уруш битди. …Ўшандан буён ота-она бир бурда нон учун қурбон бўлган қизчанинг қабрига ҳар куни бир бурда нон олиб келишади… Бир бурда нон…

Инсон боласи хотирасиз яшай олмайди. Айниқса, мушкул дамлар одамзоднинг эсида узоқ сақланиб қолади. Қамалда бўлган одамлар ҳали ҳам ўша дамларни яхши эслашади. Тўққиз юз кун давом этган қамал… Нон ўрнига елим қайнатиб еган одамлар… Яқин кишиларининг очликдан силласи қуриб ўлаётганини кузатган, охири ўзи ҳам вафот этган қизча Танянинг кундалиги. Қирқ иккинчи йилнинг январь-февраль ойларида бир шаҳарнинг ўзида очликдан ҳалок бўлган 200 минг киши… Уруш бўлаётган жойлардан келтирилган 240 минг етим болага ўзи еб турган нонни егизган ўзбек халқининг мислсиз саховати… бу кунларни унутиб бўлармикин? Донишманд халқ «Эски чориғингни унутма», дегани бежиз эмасдир…

Чилонзорда нонни копток қилиб футбол ўйнаётган болаларни кўрганимда, шимининг қирраси чиқариб дазмолланган зиёлинамо киши менга дашном берганида, кўкраги семиз хотин мен «безорини» милицияга топширмоқчи бўлганида шуларни эсладим.

Нон иси

Кунлардан бирида султон Ҳусайн Бойқаро дунёда энг ёқимли ҳид таратувчи нарсани келтиришга амр этибди. Вазиру вузаролар сандал дарахтидан тортиб энг муаттар гулгача саройга олиб келибдилар. Бироқ шаҳаншоҳ таскин топмабди. Сарой аъёнлари нима қилишини билмай, охири Алишер Навоийдан мадад сўраб борибдилар. «Султонга тандирдан янги узилган бир сават нон олиб боринглар», дебди ҳазрат Алишер. Чиндан ҳам подшо дунёда энг ёқимли бўй тандирдан янги чиққан нон иси эканини эътироф этибди.

Бу бир афсона. Бироқ ҳар қандай ривоят заминида ҳақиқат бўлади.

…Халқимизнинг ажойиб удумлари бор. Янги фарзанд кўрган онанинг кўксига дарров иссиқ нон қўядилар. Нимага? Эҳтимол ёруғ дунёга энди келган боланинг вужудига она сути аралаш нон иси ҳам кирсин, деб шундай қилишар. Гўдак кечаси босинқирамасин деб бешикка, ёстиғининг тагига бир бурда нон қўйишади. Бола йўлга кириши билан оёғининг орасидан кулча юмалатиб тикроқ болаларга обқочтиришади. Бола эсини таниши билан «Нон — табаррук, нонни оёқости қилиш — гуноҳ», деб қулоғига қуйишади… Сафарга чиққан одам, йўлда ҳамроҳ бўлсин, деб нон олволади. Кўпкарига кирган чавандоз белига нон тугиб, кейин отга минади. Оналаримиз совчиликка борса, тугунига албатта нон тугиб боради. Икки ёшнинг бошини қовуштиришдан олдин садоқатга, бахтга қасам сифатида ўртада нон ушатилади. Кексалар бировни алқаса «Нондай азиз бўл!» деб дуо қиладилар.

Халқимиз нонни беҳурмат қилган одамни энг разил кимса ҳисоблайди. Эл ўртасида «нонкўр», «нонтепки» деган тамғадан ортиқ ҳақорат йўқ. Одам энг мушкул пайтда нон номи билан қасам ичади. «Нон урсин», деган онт энг оғир қасам! Нима, бу ҳам шунчаки асоссиз эъти-қодми? Йўқ! Инсоният нонни кашф этганига 15 минг йил бўлибди. Нонни имон даражасига, виждон даражасига кўтарган халқ бу ишни онгли равишда — билиб қилган. Буни қарангки, гўдак боланинг ёстиғи остига нон қўйишнинг хосиятини замонавий тиббиёт тўла тасдиқлайди. Нон исида ҳавони тозаловчи, инсон асабини тинчлантирувчи барча элементлар бор экан. Қизиқ, нима учун инсон боласи гўштсиз, ёғсиз, бошқа озиқ-овқатларсиз бемалол яшайди-ю, нонсиз яшай олмайди? Ахир оқсил ёки крахмал деймизми, углевод ёки витамин деймизми, бошқа нарсаларда ҳам бор-ку! Қизиғи шундаки, нонда инсон ҳаёти учун зарур бўлган барча нарсалар бор экан. Улар шу қадар мутаносиб жойлашган эканки, нон инсон боласининг меъдасига ҳеч тегмас экан. Буни ҳам замонавий медицина тасдиқлайди.

Арзон, аммо бебаҳо

Эҳтимол, боласи гиламга лойли оёғи билан чиқса, бир тарсаки урадиган одам, ўша боласи нонни лойга ташлаб юборса парво қилмас. Тўғри, балки ўша гилам икки минг сўм турар, балки боласи ерга ташлаган нон икки тийин турар. Аммо одам оч қолганида икки минг сўмлик гиламни пишириб еёлмайди, жонига икки тийинлик нон ора киради.

Бир кило ун етиштириб олиш учун тўрт квадрат метр майдонга буғдой сепиш керак. Агар ҳар куни ҳар бир оилада ҳар бир одамдан ярим бурда нон «ортиб қолса», бир ойда неча кило бўлади? Бир йилда неча тонна бўлади? Бир тонна унга кетадиган буғдойни етиштириш учун тўрт минг квадрат метр майдонда деҳқончилик қилиш зарур! Бироқ нон дегани буғдой сепишнинг ўзи эмас. Шунча майдонни ҳайдаш керак, бороналаш керак, ўғитлаш, суғориш, ўриб олиш, янчиш, хирмонга ташиш, тозалаш, ун қилиш, заводга олиб келиш… Ниҳоят, нон ёпиш, магазинга элтиб бориш… Шунча иш учун қанча ер, қанча ўғит, қанча техника, қанча ёнилғи, ни-ҳоят, қанча одамнинг меҳнати сарф бўлади? Инсоф билан айтганда, бир кило ноннинг қиммати бир кило олтин қимматидан паст эмас.

Ҳисоб-китоб қанақа бўлишини чет элга борганлар яхши билишади. Манаман деган энг бадавлат мамлакатга боринг. Манаман деган ресторанга киринг. Ҳар бурда нонни «қулоғингизга ўлчаб» беради!

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг ахборотини ўқиганимда ўзим ҳам аввалига ҳайрон қолдим. Фақат бир йил мобайнида — 1979 йилда ер юзида 50 миллионга яқин одам очликдан қирилиб кетибди. Кейинги пайтларда Ҳиндистонда «Яшил революция» амалга оширилгани, яъни қишлоқ хўжалик маҳсулотларини етиштириш кескин кўпайганлигига қарамай, бу мамлакатда 350 миллион одам тўйиб овқат емас экан. Индонезияда 33 миллион, Бангладешда 27 миллион, Нигерияда 14 миллион, Бразилия, Эфиопия, Покистонда 12 миллиондан зиёд одам очлик азобидан қийналаркан. 1983 йили Ер куррасида ҳар куни 40 минг бола очликдан ўлган экан. Ҳар куни! Осиё, Африка, Лотин Америкасидаги қатор мамлакатларда-ку, бир бурда нон учун тиланчилик қилиб «бахшиш» сўрайдиган болалар ҳар қадамда учрайди. Минглаб болажонлар, қизалоқлар… Ҳатто тараққий этган Италияда ҳам бир ярим миллион бола бир бурда нон топиш учун энг оғир меҳнат қилади. Жаҳондаги энг бой мамлакат Америка Қўшма Штатларида ҳар йили 150 минг бола дуч келган юмушларни бажарар экан.

Бу гапларни «ичимдан тўқиб» чиқараётганим йўқ. Бунақа даҳшатли далилларни Америка журналисти Дотстон Рэйджер ёзган. Бу гаплар юз йил олдинги воқеалар эмас, бизнинг замонамизда, йигирманчи асрнинг сўнгги чорагида юз бераётган воқеалар…

Боласи гиламга лойли оёғи билан чиқса жазолайдиган, аммо ўша бола нонни ерга улоқтириб юборса парво қилмайдиган одамларни кўрганимда, нонни футбол қилиб тепаётган болаларни тириқтириб қувлаганимда, шимининг қирраси чиқариб дазмолланган зиёлинамо киши дашном берганида, иккинчи қаватда яшайдиган ўша хотин мен «безори»ни милицияга топширмоқчи бўлганида шуларни ўйладим. «Нон боладан азиз бўптими?» деб қошини чимирадиган одамларни ҳам кўп кўрдим. Ўшанда шундай деб ҳайқиргим келди: «Ҳа, нон — боладан азиз бўлиши мумкин!» Жудаям мумкин! Машаққатли уруш йилларида болам очликдан ўлмасин деб бировларнинг эшигига, чойхоналарга, етимхоналарга ташлаб кетган одамлар бор! Ҳали улар тирик. Фақат бу тўғрида гапиргиси келмайди! Тўқликка шўхликнинг ҳам чегараси бўлади. Болангиз эсини танимасиданоқ қулоғига қуйинг: нонтепки бўлмасин».

Тўқликка — шўхлик

Ленинградда ажойиб одат бор. Дўконга кириб икки буханка нон олсангиз, дарров сўрашади: «Оилангизда неча киши бор, шунча нонни нима қиласиз?»

Бу ҳам инсон хотирасининг барқарорлигидан нишона. Азбаройи нон тахчиллигидан эмас, нонни исроф қилиш кони гуноҳ эканидан нишона. Бизда сал бошқачароқ. Нон дўконига кирган одам хоҳлаганча олади. Битта, учта, ўнта… Иккитасини бола-чақалари билан ейди, қолганини… молга беради. Қарабсизки, ярим йил ичида буқасини нон билан семиртириб, мўмай даромад қилиб турибди. Ана сизга нондан келадиган «соф фойда».

Кўпинча ёшлардан нолиймиз: «Ёшлар ундоқ бўп кетди, бундоқ бўп кетди, қадр-қимматни билмайди…» Очиғини айтсам, ёшлардан ҳадеб нолийдиган одамларни унчалик ҳурмат қилмайман.

Виждонни ўртага қўйиб айтайлик: тўйлардаги исрофгарчиликларга, айниқса, нон исрофгарчилигига ким сабабчи: ёшларми, катталарми?! Мен отахонларимизу она-хонларимизни, умуман, кексаларимизни, ажойиб удумларимизни чуқур эҳтиром билан ҳурмат қиламан. Аммо айтайлик, тўй ёки маъракада неча қоп ун ёпишни ким ҳал қилади? Ёшларми, кексаларми! Ҳар бир меҳмоннинг олдига албатта нон синдириш, дастурхонда тайёр нон турганига қарамай «иссиғидан» тағин ушатишни ким ҳал қилади! Бировнинг айбини топиш қийинмас, ўзимизга ҳам четдан бир қараб кўрайлик!

* * *

Яна бир тескари ҳақиқат: ноннинг исроф бўлишига… нон заводлари ҳам айбдор. Нонни ёмон дейиш — гуноҳ. Аммо, инсоф билан айтганда, заводларда ёпилаётган нонлар жудаям сифатли эмас. Мен Тошкентдаги нон заводларидан бирининг директори билан очиқчасига суҳбатлашдим. «Ростини айтинг-чи, — дедим кулиб, — дастурхонингизда ўз заводингиздан чиққан нон бўлса-ю, яна хонаки тандирда ёпилган нон турса, қайси бирини ердингиз?!» Директор бир лаҳза жим турди-да, охири чидолмади. Ўзи ҳам кулиб юборди: «Тандир нонни ердим!»

Тўғри, бир кунда беш-олти тандир нон ёпиш бошқа, ҳар куни 300 тонна ундан нон тайёрлаш бошқа. Лекин модомики техника бор экан, аъло сифатли ун бор экан, нонни шундай ёпиш керакки, бурдаси ҳам, увоғи ҳам увол бўлмасин!

Албатта, бу гаплар ҳеч қачон ўзимизнинг зиммамиздаги масъулиятни сусайтирмайди. Аслида, бу катта масъулият ҳам эмас, инсоннинг оддий қоидаси. Нонни эъзозлаш — имонни маҳкам тутмоқ, демак, виждонни мустаҳкам ушламоқ демакдир.

* * *

Дунёда одамларни бир-бири билан боғлаб турувчи иплар кўп. Қариндошлик ипи, қадр-қиммат ипи, яна нима десак экан… манфаат, мол-дунё, пул… Хуллас, тури кўп. Лекин замонларни замонлар билан, инсонларни инсонлар билан боғловчи энг мустаҳкам восита бор. Бу — эътиқод! Эътиқоди пок, иймони бут инсонлар Ер юзида ҳамиша бўлган. Бундан кейин ҳам бўлади. Аслида дунёни шундай кишилар елкасида тутиб туради.

«…Дон сепувчи деҳқон Одам Ато фарзанди, балки ундан ризқ еганлар — шу деҳқоннинг фарзанди. Унинг ўзи эса Одам Атодир!»

Бу сўзларни ҳазрат Алишер Навоий айтганлар. Навоийдек вали инсон дон сепувчи деҳқонни Одам Атога қиёслаяпти! Бу бежиз эмасдир, ахир!

Модомики, орамизда биттами, ўнтами, юзтами нон-тепки бор экан, улар эътиқодимизни ҳақорат қилган бўлади. Модомики шундай экан, нонни кўзга суртиб эъзозлаш доимий удумимиз бўлиб қолаверади. Шундай экан, биз бировга энг яхши тилак билдирганимизда «Нондай азиз бўлинг!» деймиз.

Ўтган йили телевидениеда, «Баҳс» кўрсатувида нонни хорлаётганлар ҳақида анча кескин гаплар айтилди. Кўрсатув юзасидан мингга яқин хат келди. Шулар орасида уруш фахрийси андижонлик Турғунали аканинг бир гапи менга, айниқса, қаттиқ таъсир қилди. У киши бундай ноинсофларга гап таъсир қилмаслиги, агар давлат томонидан нонни исроф қилувчиларни жазолаш ҳақида қонун чиқсагина, ёки Худо кўрсатмасин, нон деганда кесак ғириллаб ўшанақаларнинг ўзи оч қолсагина эси жойига келишини айтибди.

Бу гапда аччиқ, жуда аччиқ ҳақиқат бор!

1984 йил.