Одил Ёқубов. Ўлмас сиймо

Устод Ойбек ҳақида ўйлар

Халқимизда ўлмас сиймо, деган яхши бир гап бор. Ҳалқ ўзининг энг катта мутафаккирлари, улкан олим ва санъаткорларини шундай деб атайди, бу билан халқ ўзининг чексиз меҳри, иззат-ҳурмати, буюк ифтихорини изҳор этади. Ана шундай ўлмас сиймолардан бири Устод Ойбекдур.
Адабиёт ва унинг энг нодир асарлари — халқ мулкидир, умумхалқ бойлигидир. Лекин адабиётнинг ўзига хос ва мураккаб хусусиятларидан бири шундаки, бу нодир асарларни айрим улкан санъаткорлар ўз истеъдодлари, фидойи меҳнатлари, ирода ва ақл-заковатларига суяниб яратадилар. Шунинг учун ҳам биз ўзларининг бутун салоҳиятлари, ирода ва иқтидорларини халқ хизматига бўйсиндира олган улкан санъаткорлар олдида доим бош эгамиз, уларнинг номларини чуқур ҳурмат ва эҳтиром билан тилга оламиз.
Ҳақиқатан, бугун биз халқимизнинг маънавий бойлиги ҳисобланмиш адабиётимиз ҳақида, бу руҳий хазинадаги энг ноёб асарлар тўғрисида ўйлар эканмиз, лоп этиб, бу бебаҳо бойликни яратган улуғ адибларимиз — Ҳамза ва Абдулла Қодирий, Садриддин Айний ва Ойбек, Ҳамид Олимжон ва Гъафур Гъулом, Абдулла Қаҳҳор ва Мақсуд Шайхзодалар эсимизга тушади. Биз ўз маданиятимиз, ўз адабиётимизни бу табаррук зотларсиз тасаввур этолмаймиз.
Ҳар бир инсоннинг ҳаётида шундай китоблар, шундай асарлар учрайдиким, бу асарлар кишини ларзага солиб, унинг қалбида бир умр ўчмас из қолдиради. Шахсан менинг ҳаётимда шундай ўчмас из қолдирган асарлардан бири буюк ёзувчимиз Абдулла Қодирийнинг «Ўтган кунлар» романи, иккинчиси устод Ойбекнинг «Қутлуғ қон» романи бўлган эди. Адабиётимизнинг шоҳ асари бўлмиш «Қутлуғ қон» романини илк бор қўлимга олганимда мен ўн беш-ўн олти яшар бир ўспирин эдим. Лекин ҳали-ҳануз эсимдан чиқмайди. Содда, оқ кўнгил қишлоқ йигити Йўлчи фожиали муҳаббати тўғрисидаги бу нодир китобни мен бир кечада, хира лампа шуъласида ўқиб чиққан эдим. Албатта, у пайтларда мен бу улкан ижтимоий асар замирида ётган чуқур маънони, асарнинг ўлмас образлари асосида ётган катта ижтимоий мазмунни яхши тушунмас эдим. Лекин бир нарса ҳануз ёдимда. Ўша кеча роман қаҳрамони Йўлчи ўз туғишган акамдан ҳам яқин, ундан ҳам азиз бўлиб қолди. Гулнорни, бу пок, олийжаноб, самимий ва бахтиқаро қизни эса ўз туғишган опамдан ҳам яхшироқ кўриб қолган эдим. Ўша кеча умримда биринчи бор менинг қалбимда зулм, ноҳақлик ва адолатсизликка қарши чуқур нафрат ва исён туйғуси уйғонган эди. Айни замонда эзгулик истаги туғилди.
Ўша кеча мен, «Қутлуғ қон»ни ўқиб ўтириб, яхшилик нима, ёмонлик нима, адолат ва адолатсизлик нима, инсоф ва ноинсофлик нима, тушунгандай бўлдим. Бошқача қилиб айтганда бу ўлмас асарнинг теран ижтимоий мазмуни бебаҳо эзгу туйғуларга айланиб, ўн олти яшар бир ўспириннинг қалбига ёруғ нур бўлиб қуюлган эди. Мен бу нур, бу ёруғ туйғуларни тоабад унутмайман…
Ойбек домланинг адабиётимиз учун, маданиятимиз учун қилган хизматларини сарҳисоб қилиш осон эмас. Бу беҳисоб хизматлари ичида мен устознинг яна бир улуғ хизматини алоҳида бир меҳр билан, шогирдлик бир ҳурмати билан айтиб ўтишни истардим, у ҳам бўлса Ойбек домланинг яна бир улуғ асари «Навоий» романига сингган меҳнатидир.
Устоз Ойбекнинг улуғлиги шундаки, у киши халқимиз учун буюк бобомиз Навоий ҳазратларини тирилтириб бердилар.
Албатта, биз онадан туғилибмизки, буюк бобомиз шеърлари қўшиқ ва куй бўлиб қулоғимизга қуйилади. Биз бу шеърлар, бу қўшиқ ва куйларни оналаримиз алласи билан бирга эшитамиз. Бобомизнинг ўлмас асарларини — «Лайли ва Мажнун», «Фарҳод ва Ширин»ларнинг мунгли севгисини оналаримиз ва бувиларимиз бизга гўдаклик чоғларимиздаёқ эртак қилиб сўзлаб беришган. Лекин бу асарларни, беш юз йилдан бери бутун инсониятни лол қолдириб келаётган бу севги достонларини, чексиз мунг билан йўғрилган бу қўшиқларни, бу нурдай ёруғ шеърларни яратган инсон ўзи, Навоий ҳазратлари ўзлари қандай одам бўлган, бобомиз қандай ишлар қилган, бошидан қандай савдолар ўтган, қандай мусибатлар кечган — биз буни яхши билмас эдик, билсак ҳам бу буюк зотни бир одам сифатида, инсон сифатида яққол кўз олдимизга келтира олмас эдик. Бу мураккаб ишни, ижодий жасорат деб аталмиш бу бебаҳо ишни қилган одам — Устод Ойбекдур. Ойбек домла адабиётимизда биринчилардан бўлиб, буюк бобомиз сиймосини яратди. Улуғ аждодимизнинг ўйларини бизнинг ўйларимизга, дардларини бизнинг дардларимизга улаб, улуғ зотни ўз замондошларимиздай яқин, ҳамдард, ҳамфикр бир инсонга айлантирди.
Устод Ойбек улкан санъаткорларга хос бир куч билан буюк бобомизнинг руҳий оламини очиб берди, унинг муқаддас ижодхонасига олиб кирди, беш юз йилдан буён бутун инсониятни титратаётган асарларнинг яратилиш тарихини кўрсатди, бу ўлмас асарларни ёзган санъаткор ҳам буюк шоир, ҳам ўзимиз янглиғ ожиз бир инсон эканини, у ҳам яхшилик ва эзгуликдан қувониб, ноҳақликлардан эзилиб юргувчи бир одам эканини очиб берди, соддароқ қилиб айтганда, бобомизни бизга тирилтириб берди…
Албатта, устод тўғрисида, адабиётимизда реалистик прозани янги чўққиларга кўтарган бу улкан романист ва ажойиб шоир ва етук олим тўғрисида жуда кўп гапириш мумкин. Лекин камина олим эмасманким, бу беқиёс ижоднинг ҳамма қирраларини кўрсатиб берсам…
Мен фақат устод тўғрисида бир-икки оғиз гап айтишга журъат этдим, холос. Шу маънода устоднинг ўз шогирдларига, келгуси авлод адибларига қилган яна бир яхшилигини айтиб ўтгим келади, бу яхшилик шундан иборатки, Ойбек ака Абдулла Қодирий яратган тарихий романчилик анъаналарини янги босқичга кўтариб, бўлғуси адибларга жуда катта йўл очиб берди.
Шу кечаю-кундуз телевизор экранларида каминанинг «Улуғбек хазинаси» деган романим асосида яратилган спектакл намойиш қилинмоқда. Мен азиз телетомошабинларнинг бу асарга билдирган ҳурматидан бениҳоя хурсандман, албатта. Лекин оддий бир адиб сифатида шуни яхши биламанким, Абдулла Қодирий, Ойбек ака, Мақсуд Шайхзода каби устодлар ва улар яратган буюк тарихий асарлар бўлмаганда, агар ада-биётимизда «Ўтган кунлар», «Навоий» романи ва «Алишер Навоий» драмаси каби асарлар бўлмаганда камина ҳам бу камтарин асарни ёзолмаган бўлардим…
Ҳаёт экан, табиат қонуни шундай экан, устоз Ойбек ҳозир орамизда йўқ. Лекин у киши яратган асарлар биз билан биргадир, биз ва бизнинг фарзандларимиз бу ўлмас асарларни ёстиқларининг тагларига қўйиб ухлайдилар. Демак, устознинг руҳи шод. Устоз Ойбек ҳамиша биз билан, у киши тоабад тирикдир.