Миразиз Миртожиев. «Тошкент» сўзининг маъноси (1981)

Тошкент сўзи икки қисмдан таркиб топган: уларнинг бири тош, иккинчиси кентдир. Кент компоненти ҳақида ҳеч қандай баҳс йўқ. Аммо тош компоненти ҳақида фикрлар ниҳоятда кўп ва ранг-барангдир. Бунинг устига, бор фикрларнинг ҳар биридан ҳам бир эътирозли томонни кўрсатиш мумкин. Тошкент топонимининг тош компоненти қайси сўздан келиб чиққанлигини аниқлаш бунчалик чигал масала эканлигининг ҳам ўз объектив сабаби бор. Булардан бири тош компонентининг тош сўзи билан бир хил фонетик структурага эгалигидир. Тошкент шаҳри географик нуқтаи назардан ҳам, тарихий нуқтаи назардан ҳам тош сўзининг ҳозирги маъносини оқлай олмайди. Иккинчи сабаб эса Тошкент шаҳри ўзининг бутун тарихида фақат шу ном билан аталиб келмаганлигидир. У бир қанча номлар билан аталиб юрган. Шу шаҳарнинг бошқа номларига Тошкент топоними тош компонентининг алоқаси йўқмикан? Шундай бўлса, этимология бир неча номлар генезисини бир жойдан чиқаришдек жумбоқни ечиши керак.

Тарихчи Ҳ. Зияев ўзининг «Тошкентнинг Россияга қўшиб олиниши» номли брошюрасида Тошкент шаҳри эрамиздан аввалги II асрдан бошлаб Чоч номи билан аталганлигини қайд этади. Тошкент топонимининг ўзи дастлаб Абу Райҳон Берунийнинг «Ҳиндистон тарихи» асарида (Избранные произведения, II т., 271-бет) тилга олинган. Бундан ташқари Тошкент шаҳрининг яна Шош, Жож ва Чош номлари билан аталганлиги ҳам айрим ёдгорлик ва асарлардан бизга маълум[1]. Баъзи манбаларда эса (Ҳ. Ҳасановнинг ва М. В. Массоннинг асарларида) Шош номи билан бутун воҳа номланганлиги ҳақида хабар берилади. Унинг марказини Банкат деб атаб, ҳозирги Тошкентнинг қадимги номи сифатида кўрсатилади (Бинкат топоними эса бошқа манбаларда Бинкет, Бинкент, Бинокат вариантларида ҳам учрайди, Бу албатта талаффуз натижасида келиб чиққан). В. Минорский эса: «Чоч, Шош ва Тош номларининг ҳаммасини бир воҳанинг турли вариантдаги атамалари деб билади. XI аср лексикографи Маҳмуд Қошғарий «Девону луғатит турк» китобида (I т., 414-бет) Тошкент топоними билан ёнма-ён Таркант топоними ҳам қўлланганлигини кўрсатган.

Бир қатор этимологларнинг диққатини фақат Тошкент топоними тортган. Бу топоним дастлаб қайд этилган икки манба (М. Кошғарийнинг ва Берунийнинг асарлари)да унинг тош компоненти тоғ жинси маъноли тош сўзига боғлаб кўрсатилади. Шунингдек Беруний мазкур асарида Тошкентни Птоломей картасида қайд этилган Лифос Петрос (Тош минора), яъни юнонларга қарашли бўлган қадимий шаҳар деб тушунади. Шош топонимини эса тош сўзининг араблар томонидан бузиб қўлланган варианти деб ҳисоблайди. М. Қошғарий девонининг мазкур ўрнида ҳам «Шош аслида Тошканд» деб кўрсатилган. Таниқли олим, профессор Ҳ. Ҳасанов Беруний ва Улуғбекларнинг географик таблицасига бағишланган мақоласида Тошкент топоними қайси сўздан келиб чиққанлиги масаласида юқоридаги икки олимнинг фикрлари тарафдори бўлади. Яъни, Тошкент топоними тош сўзидан келиб чиққанлигига қўшилади.

Бу фикрлар энг қадимги манбалардан олинган ва уларга асосланиб айтилган. Бироқ шунда ҳам, уларга тўла қўшилиш учун, бир неча эътирозлар мавжуд. Аввало Тошкентда тош минора бўлганлигини тасдиқловчи ҳеч қандай археологик топилдиқни кўрсатиб бўлмайди. Бунинг устига кейинги вақтда кўпгина европалик олимлар Птоломей картасидаги Лифиос Петросни Помирнинг жанубидаги Тошқўрғон деб кўрсатишмоқда. Буни М. Е. Массон (Изв. АН УзССР, 1954, 2-сон, 107-бет) ҳам қайд этган.

Ш. Қодирова ўз мақоласида («Тошкент оқшоми» 1969, 22 декабрь) Тошкентнинг энг кекса вакиллари билан суҳбатлашганини келтиради. Қадимги Тошкентда тош йўнувчи ҳунармандлар яшаган эмиш. Эҳтимол, шаҳар номи ҳам шундан келиб чиққандир? Аммо бу ҳақиқатга мос келмайди. Чунки ҳар бир касб хом ашё базаси билан боғлиқ ҳолатда яралади ва тараққий этади. Яна, шу ҳунармандчиликка хос из ҳам шу шаҳарда қолиши шарт эди. Тошкент шаҳри буларнинг бирортасини ҳам тасдиқламайди. Шунинг учун бўлса керак, Ш. Қодированинг ўзи ҳам мақоласида шу фикрга шубҳа билан ёндашган.

Тарихчи олим М. Ваҳобовнинг Тошкент тарихига бағишланган асаридаги фикри (Тошкент уч революция даврида, Тошкент, 1958, 7-бет) ҳам шунга мос келади. Унинг айтишича, Тошкент савдо пункти сифатида ривож топган. Яъни, карвонлар ўтадиган йўлларнинг туташадиган жойида бир неча карвон саройлари бунёд этилган. Қўниб ўтувчиларни турли нарсалар билан таъминлаш учун сарой атрофида хонадонлар пайдо бўлган. Бир неча йўллар бошига сочилган карвонсарой атрофидаги хонадонлар кўпая борган. Улар ўзаро туташа бориб, кентни таркиб топтиргандир. Кентнинг номи эса унинг мана шу таркиб топиш жараёни билан боғлиқ ҳолатда яралган бўлиши керак. Демак, дастлаб Чоч («сочилган», «ёйилган», «тарқоқ» маъноларида) деб аталган.

Ш. Қодирова ўз авторефератида (11-бет) Чоч (унинг чош, жош, жож вариантлари билан) сўзига Б. В. Миллер ва Л. З. Будаговларнинг луғатларида берилган изоҳни келтиради. Мазкур сўз Б. В. Миллер кўрсатишича (Персидско-русский словарь, М., 1953) елпилган дон қолдиғи, Л. З. Будагов кўрсатишича (Сравнительный словарь турецко-татарских наречий, I т., СПБ., 1869) янчилган буғдой ёки шолидан қолган майда сомон, тўпон маъносини англатади. Агар биз чуқурроқ қарасак, бу изоҳларда ҳам сочилиб ётган нарсалар ҳақида тушунтириш берилган. Афсуски, Ш. Қодирова шу келтирган фактларини эътиборсиз қолдириб кетган. Шунингдек, чоч сўзининг келиб чиқишини сўғдча деб кўрсатгани (ўша автореферат, 11-бет) ҳам асоссиз. Унинг структураси фақат туркий тилларга хос.

Тошкент ниҳояти 35 йил илгари боғлар, жарлар, қабрлар билан бир неча бўлакка ажралиб ётгани ҳам юқоридаги фикримизни бир қадар қувватлайди. Шунингдек, Ҳ. Зияевнинг Чоч топоними эрамиздан аввал II асрдан бошлаб мавжуд деб қайд этиши ҳам биз учун яна бир қувватловчи фактдир.

Ўзбек тилида сўнгги товушнинг кучсиз талаффуз этилиши (редукцияга учраши) ҳодисаси Чоч топоними Чош ҳолида талаффуз этилиши учун сабаб бўлган. Яъни: Чоч>Чош>Чоч варианти форс-тожик талаффузига мос бўлгани учун, уларнинг қўлёзмаларида сақланиб қолган. Масалан, Фирдавсийнинг «Шоҳнома»сида «Бамолик Чочи камонро ба даст (Зарб бериш учун қўлда Чоч камонини тутиб)» дейилган. Таниқли ўзбек тилшуноси С. Муталлибов ҳам худди шу фикрни «Девону луғатит турк»ка киритган изоҳида (Маҳмуд Қошғарий, Девону луғатит турк, 1, Тошкент, 1960, 498-бет) қайд этади.

Чоч топоними форс-тожик қўлёзмалари орқали араб тилига ўтган. Арабларда ч товуши бўлмагани учун, уни ж товушига алмаштириб қабул қилганлар. Яъни: Чоч>Шош (شاش). Араблар унинг Шош ва Тош вариантларини ўзгаришсиз қабул қила олар эди. Чунки бу уларнинг талаффузига мос. Демак, баъзиларнинг Шош ва Чоч араблар томонидан бузиб талаффуз этилган вариант деб даъво қилгани асоссиз.

Чош топоними шимол томонда (қозоқ ва қипчоқлар томонидан) Шош вариантига ўзгартириб юборилган. Яъни: Чош>Шош. Чунки улар сўз бошидаги ч товушини ш товушига алмаштириб юборадилар, Масалан, Чимкент>Шимкент, Чирчиқ>Ширшиқ, чой>шай ва ҳоказо.

Чош топоними мазкур кент эгалари ва уларнинг авлодлари томонидан Тош вариантига ўзгартириб юборилган. Яъни: Чош>Тош. Чунки сўз бошидаги ч товушини т товушига ўзгариши улар тилидаги фонетик тараққиётга хосдир. Масалан, чиш>тиш, чизмоқ>тизмоқ, Чуст>Тус ва ҳоказо.

Демак, Тошкент топонимининг келиб чиқиши ва тараққий этиши қуйидагича вариантларда бўлган: Чоч>Жож, Чоч>>Чош>Шош; Чоч>Чош>Тош-кент.

Таркент топоними ҳақида нима дейиш мумкин? Бизга маълумки, тара сўзи чоч сўзига ўхшаш маънога эга. Улар тахминан бир даврда Тошкент шаҳрининг номи сифатида яратилган. Аммо Таркент топоними Чоч топоними каби узоқ яшай олмаган. У X асрдаёқ пассивлашиб, истеъмолдан қола бошлаган.

Бинкат топонимини Тошкент билан боғлаб бўлмайди. У А. Абдураҳмоновнинг «Ургутда месопотамияликлар манзили» номли мақоласида («Фан ва турмуш», 1971, 8-сон, 22-бет) қайд этишича, Тошкент ёнида христианлар кенти бўлган.

Чоч ва Шошни Тошкент воҳасининг номи бўлган эди, деган фикрга биз бошқачароқ ёндашамиз. Тошкент топонимининг барча варианти мазкур шаҳар номи бўлиши баробарида воҳанинг ҳам номи бўлган. Бу эса Оҳангарон топоними ҳам кент, ҳам воҳа номи, Фарғона топоними ҳам кент ҳам воҳа номи бўлгани кабидир.

Миразиз Миртожиев,

филология фанлари кандидати.

“Шарқ юлдузи” журнали, 1981 йил 2-сон.

______________

[1] Маҳмуд Қошғарий. Девону луғатит турк, I том, Тошкент, 1960, 498-бет, М. Ваҳобов, Тошкент уч революция даврида, Тошкент, 1958, 7-бет, Ҳ. Ҳасанов, Географические таблицы Бируни и Улугбека, тўп. «Вопросы физической и экономической географии Узбекистана», Ташкент, 1967, 4-бет, М. Е. Массон, Прошлое Ташкента Известия АН Уз ССР, 1954, 2-сон.