Ҳамид Зиёев. Девор қуршовидаги ҳаёт (1983)

(XVIII асрда ва XIX асрнинг биринчи ярмида Тошкент)

Бу даврда Бухоро, Самарқанд, Қўқон, Тошкент, Хива ва Туркистон Ўрта Осиёнинг йирик савдо-ҳунармандчилик ва маданий марказлари ҳисобланарди. Ушбу шаҳарлар ўлканинг чет мамлакатлар билан сиёсий ва иқтисодий алоқаларида етакчи мавқени ҳам эгаллаб келган. Ўрта Оснё билан Россия ўртасидаги алоқалар айниқса самарали бўлди. Чунки икқала мамлакат айирбошлайдиган савдо-сотиқ моллари асосан тайёр маҳсулотлардан иборат эди. Улар ишлаб чиқариш кучларини ривожлантириш учун муҳим аҳамият касб этарди. Ўрта Осиёдан турли газламалар, хилма-хил кийим-кечаклар ва бошқа тайёр маҳсулотлар жўнатиларди. Бу эса ҳунармандчилик саноати, унинг хом ашё базаси ҳисобланган қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини таъминлаб турарди. Ўлкада пахтачилик, ипакчилик ва қоракўлчилик тобора ривожланди.

Ўз навбатида Россия учун Ғарбга нисбатан Ўрта Осиё билан савдо-сотиқ қилиш анча нафли эди. Россиядан Ғарб мамлакатларига асосан хом ашё етказиб бериларди. Шарқда эса, жумладан, Ўрта Осиё бозорларида рус ҳунармандчилиги ва саноатининг тайёр маҳсулотлари ғоят харидоргир саналарди. Бундай ўзаро манфаатли алоқалар шаҳарлар ривожланишининг энг муҳим омилларидан бири бўлди.

Бу борада Тошкент шаҳри алоҳида ўрин тутади. Тошкентдан XVI асрнинг иккинчи ярмидаёқ Россия билан бевосита савдо-сотиқ алоқалари ўрнатиш мақсадида Астраханга вакил юборилди. Вақт ўтиши билан Тошкент билан Россия ўртасидаги савдо-сотиқ алоқалари ва уларнинг бир-бирларига элчилар юбориши тобора кенгайди. Ҳар иккала томоннинг савдогарлари ва элчилари бир-бирларининг ҳузурида бўлдилар, натижада яқиндан танишишга имкон туғилди. Рус давлати ўзаро фойдали алоқаларни ривожлантиришга интилибгина қолмай, ўзбек хонликлари, хусусан, Тошкентнинг сиёсий ва иқтисодий ҳаётини ҳам ўрганди. Турли вақтларда Тошкентга келган рус сайёҳларининг ҳисоботи ёки эсдаликларида шаҳар тўғрисида баён қилинган қизиқарли маълумотлар бизгача етиб келган.

1735 йилда Уфада бўлган тошкентлик Нурмуҳаммад мулла Олим ва 1741 йилда Тошкентга келган Шубай Арслонов ёзиб қолдирган эсдаликлар диққатга сазовордир. Майор Карл Мюллер, 1742 йилда қалмоқлар диёрида бўлган пайтида, Тошкент ҳақида маълумотлар тўплаган. Унинг ҳисоботида қимматли далиллар келтирилади. XVIII асрнинг охирида Тошкентга келган кон инженерлари Телятников, Бурнашев ва Поспеловларнинг эсдаликларида ҳам бой материаллар бор. 1813—1814 ва 1830 йилларда Тошкентда бўлган Филипп Назаров ва Хорунжи Потаниннинг хотиралари айниқса эътиборни жалб этади.

Нурмуҳаммад мулла Олимнинг айтишича, Тошкент ўша вақтда қўрғон девор билан ўралган экан. «Шаҳар, — деган эди у, — ғишт девор билан ўраб олинган. Шаҳардан чиқадиган 32 та минорали дарвоза бор. Шаҳарни ўраб олган девор ғоят қалин бўлиб, унинг устидан икки киши ёнма-ён юриши мумкин; душман шарпаси кўриниши биланоқ қоровуллар девор усти бўйлаб чопишиб, халқни мудофаага тайёр бўлишга даъват этадилар. Шаҳарнинг у дарвозасидан бу дарвозасига бориш учун тушдан кечқурунгача юрилади. Деворнинг кўндалангига масофаси ҳам шунча. Масжидлар ва уйларнинг ҳаммаси ғиштдан қурилган. Шунинг учун ҳар бир уйнинг дарвозари олдида бир хонали, икки хонали ва, ҳатто, уч хонали иморатлар бўлиб, атрофи мевали боғлар билан ўралган». Бу ерда маъмурият вакиллари ахборот олишганида девор ва ғишт уйлар қурилишида бирмунча ноаниқликларга йўл қўйганлар. Аслида уйлар пахса деворли ёки синчли қилиб қурилган. Шаҳар деворлари эса пахса билан ўралган. Нурмуҳаммад Мулла Олим шаҳарнинг ички жойлашиши тўғрисида қуйидагича маълумот беради: «Шаҳар дарвозаларидан бошқа дарвозаларга олиб борадиган йўллар катта ва тўғри бўлиб, кичик-кичик ҳар хил кўчалар ҳам бор. Сув тоғдан, Чирчиқ дарёси орқали бутун шаҳарга келтирилган ва ҳар бир хонадон бемалол таъминланган. Тошкент шаҳрининг қоқ ўртасида қалъа жойлашган бўлиб, у алоҳида, ғиштдан мустаҳкам қилиб қурилган. Қалъага олтита дарвоза орқали кириш мумкин. Уни эски Тошкент деб атайдилар; иморатлар зич жойлашган, бу ерда дин пешволари ҳам истиқомат қилади. Кўкча дарвозаси олдида, масжид яқинида, мактаблар, қозихона жойлашган». Ўша вақтда шаҳарнинг ўзида ва унинг атрофидаги қишлоқларда боғдорчилик, сабзавотчилик ва полизчилик яхши ривожланган бўлиб, узум, шафтоли, беҳи, нок, олхўри, гилос, олча, ёнғоқ, олма, қовун, тарвуз, сабзи, турп ва бошқа хил маҳсулотлар етиштирилар эди. Донли экинлардан буғдой, арпа, сули, шоли, шунингдек каноп ва зиғир экиларди. Руҳонийлар ичишни таъқиқлаганлари учун узумдан яширинча май тайёрлар эдилар, Шунингдек, шинни қилинарди. Бу пайтда Тошкентда тўқувчилик анча ривожланди. Шойи ва ип газлама мўл бўларди. У ерликларнинг либослари кимхоб, сурп ва гул босилган читлардан тикилган. Шаҳарда металл буюмлар ишлаб чиқариш сезиларли даражада ривожланган эди. Нурмуҳаммад Мулла Олим бу ҳақда қуйидагича ёзиб қолдирган: «Тошкент ва Туркистон музофотларида темир кўп бўлиб, уни тоғдан, Чилчи (Чирчиқ) дарёси атрофларидан қазиб оладилар; мисни Самарқанд томондан олиб келиб, жуда арзон нарҳда сотадилар; қўрғошинни Туркистон яқинидаги Сувунду тоғидан келтирадилар. Ундан ҳар хил нарсалар ясайдилар ва ўқ-дори ишлаб чиқарадилар. Олтинни эса Чилчи дарёсининг юқори қисмидан, Сирдарёнинг ҳам юқори қисмидан олиб, сотиш учун Бухорога олиб кетадилар. Олтин олиш ишларини ҳеч ким назорат қилмайди. Хўжанд мулкидаги Куламбош, Чом, Қазноқ аҳолиси ўз тирикчилигини олтин чиқариш ҳисобига ўтказади. Бухорода Сирдарё олтинидан кўра, Чилчи олтинини юқори баҳолайдилар».

Тошкент Бухородан ташқари, Самарқанд, Туркистон, Қарши, Хива, Бадахшон, Шаҳрисабз, Балх шаҳарлари, шунингдек Россия ва бошқа мамлакатлар билан савдо-сотиқ қилиб келган. Нурмуҳаммад мулла Олим Россия билан савдо-сотиқ тўғрисида гапириб, қуйидаги фикрларни ҳам айтган эди: «Карамзин мовутларининг энг яхшиси бу ерликларнинг пули билан икки ярим сўм туради ёки 40 та бўрсиқ терисига алмаштириш мумкин, шойи кимхобдан эса беш-олти кийимликка тўғри келади; битта булғори Қизил чарми уч сўм туради ёки 60 та мўйнага алмаштирилади; немис қундузи сифатига қараб икки ярим сўмдан уч сўмгача туради ёки уни 40 та мўйнага алмаштирса бўлади. 250 дона — бир ўрам игна ярим танга ёки иккита мўйнага тенг. Мунчоқ ва маржонларни ўзаро савдо қилишади. Уларнинг моллари бўрсиқ, тулки, қундуз ва йўлбарс териларидан, шойи кимхоб ва гул босилган қоғоз, шунингдек Бадахшон ва Балхдан олиб келинган рангли тошлардан иборат».

Шу тариқа иккала мамлакат ўртасидаги савдо-сотиқ моллари ғоят хилма-хил бўлган. Шуни айтиш керакки, ўша вақтда Тошкент атрофида бўри, тулки, йўлбарс ва бошқа йиртқич ҳайвонлар кўп бўлган. Уларнинг мўйнаси Россияга юбориларди. Кейинчалик, бу ҳайвонлар камайиб бориши муносабати билан, уларнинг терисини четга чиқариш анча қисқарди.

Шаҳар бозорлари тўғрисидаги тафсилот ҳам қизиқарлидир. «Тошкентда бозор пайшанба, жума ва душанба кунлари шаҳар ичкарисида бўлар эди. Четдан келган савдогарлар аҳоли билан ҳеч қандай даллолсиз муомала қилишарди. Шаҳар қалъасининг энг катта бозоридаги омборларга савдогарлар молларини қўйиб, ўзлари ҳам шу ерда яшар эдилар. Бунинг учун улардан кўп ҳақ олинмасди». Шаҳарда катта-кичик бозорлар кўп бўлган. Уларда асосан нон, турли хил қоғозлар, шойи, калиш-махси, чакмон ва кимхоблар билан савдо қилинган. Ҳар хил моллар учун алоҳида-алоҳида эмас, балқи улар битта бозорнинг ўзида айрим расталарда сотилган.

Нурмуҳаммад мулла Олим карвон йўллари ҳақида шундай дейди: «Тошкентдан Туркистонгача бўлган йўлни юк ортилган туя карвони 6 кунда босиб ўтади. Иргиз дарёсидан Уфагача 43 кун, Бухорогача 10 кун, Балхгача 23 кун, Бадахшонгача 5 кун юрилади».

Мулла Олимнинг хабарида шаҳарнинг қандай идора қилиниши ҳақида ҳам маълумот бор. — Шаҳарни ўн киши идора қилар эди, — деб ёзади Мулла Олим, — улар Кўкча дарвозаси яқинидаги қалъада яшардилар, ҳар қандай муқим ишларни кўриб чиқишарди…

Шаҳарда ҳар бир катта дарвоза учун биттадан қози тайинланган. Айбланувчилар шу ернинг ўзида сўроқ қилинар ва жазоланар эдилар. Ҳақиқатни аниқлаш мушкул бўлиб қолган пайтда қозикалонга мурожаат қилинарди. У муҳим ишлар юзасидан Қуръонга қараб ҳукм чиқарарди.

Хондайлиқ, Хўжакент, Паркент, Заркент, Нушпия, Намданак, Қорамурт, Чимкент, Сайрам ва бошқа жойлар Тошкентга қарашли эди».

1741 йилда ҳарбий маъмурият Орскдан Тошкентга юборган савдогар Шубай Арслоновнинг маълумотлари Тошкентнинг сиёсий ва иқтисодий аҳволи тўғрисидаги тушунчамизни анча бойитади. Курсклик савдогар С. Дроздов ва қозонлик татар савдогари М. Юсупов хилма-хил рус молларини олиб Арслонов билан бирга Тошкентга отланадилар. С. Дроздов йўлда бахтсиз ҳодиса туфайли вафот этади. Арслоновнинг Тошкентга келишидан мақсади мавжуд имкониятларни аниқлаш ва Оренбург билан савдо-сотиқ ишларини йўлга қўйиш эди.

Шу йили рус карвони Туркистон орқали Тошкентга келади. Шубай Арслонов бу ерда беш ойча яшагач, Орск шаҳрига қайтиб боради ва Тошкент ҳақидаги таассуротларини ёзади.

Арслоновнинг айтишича, у Тошкентда яшаган вақтда шаҳарни маҳаллий амалдорларнинг вакили Кўсакбек идора қилган.

Меҳнаткашларнинг аҳволи жуда оғир бўлиб, Кўсакбек бошчилигидаги маҳаллий амалдорлар халқни шафқатсизларча эзиб келардилар, «Тошкент халқи, — дейди Арслонов, — Кўсакбекдан жуда норози эди. Чунки у ҳар қандай майда-чуйда айблар учун ҳам одамларни бутун оиласи билан хонавайрон қиларди…»

Кўсакбек ҳукмронлигидан халқ оммасигина эмас, маҳаллий амалдорларнинг айрим доиралари ҳам норози эдилар. Натижада, Арслонов Тошкентда бўлган вақтда, Кўсакбекка қарши Солихўжа деган киши бошчилигида суиқасд уюштирилди. Аммо суиқасд фош этилиб, унинг қатнашчиларидан беш киши қўлга тушди. Суиқасд иштирокчиларининг кўпчилиги шаҳардан ташқарига қочишга улгуришди. Шубай Арслонов суиқасдда қатнашган кишилардан ташқари уларнинг қариндош-уруғларидан ҳам даҳшатли ўч олинганлигининг гувоҳи бўлган. У шундай деб ёзади: «Қўлга тушганларни ҳам, уларнинг оталари, ака-укаларидан иборат 25 кишини ҳам Кўсакбек қатл этди: баъзиларини дорга осдилар, айримларининг бошларини таналаридан жудо қилдилар, қолганларини найза санчиб ўлдирдилар. Хотинлари ва болаларини амалдорлар чўриликка олиб кетдилар, уларнинг уй-жойларини эса талон-торож қилдилар».

Арслонов шаҳар қиёфасининг кўринишини қуйидагича тасвирлайди:

«Тошкент қалъаси қалин пахса девор ва зовур билан ўраб олинган. Шаҳар катталиги жиҳатидан Қозон шаҳрига тенг келади. Унинг 12 та дарвозаси бор. Бу ерда иморатлар тартибсиз ҳолда, пахса девор билан қурилган. Шаҳарда боғлар ва мачитлар кўп… Катта мачитларда ҳайит кунлари кўпчилик бўлиб намоз ўқилади. Дарвозалар олдида алоҳида хонада миршаб туради. Уларда тўп йўқ, узоққа отадиган милтиқлар бор. Бундай милтиқлар Тошкентда ясалади».

Бу маълумотлардан кўриниб турибдики, Нурмуҳаммад мулла Олим айтганидек, шаҳарнинг 32 та эмас, балки 12 та дарвозаси бўлган. Кейин Тошкентга келган кишилар ҳам шаҳарда 12 та дарвоза бўлганлигини тасдиқлайди.

Шубай Арслонов Тошкентдаги савдо-сотиқ хусусида ҳам қимматли маълумотлар берган. Унинг ўзи Тошкентга қизил чарм, бўёқ, чакмон, турли кийим-кечак, игна, момиқ, олмахон мўйнаси олиб келганди. Ўша молларнинг ҳаммаси тез фурсатда сотиб юборилган. Арслонов ўзи олиб келган молларнинг ўрнига турли қоғоз, газлама, тулки, бўрсиқ, бўри териси ва бошқа молларни сотиб олади. Унинг таъкидлашича, Тошкент ўша вақтда Бухоро, Хўжанд, Қашқар вилоятлари билан, шунингдек қалмоқлар, қозоқлар ва бошқа халқлар билан қизгин савдо-сотиқ олиб борган.

Тошкент бу соҳадан катта наф кўрган. Арслонов Бухоро билан олиб борилган савдо-сотиқ тўгрисида қуйидагиларни ёзади: «Бухороликлар қоракўл тери, қизил ва қора духоба, белбоғ ва кимхоблар олиб келиб, Тошкент ва Россиянинг турли хил молларига алмаштирган. Хўжандлик савдогарлар эса кўпроқ Россиянинг молларини харид қилганлар». Демак, рус моллари Тошкентга кўплаб олиб келинган. Маҳаллий аҳоли харид қилибгина қолмай, улар Ўрта Осиёнинг бошқа районларига ҳам жўнатиб турилган.

Арслонов русларнинг қизил карамзин мовути, қундуз мўйнаси, момиқ, чарм, ёғоч бўёғи ва бошқа хил моллари ғоят харидоргир бўлганлигини уқтиради. У Тошкентда бўлган вақтида тошкентликларни савдо қилиш учун Оренбургга боришга кўндириш учун уринган.

Бу даврда Тошкент билан Россия ўртасида савдо-сотиқ анча ривожланди. Арслоновнинг далолат беришича, у тошкентлик савдогарларни Оренбургга боришга кўндирган. Натижада етти юз кишидан иборат карвон Оренбургга жўнаб кетган. Ана шу карвон Арслонов билан биргаликда Туркистон орқали Оренбургга эсон-омон етиб борган. Бошқа кўпгина тошкентлик савдогарлар ҳам. Арслонов Тошкентда турган пайтда, унинг тавсияси билан Оренбургга борганлар. Шундай қилиб, русларнинг, Шубай Арслонов бошчилигидаги кичик карвони Тошкентга келиши шаҳримиз билан Оренбург, қолаверса, руслар ўртасида савдо-сотиқни ривожлантириш учун шубҳасиз катта аҳамиятга эга бўлган. Айни вақтда унинг эсдаликлари Тошкент тарихига оид айрим масалаларни анча тўлдиради ва ойдинлаштиради.

Бу борада 1742 йилда Ямишев қалъаси орқали Қалмоқ хони ҳузурига келган майор Карл Мюллернинг маълумотлари ҳам диққатга сазовордир. У Қалмоқ хони ҳузуридан Тошкент тўғрисида бир қанча қимматли маълумотлар олишга муваффақ бўлади. Мюллернинг хабаридан маълум бўлишича, қалмоқлар Тошкент устидан ҳукмронлик қилиб, кўплаб ипак гиламлар, милтиқ, момиқ, қундуз мўйнаси ва бошқа хил буюмларни солиқ сифатида олганлар. Қалмоқ хонлари солиқни пул ҳисобида ҳам тўлатганлар. Умуман, қалмоқларга тўланадиган солиқ ғоят хилма-хил ва катта миқдорда бўлган. Бир вақтлар Бадахшон ҳам қалмоқ хонлигига бўйсунган ва у қимматли тошлар билан солиқ тўлаган.

Ўша пайтда Фарғона водийсида Абдукаримбек бошчилигида кучли сиёсий уюшма ташкил топди. Абдукаримбек Самарқанд, Хўжанд ва ўша вақтгача Қалмоқ хонлигига қарам бўлган Бадахшонни ўз ҳокимиятига бирлаштирди. Абдукаримбек Қалмоқ хонига қарши курашга бошчилик қилади ва умумий душманга қарши кучларни бирлаштириш учун Тошкентга, Кўсакбек ҳузурига ўз элчиларини юборади. Шубай Арслонов Тошкентда бўлган вақтидаёқ Галдан Чирин Абдукаримбекка қарши курашиш учун Хўжандга 40 минг кишилик қўшин юборганлигидан хабардор бўлган эди. Қўшин сони анча ошириб кўрсатилган бўлиши эҳтимол. Улар орасидаги жанг қандай тугаганлиги номаълум, лекин кейинги воқеалар Абдукаримбек ғолиб чиққанлигини қўрсатади. У Бадахшон яқинида ҳам қалмоқлар билан жангда ғалаба қозонади. Карл Мюллернинг айтишича, қалмоқларнинг Сентен бошлиқ беш минг лашкари Абдукаримбекка қарши курашади. Бу пайтда Абдукаримбек Қўқон, Хўжанд, Самарқанд шаҳарларини ва Бадахшонни, шунингдек Сирдарё соҳилидаги кўпгина жойларни ўз қўли остига олган эди. У Бадахшон яқинида қалмоқларни яна тор-мор этади. Душманнинг жуда озгина қисми ўз юртига қочиб кетишга муваффақ бўлади. Қалмоқ босқинчилари Абдукаримбек қўшинларига қарши курашда шунчалик талафот кўрдики, кўпгина улуслар қириб ташланади ва баъзи жойларда чечак тарқалади. Бир сўз билан айтганда, халқнинг озодлик кураши қалмоқлар ҳукмронлигига путур етказади. Бу эса Ўрта Осиёда бир қанча жойларнинг, шу жумладан Тошкентнинг озод қилинишига олиб келади. Шу муносабат билан Оренбург губерниясининг генерал-губернатори И. Неплюев ҳукумат сенатига: «Тошкент ва Туркистон шаҳарлари қалмоқлардан мустақил бўлиб ажралиб чиқди ва ҳозир Эрон шоҳи ҳукмронлигидан озод бўлган Хива хонлиги билан ўзаро муносабат ўрнатди», деб хабар берган эди.

Бироқ Қалмоқ хони бундай аҳволга чидай олмайди. Чунки Тошкент, Туркистон, Бадахшон унинг энг бой ва кўп даромад келтирадиган вилоятлари эди. Карл Мюллернинг ёзишича, Галдан Чирин ўз ҳуқмронлигини қайта тиклаш учун Тошкентга кўп сонли қўшин юборади. «Агацак қўмондонлигидаги тўрт минг қалмоқ қўшини Тошкентга келиб, шаҳарни ўраб олди…

Галдан Чирин Агацак қўшинига Тошкентни қирқ кун қамал қилиб туриш ва шаҳар шу вақт мобайнида таслим бўлмаса уни вайрон қилишни Катта Жуз қозоқларининг бошлиқларига топшириш тўғрисида буйруқ берди».

Мана шу маълумотлардан кўриниб турибдики, Тошкент аҳолиси Абдукаримбек қўшинлари билан биргаликда қалмоқларга қарши қаттиқ кураш олиб борган.

Тошкент тарихида XVIII асрнинг охирларида бу ерга рус кон инженерларининг келиши диққатга сазовордир. Маълумки, 1784 йилда Тошкентда Юнусхўжа бошлиқ мустақил давлат ташкил топган эди. Шундан кейин Тошкентга Чимкент, Сайрам, Қорабулоқ, Туркистон ва шу атрофдаги жойлар бўйсундирилди. Тошкентнинг мустақил давлат сифатида ривожланиб бориши Бухоро ва Қўқон хонликларини ташвишга солди. Тошкент билан ана шу хонликлар ўртасида ҳарбий тўқнашувлар содир бўлди. Юнусхўжа қўл остидаги ҳокимиятини мустаҳкамлаш ва атрофдаги хонликларнинг ҳужумларини қайтариш мақсадида ўз қўшинининг жанговар фаолиятини кучайтиришга қаратилган чораларни кўрди. Бироқ ҳунармандчилик ва қурол-яроқлар учун зарур бўлган металл етишмасди. Шу туфайли Тошкент ҳукумати Россиянинг ёрдами билан шаҳар атрофидаги тоғлардан фойдали қазилмалар (олтин, темир, мис)ни қазиб олишни йўлга қўймоқчи бўлади.

Шу вақтга келиб Тошкент билан Россия ўртасидаги савдо алоқалари анча ривожланган эди. Тошкент савдогарлари Сибирь, Оренбург ва Россиянинг бошқа жойларида савдо-сотиқни тинмай ривожлантирадилар. Улар Россиянинг Ўрта Осиё билангина эмас, балки Ҳиндистон, Эрон, Қашқар ва Қозоғистон билан савдо адоқалари ўрнатишида ҳам воситачилик ролини ўйнаганлар. Рус ҳукумати тошкентликларнинг бу муҳим ролини инобатга олиб, уларнинг Сибирга кўчиб келишларига рухсат беради ва унинг учун қулайликлар яратади. Натижада Сибирь линиясида тошкентликлар яшайдиган маҳаллалар вужудга келади. Ўша пайтда Тошкентдан Россияга ип ва ип газламалар, кийим-кечаклар, пахта, туршак ва бошқа моллар юборилган. Бундай тайёр маҳсулотларнинг Россияга жўнатиб турилиши Тошкентда ҳурнармандчилик саноати ва қишлоқ хўжалигининг маҳсулдорлигини таъминлашда, умуман, ишлаб чиқариш кучларини ўстиришда ғоят муҳим аҳамиятга эга бўлди. Бу вақтда Россия Ўрта Осиёда, шу жумладан Тошкентда саноати ривожланган давлат сифатида маълум эди. Буни яхши англаган Юнусхўжа Россияга элчи юбориб, алоқани мустаҳкамлашга интилади. Шу мақсадда у 1794 йилда савдо карвони орқали Сибирь линиясининг бошлиғи генерал-поручик, Штардманга махсус хат йўллайди. Унда савдо-сотиқни кенгайтириш ва тоғ жинслари бўйича мутахассислар юбориш таклифлари ёзилганди. Шу муносабат билан Штардман Тошкент ҳақидаги маълумотлар юзасидан рус ҳукуматига рапорт ёзиб, ижозат сўрайди. Натижада тошкентликлар турли моллар билан Сибирь линиясида қизғин савдо-сотиқ олиб борганлар. Уларнинг бу ердаги савдо ҳажми салмоқли ўрин эгаллаган. Россиядан Тошкентга мовут, духоба, қизил чарм, маржон, қанд, ойна, турли мўйналар, мис, темир асбоблар ва бошқа хил моллар келтирилган. Тошкент ва Ўрта Осиёнинг бошқа шаҳарларида рус савдогарлари савдо билан бемалол шуғулланганлар.

1794 йилда рус императорининг ижозати билан Сибирь линиясидан Безносиков ва Бурнашевлар Тошкентга жўнатилди. Уларга Юнусхўжа томонидан юборилган Қорабой исмли тошкентлик савдогар йўлбошчи қилиб тайинланган. Бурнашев тоғ жинслари бўйича мутахассис эди. Рус элчилари Тошкентга Бухоро орқали бормоқчи бўладилар. Бироқ уларни Бухоро хони Тошкентга ўтказмайди. Бундан хабардор бўлган Юнусхўжа, қандай бўлмасин, русларнинг Тошкентга етиб олишлари учун ҳаракат қилган. Лекин бу ҳаракат натижасиз тугайди ва рус элчилари Сибирга қайтишга мажбур бўладилар.

1796 йилда рус ҳукумати иккинчи марта ўз элчиларини Тошкентга юборди. Бу гал «маъданчилик» мутахассиси Телятников ва Безносиков элчи қилиб тайинланди. Шу йили руслар Тошкентда ҳурмат-эҳтиром билан кутиб олинди. Улар Тошкент атрофидаги тоғларда текширув ишларини ўтказдилар. Рус мутахассислари олтин ва кумуш йўқлиги, фақат мис, қўрғошин ва темир сингари жинслар борлиги ҳақида Юнусхўжага ахборот бердилар. Рус элчилари Тошкентнинг географик жойлашиши, аҳолиси, идора қилиш услуби, қўшини, савдо-сотиғи ва бошқа масалалар бўйича қимматли маълумотларни рус ҳукуматига етказиб турганлар. Шуларга кўра, Тошкент қўшини найза, қилич каби қуроллар, чўян ва темирдан ясалган тўплар билан қуролланган. Бундай тўплар 20 тача бўлан. Шаҳарда порох ишлаб чиқариш анча ривожланган. Жумладан, бир маълумотда бундай дейилади: «Порохни тошкентликларнинг ўзлари ишлаб чиқаради. Тошкентнинг селитрали ерлари жуда кўп. У ерлар бундай ўгитга бой. Қўрғошин Туркистонда қазилиб, Тошқентда эритилади. Лекин унинг миқдори жуда оз». Рус элчиларининг айтишича, Тошкентда қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ишлаб чиқариш анча ривожланган. «Тошкентда, — деб ёзади улар, — пилла, пахта жуда кўп. Шунингдек буғдой, арпа, тариқ, узум, ўрик, ёнғоқ, олма, нок, қовун-тарвуз сероб». Бу даврда Тошкент Бухоро, Хўжанд, Қўқон, Қашқар ва Тибет билан савдо алоқалари олиб борган. Айниқса Россия билан маҳкам алоқа боғланади.

Рус элчиларининг Тошкентдаги фаолияти рус ҳукуматининг диққат-эътиборида бўлган. Штардман ҳукуматга юборган махсус рапортида Тошкентнинг савдо маркази сифатида муҳим роль ўйнашини уқтириб ўтган. Юнусхўжа ўзининг биринчи маслаҳатчиси Муллажон Охун ва мингбоши Аширмат ботирларни рус элчиларига қўшиб, Петербургга жўнатади. 1796 йилнинг декабрь ойида Тошкент элчилари Петербургга етиб келиб, Юнусхўжанинг рус императорига йўллаган мактубини топширадилар. Мактубда: «…Менинг қўл остимдаги ерлардан тоцилган бешта конни текшириш учун металлургияни биладиган иккита мутахассис юборишингизни сиз улуғ подшоҳдан сўрайман», — деган сўзлар ёзилганди. Тошкент элчилари Петербургда шахсан император ва бошқа давлат арбоблари томонидан иззат-икром билан кутиб олинди ва қизғин суҳбатлар ўтказилди. Улар тоғ конларини биргаликда ишга туширишдан ташқари, савдо-сотиқни янада ривожлантириш хусусида ҳам келишиб олганлар. Шу билан бирга, Тошкентга тоғ жинслари бўйича яна мутахассислар юбориш ваъда қилинган. Ваъдага биноан 1800 йилда Тошкентга Бурнашев ва Поспеловлардан иборат рус кон инженерлари келдилар.

Тошкентда рус кон инженерларини Юнусхўжа қабул қилди, самимий суҳбатлашди. Мутахассислар Чирчиқ дарёси атрофидаги тоғларга бориб текшириш ўтказдилар; у ерда жинслар миқдорининг озлиги, техника ва мутахассисларнинг йўқлиги туфайли конларни очишга имкон йўқлигини аниқладилар. Буларни Россиядан келтирган тақдирда харажатларни оқлай олиш мумкин эмаслиги маълум қилинди. Бироқ Юнусхўжа Россия ёрдамида тоғ қонларини ишга солиш истагидан қайтмаслигини рус инженерларига уқтирди. Ҳатто Юнўсхўжа текшириш учун тоғ жинслари намуналарини Россияга олиб кетишга ҳам рухсат берган.

Рус кон инженерлари Тошкентнинг ўша вақтдаги аҳволига доир қимматли маълумотларни ёзиб қолдирганлар. Уларнинг кўрсатишича, илгари, шаҳарнинг тўртта даҳаси ўз қўшини ва ҳокимиятига эга бўлиб, ўзаро кураш олиб борганлар. «Бунинг натижасида, — деб ёзган эди улар, — деҳқончилик, чорвачилик тушкунликка учради, ҳосил берадиган боғлар хароб бўлди, ҳар бир киши тинч меҳнат қилиш ўрнига қурол билан чиқар ва ҳаётини доимо хавф остида қолдирарди». Бундай оғир аҳвол XVIII аср давомида, мустақил Тошкент давлати барпо этилгунга қадар, кўчманчиларнинг тинимсиз ҳужумлари ва зулми туфайли ҳам юзага келган эди.

XVIII асрнииг 80-йилларидан бошлаб Тошкент сиёсий ва иқтисодий жиҳатдан анча мустаҳкамланади, ҳунармандчилик ва деҳқончилик ривожланади. Ўша пайтда қўшинда бир қанча катта замбарак ва кичик тўплар бўлган. Замбараклар баландроқ жойларга ўрнатилар, тўплар эса туяларга ортилган ҳолда ишлатиларди.

Шунингдек турли рангдаги байроқлар, ноғора ва сурнайлар ҳам бор эди. Уруш бошланганда ҳар бир хонадондан икки киши аскарликка олинган. Жуда зарур бўлганда ишга яроқли одамларнинг ҳаммаси шаҳар мудофаасига жалб этилган.

Шуни кўрсатиб ўтиш лозимки, Тошкентда мустақил давлатнинг юзага келиши халқ аҳволини яхшилай олмади. Юқори табақа синфнинг аёвсиз зулми ва тўхтовсиз урушлар халқ оммасининг тинкасини қўритди. Бу ҳол Юнусхўжа бошлиқ ҳокимиятнинг заифлашишига олиб келди. Оқибатда 1808 йилда Тошкент Қўқон хонлиги томонидан босиб олинди.

1813—1814 йилларда Тошкент ва Қўқонга келган Филипп Назаровнинг бу хусусдаги маълумотлари ҳам диққатга сазовордир. «Губерния маркази бўлган Тошкент шаҳри, — деб ёзади Назаров, — Чирчиқ дарёси соҳилида жойлашган бўлиб, унинг катта қисмидаги текисликда қарийб 20 минг хонадон бор; 15 чақирим масофада шаҳар атрофи пахса девор билан ўраб олинган. Шаҳарда 12 та дарвоза бор… шаҳар ичкарисида аҳоли боғлари бўлиб, улар ҳам баланд девор билан ўраб олинган. Бу боғлар бир-бирига шу қадар яқин жойлашганки, улар орасидаги ўтиш жойи тор кўчадан кўра кўпроқ йўлакка ўхшаб кетади. Шаҳар атрофи ҳам боғлар билан қопланган. Уларга сув Чирчиқ дарёсидан канал орқали келтирилган. Каналдан шаҳарга фавворалар чиқарилган… Шаҳарда гумбазли эски мачитлар кўп». Шаҳар аёллари ҳақида ҳам Филипп Назаров қимматли эсдаликлар ёзиб қолдирган, «Мен хотин-қизларни фақат бозорларда паранжи-чачвон ёпинган ҳолда кўрдим. Улар қадди-басти келишган, башанг кийинишади…» Назаров Қўқон хонлигига қарши қўзғолоннинг гувоҳи бўлган. Бу қўзғолондан мақсад Тошкентнинг илгариги мустақиллигини тиклаш эди. Қўзғолонга маҳалий зодагонлар намояндаси Рустамбек бошчилик қилган. У Қўқон хонлиги Тошкентни босиб олгандан кейин қозоқ даштларига яширинган. Рустамбек Бухоро хони ёрдамида иш кўрган. Бу қўзғолон шафқатсизларча бостирилган ва унинг қатнашчилари қаттиқ жазоланган. «Мен ўн кун давомида, — деб ёзади Филипп Назаров, — бу бечораларнинг қандай қатл этилганини кўрдим. Тошкентликлар кўзи ўнгида улар қаттиқ азоблаб ўлдирилди. Рустамбек қўлга туширилди ва ўлим жазосига ҳукм этилди…» Бироқ Рустамбекнинг қариндош-уруғлари Филипп Назаровга мурожаат қилиб, ўлим жазосини бекор қилиш учун ёрдам кўрсатишини илтимос қиладилар.

1830 йилда Россиядан Ватанига қайтиб кетаётган қўқонлик элчиларга кузатувчи қилиб тайинланган Хорунжий Потаниннинг Тошкент тарихига оид эсдаликлари ҳам қизиқарлидир. Потанин 12 нафар казак ва бир урядникдан иборат кичик ҳарбий отрядга бошчилик қилган. У ўз отряди билан бирга Қўқон элчиси ва унинг ўн икки ҳамроҳини кузатиб борган. Потанин отряди Тошкентга киришдан олдин Қорақамишда тўхтади. Шаҳар маъмуриятининг вакили у билан учрашиш учун бу ерга келди. Шаҳарда руслар иззат-икром билан кутиб олинди. «Мен, — деб ёзади Потанин, — ўз отрядим ва элчилар билан шаҳарга йўл олдим. Совғалар ортилган туяларнинг икки томонида иккитадан казак, уларнинг орқасидан эса бизлар борардик. Бизларни Тўқсабо (Ўрта Осиё хонликларидаги лавозимлардан бири) қилич, найза ва камон ўқлари билан қуролланган эллик киши билан кутиб олди. Аскарлар турли рангдаги чопон кийиб, бошларига салла ўраб олишган ва тартибсиз ҳолда отда юриб борардилар. Уларнинг баъзилари арғумоқ, айримлари қирғиз отларини миниб олган эдилар. Ортидан эса пиёда ва отлиқ кекса ҳамда ёшлар келарди».

Шаҳар марказида русларнинг пайдо бўлиши аҳоли орасида қизиқиш уйғотди. Рус солдатларининг интизомлилиги уларни ҳайратга солган ва қойил қолдирган эди. Потанин шу тўғрида қуйидагиларни ёзади: «Бизлар шаҳарга кириб борар эканмйз, томларда, деворларнинг устида кўплаб эркак ва аёлларнинг қизиқиш билан қараб турганликларини кўрдим. Ҳамма бизларга ажабланиб тикилар, тартиб билан юришимизни, цилиндр шаклидаги баланд, ярқироқ бош кийимимизни ва қуролларимизни ҳайратланиб томоша қиларди… Бозордан ўтиб бораётганимизда ҳам у ердаги одамлар савдо-сотиқни тўхтатиб, диққат билан кузатардилар…»

Тошкент қушбегиси русларнинг шаҳарга келиши шарафига зиёфат берди. «Зиёфатда қушбеги мендан Россия тўғрисида жуда кўп нарсаларни сўраб билди», деганди Потанин. Зиёфатдан кейин қушбеги рус ҳарбий машқларини кўрсатишни илтимос қилди. Потанин казакларни саф торттирди, сўнгра уларга найза ва қилич билан турли машқлар бажартирди. Қушбеги бундан ғоят хурсанд бўлиб, Потанинга миннатдорчилик билдирди. Хон русларнинг Қўқонга келишидан жуда мамнун бўлганини айтди.

Хорунжи Потанин Тошкентда аҳоли ғаллакорлик ва боғдорчилик билан шуғулланиши, шаҳар ерлари унумдор эканлиги, экинзор ва боғларга сув каналлар орқали олиб келинганлиги тўғрисида ҳам ёзади. Унинг эсдаликларида тошкентликларнинг куй ва рақслари, аёллари ҳақида маълумотлар бор. Хорунжи Потанин Сибирдан Тошкентга, сўнгра Қўқонга бораётганида фақат сувсиз қақраб ётган даштларнигина эмас, деҳқончилик воҳаларини, обод шаҳарлар ва қишлоқларни ҳам кўрди. У ўзбек халқининг меҳнатига юксак баҳо беради: «Бу ерларда фақатгина кўчманчи халқ ва чорва моллари намоён бўлибгина қолмай, кўркам далалар, катта-катта шаҳар-қишлоқлар, сиёсий жиҳатдан бирлашган, ҳокимият ва қонунларга бўйсунувчи, савдо-сотиқ, фойдали ҳунармандчилик ва санъаткорлик билан машҳур, ҳаёт кечириш йўлида фидокорона меҳнат қилаётган одамларни ҳам кўриш мумкин».

Гарчи Потанин Тошкентдан орқага қайтиб кетиши керак бўлса-да, шаҳар ҳокимининг таклифига биноан, у Қўконга жўнайди. Қўқонда ҳам Потанинни ҳурмат ва эҳтиром билан кутиб оладилар.

Хорунжи Потанин Тошкент билан Сибир ўртасида савдо карвонлари ва элчилар қатнаган йўлларнинг батафсил тафсилотини қолдирган. У 1829 йилнинг 12 августида Омскдан Семипалатинскка, сўнг Иртиш дарёсидан ўтиб, Мирзачўлга ёки Ботқоқдалага келади. У 800 чақиримдан ортиқ масофани босиб ўтди. Сув етишмаслиги ва манзилгоҳлар йўклиги туфайли йўл юриш ғоят машаққатли эди.

У қояли тоғларга йўлиқади. Потанин Темирчи тоғининг тагида уч аршин келадиган одам қиёфаси тасвирланган тош устунни кўради. Қизилрай тоғи яқинидаги Бўғозбулоқ кўли тепасида ҳам худди шундай қоя кўрганлигини айтади. Бу ерда яна тўртбурчак шаклидаги катта-катта тошлар ётарди. «Тўртбурчак шаклидаги тошлар ва тош устунлар, — деб ёзади Потанин, — вайронага айланган биноларни эслатиб турарди. Биринчиси, қабрга қўйилган тошлар, иккинчиси эса илгари бу ўлкаларда яшаган халқларнинг машҳур фарзандларини шарафловчи ёдгорлик, деб тахмин қилиш мумкин… Тош устунлардаги тасвирлар ғоят моҳирлик билан яратилган бўлиб, мусулмонлар у жойни муқаддас деб биладилар. Шунинг учун ҳам қирғизлар, тошкентликлар ва ислом динидаги бошқа халқлар бу ерда тўхтаб, Қуръон ўқийдилар».

Даштдан кейин йўл Олатов дарёсидан бошланувчи Чуй дарёси орқали ўтади. Карвонлар бу дарёдан кечиб ўтгач, унинг 500 чақирим келадиган ирмоғи бўйлаб борганлар. Бу ерда Потанин Тошкентдан Семипалатинск шаҳрига кетаётган савдо карвонини учратади. Айни вақтда Филипп Назаров ҳам Семипалатинск ва Петропавловскка савдо карвонлари келганлиги ва жўнаб кетганлигининг гувоҳи бўлган. Масалан, 1814 йилда у 1500 туядан иборат савдо карвони Тошкентдан Семипалатинск ва Петропавловск шаҳарларига юборилганини кўрган.

Чуй дарёси ирмоғи кечувидан кейин йўл эгри-бугри қумлоқ дашт орқали ўтиб, юриш ғоят мушкул эди. Бу йўл Қўқон хонлигининг Чўлоққўрғон истеҳкомига, сўнгра Бўролдак, Қоратов тоғлари туташган Чўлоқовуш деган жойга олиб борарди. Чўлоққўрғон аҳолисининг кўпчилиги тошкентликлардан иборат эди. Улар маъмурий лавозимларни эгаллаб, савдо-сотиқ ва деҳқончилик билан шуғулланардилар. Бу ерда Россиядан, Хитойдан ва ўлкадаги бошқа мамлакатлардан келадиган карвонлардан бож олинарди. Сўнгра йўл Мингбулоқ ва Чимкент орқали ўтарди. Чимкентда русларни маҳаллий маъмурлар ғоят самимий кутиб олдилар. Потанин шу ҳақда: «Шаҳар ҳокими бизларга чой ва чилим тутиб, узум, қовун ва палов билан меҳмон қилди. У мендан Россия тўғрисида, биздаги турмуш тарзи, русларнинг урф-одатлари ҳақида сўраб-суриштирди», деб ёзади. Айни вақтда Потанин Чимкентда оддий халқ, хотин-қизлар Тошкентдагига қараганда бирмунча эркин эканлигини пайқади. «Аёллар анча гўзал, хушмуомала бўлиб, эркаклардан юзларини яширмайдилар».

Чимкентдан эса йўл Тошкентга олиб борарди.

Хулоса қилиб айтганда, ушбу маълумотлар Тошкентнинг сиёсий, иқтисодий ва маданий ҳаётини ўрганишда жуда катта аҳамиятга эга.

Ҳамид Зиёев,

тарих фанлари доктори, профессор

“Шарқ юлдузи” журнали, 1983 йил 8-сон.


Зиё истаган қалблар Telegram каналига марҳамат!