Ғулом Хўжаев. «Шайбонийнома» Вамбери таржимасида (1984)

Машҳур тарихчи алломалар Жувайний, Алоуддин Отамалик ибн Муҳаммад, Шарафиддин Али Яздийларнинг асарлари қаторида Муҳаммад Солиҳнинг «Шайбонийнома» достони ҳам маданиятимиз тарихидан муносиб ўрин эгаллайди. «Шайбонийнома»нинг асл нусхаси топилган эмас, аммо шоирнинг ҳаётлигида, Қосим котиб томонидан 1510 йилда кўчирилган нодир нусхаси Венада сақланади. Асар Шайбоний ва темурийлар ўртасидаги кураш тарихига бағишланган бўлиб, 1499—1506 йиллар орасидаги воқеаларни ўз ичига олади. «Шайбонийнома» 76 бобни ташкил этган 4456 байтдан иборат.

Асар XIX асрдаёқ европаликларнинг эътиборини ўзига тортган. Бу борада гап кетар экан, ўзбек адабиёти ёдгорликларининг биринчи таржимонларидан машҳур венгер шарқшунос олими Вамберининг (1832—1913) хизматини алоҳида қайд қилмоқ лозим. У Юсуф хос Ҳожибнинг «Қутадғу билик» достонини «Уйғур тили обидалари ва Қутадғу билик» номи билан 1870 йили Инсбуркда ва 1885 йили Венада «Хоразмлик шаҳзода Муҳаммад Солиҳнинг 76 бобдан иборат ўзбекча қаҳрамонлик эпоси «Шайбонийнома» деган номда Муҳаммад Солиҳ асари асл матнини ва немисча таржимасини нашр эттиради. Агар «Қутадғу билик» — умумтуркий халқларнинг муштарак адабий обидаси бўлса, «Шайбонийнома» — ўзбек адабиётининг обидаси. Вамбери ўзбек халқи ва Ўрта Осиёнинг бошқа халқлари адабиёти, маданияти ва тарихига оид кўпгина асарлар ҳам ёзган. Унинг асарлари инглиз, немис, француз ва бошқа бир қатор Европа тилларига таржима қилинган. Гарчи венгер олимига қадар айрим немис шарқшунослари ўзбек адабиёти намуналаридан немис тилига ўгириш иши билан шуғулланган бўлсалар-да, лекин уларнинг ҳеч бири бу соҳага Вамбери сингари чуқур киришмаган эди. Улар ўзбек адабиёти намуналаридан қилган таржималарини кўпинча бошқа тил воситасида амалта оширганлар. Вамбери таржималари эса бевосита асл нусха тилидан ўгирилган. Бу борада унинг ёшлигиданоқ Осиёга бўлган муҳаббати туфайли бир қатор Шарқ тилларини ўрганганлиги катта фойда беради. Бир венгер баронининг ёрдамида анчагина маблағ билан таъминланган олим 1856 йили Константинополга боради. Бу ерда тўрт йил муаллимлик қилади. Турк тилини ва Шарқнинг урф-одатларини яхши ўрганади. Вамбери 1858 йили немисча-туркча, 1860 йили эса немисча-чиғатойча луғатларни нашр эттиради. 1861 йилда у Венгрия Фанлар академиясининг мухбир аъзолигига сайланади. 1863 йилда Венгрия Фанлар академиясининг топшириғи билан Теҳронга боради. Йигирмадан ортиқ Европа ҳамда Шарқ тилларини билган Вамбери Маккадан ватанига қайтаётган ҳожиларга қўшилиб дарвиш қиёфасида Мозандаронга ўтади ва туркман чўллари орқали Хивага етиб келади. Хива ва Қўнғиротда бир муддат тургандан сўнг у Қизилқум орқали Бухоро ва Самарқандга боради. Қарши, Керки, Маймана каби шаҳарларни бориб кўргандан кейин эса Ҳирот, Машҳад, Теҳрон ва Трапезонд (Туркиядаги шаҳар — X. Ғ.) орқали Константинополга қайтади. Вамберининг саёҳат манзиллари ўша даврда шунчалик ҳайратомуз эдики, ҳатто Европадаги кўпчилик олимлар унга ишонмаганлар. Кейинги сайёҳлар Ўрта Осиёни кўриб, танишганларидан сўнг унга қўйилган айблар асоссиз экани исботланган. 1865 йили Пешт университети Вамберига Шарқ тиллари профессори унвонини беради. Олим Ўрта Осиё халқларининг XIX аср 60-йилларидаги географик муҳити, тарихий, ижтимоий муносабатлари, турмуш ва маданий ҳаёти ҳақида, эски ўзбек, уйғур тиллари, татар-турк ва фин-угор лексикографиясига доир асарлар ёзган.

Хўш, Вамбери «Шайбонийнома»ни нега таржима қилди? Бизнингча, достон Вамберини тарихий асар сифатида кўпроқ қизиқтирган. У XV аср охири ва XVI аср бошларидаги Ўрта Осиё тарихи, географияси, этнографияси, маданиятини ўрганиш борасида «Шайбонийнома»нинг аҳамиятини юқори баҳолайди. Шунинг учун ҳам у асар таржимасига бежиз қўл урган эмас. Вамберининг ўзи бу ҳақда шундай дейди: Мақсадим немис тилига ағдарувчи таржимон бўлиш эмас, Марказий Осиёнинг туркий адабиётидан… бирор-бир асарни тарихчилар, этнографлар ва туркологларга ёрдам бериш учун умумий мазмунга яқинроқ келтириб таржима қилиш эди.»

Вамбери нашрининг тузилиши қуйидагича: 1. Мундарижа — 4-бет; 2. Сўз боши — 13 бет; 3. Асл нусха матни немисча таржима — 447 бет. 4. Шарҳлар — 17 бет. У поэтик таржима эмас. Сўз ва ибораларнинг мазмунини аниқроқ бериш мақсадида Вамбери таглама таржима қилган. Бундай аниқликка интилиш асарга тарихий, хронологик жиҳатдан ёндашишга сабаб бўлди, чунки бу ерда ибора ва тасвирларда қўлланган поэтик воситалар ва бадиий образларгина эмас, балки ҳар бир эпизод, воқеа, этноним, жой номи, кишилар илми хусусидаги фикрлар ҳам алоҳида қимматга эга. Бу ҳақда Вамбери шундай ёзганди: «Ушбу таржима ҳақида биринчи навбатда шуни айтишим керакки, ўзбекчадан немисчага таржима қилишда менга иккала тилнинг қийинчиликларига ҳам бардош беришга тўғри келди. Айниқса, муаллифнинг бир фикри бир-биридан жуда кам фарқ қиладиган икки синоними билан ифодалаши ҳатто ҳақиқий немис кишисига ҳам қийинчилик туғдиради. Менга, яъни немис бўлмаган полиглот — ёзувчига бу достонни таржима қилиш шунчалик қийин бўлдики, агар бу ишда кўп ҳурматли дўстим ва ҳақиқий инсон жаноб Оттокарфон Шлехта-Всерд[1]нинг ёрдами бўлмаганда, бутун ҳаракатларим беҳуда кетар эди.»

Вамбери таржимасининг илмий қимматини таъкидлаган ҳолда, унинг бадиий жиҳати тўғрисида ҳам гапириш зарур. Юқорида қайд этганимиздек, мазкур иш гарчи, том маънода бадиий таржима бўлмаса-да, у ўз давридаги адабий-маданий алоқалар учун катта аҳамият касб этган.

Масалан:

Қойсига ҳусну малоҳат бердинг,
Олам аҳлидин ани ойирдинг.
Қойсиға ишқ иноят қилдинг.
Ани машҳури вилоят қилдинг.
Қою хушдил, қою маҳзун бўлди,
Қою Лайли, қою Мажнун бўлди (26).

Бу мисралар Вамбери таржимасида шундай жаранглайди:

Бирига сен ҳусн ва чиройли қомат бердинг,
Ва уни бошқа ҳаммадан айирдинг.
Бошқасига сен «ишқ», «муҳаббат» бердинг,
Ва бу «сеҳр» билан машҳур қилдинг.
Бири хурсанд бўлди, бири хафа,
Бири Лайли бўлди, бири Мажнун (11—13)[2].

Мазкур парча Вамбери таржимаси сўзма-сўз, таглама эканини тасдиқлайди. У байтлардаги образлиликка етарли эътибор бермасдан, унинг коммуникатив мазмунини ифодалашга ҳаракат қилган.

Турмуш ва маиший ҳаётга доир деталларни иложи борича аниқ беришга ҳаракат қилган Вамбери немис тилида уларнинг муносиб вариантларини топмаган пайтда, транслитерация усулини қўллаган:

Анча ўлуб эди от бирла қўй,
Ким тўлуб эрди бори шаҳру кўй.
Ҳам сочиқ бор эди юлдуздин кўп,
Ҳам кийиб Кеш ила Қундуздин кўп.
Басе бир ойғача тўй эрди,
Тўй ушул шоҳға дилжўй эрди (257).

Вамбери таржимасида:

Жуда кўп от била қўй бор эди,
Шаҳар ва қишлоқ улар билан тўлди.
Бу ерда совғалар ҳам юлдузлардан кўп эди,
Кеш ва Қундуздан келган эди.
Бир ой давом этди байрам (тўй),
Байрам (тўй) шоҳга ёққан эди (343).

Биринчи байтда мураккаб тушунча ва номлар йўқ. Шунинг учун ҳам у немис тилига яхши ўгирилган. Иккинчи байтда «соболь» ва «қундуз» маъноларини англатувчи «кеш» ва «қундуз» номлари учрайди. Бу ерда «соболь» ва «қундуз» мўйнасидан тикилган кийим кийган кишилар ҳақида гап кетяпти. Вамбери мазкур зоонимлар-(ҳайвонларнинг номлари)ни нотўғри тушуниб, уларни топоним-географик жой номлари деб қабул қилган, чунки Кеш ва Қундуз деб аталувчи йирик шаҳарлар мавжуд. Вамбери зоонимларнинг мазмунини тушунмасдан, айнан «келиб» ўрнига «кийиб» сўзи ёзилганини котибларнинг хатоси деб ўйлаган бўлса керак. Ҳақиқатда эса бу ерда ҳеч қандай хато йўқ. Аксинча Вамберининг ўзи ноаниқликка йўл қўйган.

Баъзан шеърий ўхшатишларни Вамбери нотўғри тушунган, шунинг учун ҳам уларни транскрипция йўли билан ифодалаган:

Эй рисолат чаманининг самани,
Вай набуват суманининг чамани!
Инна амлаҳ чаманининг гули сен,
Инна афсаҳ гулининг булбули сен! (28).

Вамбери таржимасида:

Эй, сен башорат майдонидаги гулсан,
Эй, сен башорат гулининг майдонисан!
Сен «Ана Амлаҳ» яйловидаги гулсан,
Сен «Ана Афсаҳ» гулининг булбулисан (15).

Биринчи байт асосан тўғри берилган. Иккинчи байтдаги ёқимли, гўзал, ширин (сўз) каби маъноларни англатувчи «амлаҳ» ва «афсаҳ» эпитетларини Вамбери нотўғри тушуниб, уларни топоним деб қабул қилган.

Деди Мирзоки: «Будур Шоҳизамон,
Борчангиздин улуғ улдир султон.
Менинг ўрнумда ани шоҳ қилинг,
Борчангиз анинг эшигига келинг…» (302).

Вамбери таржимасида:

Шунда Мирзо деди: «Бу ерда Шоҳизамон
Ҳаммангиздан у каттадир;
Менинг ўрнумда уни шоҳ қилинг
Ва ҳаммангиз унга садоқатли бўлинг» (409).

Ушбу мисолдаги «Шоҳизамон» атоқли от, яъни киши исми эмас, балки унвондир. Олим буни тўғри англай олган эмас.

Умуман олганда, Вамбери «Шайбонийнома»ни дуруст таржима қилган. Таржимон ҳамиша ҳар бир сўз ва ҳар бир иборанинг мазмунини синчиклаб ўрганиб унинг моҳиятини очиб беришга интилган. Албатта бу борада Вамберига эски ўзбек тили, унинг диалектларн ва бошқа шарқ тилларини ҳам яхши билгани қўл келган.

Асар таржимасининг муваффақиятли чиқишига яна бир сабаб шуки, олим «Шайбонийнома»га қадар ҳар туркий халқларнинг муштарак ёдгорлиги «Қутадғу билик» таржимасига ҳам қўл уриб, катта тажриба тўплаган эди. Ана шу омилларнинг барчаси Вамберининг муваффақиятини таъминлаган.

“Шарқ юлдузи” журнали, 1984 йил, 2-сон.

________________

[1] Шлехта-Всерд (1825.20.07. — 1894.18.12.) Венада туғилган. Таниқли шоир Франц Фрайҳерри Шлехтанинг ўғли. Шарқ академиясида ўқиган. 1848 — 1870 йилларда Константинополда элчихонада таржимон бўлиб ишлаган. 1861 йилда Шарқ академиясида вақтинча директорлик қилган. Форс ва турк адабиётини чуқур билган

[2] Барча сўзма-сўз таржималар бизники — (X. Ғ.)


Зиё истаган қалблар Telegram каналига марҳамат!