Ғафур Ғулом. Талант ва маҳорат (1962)

Мен ёш қаламкашлар ҳақида бир-икки оғиз сўз айтишни кўпдан буён ўйлаб юрган эдим. Киши қариган сари ўринбосарлар тўғрисида кўпроқ ташвиш тортадиган бўлиб қолар экан. Ахир, ҳамма касбда бўлганидек, бадиий ижодда ҳам ўринбосарлар, меросхўрлар бўлади, бусиз адабиёт ўсмайди. Мен ижодкорлик заҳматини ўз бўйнига олиб қалам тебратаётган ёш ёзувчиларга назар ташлар эканман, кўпгина енгил тортаман, оталик ғурури, қандайдир қониқиш ва таскинлик ҳисси пайдо бўлади. Ростини айтганда, шеъриятимиз булоғида қайнаётган ёш шоирларнинг ҳисобига ета олмайман. Уларнинг қанчаси давр синовидан ўтиб, шеъриятимиз осмонида порлаб турувчи юлдуз бўларкин, буни мен айта олмайман. Лекин ишонч билан айта оламанки, шеъриятимизга дадил, дидли, равшан ва доно ижодкорлар кириб келмоқда, улар мен бошлаган шеърни давом эттиради, ёзолмаган сатрларимни ёзади. Ҳусниддинни ёки Эркинни айтайми, Теша Сайдалиевни ёки Ҳамид Нурийни тилга олайми ёки бошқаларними, қисқаси, ҳаммасида кишини ўзига жалб қилувчи нимадир бор. Мен ёш шоирларимиз тўғрисида ҳозирча кўп гапирмайман. Бу менинг шоир бўлганим учун эмас, балки шоир меросхўрларимизнинг ёш ҳикоянавис ёки драматургларга нисбатан анча мўллиги туфайли, холос. Одил Ёқубовни ёш драматург дейишга ҳаққим йўқ, у аллақачон катталар даврасидан ўрин эгаллади. Ҳикоячиликка келганда эса, аҳвол сал дуруст. Саид Аҳмаддан кейин анча танаффусдан сўнг Ўлмас Умарбеков, Фарҳод Мусажонов, Худойберди Тўхтабоев каби умидли ёшлар майдонга чиқди. Кези келганда шуни айтиб ўтайки, бизда кичик жанр — ҳикоячиликка етарли диққат қилинмаганлиги менинг иззат-нафсимга тегади. Шунинг учун ҳам бу мақолани атайин ёш прозаикларга бағишладим.

Мен, Улмас Умарбеков ижоди диққат қилса арзирли, деб ўйлайман. Унинг активлиги, тиришқоқлиги ва тинимсиз изланиши эътиборимни тортди. Ўзим актуаллик ва ҳозиржавобликни, сиёсий ўткирлик ва партиявий юксакликни ижоднинг ўзаги, деб тушунганим учунми, Ўлмас асарларидаги мавзу муҳимлиги, актуаллик ва чуқур замонавийлик менга ёқади. Фикримча, халқимга ҳам ёқса керак. Ўлмас ҳар кунлик оддий воқеалар асосида каттароқ, муҳимроқ гапни айтишга уринади, одамларимизнинг юксак инсоний фазилатларини оддий, лекин жонли, такрорланмас лавҳаларда очиб беришга интилади. Ўлмас адабиётнинг вазифаларини тўғри ва чуқур тушунади, ёзувчи ҳам оддий бир одам, кишиларга хос ҳамма қайғу-аламда, ҳамма севинч, кўркамликда унинг ҳам насибаси бор. Ўлмас ўша дастлабки салмоқли китоби бўлмиш «Юрак сўзлари» тўпламида ҳам, «Қишлоғимиз кишилари» номли очерклар китобида ҳам, конкурсда мукофотга сазовор бўлган «Бобоёнғоқ» асарида ҳам одамларимиз юрагидаги, онги ва юриш-туришидаги ўзгаришларни, янгиликларни кўрсатишга ҳаракат қилади.

Ёшларда, ҳатто катталарда ҳам шундай камчилик борки, улар ўз ҳикояларида ҳаётдаги бирор янгиликни оладилар-да, уни қуруқ баён қилиш билан банд бўлиб, одамни бутунлай эсдан чиқариб юборадилар. Ваҳоланки, янгиликни одам яратади ва у одам учун яратилади. Улмас Умарбеков ўз асарига ана шундай янгиликни асос қилиб олади-да, унинг воситасида кишиларимиздаги ўзгариш, ўсишни очиб беради, уларни ўша нарсаларнинг ижодкори, ҳаракатга келтирувчиси сифатида кўрсатади. Бу жиҳатдан унинг «Хатингни кутаман», «Беш панжа баравар эмас», «Юрак сўзлари», «Бобоёнғоқ», «Меҳр» ва «Ҳайкал» ҳикоялари алоҳида эътиборга лойиқ. Бу ҳикоялардаги одамлар жонли, ёрқин характерли бўлиб, энг аввало давлат ва халқ манфаати учун жон куйдирадилар, ахлоқни ҳимоя киладилар. Улар самимий, бир-бирига дўст, ҳамкор. Ҳа, Ўлмас юқоридаги асарлари билан ижодда яна баландроқ поғонага чиқди. Бу ҳикояларнинг мазмуни кенг, фикран чуқур ва умумлаштириш кучи анчагина баланд. Буларда Ўлмас сафсатабозлик, баёнчилик ва сустликдан қутулган, ёрқин характерлар яратишга эришган. Улар кам гапириб, кўп ҳаракат қилади. Ёш ёзувчи қаҳрамонларнинг психологиясига, қалб ҳаракатига асосий диққатини қаратган. Лекин бу Ўлмас Умарбеков тап-тайёр ёзувчи бўлиб етишди, деган сўз эмас. Унинг баъзи ҳикояларидаги сюжет суст, баёнчилик, чўзиқлик бор, нурсиз образлар учраб туради. Сўнгра Ўлмасда конфликт заифлиги равшан сезилади, тасвирда образлилик етишмайди. Тил бойлигини ошириш устида кўпроқ ишлашни эслатиб ўтардим.

Мен Ўлмаснинг бундай камчиликлардан қутилишига ва мустақил, ўзига хос, эътиборли ёзувчи бўлиб етишишига қаттиқ ишонаман. Унда талант билан бирга интилиш, ҳаракат ва сергаклик бор. Шунга ишониб, яхши умид билан Ўлмасни анча мақтаброқ юбордим. Бу мақтовни Ўлмас Умарбеков маълум даражада қарз деб тушунса ҳам майли.

“Ўзбекистон маданияти”, 1962 йил 8 сентябрь