Ғафур Ғулом. Шоир айблайди (1949)

Фурқатнинг Ҳиндистондан ёзган хатлари

Мен йирик шоиримиз Муҳаммад Зокиржон Фурқат тўғрисида баъзи нарсалар ёзиш ниятидаман. Тунов куни мўйсафид китобхон Мулла Мўминжондан Фурқат тўғрисида янги материаллар топиб беришини илтимос қилдим. У менга «Туркистон вилоятининг газети»нинг (маълумки, бу газета ўзбек тилидаги биринчи босма газетадир) саҳифаларида босилган уч хабарни олиб келиб берди.

Мен бу хабарларни илгари кўрмаган эканман. Ҳолбуки, улар Фурқатнинг фаолияти ҳақидаги фикрларни тўлдириш учун жуда зарур бўлган материаллардандир. Фурқат ҳақида махсус мақола ёзган ё китоб чиқарган ўртоқларим ҳам улардан бехабар бўлсалар керакки, бу муҳим хабарлар ҳақида бир оғиз ҳам гапирмаганлар.

Ҳар уч мақола «Туркистон вилоятининг газети»нинг 1897 йил 28 ноябрдаги 45- сонининг 6- ва 7-саҳифаларида босилган.

Маърифатпарвар ва гуманист шоирларимиздан бўлган Фурқат мазлум, бечора, ҳимоясиз ҳинд ва афғон халқининг инглиз зулми остида қаттиқ жабру жафо чекканини ўз кўзи билан кўриб, шу хабарларни ёзган экан:

«…Алҳол жамоаий афғониянинг бу тариқа ҳужуми хавфидин Жилим дарёсининг канорасиға ҳисобсиз англис лашкари кўп тўпхона бирла келиб ётибдур. Маланкан деган мавзеда ўн минг чоғлик афғон халқи бирлан англис лашкари орасида муҳориба бўлиб, афғон халқи шикаст топган вақтда, афғон хотинлари эрлари қўлидан уруш асбобларини олиб, якбора ўзларини англис лашкариға уриб, бир ярим соатда англисларға шикаст берибдирлар…»

Фурқат ёзган иккинчи хабар:

«…Ва яна Калкуттадан ахбор қилурманким:

…Ва дигар Ҳиндистон вилоятларида мусулмонлар билан ҳиндилар орасида хусумат пайдо бўлиб эркан. Бу хусуматнинг мусаббиби англислар эркан.

Ва яна хабар берурларки, мусулмонларнинг ёш болалари ногоҳдан касал бўлиб ўлибдирлар. Тафаххус қилсалар, Лондон шаҳридин келган ҳалволарнинг ичиға заҳар қўшилған эркан…»

Фурқат ёзган учинчи хабар:

«…Ва яна Билужистон бирла англис орасида муҳориба бориб турибдур.

Билужистон тарафларидин кўп одамлар ҳар кун келиб Сувот халқиға қўшилуб турадирлар. Бу муҳориба қилған афғонларға таъйин бўлған мавожиб йўқдир. Ҳар ким ўз авқатини ўзи олиб келиб муҳориба қиладир. Озуқлари тугаган одам кетиб, ўрниға янгидин озуқи бор кишилар келадир. Озуқи тугагунча муҳориба қилиб, ўрнига яна янги одамлар келиб, булар кетадирлар. Валҳосил, кундин-кунға одам кўпайиб турадир».

Яъни устод шоиримиз Фурқат хабар беради:

1. Афғондек кичкинагина халққа қарши инглизлар аскар юбориб, босқинчилик қилган.

2. Улар харитада ҳам кўринмайдиган билужийлар устига бостириб келганлар.

3. Мустамлакачи инглизлар ҳинд халқининг наслини қуритиш учун Лондондан Ҳиндистонга ҳалво деб заҳар блиб келганлар.

Фурқатнинг юқоридаги сўзлари ҳали ҳам ўз аҳамиятини йўқотгани йўқ. Чунки улар ҳозирги кунда бизнинг кўз ўнгимизда бўлаётган баъзи воқеаларни тўлароқ изоҳлашга ҳам ёрдам берадилар.

Бу хабарлар инглизлар Шарққа маданият тарқатиш учун келганлар, деган сохта тарғиботнинг мисини чиқаради. Бу ҳужжатлар яна Шарқ мамлакатларининг халқлари ўз ватанларига ёвуз ниятлар билан босқинчилик қилиб келган инглизларга қарши тинмай курашганликларидан дарак беради.

Иккинчи хабарда Ҳиндистон вилоятларида мусулмонлар билан ҳиндилар орасида пайдо бўлган низоларнинг сабабчиси сифатида инглизлар кўрсатилади. Бу хабар бундан роппа-роса 52 йил илгари ёзилган, лекин ҳозир ҳам инглиз империализмининг бу мамлакатга нисбатан олиб бораётган жирканч сиёсатини фош қилади. Шу сатрлар ёзилган давр билан бизнинг кунларимизгача бўлган ярим асрдан ортиқроқ вақт ичида содир бўлган воқеаларни эслайлик. Ҳиндистон халқларининг инглиз босқинчилигига қарши юқоридаги хабарларда ҳам қайд қилинган нафрати кун сайин кучая борди. Ҳинд халқининг мустамлакачилик зулмига қарши курашидан, унинг миллий озодлик ҳаракатларидан қўрққан Англия ва Америка империалистлари Ҳиндистондаги мусулмонлар билан ҳиндлар орасига низо ва душманлик солиб, уларни бир-бирини қиришга зўр бериб ундади ва шунга уриниб кел-моқда.

Узоқ вақтлардан бери олиб борилган бу сиёсат натижасида миллионлаб алданган ва бечора ҳиндлар ўлди, хонавайрон бўлди, инглиз босқинчилар эса бундан манфаат топиб келди. Бу йиртқичлар ўзларининг «бўлиб ташла ва ҳукмронлик қил» деган ваҳший принципларини амалга ошириб, бир қанча миллионларча мустамлака халқларини аллақачонлардан бери қон қақшатиб келмоқда.

Фурқат ёзган хабарлар империалистларнинг турли халқлар ўртасига низолар солиш найранги, у мамлакатларнинг бегуноҳ аҳолисини қиришда қўлланаётган жирканч усуллари авваллардан борлигини ва амалга оширилиб келаётганлигини кўрсатувчи тарихий ҳужжатлардандир. Шунинг учун империализм устидан бўлажак судда улуғ шоиримиз Муҳаммад Зокиржон Фурқат ҳам қораловчи сифатида қатнашажак.

Келаси мақолачамизда Фурқатнинг рус аскарининг фазилати ҳақида ёзган «Офарин» сарлавҳали асари тўғрисида сўзланажакки, бу асар ҳам янги топилган, у ҳам «Туркистон вилоятининг газети»да чоп қилинган экан.

“Шарқ юлдузи”, 1949 йил, 11-сон