Ғафур Ғулом. Озарбайжон халқининг буюк шоири (1953)

Гениал озарбайжон шоири, гуманист ва мутафаккир Низомий вафот этган кунга 750 йил тўлди. Буюк озарбайжон шоири Низомийнинг номи ўлмасдир, унинг ажойиб асарлари фақат озарбайжон халқигагина эмас, шу билан бирга Совет Иттифоқининг барча халқларига, бутун тинчликсевар прогрессив инсониятга яқиндир.

Низомий XII асрда яшади. У 1141—1142 йиллар атрофида Озарбайжоннинг Ганжа шаҳарида туғилди. Унинг асли номи Илёс бўлиб, Отасининг номи Юсуф эди.

Низомий яшаган ва ижод қилган тарихий даврда Озарбайжон тўрт асосий областга — Ширвон, Дарбанд, Аррон ва Жанубий Озарбайжон областларига бўлиб юборилган эди. Бу областларда турли династиялар ҳукмронлик қиларди. Улар ўртасида урушлар бўлиб турар, бундан халқ ғоят озор чекар, зулм ва машаққат гирдобида яшар эди.

Ўша вақтда ҳунармандчилик ва бинокорлик саънати, савдо-сотиқ ишлари ривожлана бошлади. Бунинг натижасида мамлакатнинг маданияти ривожланди. Фан ва адабиётнинг илғор вакиллари ҳукмронларнинг қаршиликларига қарамай, жаҳон маданиятига қимматбаҳо ҳисса қўшдилар. Меҳнаткаш халқ билан қаттиқ боғланган бу кишилар подшоларнинг саройларидаги қасидабоз формалист шоирлардан фарқ қилар эдилар. Чунончи, Хоқоний, Фалакий, Байлаконий каби шоирларнинг ажойиб асарлар ёзиб, зулмга ва золимларга қарши исён руҳидаги шеърларини қўлёзма тарзида халқ ичига тарқатганликлари маълум. Уларнинг асарларида халқни эзувчиларнинг шафқатсизликларига қарши қаттиқ норозилик баён қилинган, Низомий ҳам худди шундай халқпарвар шоирлардан эди.

Низомий ўзидан аввалги фан ва адабиёт меросидан чуқур ва баракали фойдаланди, ўз шеърлари билан замонасидаги энг яхши шоирлардан ҳам устун эканлигини исбот қилди. Унинг қалами, гениал таланти халққа хизмат қилишга бағишланди.

Низомийнинг қуйидаги тўрт мисра шеъри унинг юксак шеърий маҳоратидан далолат беради:

Вар бошад сад ситора дар пеш
Таъзийми як офтоб азу беш,
Гарчи ҳама кавкаби батоб аст,
Афрўхтаги дар офтоб аст.

(«Лайли ва Мажнун»дан)

(Таржимаси: Бир марта ишон: ишонганда ҳам қуёшга ишон. Чунки рўпарангда бўлган юзлаб юлдузлардан кўра биттагина қуёшга таъзим қилмоқлик улуғдир. Чунки бу ялтираб турган юлдузлар ўз жилосини офтобдан олади).

Низомийнинг деярли барча асарлари ана шундай чуқур гуманистик философия билан суғорилгандир. Шоир бунга осонлик билан эришмаган. Бунинг учун у узоқ вақт давомида қунт билан билим олган, У ўз даврининг асосий адабий тиллари бўлган араб ва форс тиллариии мукаммал эгаллаган, замонасининг философияси, юридик фанлар, математика, физика, география, астронсмия, медицинадан етарли билим ҳосил қилган. Билимнинг деяр-ли ҳамма соҳаларида Низомий XII аср учун илғор ва прогрессив бўлган идеялар билан яшаган. Чунончи, у амалга ошмайдиган афсонавий алхимияни рад этган.

Низомий болалик чоғидан бошлаб шеър машқ қилди ва тез орада машҳур шоир бўлиб танилди. Шунда Ширвоншоҳ каби ҳукмдорлар уни ўз саройларига тортмоқчи, золимларни мақтаб қасидалар ёзувчи сарой шоирига айлантирмоқчи бўлдилар. Аммо Низомий шоир Хоқонийнинг Ширвоншоҳ томонидан зиндонга ташланганини, Фалакийнинг қамоқда азоб чекиб жон берганини, Байлаконийнинг қотиллар томонидан ўлдирилганини, шоира Маҳсатий хонимнинг ўлим жазосига ҳукм қилиниб, ўз ватанидан бадарға этилганини яхши билғани учун, саройга бормади ва қаттиқ таъқиб остида ўз ижодини давом эттирди.

Низомий ўз халқи билан ғоят даражада яқин эди. У меҳнат ва маҳрумликлар йўлини танлаб, жуда оғир шароитда ижод қилди ва ўлмас асарлар яратди.

«Мақолати дуввум» асаридан олинган қуйидаги тўрт мисра шоирнинг халқпарварлигини ёрқин ифода қилади:

Хона бари мулк ситамкори аст,
Давлати боқий, зи камозори аст,
Роҳати мардумталаб, озор чист?
Жуз хижили хосили инкор чист?!

(Таржимаси: Ўз шахсий шаън-шавкати учун бино қўймоқлик зулм қилмоқликдир. Давлатнинг мангулиги халқнинг кўнглини топмоқлик, озорсиз бўлмоқликдир. Халқ роҳатин кўзла. Озор нимага керак бўлиб қолди? Озор натижаси хижолатда» бошқа нима ҳам ҳосил бера олар эди?!)

Ҳукмдорлар Низомийдан ўч олмоқчи бўлдилар. Чунончи, Дарбанд ҳокими гўё Низомийнинг «Маҳзан ул-асрор» («Сирлар хазинаси») номли поэмаси учун мукофот тариқасида унга қипчоқ қул хотинни юборди. Низомий шу қул хотинга уйланди, уни севди ва ўз севгисини рўй-рост айтди. У ўзининг машҳур «Хисрав ва Ширин» поэмасида ўлмас Ширин образини яратар экан, ўз хотинининг портретини ва характерини назарда тутди. Бу билан у қулларнинг ҳам инсон эканлигини, золимлардан ақллироқ ва вафолироқ чинакам кишилар эканлигини исбот қилди.

Низомий доим олға интилди. У ўз билими ва талантини оддий меҳнаткаш халқ хизматига бағишлади, буюк шеърий асарлари билан халқнинг онгини уйғотишга ҳаракат қилди.

Низомий катта адабий мерос қолдирди. Бу мерос бир лирик девондан ва бешта поэма — «Хамса»дан иборат.

«Хамса»нинг биринчи поэмаси «Маҳзан ул-асрор» бўлиб, 1173—1174 йиллар атрофида яратилган. Бу асосан дидактик асардан иборат. Унда мамлакатни идора қилиш юзасидан подшоларга насиҳатлар қилинган ва маслаҳатлар берилган. Поэма 20 та суҳбатдан иборат. Мана шу суҳбат-бобларнинг ҳар бирида шоир меҳнаткашларнинг оғир ҳаётини, ҳуқуқсизлигини, золимларнинг зулми ва омонсизлигини баён қилади. Бу поэмада оддий, софдил кишиларнинг руҳий аҳволини тасвирлашга катта эътибор берилган.

«Хамса»нинг иккинчи поэмаси — «Хисрав ва Ширин» 1180—1181 йилларда ёзилган. Буни шеърий роман дейиш мумкин. Низомий ўзининг бу поэмасида муҳаббат ва вафо масалаларини талқин этади. Унинг ижобий қаҳрамонлари, шу жумладан Ширин адолат ва муҳаббат йўлида қаҳрамонликлар кўрсатадилар. Шундан кейинги «Ҳафт пайкар» (Етти гўзал) ва «Лайли ва Мажкун» поэмаларида ҳам ҳақиқий, соф муҳаббат тараннум этилади.

Лайли, Мажнун, Ширин ва бошқа севгувчилар золимлар зулми остида азоб чекадилар, бир-бирларидан жудо бўладилар, муҳаббатнинг тантанаси учун курашадилар, вафо ва адолат байроғини баланд кўтариб юрадилар.

«Хамса»нинг бешинчи, сўнгги поэмаси «Искандарнома»дир. Бу поэмада золим шоҳ Искандарнинг тинч халқларга қарши олиб борган урушлари, унинг агрессив ҳаракатлари, шафқатсизлиги баён қилинади. Низомийнинг бу асарида уруш ва тинчлик масаласи буюк философик масала даражасига кўтарилган. Шоир урушларга хотима бериш, барқарор тинчлик ўрнатиш идеясини илгари суради, халқларнинг осойишталиги учун курашишга чақиради.

Ўз ватани, ўз озодлиги учун курашган ҳар бир халқ улуғ шоир назарида мақтовлидир — муҳтарамдир. Шунинг учун ҳам Низомий халқларни ажнабий золимларга қарши биргалашиб курашишга даъват этди. Унинг бу идеяси «Искандарнома»да ёрқин баён қилинган.

Бу поэмада рус халқи ҳақида айтилган фикрлар жуда ҳам муҳим ва ибратлидир. У рус халқини қаҳрамон ва заковатли, одил халқ деб кўрсатади. Низомий македониялик Искандарнинг рус ерини босиб олиш учун қилган ҳар етти агрессив урушини бетараф туриб ҳикоя қилар экан, ўз ватани учун, ўз она юртининг ҳимояси учун жонбозлик қилувчи рус аскарини шундай деб таърифлайди:

З-Руси сувори даромад чу фил,
Рухи чун бақам, чашмҳо ҳам нил.
Барун хост аз Румиён ҳам набард
Ҳаме кард марди, ҳами гашт мард.
Бадин гуна ҳийли бахун дар кашед,
Тани чандро жон зитан баркашед.
Чи бас куштан марди жанг озмой
Наёмад касиро саве жанг рой.

(Таржимаси: Бир отлиқ рус аскари филдай салобат билан жанг майдонига кирди. Оқ тани қуёшда бақамдек куйган, кўзлари нилдек кўм-кўк эди. Румликлар ҳам унга қарши қўзғолиб уруш майдонига бирин-кетин кира бошладилар, бироқ у (рус аскар) мардлик кўрсатиб, «мардман» деганларни чекинишга ёхуд жон беришга мажбур қилар эди. Шундай қилиб, бир қанча кишилар устидан ғалаба қилди. Жангларда чиниққан бу қаҳрамоннинг маҳоратидан қўрқиб, душманнинг қолган аскарлари уруш майдонига кела олмадилар.)

Чунки, Низомий таъбирича, енгилтак ғалабалардан кеккайиб кетган, мазлум халқларни хонавайрон қилиш билан бойиган қўрқоқ ясанчоқ қўшин енгувчи қудрат қаршисида ғалаба қилишга ожиз эди.

Низомий худди шу ҳолатни Искандар қўшинининг рус ерига қилган тажовузида яна тасвирлаб, кўзгудек ярқиратиб кўрсатади.

У русларнинг бир «терупал» — генерали тилидан шундай дейди:

Чигархўрданд оини русон бувад,
Маю нуқл кори арусон бувад.

(Таржимаси: Жанг майдонини чимилдиқ деб ўйлаб, ясаниб-тусаниб чалакайф билан келиш — номардлар иши; ўз ватани ҳимояси учун жигар қонини ютмоқ рус халқининг ишидир.)

Низомий ўз генийсининг кучи, ўз талантининг қудрати ва ўз ақлининг зийраклиги туфайли шундай фикр-ни дадил баён қила олди.

Низомий ижодининг асосий идеялари — халқпарварлик, тараққийпарварлик, тинчликсеварлик, эрксеварлик, ватанпарварлик — жаҳон адабиётининг ўлмас идеяларидир. Бу идеялар билан халқларнинг энг яхши, энг илғор ёзувчилари ўз асарларини ўлмас ёдгорликлар даражасига кўтарганлар. Низомий билан бир даврда яшаган буюк грузин шоири Шота Руставелининг «Йўлбарс терисини ёпинган паҳлавон» номли асарида ҳам худди шу идеялар талқин қилинган. Низомий яшаган даврда Россияда ижод этилган буюк халқ эпопеяси —«Игорь полки қиссаси» асари ҳам ана шу олижаноб идеяларнинг юксак бадиий формада баён қилинганлиги билан ўлмасдир.

Низомий асарлари умумжаҳон прогрессив маданияти хазинасига бебаҳо ҳисса бўлиб қўшилди. Бу асарлар кишилик маданиятини бир поғона кўтаришга хизмат қилди. Бу жиҳатдан Низомий Гомер, Шекспир, Данте, Сервантес, Шота Руставели, Александр Пушкин, Алишер Навоийлар билан бир қаторда туради.

Ўзбек халқининг гениал шоири Навоий Низомийни ўзининг биринчи устози деб ҳисоблади. Навойининг «Хамса»сида — ҳар бир поэманинг муқаддимасида Низомийга алоҳида боблар бағишланган.

Низомийнинг «Хамса»си шарқ классик адабиётининг традицион темаси ва эпик поэзия формаси бўлиб қолди. Низомийдан кейин Хисрав Деҳлавий, Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоий ва бошқа устоз шоирлар ўз «Хамса»ларини ёздилар. Форма жиҳатидан деярли бир хил бўлган бу поэмаларда ҳар бир халқнинг ўз ҳаёти, меҳнати ва кураши, ўзига хос орзу-умидлари, энг яхши идеаллари ифодалаб берилган.

Октябрь революциясидан илгариги деярли етти аср давомида гениал сўз санъаткори Низомийнинг асарлари ҳам фақат қўлёзма шаклида, жуда оз нусхада тарқалган эди. Уларни жуда оз кишилар ўқир эдилар. Шунга қарамай, унинг поэмаларини кўп халқларнннг энг яхши вакиллари ўз тилларига таржима қилишга уринганлар. Чунончи, «Хисрав ва Ширин» поэмасини Қутб, «Махзан ул-асрор» поэмасини Ҳайдар Хоразмий, «Етти гўзал» поэмасини Огаҳий ўзбек тилига таржима қилганлар. Лекин бу таржималар оз нусхада қўлда ёзиб тарқатилган.

Эндиликда ёзувчиларнинг асарлари катта-катта тиражларда нашр этилмоқда. Бир халқ маданиятидан бошқа ҳамма халқларнинг баҳраманд бўлиши ҳаётбахш традицияга айланди. Умуммаданият хазинасидан завқланиб баҳра топаётган барча халқлар эндиликда Низомий Ганжавий асарларини ҳам ўз тилларида севиб ўқимоқдалар.

Совет Иттифоқидаги ҳамма халқлар билан биргаликда актив меҳнат ва ижод қилаётган озарбайжон халқининг буюк фарзанди, гениал шоири ва мутафаккири Низомийнинг номи ўлмасдир. Бу ном дўстлик ва биродарликка, самарали меҳнат ва ижодга, тинчлик ва садоқатга чақирувчи символ бўлиб қолди.

Низомийнинг юбилейи — мамлакатимиздаги барча халқларнинг тўйидир. Бу тўй қардош халқлар ўртасидаги мустаҳкам дўстликнинг ҳаётийлигини яна бир марта намойиш қилиб кўрсатади.

“Қизил Ўзбекистон”, 1953 йил, 15 декабрь