Ғафур Ғулом. Муқимий мактублари (1941)

Дўстмуҳаммад ака ҳаж қилмоқчи бўлиб қолди. Ўзи билан биттаю битта ўғли, тўққиз яшар Рўзимуҳаммаджонни ҳам олиб кетди. Ҳажга ҳам бордилар, қайтмоқчи ҳам бўлдилар, қайтишда, худди Жиддага келганларида, Арабистон ва Мисрда одамларни қийратиб турган вабо Дўстмуҳаммад акани ҳам олиб кетдию, 10 яшар Рўзимуҳаммад ҳожи ўз ватанидан минглаб километр узоқда етим бўлиб қолди. На арабча тил билади, на ўз бошича йўл билади ва на қўлида сариғ-чақа пул. Жиддада рус консулхонаси бор эди. Консулнинг ўзи уни ўғил қилиб олди, кейин консул ўрнидан тушдими ё иши чиқиб қолдими, ҳайтовур Петербургга қайтди. Рўзимуҳаммадни ўзи билан бирга олиб кетди.

Петербургда уни мактабга берди. Рўзимуҳаммад Петербургда бошланғич маълумотни олиб бўлгач, консул отаси уни Москвадаги шарқ тиллари юқори мактабига юборди.

Ана шу Рўзимуҳаммад Дўстмуҳаммад ўғли улуғ шоиримиз Муқимийнинг ўз туғишган жияни эди.

Бу энди 1890 билан 1899 йиллар ўртасидаги ҳодиса.

Ўша маҳалнинг қоидаси бўйича бир етимни ўғил қилиб олиш учун қариндошларининг ризолиги керак бўлар экан. Консул Рўзимуҳаммаднинг биттаю битта васийси ва қариндоши бўлган Муқимийдан ризолик сўраттирди. Ўз замонасининг Фурқатлар қатори маданий кишиси бўлган Муқимий: «Поччам ўлган бўлса худо раҳмат қилсин, лекин жиянимни кофирнинг тарбиясига бериш «шариатга хилоф», деб ўтирмади-да, ризолик берди. Рус консулга ташаккур ва миннатдорчилик баён қилди. «Менинг ўғлим эмас, сизники, илм олса, одам бўлса бас», деб жавоб қайтарди. Муқимий орзусига етди. Жияни илм олди, одам бўлди. У ҳозир 61 ёшда, Қўқонда хизмат қилади.

Яқинда мен Қўқонга борган эдим. Рўзимат ҳожи билан учрашдим. У менга Муқимийнинг 1898—1899 йиллар ўртасида Петербург ва Москвага ёзган 18 та мактубини олиб келиб топширди. Муқимийнинг бу мактублари, унинг таржимаи ҳолида бизга аниқ бўлмаган кўп фактларни равшанлаштиради.

Дукчи қўзғолони, Андижон зилзиласи, Фарғонанинг ўша пайтдаги сиёсий-ижтимоий ҳаёти, улуғ шоиримизнинг ижоди, шахсий ҳаёти ва ҳаётий жафолари тўғрисида бу мактублар, айниқса, кўп материал беради.

Шоиримизнинг таржимаи ҳолини ёзган дўстим ўртоқ Уйғун шу 18 хатни ўқиб чиқишини ва катта илмий хизматини яна бойитишини орзу қилардим.

Хатларни Қўқондаги Муқимий номли музейга омонат топширдим.

ЎзФАН Тил-адабиёт ва тарих институтининг бу хазина билан қизиқишини орзу қиламан.

“Қизил Ўзбекистон”, 1941 йил 8 май