Эркин Воҳидов. Юлдузлар қовушса… (1981)

(«Дружба Народов» журналининг давра столида сўзлаган нутқдан)

Дунёдаги ҳеч бир мамлакатда бизлардагидек кўп китоб таржима қилинмайди ва ҳеч бир бошқа адабиётда бизнинг адабиётдагича бадиий таржима масаласига катта эътибор берилмайди. Бу масалада симпозиумлар чақирилади, том-том китоблар нашр этилади, газета ва журнал саҳифаларида бетиним баҳслар қилинади. Биргина «Дружба Народов» журналининг «Бадиий таржима: проблемалар, фикрлар» деб аталувчи мунтазам рубрикасида қанчадан-қанча масалалар муҳокама этилди, неча «ақллар жанги» бўлди. Бундай қараганда, таржима масаласида янги гап қолмагандай. Лекин, ҳалол гапни айтсак, масала масалалигича турибди. Негаки, бу иш муҳокама қилган билан битадиган иш эмас. Агар бадиий асарни яратиш учун битта истеъдод кифоя бўлса, бадиий таржима учун икки истеъдод юлдузининг бир-бирига ёндош келиши керак.

Ҳар бир янги талант эгасининг пайдо бўлиши таржимачилик олдига ўз-ўзидан янги муаммони қўяди. Бу табиий, чунки талант — ўхшаши йўқлик демак, қолипларни инкор этиш демак. Бадиий асар ёзиш учун тайёр йўриқ бўлмаганидек, таржима учун ҳам маълум дастур йўқ. Самуил Маршак айтган «истисно»ни талант яратади[1]. Маяковскийнинг хайқириқ шеърияти сержило, рангин, мусиқий ўзбек шеъриятига тамоман бегона бир ҳодиса эди. Шайхзода, Асқад Мухтор истеъдоди бу бегоналикни бартараф қилди. Бу ҳам қоиданинг истисносидир.

Биз-ку, истеъдод юлдузларининг шеърият осмонида қовушмоғи ҳақида шоирона хаёллар қиламиз. Лекин бадиий таржимани бевосита амалга оширувчи нашриётларда бу масала жуда оддий ва жўн ҳал қилинади. Аввал автор маълум ҳажм ва тираж билан нашриёт планига киритилади, сўнг таржимон билан шартнома қилинади. Қарабсизки, бечора шоирнинг балки умр бўйи яратган ижоди бир неча ой ичида бошқа тилга кўчиб муҳаррир столи устида бир папка бўлиб қаппайиб турибди.

«Москва кўз ёшига ишонмайди», деган гап бор. У аниқликни яхши кўради. Москва нашриётлари ҳам аниқ, сўзма-сўз таржимага ишонади. Лекин шеъриятда сўзма-сўз таржима нима? У бузилган иморатнинг ускунаси холос. Иморатни ўзидай қилиб қайта қуриш учун миллий меъморликдан хабардор бўлиш керак. Йўқса муҳташам саройнинг ускунасидан гугурт қутичасига монанд бир қолипдаги уйларни қуриб ташлаш мумкин.

Таржима меҳрталаб меҳнат. «Муҳаббатсиз иморат вайрон бўлади» дейди ўзбеклар. Меҳрсиз, ёлғиз қалам ҳақи умидида қилинган таржима муҳаббатсиз никоҳдан туғилган етим боладай мунғайиб туради. Келинг, дўстлар, бу дунёда ғарибларнинг сонини кўпайтирмайлик.

Кўпинча таржима ҳақида гап борганда тил билиш масаласи ўртага тушади. Тил билганга-ку нима етсин, лекин таржимон-шоирдан буни талаб қилиш ҳам қийин. Аввало бирор халқ шеъриятини бутун назокати билан тушуниш учун шу тилни жўнгина билишнинг ўзи етмайди. Баркамол ўрганиш учун эса умр камлик қилади. Мен ҳам «Фауст»ни немис тилидан эмас, балки рус тилига қилинган сўзма-сўз таржима ва шарҳлар ёрдамида, сўнгра бир неча бадиий таржималарни чоғиштириб ўрганиш натижасида ўзбекчалаштирганман. Немис тилини тушуниш ва тушунтира олиш даражасида билиш учун бир-икки йил шуғулланиш кифоя. Лекин Гётенинг «Фауст»ини бутун фалсафаси, теран маъно товланишлари билан тушуниш учун немис бўлиб туғилиш ҳам камлик қилса керак. Шоир-таржимон, менга қолса, бошқа тилни юзаки ўрганиш ўрнига ҳам ўз она тилини чуқурроқ ўрганса яхши бўлар эди. Чунки таржима санъатида ўз она тилини бутун нозиклиги ва бойлиги билан билмаслик ҳам, бошқа тилни чала билиш ҳам бирдай зарарлидир.

Биз адабиётларнинг ўзаро таъсири бениҳоя кучайган даврда яшаяпмиз. Бизнинг давримизда таржима иши фақат оддий санъаткорлик эмас, балки катта ватанпарварлик иши ҳамдир. Бадиий таржиманинг яна бир жиҳати бор. Таржима ишига қўл урган ёзувчи маълум даражада ўз ижодини қурбон қилади. У бошқа ёзувчи ижод этган асарга вақтини, кучини, истеъдодини бағишлайди. Шу маънода таржима интернационализмга хизмат қилувчи фидойилик меҳнатидир.

Ўрта Осиё ва Қозоғистон халқлари шеъриятига бағишланган давра суҳбатини ўтказиш учун ўлкамизга келган таниқли ёзувчи ва таржимонларга, севимли журналимиз «Дружба Народов» коллективига миннатдорчилик изҳор этамиз. Бу суҳбат, ишонч билан айтиш мумкинки, республикаларимиз шеъриятининг ривожига, иттифоқ бўйлаб яна ҳам баландроқ, кенгроқ парвоз этишига хизмат қилади.

1981

___________

[1] Самуил Маршак: «Шеърият таржимаси қоида бўйича мумкин бўлмаган иш. Ҳар бир муваффақиятли таржима — бу қоиданинг истисносидир», деган.