Эркин Воҳидов. Кўнгилдаги гаплар (1969)

«Шарқ юлдузи» журналининг анкетасига жавоб

Аввало «Шарқ юлдузи» журналининг адабий жараён ҳақида кўнгилдаги гапларни сўраб адибларга мурожаат қилишининг ўзи айни кўнгилдаги гап. Шу савол баҳонасида кўп гапларни айтиш мумкин. Гаплашишга, баҳс қилишга, катта талаблар қўйишга арзигулик адабиётимиз бор.

Мен адабий тилимиз ҳақида кўнгилдаги баъзи гапларни айтмоқчиман.

Кейинги пайтда актуаллик, замонавийлик ҳақида, адабиётнинг, шубҳасиз, асосий масалаларидан бўлган кўп проблемалар ҳақида анча гаплар айтилаяпти. Аммо адабиётнинг жони бўлган, унинг санъат эканини белгилайдиган тил ҳақида адабиётшуносларимиз ҳам, адибларимизнинг ўзи ҳам етарли даражада қайғурмаётирлар. Ўқиш мумкин бўлмаган даражада тили ғализ ва ночор асарлар ҳақида гапирганда мунаққидлар унинг актуаллиги, замонавийлиги тўғрисида узундан-узоқ мақтов сўзларини айтиб, охирида «тили жиндак ғализроқ, қашшоқроқ» деб қўядилар. Яна «бу камчиликдан қатъи назар асар завқ билан ўқилади, катта аҳамиятга молик ва ҳ. к.» деб қўшиб қўядилар.

Ёшларнинг сўнгги йиллар ичида ёзган хоҳ шеърий, хоҳ насрий асарларини ўқиганда, уларнинг даражасидан қатъи назар, кўпчилигида тилнинг у қадар бой эмаслиги, шираси камлиги кўзга ташланади. Баъзиларининг тили расмий ёзлшмалар тилидан фарқ қилмайди. На бирор ташбиҳ, на бир образли ибора… Бутун китоб саноқли сўзлар атрофида айланаётганга ўхшайди.

Баъзи ёшлар тажрибасизликдан, «ҳоли қудрат» юзасидан шундай қилса, баъзилар мақтанишади ҳам. Улар мана шу менинг стилим, шу замонавий услуб, дейишади. Бу эпидемияга айланиши мумкин бўлган хавфли касаллик. Чунки ҳамма вақт ҳам ижодий машақатдан лаззат топгувчиларга қараганда осон йўл билан обрў ва даража олишга мойил кишилар кўпроқ бўлади.

Ўзбек адабий тилини пайхон қилувчиларни тушовлаб қўйиш вақти келмадимикин? Улар сўнгги йилларда айниқса кўпайиб қолди. Маҳаллий матбуот, радио учун шошилинч материал етказиб берувчи бундай косиблар тилимизга бениҳоя катта «холис хизмат» қилишяати. Биз ҳар куни радиодан, масалан, бобо деҳқонларнинг аҳд-паймон қилишаётганини, чўл шайдоларининг оби ҳаёт олиб келаётганини эшитамиз, телевизордан раққосаларнинг навозишини кўриб, ойнаи жаҳонга нигоҳбон бўламиз.

Тилимиз бениҳоя бой, гўзал, назокатли тил. Буни ҳаммамиз тушунамиз. Лекин уни қунт билан астойдил ўрганмаймиз. Одамлар ичида кам бўламиз. Бир йилда бир-икки бўладиган ижодий командировканинг ҳеч нарса бермаслиги аниқ. Чунки ўшанда ҳам деҳқонлар даврасига галстук тақиб, шляпа кийиб, Ёзувчилар Союзининг машинасида мухбир бўлиб борамиз. Одамлар биз билан ўзининг жонли, учирмаларга бой ажойиб тилида эмас, ўзимизнинг юз элликта сўз атрофида «қоидалик» қилиб, «адабий тилда» гаплашадилар.

Биз ҳаммамиз ҳам бирор жамоат идорасида — радио, телевидение, газета, журналларда ишлаймиз. Умримизнинг асосий қисми бир-биримиз билан гаплашишга кетади. Ёзувчилар Союзининг кўп қаватли уйида турувчилар бўлса қолган умрини ҳам бир-бирлари билан ўтказишади. Ҳаммамизнинг чўнтагимиздаги гап бир-биримизга маълум. Халқ тилининг тоза булоғига юрагини очиб қўймаган ижодкорнинг кўлмакка айланиб қолиши табиий.

Шу муносабат билан бир фикрни адабий жамоатчилик мулоҳазасига ҳавола қилмоқчиман.

Ҳаммамиз айтамизки, адабий ижод умрнинг ярмини эмас, ҳаммасини талаб қиладиган иш. Ҳатто умрнинг ҳаммаси ҳам камлик қилади, деймиз. Бас, шундай экан, нега халқ кўзига кўринган, бир нечта китобларини элга манзур қилган ёш ёзувчилар, шоирлар ижодий ишни ва ижодий иш билан боғлиқ бўлган талай меҳнатни саккиз соатлик жамоат ишидан бўшаган вақтда қилиши керак? Ёки ижод жамоат иши эмасми? Ижодий ишни қўйиб турганда, мутолаанинг ўзига битта умр камлик қилади. Илмий ва бошқа информациянинг кун сайин кўпайиб бораётганини ҳисобга олсак, ёзувчининг жони сабилми, дегинг келади.

Бизда, негадир, жамоат ишида ишламайдиган адибларга бўлакчароқ назар билан қараш бор. Аслида бундай бўлмаслиги керак. Чунки адабиётга бўлган бу куннинг талаби ниҳоятда катта. Бир варақ нарса ёзгунча ўнлаб варақларни қоралаш керак. Қанча юриш, кўриш, одамлар билан гаплашиш, архивларни титиш керак (газета, журнал, нашриёт редакцияларига қатнашни гапирмаёқ қўяй). Дарҳақиқат, умр камлик қилади. Биз эса ёшларга ижодий имконият туғдириш ҳақида гапирамиз-у, бирор жойда йилт этиб кўринган талантни ҳиқилдоғидан бўғиб марказдаги бирорта курсига ўтқизиб қўямиз. Табиат қўйнида юрган куйчини радио, телеаппаратлар олдида кун бўйи ўтиришга, типографик машиналарнинг мойини ҳидлашга, корректура ўқишга мажбур қиламиз. Яна уни адабиётга олиб кирдик, деб фахрланиб юрамиз. Бу худди туғма қобилиятли югурик боланинг елкасига беш пудлик тош осиб, энди югуравер, ҳақиқий чопқир бўлдинг, деганга ўхшайди.

Ҳа, албатта, бизга устоз бўлган атоқли ёзувчиларимизнинг кўплари бизнинг ёшимизда газета чиқарганлар, ҳарф терганлар, ҳатто кечалари постда турганлар. Шу билан бирга ажойиб ижод намуналарини ҳам қолдирганлар. Ҳа, улар ўша вақтда кадрларнинг камлигидан шундай қилганлар. Ҳозир бундай эмас. Радиога келувчи материалларни кўриш, тайёрлаш, программа тузиш учун Ўлмас Умарбековнинг таланти шарт эмас. Ёки нашриёт курсисида ўтириб гранка ўқиш, қўлёзмаларнинг имлосини тўғрилаб оққа кўчиртириш учун Абдулланинг қобилияти талаб қилинмаса керак.

Бундай ёшлар беқадр бўлгудек кўп эмас. Уларнинг бир нечтасини ортиқча юкдан холи қилиб, кўпроқ ижод билан шуғулланиши учун имконият туғдириш вақти келгандир, деб ўйлайман. Мен ёш ёзувчиларни жамоат ишидан бўшашга чақирмоқчи эмасман. Бу жуда нозик масала. Биринчидан, қаламнинг хипчагина белига тирикчилик юкини ҳам ортиб қўйиш яхши натижага олиб келмас. Иккинчидан, жамоат ичида бўлиш учун жамоат ишида ҳам бўлиш керак, бирорта коллектив билан ҳамнафас бўлиш керак. Бу ишга Ёзувчилар Союзи бош қўшиб, бирор чора ўйлаб топилса кўнгилдаги иш бўлур эди.

1969