Эркин Воҳидов. Ҳаястон илҳоми (1968)

Кеча «Гулистон»нинг биринчи сонини варақлаб туриб Абдулла Ориповнинг «Арманистон» шеърига кўзим тушди. Бу шеърни Абдулланинг ўзидан бир неча бор эшитган бўлсам ҳам журнал саҳифасида яна бир марта ўқиб чиқдим.

Бир вақтлар «Ўзбекистон маданияти» газетаси ях-ши ташаббус бошлаб «Бир шеър ҳақида» рубрикаси билан бир неча тақризлар эълон қилган эди. Бугун бир тақризга арзийдиган шеър пайдо бўлган экан, газетанинг ўша ташаббуси ёдимга тушди ва бир китобхон, шеър ихлосманди сифатида ўз таассуротимни икки оғиз сўзда баён қилиш истаги туғилди.

Яхши шеър яхши шоир каби ноёб ҳодиса. Чинакам шоир ҳар йили чиқавермагандек, чинакам яхши шеър ҳатто энг улкан шоирларга ҳам ҳар куни насиб бўлавермайди. Шундай шеър пайдо бўлган кун эса фақат шоир учун эмас, бутун шеърият учун байрам бўлади. Ғафур Ғуломнинг «Турксиб йўлларида» шеъри эълон қилинганда менинг тенгдошларим дунёда йўқ эди. Лекин биз ўша куннинг шеъриятда қандай катта байрам бўлганини тасаввур қиламиз. Уйғун «Жонтемир»ни ёзганда, Ҳамид Олимжон «Ўрик гуллаганда»ни илк бор ўқиб берганда, Усмон Носир «Нил ва Рим»ни дастлаб эълон қилганда ўзбек шеърий дунёсида қандай катта шодлик бўлганини ҳис қиламиз.

Шеъриятга ана шундай бахтли кунни ҳамма устозларимиз неча-неча бор бахш этганлар.

Лекин бари бир яхши шеър ноёб ҳодиса.

Ҳар бир шоирнинг ўз даврн, ҳар бир шеърнинг ўз мавриди бор. «Сен етим эмассан» ёки «Баҳор келди сени сўроқлаб» ҳеч қачон қайта ёзиб бўлмайдиган шеърлар. Бу жиҳатдан, баъзи адабиётшуносларнинг «Вақт» шеърига ўхшаган шеърият намуналари пайдо бўлмаяпти» деган даъвою ўкинчлари ўринсиз туюлади. Лекин баъзида шундай ҳам бўладики, ҳақиқий шеърият намунаси пайдо бўлади-ю, биз ўзимиз, шеър мухлислари, адабиётшунослар, вақтида сезмай қоламиз. Худди шундай Ғафур Ғуломнинг «Она қизим Жамилага» деб аталувчи шеъри ўз вақтида бир воқеа муносабати билан ёзилган кундалик шеърдай қабул қилинган бўлса ҳам, ҳақиқатда, у забардаст шоир ижодининг нодир дурдоналаридан ҳисобланади.

Жазоир зиндонида бир қиз уқубатдадир,
Рубобнинг торларидек жонинг жонимга пайванд.
Ҳасратингда қон ютиб кўзларим ғурбатдадир,
Халҳол таққан оёқлар бу кун кишан билан банд.

Бу гапларни айтишдан мен Абдулланинг шеърини улкан устозлар яратган энг яхши асарларга ёнма-ён қўймоқчи ёки солиштирмоқчи эмасман. Чунки юқорида айтилганидек, ҳар бир шоирнинг ўз даври ва ҳар бир шеърнинг ўз мавриди бор.

«Арманистон» шеърининг жозибаси нимада?

Бу даставвал шеърнинг ҳарорати-ю, шоирона фикрнинг теранлигида. Ҳисларнинг табиийлиги ва ифоданинг тиниқлигида. Ниҳоят, жуда чуқур самимийлигида.

Баъзи шеърларнинг шоир томонидан тўқилгани шундоқ билиниб туради. Бу шеър эса ўзи ёзилганга, шоирнинг юрагидан ўзи оқиб чиққанга ўхшайди. Илҳом билан ёзилган шеър ана шундай бўлади.

Илҳом ташбиҳ қидирмайди. Шоир ўз шеъри билан ёнганда ташбиҳнинг ўзи келади. Топилган образлар, ўхшатиш, истиоралар асосига қурилган шеър ҳар қанча ёрқин, ҳар қанча чиройли бўлмасин, ясалгани билиниб туради. Қофия фикрга бўйсуниши керак бўлганидек ташбиҳ шеърнинг руҳига бўйсуниши керак. Шунинг учун илҳом билан ёзилган шеърда илгари топиб қўйилган образ бегона бўлиб туради.

«Арманистон»да шеър руҳига бегона образ йўқ. Бунда Арарат — тоғлар ташбиҳининг гавҳар донаси, Севан кўли — мисоли булутлар ичида қамар, миноралар — кажрав фалакка қасоскор боболар санчиб кетган найзалар. Арманистоннинг ўтмиши ҳақида сўз борганда — у Одаматонинг ўгай боласи: Толе тонгининг юлдузи ҳақида гапирганда — у арман май шишаси узра юлдуздек ва ҳоказо.

Шеърни ўқиб туриб — менинг ҳаёлимга Сергей Есениннинг «Форс тароналари» деб аталган Эрон туркумидаги шеърлари келди. Шоир қаерга бормасин, қаерни куйламасин, унинг қалбида биринчи навбатда ўз ўлкаси бўлади. Сергей Есенин Эрон ҳақида илҳом билан ёниб куйлар экан, шеърнинг ҳар сатрида ўз ўлкасининг меҳри, Рязань буғдойзорларининг завқи барқ уриб туради.

Абдулланинг шеърида ҳам мана шу туйғу бор:

Менинг ҳам Ватаним жанглар гувоҳи,
Менинг ҳам тупроғим топталганди хор.
Менинг ҳам руҳимда аждодлар оҳи,
Менинг ҳам қонимда қилич занги бор…

«Арманистон» — қамраган доирасининг кенглиги билан достонга арзигулик шеър. Унда арман халқининг дардли ўтмишию, порлоқ бу куни, тақдир бутун дунёга пардек тўзғитган халқнинг ҳасрату ноласи ва бугунги ифтихори шоирона ҳис, шоирона бир туғён билан баён этилган. Шеър жуда сиқиқ ва пухта ёзилган. Образлар анор доналаридай зич жойлашган. Юксиз, мақсадсиз бирорта сатр йўқ. Лекин шу билан бирга, шеърда аллақандай кенглик, очиқлик бор.

«Арманистон» Абдулланинг шоир сифатида шаклланганига яна бир далил. Кечагина биз уни «ҳаракат қилса яхши шоир бўлади», деб юрардик. Ўрганиш бўлиб қолгани учун бугун ҳам шундай деймиз. Лекин Абдулла Орипов бундан уч-тўрт йилча аввал, «Митти юлдуз» китоби биланоқ шоир бўлиб етишган эди.

Балки мен завққа берилиб Абдуллани жуда мақтаб юборгандирман. Бунинг учун шоир мени кечирсин. Чунки Абдулланинг ёшида танқид ва таъна юкини кўтаришдан кўра мақтов ва шуҳрат юкини кўтариш қийинроқ бўлади. Кўпгина ёш, аммо катта талант эгаси бўлган кишилар ана шу юкнинг қурбони бўлганлар. Ишонч билан айтиш мумкинки, Абдулла бу ёшдан ҳам ўтган…

«Арманистон» шеърида айрим таҳрир талаб сатрлар ҳам йўқ эмас. Лекин бундай сатрлар уетида тўхтаб ўтирмаймиз. Бу иш қарчиғай кўзли мунаққидларга ҳавола.

Сўз охирида икки оғиз шеъриятда мунг, дард, ўйчанлик ҳақида. Инсон ҳаёти кенг, шаҳроҳ йўл эмаски, ундан марш билан, ёки музика остида рақс билан ўтилса. Табиатда доим баҳор бўлмаганидек баҳорда ҳам ҳаво доим бир хил бўлмайди. Одамзод кайфияти ҳам шундай. Бу унинг қайси вилоятда, қайси қишлоқда яшашига боғлиқ эмас. Агар икки юрак бир-бирига етолмаса бутун олам ўртага тушганида ҳам бу мушкулни ечолмайди. Агар йигит энг жонажон дўстини йўқотса, ҳеч бир ташкилот бу йўқотишнинг ўрнини тўлдиролмайди. Энг матонатли эрлар ҳам гоҳи тўлиб-тўлиб йиғлайдилар…

Шеърият инсон қалбининг кўзгуси ва малҳами, унга қанот берувчи омил экан, шоирнинг биринчи вазифаси кишилар кўнглига таскин ва нур олиб кириш, дардига ҳамдард бўлиш, унга куч ва мадад беришдир.

Абдулла буни яхши тушунади, чунки унинг дард тўла шеърлари ҳам кишига ана шундай ёруғлик ва қувонч бағишлайди.

1968