Эркин Воҳидов. Афсоналар ўлкаси (1973)

Иттифоқнинг турли бурчакларида ўтказилаётган анъанавий адабиёт кунлари муносабати билан мен ўтган йили Узоқ Шарқнинг Хабаровск ўлкасида, Владивостокда, бу йил Сибирнинг Тюмень областида бўлдим.

Ростини айтсам, ўтган йилги ажойиб сафардан сўнг улуғвор Амур соҳиллари, тўлқинли Япон деигизи, йўлбарслар макони — Уссури тайгаларидан сўнг бу йил Тюменга таклиф қилишганда, бошида Сибирнинг бу олис юртида ўрмон ва ботқоқдан бошқа нима ҳам кўрар эдим, деб ўйладим. Лекин, Тюмень заминига қадам қўйганим замон, ҳақиқий афсоналар ўлкасига келганимни англадим.

Тюмень — жануби Қозоғистонга, шимоли поёнсиз тундралар, нарида муз океанига туташиб кетган ярим миллион квадрат километрлик улкан бир диёр. Бу диёрнинг заминида битмас-туганмас нефть, торф, газ запаси ётибди. Бепоён кенгликларида олтин бошоқлар шовуллаб ётибди.

Ана шу ўлкада уч йилдан буён ҳар йили Иттифоқнинг ҳамма бурчакларидан ёзувчилар йиғилиб, анжуман тузадилар, бу юртнинг фидоийлари билан учрашадилар, суҳбату мушоиралардан ижодий мавзу, илҳом олиб қайтадилар.

Бу йилги адабиёт байрамига қардош республикалардан, қўшни мамлакатлардан юзга яқин ёзувчи, шоирлар йиғилди.

Тюмень, Тобольск шаҳарларида ўтказилган тантаналардан сўнг бир неча гуруҳларга бўлиниб, ўлканинг турли ерларига йўл олдик.

Ўша кунлари Тошкентда ҳарорат 42 даражадан юқорида турган пайт Тобольскда биз жунжикиб, плашчларнинг ёқасини кўтариб олганмиз. Ҳаво булут, шимол томондан аччиққина шамол эсиб турибди. Эрталабдан бери шивалаб ёмғир ёғяпти. Биз бир замонлар подшо томонидан немис усталарига махсус ясаттирилган антиқа вагонлардан жой олиб, қурилаётган Тюмень-Сургут-Нижне-Вартовск темир йўли бўйлаб сафарга чиқдик.

Айтишга осон, лекин тасаввур қилолган кишига аниқ — одамзод қадами тегмаган беҳаду поён чакалак ўрмонлар оралаб, ҳаёт асари йўқ, чексиз ботқоқлар устидан етти юз километрлик темир йўл қуриляпти. Буни бошдан-охиригача фақат ёшлар, комсомоллар, турли миллат фарзандлари қуришяпти. Бутун йўл «Бутуниттифоқ зарбдор комсомол қурилиши» деб аталади.

Тургасга келганда, темир йўлнинг битган қисми тугаб, сафарни вертолётда давом эттирдик. Улкан ниначи «МИ» бизни ҳудудсиз тайга устидан олиб учмоқда. Ўрмон, ўрмон, ўрмон… Поёни уфқларга туташиб кетган чакалак ўрмон.

Уларни оралаб кумуш тасмадай Иртиш оқиб ётибди. Ана, подасидан адашган ёввойи буғу вертолёт садосидан ҳуркиб, жон ҳолатда югуради. Унда-бунда ўрмон сийраклашиб, улкан кўм-кўк яланглик пайдо бўлади. Бу — барча тирикликнинг офати, яқин келган жонни аждаҳодай ютгувчи тубсиз ботқоқлик.

Мен Сибирнинг бу манзараларига бургут парвози қадар баландликдан қараб Ватанимнинг чинакам буюк ва поёнсизлигини яна бир бор ҳис қилдим, фуқароларнинг қудрати ва матонатига яна бир карра қойил қолдим. Мана шу ҳаёт асари йўқ поёнсиз сукунат оралаб эрта бир кун янгровчи тепловозларнинг садоси қулоғимга эшитилгандай бўлди.

Ёнимда ўтирган, йўл қурилиши бошлиғининг ўринбосари Константин Григорьевич Балабинский вертолёт деразасига кўрсаткич бармоғини тираб, менга ишора қилди. Пастга қарадим. Ўрмон орасида қубба-қубба бўлиб турган палаткаларга кўзим тушди. Вертолёт икки-уч айланиб, палаткалар ёнидаги ялангликка, сол қилиб боғланган ёғочлар устига қўнди. Бу ерда бизни харьковлик ёш қурувчилар қарши олишди. Улар бизга ўзларининг 15—20 тача палаткадан иборат бўлган «шаҳар»ларини кўрсатишди. Бу «шаҳар» ҳақиқатан эртакдагидек ажойиб. Овқатхонага, спорт майдончасига, ювинадиган ерга олиб борувта сўқмоқларга қизиқ-қизиқ кўча номлари қўйилган. Кўрсаткич, тахталарда, масалан, бундай ёзувлар бор: «Овқатхонагача 12 метр, Москвагача 167.4 километр». Ботқоқлик томонни кўрсатувчи тахтачага «Борса келмас» деб ёзилган.

Мана шу кимсасиз ўрмонлар орасида, туғилиб-ўстан юртларидан олисда йигитлар, қизлар қаҳраронона меҳнат қилиб, яна бир дақиқа қувноқ кайфиятни тарк этмай яшаётганларига фақат қойил дейиш мумкин.

Вертолёт бизни қишлоқдан-қишлоққа, шаҳардан-шаҳарга олиб учади. Кун бўйи йўл, тўхтаган еримизда учрашув, шеърхонлик, тонготар суҳбатлар… Шимолга қараб учганимиз сари кеча қисқариб Қутб кундузликларига кириб борамиз. Уйқу кам, лекин негадир чарчоқ сезилмайди. Ҳамма ерда қурувчилар бизни севинч билан қарши олишади, мароқ билан, ташналик билан тинглашади.

Посёлкалардан бирига келганимизда мени бир тўда ўзбек йигитлар қуршаб олишди. Улар темир йўл қурилишида меҳнат қилаётган ёшлар эди. Учрашув пайтида мен улар учун ўзбек тилида шеърлар ўқидим. Ўша дақиқаларда кечирган туйғуларимни сўз билан ифода этиш қийин. Муболағасиз айтаманки: мен шеър ҳавасида қўлимга қалам олганимдан буён ўз меҳнатимдан қаноат ҳосил қилганим ҳам шу.

Оппоқ кеча. Тун ярмидан оққан. Лекин чумолининг кўзини кўрса бўладиган ёруғлик. Кечагина темир ётқизилган, ҳали тепловоз ўтмаган шпаллар устида юрибмиз. Устоз Ғафур Ғуломнинг «Турксиб йўллари»даги шу сатрлар ёдимга тушади:

Бу йўллар
Кўп қадим йўллардир
Жаҳоннинг фотиҳи
Искандар Рум қайсари…

Бир йигит шеърни давом эттиради:

Боту, Чингиз, Темурланг
Қолдириб кимсасиз из…

Бошқаси қўшилади:

Қон дея, қон дея

Босароқ кечмишдур.

Ҳа, булар афсонавий «Турксиб»нинг давомини қураётганлар, ўша қаҳрамон ота ва боболарнинг лойиқ фарзандлари ва набиралари. Ҳаёт давом этяпти, афсона ҳам давом этяпти.

Йиллар ўтар, бу ботқоқ ва ўрмонлар ўрнида азим иншоотлар, яшил шаҳарлар қад кўтарар. Авлодлар яна ҳам буюкроқ ишларга бел боғларлар, Аммо сиз — бу мудроқ сукунатни уйғотган баҳодирлар, ботқоқ ва чивинлар салтанати бўлган кимсасиз тайга ва тундраларга ҳаёт садосини олиб келаётган азаматлар, сизлар, тарих саҳифаларида биринчи бўлиб қоласиз.

Авлодлар сизнинг жасоратингизга шон ўқийдилар. Бу кун «Турксиб» қурувчиларини «ДнепроГЭС», «Магнитка» қаҳрамонларини сўзлагандай ҳавас ва ғурур билан тилга оладилар.

Мен Сибирнинг қурилаётган йўлларидан бир олам таассуротлар олиб қайтдим. Бу таассуротлар, кўнглимда ўчмас из қолдирган бу хотиралар вақти келиб балки шеър бўлар, достон, бўлар, лекин шу кунда ҳали кўрганларимнинг изи совумасдан, хотираларимни сиз билан баҳам кўрғим келди.

Бунда ҳар кўрганим
Бир тарих, эртак,
Бунда ҳар кўрганим
Туганмас достон.
Кўз олдимга келди,
Ёруғ келажак
Сибирь истиқболи
Бўлди намоён.
Бунда чаманзорлар
Гуркираб кетар —
Халқлар бел боғлаган
Экан мардона.
Ҳаёт давом этар,
Шон давом этар,
Давом этар бунда
Қутлуғ афсона.

1973