Абдуқодир Ҳайитметов. «Хамса»нинг яратилиш жараёни (1985)

Алишер Навоий «Хамса»сииинг яратилиш жараёни жаҳон адабиёти тараққиётидаги энг ёрқин саҳифалардан биридир. Абулқосим Фирдавсий шоҳ асари «Шоҳнома»ни, Низомий Ганжавий «Хамса»сини 30 йил давомида, И. Гёте «Фауст» трагедиясини умр бўйи (1773— 1832) ёзган бўлсалар, Навоий ўз «Хамса»сининг биринчи достони «Ҳайратул-аброр»га 1483 йилда киришиб, охирги достони — «Садди Искандарий»ни 1485 йилда ёзиб тугаллади ва асарнинг охирида бутун «Хамса»ни ёзишга ҳаммаси бўлиб умуман икки йил вақти кетганини қайд этди.

Кўрамизки, Навоий «Хамса» достонлари устида ғоят самарали ишлаган. 1483—1485 йиллар Навоий учун энг сермаҳсул йиллар бўлган. Бу йилларни Алигьери Дантенинг «Илоҳий комедия» устида (1307—1321), Вильям Шекспирнинг «Юлий Цезарь» (1559), «Гамлет» (1601), «Отелло» (1604), «Қирол Лир» (1605), «Макбет» (1606), «Антонио ва Клеопатра» (1607) трагедияси устида, А. С. Пушкиннинг «Евгений Онегин» (1823—1830) шеърий романи устида ишлаган йилларига қиёслаш мумкин. Бу йилларда мазкур ижодкорлар ўзларининг шоҳ асарларини ёзиб тугаллаш билан қаттиқ банд бўлганлар. Шунингдек, Амир Хусрав Деҳлавий (1253—1305) ҳам ўз «Хамса»сига кирган достонларини жуда қисқа муддатда — «Ширин ва Хусрав», «Мажнун ва Лайлоини 1298, «Матлаул-анвор» ва «Ойнайи Искандарий»ни 1299, «Хашт беҳиштини 1301 йилларда ёзиб тугаллаган.

Абдураҳмон Жомий ҳам «Туҳфатул-аҳрор», «Сибҳатул-аброр», «Юсуф ва Зулайҳо», «Лайло ва Мажнун», «Хирадномайи Искандарий» достонларини 1481—1485 йиллар давомида, яъни узоғи билан беш йил давомида ёзиб бўлган. Бинобарин, бирон муҳим асарни мумкин қадар қисқа муддатда ёзиб тугаллаш масаласида Навоий дастлаб шу икки аллома — Амир Хусрав ва Абдураҳмон Жомийдан сабоқ олган, десак янглишмаган бўламиз. Навоий «Хамса»сининг яратилишида унинг буюк замондоши, устози Абдураҳмон Жомий бош маслаҳатчи ролини ўйнаган, асар битганда биринчи бўлиб ўқиб чиққан ва унга мунаққид сифатида ҳаммадан аввал юқори баҳо берган.

Лекин бундан Навоий «Хамса»ни яратиш масаласи билан фақат икки-уч йил шуғулланган ва «Хамса» унинг икки-уч йиллик ижодий фаолиятининг меваси экан-да, деган хулосага келиш хато бўлур эди. Ўзбек тилида «Хамса» яратиш уни жуда эрта — болалигидан бошлаб банд этган. Навоий «Садди Искандарий» достонининг кириш қисмида ўз улуғ хамсанавис салафларига мурожаат қилиб:

Кичик эрканимдан келиб қошима,
Улуғ муддао солдингиз бошима, —

дер экан, маълум бўладики, унда «Хамса» яратиш муддаоси кичиклигидаёқ пайдо бўлган. Бунинг учун Навоий бир умр тайёргарлик кўрган, ўзидан олдин яратилган «Хамса»ларни қайта-қайта ўқиган, мутолаа қилган. Навоийда йигитлик вақтидаёқ, агар у шундай катта ишга қўл урадиган бўлса, баъзи салафлари каби ўттиз йилда эмас, балки «ўттиз ой»да ёзиб тугаллашга эришиш нияти, орзуси («Битигаймен ўттиз йилин ўттиз ой») бўлган[1]. Бу унинг ижодий фаолиятининг ноёб хусусиятларидан бири деб қаралиши керак. Чунки бошқа асарларини ҳам у мумкин қадар қисқа муддатда ёзиб тугаллашга интилган ва кўп ҳолларда бунга муваффақ бўлган.

Лекин Алишер Навоий катта шеърий иқтидорга эга бўла туриб, «Хамса» ёзишга қирқ икки ёшида киришди. Шунда ҳам у ўзини ҳали Низомий, Хусрав Деҳлавий ва Абдураҳмон Жомийга нисбатан «шогирди бебизоат» (камхарж шогирд) деб ҳисоблар эди. Чунки унинг фикрича, «Хамса»дек буюк ва мураккаб жанрда қалам тебратадиган шоир юксак шеърий истеъдоддан ташқари катта ҳаётий тажрибага ҳам эга бўлиши керак эди. Бу албатта, ундаги камтарлик ва одамийлик белгиси. Бу вақтда у ҳали халқ орасида ўз асарлари билан кенг танилган, тан олинган шоир бўлиши билан бирга ҳаётнинг ҳам аччиқ-чучугини, паст-баландликларини етарли даражада татиб кўрган, худди шу фурсатда Хуросон мамлакатининг бош вазири вазифасини бажарар, бу унга бутун мамлакат, барча ижтимоий табақалар аҳволи билан чуқур ва батафсил танишиш имкониятини берган эди. Хусусан бу паллада Навоийнинг аввало шоир, қолаверса, катта давлат арбоби, мутафаккир сифатида бадиий асар орқали кенг халқ оммасига айтадиган гапи, дарди, фикр-мулоҳазалари кўнглида қалашиб ётар эди. Шунинг учун «Хамса»нинг яратилиши изоҳларида биринчи ўринга адабий фактларни эмас, балки ҳаётий тажрибани қўйсак, илмий жиҳатдан тўғри бўлади.

«Хамса»нинг яратилиши жараёнига диққат билан назар солинса, асар воқеалари Навоийнинг кундалик ҳаётидаги ижтимоий-сиёсий воқеа ва ҳодисалар билан боғлиқлиги, уларнинг узлуксиз равишда шоир кайфиятига, ижодига ўз таъсирини турли шаклларда кўрсата бориши яққол кўзга ташланади.

Навоий ўз яратмоқчи бўлган асарини катта тепалик (қулла)даги тошдан ишланган буюк бир қалъа, улкан бино («биноий рафеъ») шаклида тасаввур этади:

Қолмади чун ўзга манга чорае,
Қалъа ясардек топибон хорае.
Қулла чу ҳам олий эди, ҳам васеъ,
Устига қўйдум бу бинойи рафеъ.

Бу улкан «бино» беш қисмдан иборат бўлиши, яъни Низомий, Хусрав Деҳлавий хамсалари каби беш достондан ташкил топиши керак эди. Уни кўнгилдагидек яратиш учун эса Навоий тинч ва осойишта ижод қилиши, ҳеч ким унга халақит бермаслиги лозим эди. Аммо бунинг имкони йўқ эди. Сўнгги темурий подшоҳларидан Султон Ҳусайн Бойқаро (1438—1506) Хуросон тахтини эгаллаганига ва Навоийни Самарқанддан чиқариб унга ўз саройидан юксак ўрин берганига ўн тўрт йил бўлган, мамлакатда нисбатан тинчлик ўрнатилган, хўжалик, савдо-сотиқ, маданият ривожи учун бир қанча қулайликлар яратилган бўлса ҳам, бироқ ижтимоий-сиёсий ҳаётда туб ўзгаришлар содир бўлмаган, камбағаллар ҳали ҳам қашшоқларча яшар, на косиб, на деҳқон ўз тирикчилигидан қониқмас, булар ҳаммаси жамиятнинг пастки қатламлари орасида узлуксиз турли норозиликларнинг келиб чиқишига сабаб бўлар эди. Омма янги тахтга чиққан Ҳусайн Бойқаро ва унинг амалдорларидан адолат, ҳақиқат талаб қилиб, шоҳни ҳам, бош вазир — Навоийни ҳам безовта қилишга мажбур эдилар. Шу вазиятни Навоий «Хамса»нинг биринчи достони — «Ҳайратул-аброр» сўнгида тасвирлаган. Навоий мазкур достоннинг бирон қисмини ёзишга чоғланиб қўлига қалам олиб, энди беш-ўн байт ёзганида, кимдир уни чалғитган, маслаҳат сўраган, ёрдам талаб қилган, хуллас, ижодий ишидан узган. У бош вазир сифатида биринчи навбатда халқ ва мамлакат, хусусан, подшоҳлик вазифалари билан шуғулланишга мажбур эди. Бундай ишлар шунчалик кўп эдики, «Йўқ эди бош қошиғали фурсатим» дейди шоир.

Айтуриға чунки қўюлди кўнгул,
Айтмай ўн байт тутулди кўнгул.
Ким бор эди бошима кўп меҳнатим,
Йўқ эди бош қошиғали фурсатим.

Тонг тун қоронғилигини пок супургиси билан тозалай бошлангандан то чарх ўзининг қора чойшабини ёпиб, юлдузларни намойиш этишга киришгунга қадар Навоийнинг давлат ишлари билан, хусусан, одамларни, гуруҳ-гуруҳ шикоятчиларни қабул қилиш билан банд бўлганини у ўзи шундай тасвирлайди:

Менда бу мобайн эрур зорлиқ,
Халқ жафосиға гирифторлиқ.
Бир дам улус меҳнатидин ком йўқ.
Бир нафас эл жавридин ором йўқ.
Келгуси бу хаста ғамободиға,
Кетмаги худ келмай анинг ёдиға,
Бир сурук албатта кўруб кетмайин,
Токи бурун икки сурук етмайин.

Ушбу сатрлардан маълум бўлдики, кишилар Навоийнинг олдига оддий иш билан эмас, балки, қийин, амалга ошириш мушкул масалалар бўйича келганлар. Навоий уларнинг ҳал этиб бўладиган ишларини бажариб берган, битиши қийин бўлган ишлар бўйича эса юмшоқлик билан узрини билдирган. Аммо шикоятчиларнинг ҳаммаси ҳам Навоийнинг яхши гапларига осонликча рози бўлиб кетавермаган, жанжаллашган, шовқин кўтарган, унинг олдидан кетмай ўтириб олган. Шунинг учун Навоий бу ўринда: «Кетмаги худ келмай анинг ёдига» дейди. Буларнинг ҳаммаси шоирнинг кайфиятига кўп вақт салбий таъсир қилган, асабини бузган. Буни шоир ифодалайди:

Ўт солибон, хотири вайронима,
Тонгдан оқшомға етиб жонима.
Иш буюруб уйлаки осон эмас,
Бутмаги ақл олида имкон эмас.
Узр демак барчаға қаттиғ келиб,
Неча чучук сўз деса, аччиғ келиб.

Демак, «Хамса»даги «Ҳайратул-аброр» ва бошқа достонларнинг кўпгина сатрлари реал ҳаётдаги ана шундай ижтимоий-сиёсий вазият ва қодисалар таъсирида юзага келган. Навоий гарчи ўз олдига адабий жиҳатдан аввалги «Хамса»ларга жавоб ёзиш вазифасини қўйган бўлса ҳам, аммо достонларнинг юзага келиши реал ижтимоий-тарихий муҳит билан боғлиқ. Бу асарнинг ғоявий йўналишини ҳам шу муҳит, шу даврдаги вазият белгилаб берган. Навоий достонда шоҳларнинг адолатсизлиги, зулми ҳақида:

Эйки, қавий айлади давлат қўлунг,
Зулм сари тушти валекин йўлунг…
Зулминг эрур кундузу фисқинг кеча!
Зулмат ила фисқинг неча бўлғай, неча! —

дер экан, бу мавҳум хитоб, адрессиз чақириқ, китобий гаплар эмас эди. Уни ўзи яшаган, ижод қилган муҳити шундай фикрга олиб келганди.

Навоийнинг тундан оқшомгача турли ижтимоий гуруҳларга мансуб кишиларни қабул қилиб, уларнинг шикоятларини тинглаши бу оддий қабул эмас, улуғ шоирнинг ўз замонаси билан фаол муносабати, ижодий алоқаси эди. Шу жараёнда унинг мамлакатдаги ижтимоий табақаларга, уларнинг феълу атворига қараши, баҳоси ҳам тобора ойдинлашиб борган. Навоий «Вақфия» асарида ўзининг шу давр фаолияти ҳақида гапирганда «илигимдан келганча зулм тиғин ушотиб, мазлум жароҳатиға интиқом малҳамин йўқдим. Ва илигимдин келмаганни ул ҳазрат (Султон Ҳусайн Бойқаро — А.Ҳ.) арзиға еткурдум», — дейди. Бу ўринда Навоийнинг ижтимоий зулмга бўлган муносабати ўзининг аниқ ифодасини топган. «Хамса»нинг беш достони ҳам аввало ана шу ғоя, ана шу тезиснинг бадиий ифодасидир. Масалан, Навоий бошқаларни эзиш, талаш ҳисобига беҳисоб бойлик тўплаган одамлардан, гарчи у Қорун бўлса ҳам, Рустам бўлса ҳам, халқ норози эканини, улар ҳеч қачон келиша олмаганлигини очиқ таъкидлайди ва «Ҳайратул-аброр»да ёзади:

Илгида қорунча бўлиб ганжу мол,
Топмоқ эрур халқ ризосин маҳол.

Навоий фикрича ҳақиқат мазлумлар томонда. Мазлумлар ва золимлар, бойлар ва камбағаллар орасидаги зиддиятлар тафтиши билан ҳар куни банд бўлган шоир «Ҳайратул-аброр» достонини қоғозга туширар экан, унинг барча боб (мақолат)лари чуқур ижтимоий мазмун касб этишига эришган. Бу асардаги барча салбий типлар ҳаётда бор одамлар эди. Шу билан бирга Навоий юксак суръат билан ёзар, ўз фикрларини шеър билан ифодалашга жадал интилар экан, унга вақт етишмаётгандек, шеърларининг бадиий савияси эса у кўзлаган даражада эмасдек туюларди:

Риштаи авқот чу қўтоҳ эди;
Келмади ул навъки дилхоҳ эди.

Бу Навоийнинг ўзига, ўз ижодига талабчанлиги аломати эди. Шоир ўзига: аҳвол шундай экан, ёзмай қўя қолсанг қандай бўлар экан? — деган саволни ҳам қўяди ва бунга ўзи жавоб беради:

Шеърки ҳам тушти менинг жонима,
Ул ўт бу тош дурур жонима.
Не де олурмен тутубон баркини,
Мумкин эмас худ туторим таркини.

Навоий шоирлик ўз қисмати эканини, шеър ёзиш жонига ўт бўлса ҳам, тош бўлса ҳам, бари бир, у билан бирга бўлишини, уни тарк этиш мумкин эмаслигини, ёзмаса халққа айтиши керак бўлган гаплари қолиб кетиши мумкинлигини, буни эса у асло истамаслигини уқдирмоқда.

Навоий «Ҳайратул — аброр»ни ҳажрий 888 йили ёза бошлаб, шу йили тугаллади. Асарнинг битган йили ҳақида шоир:

Нуқтаи тарихики, аҳсан эди,
Секкизу секкиз юзу сексан эди, —

дейди. Бу мелодий ҳисоб билан 1483 йилга тўғри келади. Уни Навоийнинг шахсий котиби Абдулжамил ҳижрий 889 йилнинг раббиал-охир ойида, мелодий ҳисоб билан 1484 йил апрель ойида оққа кўчириб бўлган. Шоир 1483 йилнинг ўзидаёқ «Фарҳод ва Ширин» достонини ёзишга киришган. Иш шу қадар тез борганки, ҳижрий 889 йил, мелодий 1484 йилнинг бошларидаёқ достон ёзиб бўлинган. Бу асарнинг ёзилиш тарихи ҳақида Навоий достон охирида қуйидаги байтни битган:

Чу тарихи йилин онглай дедим туз:
Секкиз юз сексан эрди доғи тўққуз.

Шоир «Лайли ва Мажнун» достонининг ёзилиш тарихини ҳеч қаерда қайд этмаган. Абдулжамил котиб достоннинг кўчирилган йилини ҳижрий 889 йилнинг зул-қаъда ойи, мелодий 1484 йилнинг ноябрь ойи деб белгилаган. «Садди Искандарий» достонидан шу нарса маълумки, тўртинчи достон — «Сабъаи сайёр»ни ёзишга киришиш вақтида Навоий жуда чарчаган. Шунинг учун у маълум муддат ёзиш ишини тўхтатиб, бир оз дам олмоқчи

бўлган ва шундай қилган ҳам. Лекин бу дам олиш узоққа чўзилмай, беш-ўн кун давом этган, холос. Улуғ шоир «Хамса» ғоялари, образлари билан яшар, улар унга тинчлик бермас, уни ишга, янги ижодий парвозларга ундар, санъаткорга том маънодаги дам олиш бўлиши мумкин эмас эди. Бир оз ҳордиқ зарурлиги ҳақидаги бошқаларнинг маслаҳати ҳам шоирнинг қулоғига кирмасдан, у яна ишга киришади ва «Хамса»нинг тўртинчи достонини қоғозга тушира бошлайди. Чунки у бирон тасодиф юз бериб, бошлаган улуғ ишининг чала қслиши («ярим йўлда қолмоқ»)ни асло истамас, бу мақсадга етишда ҳар кун, ҳар соатни ҳисоблар эди:

Насиҳат мизожиға даргир йўқ.
Кучум етмасу ўзға тадбир йўқ.
Ярим йўлда қолмоқ эрур мушкул иш,
Манга тушган иш кимсага тушмамиш.

Навоий ўз достонларини, хусусан «Сабъаи сайёр»ни ортиқча қийналмасдан ёзиб тугаллаганини билдиради:

Етишмай кўп ул ишта панжамға ранж,
Насиб ўлди беш ганждин тўрт ганж.

Шу билан бирга беш мингча байтдан иборат бу достонни шоир тўрт ойда ёзиб битказганини («тўрт ойдин зиёд эмас») билдиради ва тарихини қуйидагича беггилайди:

Гарчи тарихи эрди секкиз юз
Сексан ўтмиш эди, яна тўққуз;
Ойи оннинг «жумодиюс — сони»,
«Панжшанба» ёзилди унвони.

Бу — мелодий 1484 йилнинг июнь ойига тўғри келади. Абдулжамил котиб ҳам уни шу йили оққа кўчирган. Навоий режасига кўра, «Сабъаи сайёр» «Хамса»нинг тўртинчи, «Лайли ва Мажнун» эса учинчи достонидир. Бинобарин, Навоий 1484 йилнинг март-апрель,май-июнь ойларида «Сабъаи сайёр» билан машғул бўлган бўлса, «Лайли ва Мажнун» достонини «Фарҳод ва Ширин»дан кейин ёза бошлаган ва тамомлаган. Яъни уни шоир жуда қисқа бир муддатда — 1484 йилнинг январь-февраль ойларида ёзиб тугаллаган. Шу йилнинг июнь ойидан сўнг шоир «Хамса»сининг сўнги достони — «Садди Искандарий»ни ярата бошлаган ва 1485 йилнинг биринчи яримларида уни ҳам якунлаган. Демак, улуғ шоир 1484 йил бошида «Фарҳод ва Ширин»ни тугаллаб, шу йили «Лайли ва Мажнун» ва «Сабъаи сайёр» достонларини ёзган ва йил ўрталарида «Садди Искандарий»ни бошлаган. Шоир хусусан 1484 йил давомида мислсиз даражада самарали ижод қилган. Шу йили у ўрта ҳисоб билан кунига камида 50—100 байтдан ёзган ва Шарқ шеърияти ижодий тажрибасида юксак маҳорат намунасини кўрсатган. Яъни Навоий бутун йил давомида буюк ижодий пафос билан яшаган ва ишлаган. Бинобарин, у «Хамса» достонларини зўрма-зўракилик, кучаниш билан эмас, ҳақиқий шеърий илҳом билан яратган. Поэтик шавқ-завқ бутун йил давомида унинг ҳамроҳи бўлган.

Тўғри, Навоий «Хамса» устида ишлаш оғир бўлганидан ҳам кўз юммайди. «Хамса»ни яратиш жараёнида у беҳисоб қийинчиликларга дуч келган. Бу ишнинг ўз мушкулликлари бўлиши ҳам табиий эди. Аммо ҳар қандай қийинчиликларга қарамай шоир тинмай олдинга, мақсадга талпинган, тирмашиб бўлса ҳам юксакларга интилган:

Талаб йўлида толпина, тирмана,
Не душвор манзилға етмак яна!

Лекин бу ижодий ишнинг ўзига хос хусусиятидир. «Хамса» яратишдек мураккаб ва, Навоий ибораси билан айтганда, «душвор иш»нинг қийин бир томони шундаки, янги «Хамса» яратмоқчи бўлган одам ўз салафларининг «Хамса»ларини ҳарф-ҳарфигача билиши, шу билан бирга унинг ривожига ўзидан янгиликлар қўшиши керак эди. Навоий «Хамса» достонларини яратишига қадар Низомий, Хусрав Деҳлавий ва бошқаларнинг шу тип асарларини чуқур ўрганган бўлса ҳам, лекин у бу билан қониқмай, ўз «Хамса»сини ёзиш жараёнида ҳам уларнинг асарларини янгидан ўқиб, янгидан мутолаа қилиб турган. Шу билан бирга Навоий хоҳ тарихий мавзуда қалам тебратмасин, хоҳ фольклор мавзуида ёзмасин, ўз салафлари кўрмаган адабиётларни ҳам ўқишга, халқ орасидан ҳеч ким эшитмаган қисса ва афсоналарни ҳам тўплаб, уларни ўрганишга, шу асосда янги гап айтишга, янги қаҳрамонларни топишга, уларни ёзма адабиётга олиб киришга, ўз салаф-устозларининг камчилик ва хатоларини такрорламасликка, шеърият уммонидан улар термаган дур ва жавоҳирларни қўлга киритишга ҳаракат қилган. Масалан, у иккинчи достонига оид форсий, туркий ёзма ва оғзаки манбаларни, тарих сабоқларини ўрганар экан, улар орасидан маҳорат билан «Фарҳоди маҳзун достони»ни ажратиб, танлаб ола билди. У ўзига мурожаат қилиб, аввало, тарих китобларини ўрганишга («Бурун жамъ эт неким бўлғай таворих»), асосий диққатни Фарҳод образига қаратишга («Борида иста бу фархунда тарих») чақирди. Шундай чуқур илмий таҳлил асосида у меҳнат кишиси, олижаноб Фарҳодни иккинчи достонининг бош қаҳрамони қилиб олди.

«Сабъаи сайёр» ва «Садди Искандарий» достонларини яратишда ҳам шоир шу хил ишларни амалга оширди. Навоий даврига келиб тарих кўп жиҳатдан бузилган, ўзгартиб юборилган, мавжуд адабиётларда эса беҳисоб ўзаро ихтилофлар бор эди. Навоий Баҳром ҳақида достон ёзишга киришар экан:

Сўзда тарих ихтилофи бор,
Ақли тарихнинг хилофи бор, —

дейди ва тарихни ўзича ўрганишга, Баҳром образини янгича талқин этишга, шу асосда ўз концепциясини белгилашга бел боғлайди. Достон охирида шоҳ Баҳром Навоийнинг тушига киради ва унга хитоб қилиб, унинг хизматларини ҳалол баҳолайди:

…Буки тарихимиз баён қилдинг,
Элга аҳволимиз аён қилдинг…
Ўзгалар ҳам йўнуб бу ишга қалам,
Айладилар бу достонни рақам…
Не эшитганни айлабон тасдиқ,
Қилдилар назм, айламай таҳқиқ…
Қисса кўпрак эканни билмадилар,
Яна истарга саъй қилмадилар…
Сен бу ишнинг пайиға чун бординг,
Эски дафтар басе кўп ахтардинг…

Навоий фақат шоир эмас, айни вақтда билимдон олим ҳам бўлган. Илмий тадқиқот билан шеърий ижод «Хамса»ни ёзиш вақтида чамбарчас бирлашиб кетган. Бу қол шоир асарларининг мазмунига мазмун қўшган, аҳамиятини оширган. «Садди Искандарий» достони мисолида буни янада равшанроқ кўриш мумкин.

«Шоҳнома», «Илоҳий комедия», «Ҳафт авранг», «Уруш ва тинчлик», «Фауст» каби буюк асарларнинг ёзилиши жараёнини ўрганар эканмиз, бу жаҳоншумул асарларнинг юзага чиқишида ҳал қилувчи нарса ёзувчининг меҳнати, унинг шахсий фидойилиги, ўзига нисбатан талабчанлиги, ижодий позицияси эканини қайд этишга ва тан олишга тўғри келади. Ҳақиқий санъаткорларга хос тарзда Навоий ҳам ижодни ижодкорнинг ўзига ҳам катта баҳра келтирувчи меҳнат деб тушунган ва уни жуда эрта бўйнига олиб, умр бўйи, айниқса, «Хамса»ни яратиш чоғида шу тушунчага амал қилган. Бу даврда Навоийнинг орзуси бошқа ҳамма ишлардан, шу жумладан, бош вазирлик лавозимидан ҳам қутулиб, фақат шу асарини ёзуш билан шуғулланиш эди. «Фарҳод ва Ширин»да Навоий ёзади:

Фароғат кунжида бир гўша тутсам;
Мени эл, мен дағи элни унутсам.
Бори ашғолдин шоҳ тутса маъзур,
Ки бўлсам сўз демак шуғлиҳа маъмур.

Агар айтган шароити яратилса, ҳеч ким унга ҳалал еткизмаса, Навоий йигирма тўрт соат давомида кечаю-кундуз ишлашга тайёрлигини асарларининг ғоявий-бадиий савиясини эса энг юқори нуқтага олиб чиқиши мумкинлигини айтган:

Йигирма тўрт соат кеча-кундуз
Йигирма тўрт дам урсам нафас туз,
Ким андин вақтима етса ҳузуре.
Бировдин топмаса кўнглим футуре, —
Рақам қилғон паришон номалардин,
Ёзилғон рабти йўқ ҳангомалардин —
Ҳамоно тезтак айлаб қаламни,
Равонроқ торта олғаймен рақамни.
Ҳам ўлғай бу рақамдин санъати кўп,
Ҳам ўлғай санъатида диққати кўп.

Навоий бу масалада шоҳга ҳам мурожаат қилган, аммо натижа чиқмаган. Оқибатда шоир давлат, жамоат ишлари билан ижодий ишларини қўшиб олиб боришга мажбур бўлади. У кўпроқ кечалари ёзар («Ки айлаб тунлар уйқу ҳаром»), уйқу ҳисобига «ажабдин ажаб» асарларини шакллантирар, бири тугаши билан иккинчиси ўзи қоғозга дурру гавҳар бўлиб тўкила бошлар, бундан мамнун шоир ҳориб чарчаганини билмас эди.

«Хамса» достонларини яратишдаги яна бир муҳим момент Навоийнинг «Хамса» яратишдан жуда катта мақсадларни кўзда тутгани, ўзинииг энг улуғ ғоялари («улуғ комлар»)ни шу эпик шаклдагина кенг ифодалаш имконига эгалигини чуқур тушуниб, ўзининг бутун меҳр-муҳаббати билан бу ишга қўл ургани, унда бу асарни яратишга иштиёқ асар охиригача заррача бўлса-да сўнмаганидир. «Ҳайратул — аброр»да жамият аҳволи ва тараққиёти, кишиларнинг хулқ-ахлоқи билан боғлиқ барча фикрларини шоир ўз номидан айтган, асар марказида ўзи турган бўлса, «Фарҳод ва Ширин»да ўзининг меҳнат кишиси, ҳақиқий пок инсон тушунчаси билан боғлиқ қарашларини Фарҳод ва Ширин образлари орқали гавдалантиради. «Лайли ва Мажнун»да Навоий адолатсизлик асосига қурилган ижтимоий тузум шароитидаги инсон фожиасини тасвирлайди. Уларга ўзини қалбан жуда яқин тутиб, ўзи бениҳоя таъсирланиб, баъзан эса ўзини шу қаҳрамонлари билан бир жон бир тан ҳис қилиб ёзади. Достон охирида шоир шу қиссани «Йиғлай-йиғлай тугатдим охир» дейдики, бунда жуда катта маъно бор. «Сабъаи сайёр»да шоҳ Баҳром образи орқали даврининг подшоси Султон Ҳусайнни кўрса, бу асардаги ҳикояларда ўзбек халқ маънавий бойлигини, унинг орзу-умидларини куйлайди. «Садди Искандарий» достонида улуғ шоирнинг ижтимоий-сиёсий қарашлари, адолат, маърифат билан боғлиқ тушунчалари ўзининг энг мукаммал тасвирини топиши керак эди. Навоий бутун ҳаёти давомида шундай қараш ва ғоялар билан яшаган эди. Унинг учун ушбу ғояларни шеърий-бадиий гавдалантириш у қилиш лозим бўлган ишларнинг энг муқими ва асосийси эди. Шу сабабли у ўз она тилида «Хамса» яратиш билан олий муддаосига етажагини ифодалаб, ўзига ўзи:

— Ки бу мулк аро қаҳрамон бўлғасен.
Улус ичра соҳибқирон бўлғасен! —

деб ҳайқирар экан, у ҳақ эди. Шунинг учун «Хамса»ни муваффақиятли тугаллаш ҳақидаги истак уни доим олдинга етакларди ва шоирга чексиз илҳом бағишлар эди. Образли қилиб айтганда, у гоҳ ўз қаҳрамонлари қиёфасига кириб, гоҳ уларга жуда яқин туриб қалам тебратар, ҳар бир достонини, ҳар бир бобини битирганда ўзини мақсадига тобора яқинлашган ҳис этар эди.

«Хамса»нинг юзага келишида Навоий замондошлари, «Хамса» ёзган ёки бу жанрдаги бирон жавоб айтган қаламкашлар, шеърият ихлосмандлари ҳам катта ижобий роль ўйнаганлар. Бунда Абдураҳмон Жомий қандай роль ўйнаганига юқорида тўхталиб ўтдик. Навоий ҳар достони бошида бу улуғ даҳо мадҳига махсус бобларда мадҳ ўқиши бежиз эмас. Навоийдан сал бурун Ашраф, Ҳожа Кирмоний каби шоирлар ҳам «Хамса» ёзган ва Навоий уларнинг «Хамса»лари билан ҳам яқин таниш эди. Шунинг учун «Муҳокаматул — луғатайн»да Навоий «Лайли ва Мажнун»ни яратишда Ҳожунинг «Гавҳарнома» номли, «Сабъаи сайёр»ни ёзишда Ашрафнинг «Ҳафт пайкар» номли достонларидан ҳам таъсирланганини қайд этар экан, бунда маълум ҳақиқат йўқ эмас.

Шу билан бирга Навоий «Мажолисун — нафоис» тазкирасида ўз замондошларидан Алий Оҳий, Котибий, Фасиҳ Румий, Мавлоно Дарвешали, Хожа Ҳасан, Мавлоно Абдулло, Амир Шайхим Суҳайлий, Хожа Имод каби ўнлаб хамсанависларнинг номларини зикр этади. Масалан, булардан Амир Шайхим Суҳайлий билан Навоий шу қадар яқин бўлганки, унга «Мажолисун — нафоис»даги учинчи мажлисдан Жомийдан кейин иккинчи ўринни берган. Бу ўринда Навоий Суҳайлийни мақтаб келиб, сўзининг охирида: «Аввалдин охирғача фақир била илтифот ва иттиҳоди кўп мундун ортуқ таърифин қилинса, ўзумни таъриф қилғондек бўлурдин қўрқуб, ихтисор қилинди» — дейди. Суҳайлий ҳам анъанавий «Хамса»нинг «Лайли ва Мажнун» сюжетига жавоб ёзган эди. Навоий «Хамса»сини тугаллагач, подшоҳ Ҳусайн Бойқаро ҳам уни ғоят илиқ кутиб олган.

Ниҳоят, Навоий «Хамса»сининг вужудга келиши давомидаги энг катта табиий қийинчиликлардан бири — бу тил масаласидир. Навоийгача яратилган барча «Хамса»лар форсий тилда бўлиб, ўзбек тилида бу типдаги асарни яратиш жуда кўп илмий, сиёсий, адабий, лингвистик тушунчаларни шу тилда ифодалаш деган гап эди. Навоий бу ишга жуда қаттиқ киришди. У ўз асарини яратишда фақат адабий тил ёки бир шева имкониятлари билан чекланмади. У ўзбек тилининг барча шеваларига хос нозикликларини кашф этишга интилди. «Хамса» туфайли ўзбек адабий тили ўзининг янги ва мукаммал қиёфасига эга бўлди. Кўпгина мафҳумларни эса Навоий ўзи яратди. Шунинг учун «Хамса»ни яратиш билан боғлиқ қийинчилик ва тўсиқлар устида гап борар экан, тил билан боғлиқ аҳволга Навоий алоҳида тўхталади. Навоий фикрича, ҳар қандай кишининг бошқалар билан сўзлашадиган кундалик она тили одатдаги, кўп марта такрорланадиган ҳодиса бўлиб, унга одамлар кўпда эътибор билан қарамайдилар, қандай ўнг келса шундай гаплашадилар. Одамга гап-сўзидаги камчиликлар унча билинмайди. Гўё ҳар куни ишлатиладиган, талаффуз этиладиган сўзлар, гаплар кишининг фарзандидек, ўз аъзосидек. Лекин гаплашув тили билан адабий тил ўртасида катта фарқ бор. Сўзларнинг оғзаки талаффузида кўп дудуқлик, номукаммаллик («лакнатлар») бўлади. Адабий асарда шоир уларни тузатиши, сўз ва ибораларни тўғри қўллаши ва талаффуз этиши, адабий тилга кўчиришда ўзига талабчан бўлиши, бошқалар билан маслаҳатлашиб туриши, бу ҳақда тилни яхши биладиган одамларнинг гапларига қулоқ солиши, бир сўз билан айтганда, тилга ниҳоятда эҳтиёт бўлиши зарур. Навоий ўзининг бу фикрларини «Садди Искандарий» достонининг охирида қуйидагича конкретлаштиради:

Тузалди бу назминг басе сарсари,
Яна турки алфоз анга бир сари,
Ки ҳар неча ким диққати бордур,
Талаффуз аро лакнати бордур.
Сўзунгники яхши кўрурсун ўзунг,
Кўрунмас ёмон, чун эрур ўз сўзинг.
Қошингда сенинг гарчи кўп вазни бор,
Чу бор ўз сўзинг, — йўқ анга эътибор,
Ки сўз зодаи табъу фарзанд эрур,
Чу фарзанд эрур, жонға пайванд эрур…

Беш юз йиллик тарих шундай гувоҳлик берадики, чиндан ҳам Алишер Навоий «Хамса»сининг яратилиши ўзбек халқи маданияти тарихидаги энг катта воқеалардан бири ҳисобланади. Бу асарнинг ёзилиши жараёнини ўрганиш ижодкорлар учун катта мактаб. Навоий «Хамса»си аввало, ўз даври ижтимоий сиёсий ва маданий ҳаётининг қолаверса Навоийдаги ноёб гениал шеърий истеъдоднинг маҳсули. Шу билан бирга бу адабий ёдгорлик жаҳон адабиётининг энг яхши, энг улуғ намуналари каби ҳамма даврларнинг, ҳамма халқларнинг ҳамда барча авлодларнинг севимли ва ардоқли асари бўлиб қолди. Унинг кўп тилларга таржима қилингани ва қилинаётганлиги ҳам шундан далолат беради.

“Шарқ юлдузи” журнали, 1985 йил, 9-сон.

_______________

[1] Бу ҳақда Навоий устози Саййид Ҳасан Ардашерга ёзган шеърий мактубида маълумот беради. — А. Ҳ.


Зиё истаган қалблар Telegram каналига марҳамат!