Абдулла Қаҳҳор. Шакл ва мундарижа ҳақида (1963)

(Ёзувчилар союзи партия ташкилотининг назарий семинаридаги нутқнинг тезиси)

Сўнгги 25—30 йил мобайнида бирон киши шакл ва мундарижа бирлиги тўғрисида мунозара қилганини билмайман. Шакл ва мундарижа бирлиги бизнинг учун энг оддий ҳақиқатдир.

Лекин халқда «яқиндагини бўри емайди», деган мақол бор — бизда мавжуд бўлган ва ҳамиша кўз олдимизда турган формализмни пайқамаймиз.

Ҳозирги поэзиямизда икки хил вазн бор: бармоқ ва аруз. Бутун халқ ижодиёти, деярли бутун ҳозирги поэзиямиз бармоқ вазнида, бутун классик поэзиямиз ва ҳозирги поэзиямизнинг жуда оз қисми аруз вазнида ёзилган.

Бармоқ вазни бизнинг ўз вазнимиз бўлиб, ўзбек тилининг хусусиятига асосланган. Аруз араб ва форс тилларининг хусусиятига асосланган бўлиб, бизнинг тилимизга бегонадир.

«Бармоқ» тилимизда ҳамма тиллар ҳисобига бойиш имкониятини беради, «аруз» эса тилимизни мана шу имкониятдан маҳрум қилади. Аруз рус ва интернационал калималарни ҳаммавақт ҳам хушлайвермайди бу сўзлар ё кўпинча вазнни бузади, ё ўзи бузилади.

Шоир Лоҳутий тожик тилида, яъни она тилида ёзган:

Ало, духтар, ки Фарҳоди гу бошам,
Шикори чашми жаллоди ту бошам.
Гужо оям, киро бенам чи созам,
Ки ман ҳам дар бригоди ту бошам.

«Бригада» деган сўзнинг қай аҳволга тушганига эътибор беринг. Арузнинг баҳри (тури) кўп, бир баҳрга тушмаган сўз бошқа баҳрга масалан, «мотоцикл» деган сўз мутлақо тушмайди, «мотоцикл» сўзи тушадиган баҳрга эса, «самолёт», «космос», «космонавт» деган сўзлар тушмайди.

Арузчилар: «Навоий ўзининг зўр асарларини арузда ёзган», дейишади. Тўғри, лекин у замондаги тилимизнинг аҳволига бир кўз ташланг:

Ашриқат мин акси шамсул каъс анворулҳудо,
Солики роҳи ҳақиқат ишқи айлар иқтидо…

Бундаги 10 сўзнинг 7 таси арабча, 1 таси форсча, 1 таси ўзбекча. Бундан соддароқ байтни олайлик:

Э, жамолинг, нозу ишванг бир-биридан хўброқ,
Қоматинг марғубу андин пайкаринг марғуброқ.

Бундаги 9 сўздан 4 таси арабча, 3 таси форсча, 2 таси ўзбекча бўлиб, бунинг ҳам бири (андин) арузга мувофиқлаштирилган.

Ҳозирги арузчи шоирларни олайлик.

Ҳабибийнинг «Янги дунё» деган шеърида жами 92 сўз бўлиб, бунинг 31 процентини арабча-форсча калималар ташкил қилади.

Бармоқда ёзадиган шоир Шуҳратнинг «Илк томчи» деган шеърида жами 58 та сўз бўлиб, буларнинг 8 процентини чет сўзлар ташкил қилади.

Арузчилар: «Классикларда ўзбекча сўзлар кўпчиликни ташкил қиладиган шеърлар ҳам учрайди», дейишади. Ҳақиқатан шундоқ, масалан, Навоийда шундай сатрлар бор:

Хирадманд чин сўздан ўзга демас,
Вале борча чин ҳам дегулик эмас.

Бу сатрлар ҳақиқатан, деярли ўзбекча сўзлардан ташкил топган, лекин унинг ўқилишига диққат қилинг: ҳар бир сўз арузга мувофиқлаштирилиб форсча талаффуз билан ўқилади.

Биз кўп вақт хонандаларни текст сўзларини бузиб ўқишда айблаймиз. Бунга сабаб шуки, ўша хонандаларимиз текстда учрайдиган кўп сўзларнинг маъносини билишмайди. «Бода ошом» (май ичувчи) — бода ашъом, «толиби нури чироғман» (чироғ нурига муҳтожман) — толиби нурули чироғман, «афғон» авғон ўқилади.

Гап фақат шундагина эмас. Гап яна шундаки, арузнинг мусиқаси билан ниқобланган, аслида пуч, бадииятга алоқаси йўқ шеърлар кўпайиб кетаётипти.

Аруз қандай шакл эканини шундан ҳам билса бўладики, иттифоқ адабиёти хазинасини бойитаётган, бу хазинадан баҳраманд бўлаётган шоирларимиздан биронтаси ҳам арузни ўзининг асосий ижодий йўли қилиб олгани йўқ, ҳолбуки етук шоирларимизнинг ҳаммаси аруз вазнида ёза олади.

Бундан кўп йиллар муқаддам бир мажлисда мен аруз ҳақида мулоҳазаларимни айтганимда, мажлисга раислик қилган марҳум Ҳамид Олимжон менинг тезисларим ёзилган қоғознинг орқасига қуйидаги қайдларни қилган:

1. Ҳозирги арузни қўлланишда илмий замин борми, ёки бу қуруқ тақлид натижасими? Собир… китобий ва ҳаётий тамойил.

2. Арузга ҳавас ортувининг сабаблари нима? Қўшиқ, радио масалалари.

3. Тилнинг тозалиги учун кураш ва аруз.

4. Ҳозирги шеър соддалиги масаласи ва эски қолипланган иборалар масаласи надир?

5. Формализм масаласи.

6. Ҳозир аруз адабиётнинг савиясини кўтараётирми? Уйғун арузлари унинг ижодини кўтарадими?

7. Ҳозирги адабиётимизнинг савиясини қайсиси тайин этади? Ҳарҳолда арузни ишлатиш керакми?

8. Янги ёза бошлаган ёзувчи қайсиндан бошлаши керак? Арузда ёзиш учун араб ва форс тилларинн билиш масаласи. Бармоқда ёзмоқ учун ўзбек тили — онадан ўрганилган тилни яхши билиш шартлиги.

9. Адабий асарнинг мазмуни ва бадиий тўқимасига кира билиш.

10. Гимн масаласи. Бошқа етук шоирларимиз сингари Ҳамид Олимжон ҳам арузда бир-иккита шеър ёзган, шундоқ бўлса ҳам юқоридаги қайдлар унинг арузга салбий муносабатда бўлганини кўрсатади.

Тилимиз арузнинг талабига зид йўлдан тараққий қилаётипти, шунинг учун унинг поэзиямизда келажаги йўқ. Лекин бундан арузни мутлақо ишлатмаслик керак, деган хулоса чиқмайди, чунки транспорт туянинг аҳамиятини йўқотган бўлса ҳам, у ҳали яшаши мумкин, бир жойда бўлмаса, бир жойда ҳамон қўл келиб туради.

Баъзи бир кишилар: «Бир вақтлар ёшлик қилиб Навоийга нотўғри муносабатда бўлган эдик», деган тўғри фикрнинг посангисига арузга бўлган муносабатимизни ҳам қўйиб юбормоқчи бўлишади. Биз арузга ҳеч қачон нотўғри муносабатда бўлган эмасмиз — ҳамма вақт уни музей экспонати ҳисоблаганмиз ва минбаъд ҳам шундай ҳисоблаймиз.

1963 йил