Абдулла Қаҳҳор. Муҳаббат ва оила (1961)

Турли редакцияларга, айрим ёзувчиларга ёшлардан оила ва муҳаббатга доир жуда кўп хат келади. Бу хатлар ёшларимизнинг оила масаласига ниҳоятда жиддий, жамиятимизнинг ҳаёт негизларидан бири деб қараганини кўрсатади.

Бу масаланинг диққат марказига ўтиб қолганлигига сабаб ёш оилаларнинг кўп бузилиши эмас, балки минг-минглаб тотув яшаётган бахтиёр оилалар фонида бузилган ёки қалқиб турган оиланинг эриш ва хунук кўринганлигидир.

Кўчада хандон-хушон юрган минглаб одамлар орасида битта одам йиғлаб кетаётган бўлса, шунча одам ичида кишининг кўзи шунга тушади. Яна бир йиғлаб кетаётган одам кўриниб қолса киши ҳайрон бўлади, сабабини билгиси келади, у ёқ-бу ёққа қарайди… Учинчи шунақа одам йўлиқса, ҳар ким ҳам ташвишга тушади, сўрайди, суриштиради. Халойиқнинг диққати жалб бўлади. Бу ҳолнинг сабаби маълум бўлгунча ҳар хил тахминлар бўлиши, шошқалоқ одамлар тахминга асослаб нотўғри хулосалар чиқариши ҳам мумкин.

Бузилган ёки бузилишга мойил бўлиб турган ёш оилалар тўғрисида ҳам шу гапни айтса бўлади. Тотув яшаётган минглаб бахтиёр оилалар орасида биттаси бузилса ёки бузилишга мойил бўлса, теварак-атрофдагиларнинг кўзи шунга тушади. Баъзи одамлар бунинг сабаби маълум бўлгунча шошқалоқлик қилиб «ҳозирги ёшлар…» деб киноя қилишади.

Мушоҳада ва фактлар шуни кўрсатадики, бузилган ёки қалқиб турган ёш оилалар асосан икки сабабга биноан бузилади. Бу сабабларнинг бири эски онг, эски урфу одатдир.

Эски онг, эски урфу одат қўли етган оила учун бир офат. Бу офат олди олинмаса, шумғиядай, оилани қуритади, ҳатто ғунчалигида хазон қилади. Эскилик дастидан бир-бирига етишолмай, етишган тақдирда ҳам яна шу эскилик орага жудолик солиб, фироқ аламини тортаётган ёш қизлар, ёш йигитлар йўқми?

Қиз билан йигит бир-бирини яхши кўради, иккови қарияларнинг ҳурматини қилиб, улардан розилик сўрайди. Қизнинг ота-онаси қатъият рози бўлмайди: «йигит беватан, ҳукуматнинг ҳовлисида турар эмиш». Бу ҳурматли ота-она ўйламайдики, ҳукуматники деган сўз халқники деган сўз, ҳозирги замонда халқни деган халқдан кўради, халқни демаган боридан ҳам маҳрум бўлади.

Яна бир қизнинг отаси бўлажак куёви, яъни ўз фарзандининг жондан ортиқ севган ёридан катта қалин сўрайди: «Мана шунча пул берсанг севганинг сеники, шуни бермасанг бошқа бозорни кўр!»

Баъзи ота-оналар ўзларининг беҳуда орзу-ҳаваслари учун йигитдан катта тўй талаб қилишади. Куёв ҳозир шунга қодирми, қодир бўлмаса-ю, тўй деб қарзга ботса, кейинчалик икковининг аҳволи нима бўлади — бу билан ишлари йўқ!

Наҳот шу нарсалар ота-онанинг ўз фарзандига бўлган меҳрини кўрсатса!

Шундай қилиб, баъзи оилалар эскилик заҳридан ҳатто ғунчалигидаёқ хазон бўлади. Бундан баъзи бировларнинг ғазаби келади. «Айб, ўша қиз ёки йигитнинг ўзида, шартта ЗАГС қилиб, бўлганим шу деб туравермайдими, севгани билан қочиб кетса, бўлмайдими» дегувчилар ҳам бўлади. Бу айтмоққа осон!

Яна шу эскилик чин муҳаббат асосида бунёдга келган оилани баъзан зангдай кемиради.

Баъзи қайнана ва қайнаталар келиндан «етти қават кўрпачага ўтқазиб қўйиб, хизматда бўлишини» талаб қилишади ва бу талабнинг чеки-чегараси бўлмайди: келин ўқимаса, ишламаса, оилага бор-йўғини берса-ю, ундан ҳеч нарса талаб қилмаса! Келин бунга кўнмаса қайнананинг зиҳновига қолади, эрнинг қулоғи қоматга кслади: «Хотининг ундоқ, хотининг мундоқ… Қисқаси, хотиндан куйдинг!» Эр севган хотинининг тарафини олса, йиғи, таъна: «Ўғил ўстириб нима кўрдим, хотин онадан азиз экан-да…»

Томчи тошни, занг темирни тешади.

Бу хусусда ёш эрларнинг юзига қора суркаб «ундоқ қилса бўлмайдими, бундоқ қилса бўлмайдими» дегувчилар бор. Бу ҳам айтмоққа осон! Битта оилани эскилик сиртмоғидан қутқариш учун мингта оила ёрдам қўлини чўзса ҳам оз.

Жувонмарг бўлган ёш оилаларнинг тез хазон бўлганига иккинчи, лекин камроқ, учрайдиган сабаб — бу оилаларнинг мушакдай чиройли, чақмоқдай кўзни қамаштирадиган, лекин бир лаҳзали, ўткинчи муҳаббатнамо туйғу асосига қурилганлигидир.

Чин муҳаббат туғилиши, мустаҳкам оила вужудга келиши учун жисмоний балоғат туйғусигина кифоя қилмайди, бунинг устига маънавий камолот ҳам керак! Шундагина йигит қиз зотининг, қиз эса йигит зотининг энг мукаммалини топа олади, очиқ кўз билан муҳаббат қўяди, бу чин муҳаббат асосида мустаҳкам оила вужудга келади. Бир қиз бундай деб ёзади: «Мен бир йигитни яхши кўрар эдим. У ҳам мени яхши кўрар эди-ю, орадан кўп ўтмай бошқа қизнинг кетидан кетди. Нима қилай, мен ҳам ундан юз ўгирайми ёки у қиздан қайтаришга уринайми?»

Хайрият, бу мушак-муҳаббат асосига қурилган муносабатнинг пучлиги тезроқ фош бўлибди! Оила қурилиб ўртада бир-иккита бола бўлгандан кейин шу ҳодиса рўй берса — йигит бошқа қизнинг кетидан кетса нима бўлар эди?

Бир йигит ёзади: «Мен бир қизни яхши кўраман, қиз рўйхуш беради-ю, турмуш қилгани унамайди. Кейинчалик эшитсам мен келишган, чиройли эмас эмишман… Келажакдаги орзу-ҳавасларимни барбод қилиб юбордим. Шу кунларда қаландардек бўлиб юрибман…»

Хайрият, қиз шу гапни ҳозир айтибди, бирон сабаб билан шу «қаландар»га теккани рози бўлса-ю, эр-хотин бўлгандан кейин икки гапнинг бирида «сен хунуксан» деб турса нима бўлар эди?

Муҳаббат ва оила масаласида хато қўйилган қадам, суднинг ҳукмидай, ҳеч қачон ва ҳеч ким тузатолмайдиган хато бўлади. Суднинг янглиш ҳукми билан турмада ўтган вақт, янглиш қурилган оилада ғурбат билан кечган умр ҳеч қачон қайтмайди.

Оила қуришда қилинган хатонинг жабрини фақат эр-хотин эмас, болалар, қариндош-уруғ, ёр-жўралар ҳам тортади. Оиладаги ҳаловатсизлик эр-хотин мансуб бўлган коллективни ҳам ташвишга қўяди.

Жамоатчиликни ёш оилаларга ёмон таъсир кўрсатаётган эскиликка қарши курашга чақираётган, оила масаласида хато қадам қўймаслик ғамида бўлаётган ёшларимизнинг овози кучлироқ янграши керак.

1961 йил