Абдулла Қаҳҳор. Ижодий фаоллик ва жасорат ҳақида (1962)

Ижодий фаолликни адабиётимизда ҳар бир ёзувчи ҳам, ҳар бир танқидчи ҳам бир хилда чуқур тушунади, деб бўлмайди.

Ижодий фаоллик роман кетидан роман, поэма кетидан поэма, туркум-туркум шеърлар, ҳикоялар, пьесалар, мақолалар ёзишдангина иборат эмас.

Ёзувчининг ижодий фаоллиги партиямизнинг адабиёт олдига қўйган талабларидан, вазифаларидан, ёзув-чининг ички қаноатидан, эҳтиросидан келиб чиқиши лозим.

Ёзувчининг қулоғи ҳамиша халқнинг кўксида бўлиши, унинг қалбидаги ҳаяжонни дарҳол сезиши, илғаб олиши, шундан илҳомланиши, асарини мана шу илҳом, кучли эҳтирос билан ёзиши керак. Ўшанда ёзувчи халқнинг тили учида турган гапни айтади, халқ дилининг таржимони бўлади. Эҳтирос билан ёзилган ҳақиқий асарда лоқайд саҳифалар эмас, ҳатто сатрлар, сўзларга ҳам ўрин бўлмайди. Бундай асарлар адабиётдагина эмас, халқнинг маънавий ҳаётида ҳам катта воқеа бўлади. Шундагина ёзувчининг сўзи китобхоннинг қулоғидан, қиёфаси унинг кўз ўнгидан кетмайди. Адабий танқид ҳам лоқайд эзмалик, баёнчилик, асарда бор ёки йўқ нарсаларни қуруқ қайд этишдан иборат эмас. Танқидчи илҳом билан ёки илҳомсиз ёзилган асарларни эҳтирос билан таҳлил қилиши, асар ҳақидаги ҳақиқатни бор товуши билан айтиши, шу йўл билан китобхонга ҳам, ёзувчига ҳам ёрдам бериши керак. Танқидчи шундагина ёзувчи билан бир қаторда адабиётимиз майдонида жавлон уриб, коммунистик қурилишнинг жонкуяр бинокори бўлиши мумкин.

Биз кейинги йилларда ёзувчиларимизнинг фаоллиги ошганлигини, ўнларча роман, повесть, поэма, пьесалар иайдо бўлганлигини, бу асарларда бугунги куннинг муҳим мавзулари кўтарилганлигини айтиб, хурсандлик изҳор қиламиз. Хурсанд бўлишимизга асос бор, чунки кечаги мурғак адабиётимиз бугун катта адабиёт. Бутун-иттифоқ адабиётидан мустаҳкам ўрин ишғол қилиб турибди. Кўпгина романларимиз, повестларимиз, шеърий асарларимиз Иттифоқ китобхонининггина эмас, кўпгина хорижий мамлакатлар китобхонларининг кутубхонасига ҳам кириб борди.

Лекин шу билан бирга ҳажм жиҳатидан икки-уч килолик бўлса ҳам, пўла, сиртдан қаралгандагина «муҳим мавзуни кўтариб чиққан», фақат мақтанчоқлик руҳида ёзилган сийқа мақолалардагина зикр қилинадиган, адабиётда эса, пайқалмай қолинаётган, китобхоннинг таъби тортмайдиган асарлар озми? Булардан баъзиларида ҳаёт — нўноқ рассом безаган саҳнага, одамлар — бажарадиган ролини ва айтадиган сўзини мутлақо ҳис қилмасдан саҳнага чиққан уқувсиз артистга ўхшамайдими?

Биз адабиётимиз кундан-кун ўсиб бораётганлиги, ёзувчиларимизнинг фаоллиги тўғрисида гапирганимизда нима учун ўзбек адабиёти Бутуниттифоқ адабиётининг бир қисми эканини унутиб қўямиз? Мавжуд романларимиз повесть ва шеърий асарларимиздан қанчасини Иттифоқ китобхонига тақдим қила оламиз? Мавжуд пьесаларимизнинг жуда кўпчилиги умуман адабиёт тарозиси билан тортилганда ҳақиқий адабий асарнинг посангисига ҳам ярамайди-ку. Бу асарларнинг авторлари нари борса «маҳаллий классик» бўлиб қолмоқдалар-ку!

Маълумки, ўзбек деҳқонлари 1960 йилда мамлакатга тўрт миллион тонна пахта бердилар. Бунинг нима эканини шундан билиб олиш мумкин:

Бир тонна пахтадан 720 метр газлама, 110 кило ёғ, 260 кило кунжара, 16 кило совун ва бошқа кўп нарсалар чиқади.

Шунча бойликни қишлоқ хўжалиги меҳнаткашлари ўз меҳнатлари, маҳоратлари билан яратганлар. Ўзбекистон радиоси таҳсинга лойиқ мана шу одамларга бағишлаб ҳар куни махсус соат ажратган. Бу соатларда илғор пахтакорлар, яхши ташкилотчилар ҳақида очерклар ўқилади, баъзан уларнинг ўзлари сўзга чиқарилади. Бироқ яхши ният билан қилинадиган бу ишнинг савияси шу қадар паст, бериладиган материаллар шу қадар ҳиссиз, туссиз ёзилган бўладики, радио эшитувчининг энсаси қотади. Қаҳрамонларнинг ўзлари сўзга чиқарилганда, уларга кўпинча нўноқ журналист наридан-бери ёзган, тамоман лоқайд, совуқ текстлар ўқиттирилади. Натижада, радио эшитувчининг кўз олдига пахта далаларининг қаҳрамони эмас, сўзи оғзидан тушиб кетаётган одам келади. Эшиттиришнинг ташкилотчилари, авторлари бунақа очерк, бунақа «сўз»ларга ҳеч ким қизиқмаслигини, қулоқ солмаслигини яхши билишади, шунинг учун текст ва «сўз»ларни музика ва ашулага ўраб беришади.

Бизнинг кўпгина китобларимизда ҳам ҳаёт, одамлар қарийб мана шу хилда «тасвирланади», фарқи шундаки, радио текстга музика суркаб берса, ёзувчи китобга арзон «муҳаббат», «юксак ғоялар», драматург томошабинга «арзон» кулги суркаб беради.

Шунақа асарларни ижодий фаоллик самараси деб бўладими?

Адабий танқидда «жасорат» деган сўз юради. Баъзи асарларни «жасорат билан ёзилган» дейишади. Шу хилдаги китоблар ёзган ёзувчининг бу иши жасоратми ёки халқ ҳаётини яхши биладиган, халқ билан ҳамнафас бўлган совет ёзувчисининг бурчими? Агар ёзувчи бир гапни бошқалардан олдинроқ айтган бўлса, бу унинг жасурроқ эканини, халққа бошқалардан яқинроқ, қулоғи динг, кўзи ўткир эканини кўрсатадими? Модомики, ёзувчи социалистик реализм методига содиқ, қулоғи халқнинг кўксида экан, нима учун халқнинг дилидаги, тилининг учидаги гапни айтиши жасорат ҳисобланади?

Халқ ҳаётининг қаърига кириб олган, қалбини халқ қалбига пайванд қилган совет ёзувчисининг ўз бурчини бажаришда ҳаётимиздаги иллатларга ҳам қўл уришини жасорат деб аташ ҳаётимизда учрайдиган паталогик ҳодисаларнинг ҳам адабиётга мавзу, материал бўлишига йўл очиб бермайдими?

Мен Европага саёҳат қилган вақтимда бир мамлакатда халқнинг ҳайратангиз бир одатини гапириб беришганди. Ўша мамлакатда бола балоғат ёшига қадам қўйган пайтиданоқ ота-онаси билан бола орасидаги муҳаббат ришталари батамом узилар экан. Масалан, ота-она балоғатга етган боласига: «Ўз нонингни ўзинг топиб егин, биздан нон увоқ ҳам умид қилма, биздан нима қолса сеники, лекин мерос дейдиган бўлсанг, ўлганимиздан кейин келиб оласан», дер экан. Бола ҳам ота-онага шу хилда муносабатда бўлиб, уларга ёрдам деган гапни хаёлига ҳам келтирмас экан.

Бу одатнинг ҳеч шубҳасиз, тарихий илдизи, уни одат тарзида тутиб турган шарт-шароит бор. Бу шароитда фарзанд мерос учун ота-онасини ўлдириши ҳам мумкин.

А. Чаковский «Беандишаликка қарши» деган оташин мақоласида ёзади:

«Яқинда Бутуниттифоқ газеталаридан бири «Капрон из» деган криминалистик очеркни уч сонда катта-катта ҳажмда эълон қилди. Очеркда мерос тамаида ота-онасини ўлдирган 18 яшар аллақандай ҳаромининг фош этилиши ҳикоя қилинади.

Бу каттакон можаро. Аммо содир бўлган воқеанииг ижтимоий ахлоқий таҳлили йўқ. Ваҳоланки, шундай таҳлил берилгандагина ўшандай оммавий газета саҳифаларида бу тариқа нарсаларни кетма-кет эълон қилишдан бирон маъно чиқарди».

Бизнинг шароитда, совет воқелигида, ҳеч қандай замини бўлмаган бу ҳодисага мен паталогик ҳодиса деб қарайман. Паталогик ҳодиса адабиёт учун мавзу ҳам, материал ҳам бўлолмайди. Афсуски, ёзувчининг бурчи жасорат деб аталганда бу тариқа «жасорат» кетидан қувган, жасорат деб мақсадни унутиб қўйган айрим ёзувчиларда паталогик ҳодисани-бўйнига арқон солиб адабиётга судраб кириш майли кўринмоқда.

1962 йил