Абдулла Қаҳҳор. Ҳиндистон хотираларидан (1966)

Мен бу ажойибот ва ғаройиботлар мамлакати бўлмиш Ҳиндистонга икки марта — 1955 йилнинг охирида ўзбек санъаткорлари делегациясига бошлиқ бўлиб, 1961 йилнинг бошида сайёҳ бўлиб бордим.

1955 йилнинг декабрь кунлари эди. Бизда дарахтлар булдуруқдай оппоқ: Афғонистонда қора совуқ, изғирин; уч ярим соатлик йўл — Ҳиндистонда эса қулф уриб ўсган азим дарахтлар биздаги саратон ёки асад ойидаги сингари иссиқдан энтикиб, бошини қуйи солиб турипти. Шоли бир жойда ўрилмоқда, бир жойда ўталмоқда, яна бир жойда энди сепилмоқда… Шакарқамиш, сапсар, мой ўсимликлари сап-сариқ бўлиб гуллаб ётипти.

Бундан уч ярим соат бурун булдуруқдан ҳам оқариб ётган дарахтларни кўрган, пўстинга ўраниб енгини бурнига тутиб юрган кишини бу аломат манзара, шубҳасиз, ҳайратга солади. Бироқ орадан кўп ўтмай, Ҳиндистоннинг табиатидан ҳам кўра ҳинд халқининг ҳаёти бизни кўпроқ ҳайратга сола бошлади.

Ҳиндистоннинг пойтахти Деҳли. Мингларча ҳиндлар майса-майдонларда, йўлкаларда ўтирибди, ётибди. Оқ чойшабда яна ҳам қорароқ кўринган, ниҳоятда озғин бу одамлар орасида тери-суякдан иборат ва ётган еридан тура олмайдиган, ҳатто хайр сўраб қўлини кўтаришга мажоли бўлмаган одамлар ҳам бор. Таржимонимиз: «Кўчада туғилиб, қисқа умрини кўчада ўтказадиган ва кўчада ўладиган бу хилдаги одамлар миллион-миллион», — деди.

Калькуттада менинг тобим қочиб қолди. Овқатни ётоқхонамга чақирдим. Ҳинди официант овқатни бутун анжоми билан келтириб столга қўйди-ю, орқа томонимга ўтди. Мен унинг чиқиб кетишини кутиб овқатга қўл урмадим. Официант чиқиб кетавермади. Нима қиляпти, деб орқамга қарасам, мендан икки-уч қадам нарида ғоз турипти. Маълум бўлишича, мен овқат еб бўлгунимча орқамда қимирламай ғоз туриши керак экан.

Ҳамма меҳмонхоналарда бир нарса кўзга ташланади: хизматкорлар ўтириб дам оладиган, тунаб қолиши лозим бўлган чоқда ётадиган жойи йўқ, улар ҳамма ётиб ухлаганидан кейин йўлкаларда ётиши керак. Поездларда ҳам шундоқ; проводниклар ўтирадиган, навбат билан бўлса ҳам дам оладиган, ухлайдиган махсус купе йўқ, одамлар ухлагандан кейин улар ҳам, меҳмонхонадаги сингари йўлакда ётиб ухлашар экан.

Ҳамма жойда бир нарса кўзга ташланиб туради: баланд даражали тўқ одам бор, тубанларнинг тубани оч одам бор. Ҳамма нарса тўқ одамларники, ҳамма оч одамлар мана шу тўқларнинг хизматини қилиш учунгина яшайди, яшайди эмас, тупроқдан ташқарида умр кечиради.

Қашшоқлик, тенгсизлик, одамнинг қадр-қимматини ерга урадиган бошқа ҳамма нарса ҳам ўтади; уйсиз уйлик бўлади, оч тўяди, гап бунда эмас, ҳамма гап шундаки, мана шу одамларда одамлик ғурури карахт бўлган, бу одамларда шундай ҳаётга қарши исён руҳи йўқ, аксинча, булар шу ҳаётни қариликдай, табиий ўлимдек ҳақ, деб билншар экан.

Буюк-буюк фан кашфиётлари асрида Европанинг маданий бир мамлакати, жаҳонга Ньютон, Дарвин сингари улуғ сиймоларни берган халқ юз йилларча идора қилган бир мамлакатда миллион-миллион кишилар ваҳшоният даврининг ақидаси билан яшаб, шу ақида билан ўлиб кетганига ҳозир ҳар бир ҳалол инглиз номус қилса керак. Инглиз номус қилмаслигига ишонмайман, чунки мен болалигимдан маданий Европа халқларига муҳаббат ва ҳурмат руҳида тарбияланганман.

Мадрасда матбуот конференцияси бўлди. Бу конференцияга бир қанча ҳинд журналистлари йиғилишди. Биз санъат аҳли бўлганимиз учун журналистларнинг бизга берган биринчи саволи санъатга доир бўлди: «Санъат санъат учунми, санъат пропаганда учунми?»

Биз жавоб бермасдан бурунроқ журналистлар ўзаро мунозара бошлаб юборишди. Булардан ҳеч бири «санъат пропаганда учун» демаган бўлса ҳам, ҳар қалай, кўпчйлик «санъат санъат учун»га қарши чиқди.

Бу мунозарага қулоқ солиб, одамларни кузатиб ўтириб, кўнглимдан ўтган гапни ўша топда айтгани истиҳола қилдим: Ҳиндистон ҳукумати, Ҳиндистон зиёлилари олдида миллион-миллион оддий халқни колониализмнинг мана шу жирканч меросидан қутқариш, уларда инсонлик ғурурини уйғотишдек оғир ва мураккаб вазифа турган бир вақтда наҳот санъат бу курашдан четда турса, наҳот санъат кураш қуроли эмас, санъат санъат учун бўлса! Ўшанда шундоқ десам, ҳинд дўстларимиз буни таъна гумон қилиб, оғринишлари мумкин эди.

Бомбайда Тож Маҳал меҳмонхонаси олдида бир одам менга узоқ тикилиб турганидан кейин яқин келди ва:

— Маъзур кўрадилар, жаноблари ўзбекмилар?—деб сўради.

— Ҳа, ўзбекман,— дедим.

— Изнларидаги кимсалар ҳам ўзбекми?

— Ўзбек.

— Ҳаммалари ўзбек тилини биладиларми?

Мен таажжубланган бўлсам ҳам, унинг ҳамма саволига жавоб бераверишга қарор қилдим.

— Ҳа, ҳаммаси ўз тилини билади.

— Ўзбекистонда ҳозир ҳам ўзбек тили юрадими?

— Ўзбекистонда ҳозир ҳам ўзбек тили юрадигина эмас, бу тилда 193 та газета, 15 та журнал, миллион-миллион нусха ҳар хил китоблар нашр қилинади. Демак, ўзбеклар ўз она тилида гапирадигина эмас, ўқийди ҳам, ўқийдигина эмас, ёзади ҳам. Ўзбекистонда ёзувчи кўп. Мен ёзувчиман, — дедим.

Бу одамнинг лексиконида «ёзувчи» деган сўз йўқ экан, бу сўзни, афтидан «ёзувчи», «хати чиққан» деган маънода тушунди.

Гаплашиб қолдик. Бу одам таги марғилонлик бўлиб, инқилоб йили отаси билан Афғонистонга, кейин Ҳиндистонга келган, Бомбайда туриб қолишган, отаси ўлиб кетган, ўзи ҳозир ибтидоий мактабда муаллимлик қилар экан.

Бу одам «Ҳиндистон стандарт» газетасининг ёзишига кўра, «Санъатнинг олий намунасини кўрсатган», «ўйини билан Деҳлини мафтун қилган» ўзбеклар Бомбайга келганнни эшитиб, икки кундан бери Тож Маҳал меҳмонхонасига қатнаб, бизни учратолмаган, бугун тўрт ярим соатдан бери эшик олдида тикка туриб кутар экан.

Муаллим — зиёли, ўз Ватанидан келган кишиларни кўриш, Ватани ҳақида ватандошлари билан икки оғиз гаплашишга муштоқ бўлиб, Ватани ҳақидаги ҳар бир сўзни олтинга тортиб олишга тайёр бўлган бир киши Ўзбекистон ва ундаги ҳаётдан шунчалик бехабар бўлса, оддий ҳинди тўғрисида нима дейиш мумкин? Ҳиндиларнинг кўпи Ўрта Осиё шаҳарларидан фақат Бухорони эшитганига, ўзбеклар мусулмон деганимда, «ундоқ бўлса, Ўзбекистон Покистонга қарар экан-да», деган гапларига ҳайрон бўлиш керакми?

Муаллим Ўзбекистон ҳақида ҳеч нарса билмаганини, ўзбек тили ҳақида берган саволи жуда ҳам беҳуда савол бўлиб чиққанини кўриб хижолат тортди.

— Ҳиндистон жумҳурият бўлмасдан олдин у томонлар ҳақида ҳеч нарса эшитмас эдик, эшитган гапларимизни ҳозир сизга айтгани тилим бормайди, — деди.

Англия империализми Ҳиндистонда ҳукмрон бўлган вақтда Ўрта Осиё халқлари ҳақида ҳинд халқининг қулоғига нималар деганини ўзимиз яхши билар эдик. Халқнинг кўзи боғланса, қулоғига қўрғошин қуйилса, тақдир ҳукми ўлимдек ҳақ, деган ақидани унинг зеҳнига сингдириш осонроқ бўлади.

Ҳиндистонга иккинчи марта 1961 йилнинг бошида бордим, Цейлонга саёҳат қилиб қайтишда тушдим. Билмадим, Ҳиндистон шаҳарларини тақдир қучоғига ташланган одамлардан холироқ кўриш истагим кўзимни боғладими, ёки давлат бирон тадбир жорий қилибдими, ҳар қалай кўчаларда оч-яланғоч одамлар камроқ кўринди. Ўша хилдаги одамлар ҳақиқатан камайибдими, ё кўзимга шундоқ кўриндими, менинг учун бунинг аҳамияти унча катта эмас. Мен бу сафар бошқа бир нарсани пайқадим ва бунга бениҳоят хурсанд бўлдим: беш-олти йил ичида катта ўзгариш юз берипти: мустамлакачилик даври ўрнатган қуллик руҳига рахна тушибди. Мен гаплашишга, англашишга муваффақ бўлган одамларнинг кўпчилиги республиканинг саноати тўғрисида ифтихор ва яқин йилларда қишлоқ хўжалигининг тараққий қилиши, далаларга трактор чиқиши тўғрисида ғурур ва зўр ишонч билан гапиришди. Модомики, одамлардаги ўша руҳга рахна тушган экан, халқ қашшоқликдан чиқиш учун кураш йўлига кирган экан, бу халқнинг ғалаба қозонишига шубҳа йўқ.

1966 йил