Абдулла Қаҳҳор. Гап арузда эмас (1946)

Аруз вазнининг адабиётимизда қайтадан жонланиши кўпроқ Навоий юбилейига тайёрлик кўра бошлаган кунларимиздан бошланди. Жиндаккина табъи назми бўлиб, арузда ўзича машқ қилиб юрган бирмунча кишилар ҳам шу юбилей муносабати билан адабиётга яқинроқ келиб, матбуотда аруз вазнидаги бир-иккита шеър — назми билан кўрина бошлади. Ҳар бир унутилган нарса янгилик бўлиб бош кўтаради. Аруз ҳам адабиётимизда қарийб унутилган бир вазн бўлгани учун кўпдан шеър ёзиб юрган шоирларимиз ҳам арузда битта-иккита машқ қилиб қўйишди. Фақат машқ қилишди, холос.

Бироқ бизнинг арузга бўлган тўғри муносабатимиз арузда ёзадиган шоирларга ва уларнинг маҳсулотига бўлган нотўғри муносабатимиз орқасида ёмон натижа берди.

Биз арузда ёзадиган шоирларни нима учундир айрим ўринга — имтиёз талаб қиладиган ожиз, нотавон одамлар ўрнига қўйдик. Нима учундир ҳар бир қалам ушлаган киши учун шарт бўлган сиёсий умумий маданий савия булар учун шарт эмас, дегандай бир қараш пайдо бўлиб қолди. Бармоқ вазнида ёзадиган шоир агар ҳозирги фанга хилоф, анчайин бир гапни гапириб қўйса, уни тахтакачга тортамиз, лекин аруз вазнида ёзадиган шоир, «шер йигит, бўлди сипар етти қават осмон сенга…» деса, индамаймиз, маъзур кўрамиз.

Бармоқ вазнида ёзадиган шоирнинг бирон сатри дарров англашила қолмаса, остига юз мартаба чизиб, етмиш иккита савол қўямиз, лекин аруз вазнида ёзадиган шоир:

«Кел-э, қуёш, уриштир жаҳон пиёласини,
Жаҳон пиёласи билан шу жон пиёласини»,

деса, бундан маъно талаб қилмаймиз.

Мана шунинг орқасида аруз вазни истаган одам истаган номаъқулчиликни бемалол қилаверадиган бир майдон бўлиб қолди. Мана шунинг орқасида аруз адабиётимизга кўпроқ пуч, ғоясиз, баъзан палид нарсалар оқиб кирадиган тарновга айланиб қолди, тилимизнинг қонуни тараққиёт йўлига ғов бўлиб, реакцион роль ўйнайдиган, ёш қаламкашларимизга ёмон таъсир қилиб, уларнинг тўғри йўлдан боришига, ўз устида ишлашига халал берадиган, аксари уларнинг диққатини замонанинг муҳим воқеалари, куннинг муҳим вазифаларидан четга тортадиган бир нарса бўлиб қолди. Буни ёшларнинг аруз вазнида ёзилган жуда кўп шеърларида кўриш мумкин.

Бу кунгача аруз вазнида ёзилган шеърларнинг жуда кўпи муҳаббат тўғрисида. Лекин буларнинг ҳаммаси деярли эркак жониворнинг урғочи жониворни йўқлаб чиқарган товушидан фарқ қилмайди. Бу шеърларда инсонга хос олижаноб туйғудан асар ҳам тополмайсиз. Наинки муҳаббат тўғрисида ёзиш «яхши кўраман» деган сўзни минг хил айтишдан, маъшуқанинг ташқи кўринишини минг, мартаба ишлатилган иборалар билан таъриф қилаверишдан иборат бўлса! Бу шеърларнинг энг яхшилари Муқимий даври адабиётимизнинг энг заиф, ғоят мазмунсиз, ўтакетган шаблон намуналарига кўр-кўрона тақлид қилиш, шуларга қул бўлишдан иборат!

Қани ҳақиқий муҳаббат, олижаноб туйғунинг таркиби бўлган ўзаро меҳр-оқибат, ҳар қандай ўтга бардош берадиган садоқат, соф қалб, самимият, фидокорлик, тенглик?! Қани замон қизлари, замон йигитларининг олижаноб қалби, туйғуси?

Беш йил ёрнинг дарду фироқида куйиб шу дарду фироқ алангасидан бир ўзи учунгина эмас, қанча халқлар учун бахт-саодат яратган ошиқлар қани? Қани уларнинг юраги? Қани муҳаббат тўғрисида булар айтган янги гап? Наинки шулар ҳам фақат: «Сарву хиромонимни соғиндим», деган бўлса!

Мен Собир Абдулланинг «Шарқ юлдузи» журналида босилиб чиққан муҳаббат мавзуида ёзилган шеърига ўртоқларнинг диққатини жалб қиламан:

Келиб гулзорима парво қилиб кет,
Чаманни ҳуснинга шайдо қилиб кет.
Очиб лаб ғунчалар бағрини доғлаб,
Бу гулшан қушларин гўё қилиб кет.
Бериб кўп ваъдани ноз этма келмай,
Келиб бир, майли, истиғно қилиб кет.
Рақиблар таънаси оғзим очирмас,
Келиб танҳо тилим бурро қилиб кет.
Шу кун келганлигинг боққа нишонлаб,
Вафо гулзорини туғро қилиб кет.
Кезиб боғимда қил сайру томоша,
Дилингда бўлса меҳру ифшо қилиб кет.
Бу кўнгил торини чертарда, э соз,
Шинам суҳбат қуриб ялло қилиб кет.
Сочиб мушкингни Собир гулшанига,
Келиб гулзоримга парво қилиб кет.

Агар мен бу шеърни Собир ёрига ёзган эмас, буни бундан эллик йил муқаддам бир муллавачча ёзган, деб даъво қилсам, Собир менинг даъвомни рад қиладиган биронта далил кўрсата олармикан? Мен даъвомни исбот қилиш учун бир эмас, иккита далил кўрсатаман:

1. Шеърнинг тили бундан эллик йил бурунги тил.

2. Шеърнинг бирон жойида ҳам гап хотин киши тўғрисида кетаётганига ишора йўқ.

Хўш, шу икки далилни бекор қилиш учун Собир қаидай далиллар кўрсата оларкан?

Бу— муҳаббат мавзуида ёзилган, ҳозир ҳам ёзилаётган шеърларнинг бир хили. Иккинчи хили ҳам бор. Булар «юпқа томоқларингдан» сериясидан бўлиб, одатда босгани берилмайди. Бу нарсаларни босиш айб эканини шу хилдаги шоирларнинг ўзлари ҳам билишади. Бу нарсаларни кўпинча зотан, истеъдоди йўқ, томошабинни санъати билан қойил қилолмайдиган артист ва артисткалар репертуар қилишади. Баъзан ўзлари заказ қилишади, заказ қилганда ҳам «қичиқроқ бўлсин» дейишади. Кейин, оилавий ўтиришларда ҳам айтиб бўлмайдиган «қичиқ» шеърлар саҳнага чиқади, ўз қадрини билмаган, иззат-нафсини бирон безорининг қийқириғига алиштирадиган бу шўрлик «санъаткор» шоирдан жуда мамнун бўлади, уни энг зўр шоир деб билади.

Бу хилдаги қабиҳ нарсаларнинг —«Исловот адабиёти»нинг тарқалишига баъзан «мелодист-композитор» деб аталган харидорлар ҳам сабаб бўлишади.

Буларни назорат қиладиган идоралар шу қадар бепарво бўлишдики, қари ашулачиларимиздан бири «сайилга жавоб бўлди шекилли» деб бир куни радиодан

«Ако қадрин уко билмас,
Соқол-мўйлов чиқмагунча»,

деб ашула қилди.

Баъзан одамлар, эски шоирларнинг шеъри, классикларнинг шеърлари халқ адабиёти деб кўп нарсаларга эътибор қилишмайди. Шуни кўзда тутиш керакки, ўша классикларда «Рихлат қилолмай доғман» ёки халқ адабиётпда «шалпар иштон» қабилидаги нарса ҳам кўпки, буларни саҳнага чиқариш сира мумкин эмас!

Ҳақиқий шоир чуқур, таъсирли сўзи, ҳақиқий санъаткор артист санъати билан олқиш олиши керак.

Ҳозирги аруз вазнида ёзилган шеърларнинг кўп қисмини мана шу хилдаги муҳаббат тўғрисида ёзилган шеърлар ташкил қилса, яна бир қисмини мавзусиз, мақсадсиз ёзилган бутафория шеърлар ташкил қилади. Булар узоқдан қараганда шеърга ўхшайди. Лекин тепасига келсангиз, ҳеч нарса эмас. Мутлақо ҳеч нарса эмас. Лекин бир нарсани кўрсатади: бу хилдаги шеърларни ёзадиган шоир шеър ёзиш мажбурияти остида қолипти-ю, аммо нима тўғрида ёзишни, нима дейишини билмайди. Яъни фикри йўқ. Шунда шоир арузнинг музикаси, у талаб қиладиган, лекин, китобхон омма тушунмайдиган араб-форс сўзларидан бир нима ясайди. Мен бу хилдаги шеърларни сарлавҳасидан танийман. Одатда, сарлавҳа ёзилган нарсанинг нима тўғрида эканини бевосита ёки билвосита кўрсатиб туради. Ҳеч қандай маъно, ҳеч қандай фикр бўлмаган шеърга нима деб сарлавҳа қўйиш мумкин? Эшагига яраша тўқими — масалан, «Вафосиз гулни оз экдим» деб сарлавҳа қўйса бўлади. Шу сарлавҳада маъно борми?

Муаллиф шу сарлавҳани қўйган вақтида шу жумланинг ўз маъносини кўзда тутганмикан ёки бирон бошқа нарсага ишора қилганмикан? Агар ўз маъносида бўлса ҳеч қандай маъно йўқ. Гулнинг вафоли ва вафосизи, уни инсон оз ёки кўп экиши михлаб қўйса ҳам ёпишмайдиган гап. Агар бунинг кўчма маъноси бўлса, бирон нарсага ишора деса, нимага ишора бўлиши мумкин? Бунга шеърнинг ўзидан жавоб топиб бўлмайди.

Бу йил боғимга бемеҳру вафосиз гулни оз экдим,
Вафоли дўстлар пойига мен боғни ниёз экдим.
Вафосиз бўлса қай гул тухмини кўнгилдан ирғитдим,
Қадимни тикладим андоғки, боғга сарв ноз экдим,
Табассум этса минг ғунча вафосиз бўлса кеч, Собир,
Томоша қил, ариқлар бўйига тожихўроз экдим.

Дўст, дейдиган одам йўқ!

Ўзи нима гап? Бу шеърми, иситмаси баланд беморнинг алаҳлашими?

Иссиғида Собирнинг «Шарқ юлдузи»да босилган яна бир шеърини ўқиб берай:

Чарос қилдим(?)

Қачонким гул юзингни дилбаро кўрмак ҳавас қилдим,
Чаманда андалибдек ўзни мен соҳиб нафас қилдим(?)
Дединг: чин ошиқ ўлсанг, ўзгадан ишқингни тут пинҳон,
Асиринг ўлдиму ишқингга кўнглимни қафас қилдим.
Дединг: кўз юм бўлакдин, ўзгага ҳаргиз назар солма,
Бўлакка боқмадим, ҳар кимга майлим бўлса бас қилдим.
Кезиб бошимда Собир ул чарос кўзлар хаёлида,
Қорайди боқишимдан, бор узумларни чарос қилдим.

Бу гаплар айтадиган ҳеч гапи, илҳомланадиган ҳеч нарсаси, ташвиқ қиладиган ҳеч қандай фикри йўқ, лекин нима учундир шеър ёзишга мажбур бўлиб қолган кишининг чулдираши холос.

Арузда муҳаббат мавзуидан бошқа мавзуларда, маълум мақсадни кўзда тутиб ёзилган шеърлар ҳам бор. Масалан, Собирнинг «Ватанга муҳаббат» деган шеърини кўрсатиш мумкин. Лекин шоир шунда ҳам қолипдан чиқолмайди, янги тил, янги таъбир, бадиий восита тополмайди:

Ватан дилбарим гулузорим менинг,
Надур гулузор, ифтихорим менинг.
Бу ўлкам чаман, кенг эрам, бўстон,
Ёзай, Собирнинг, мадҳидан достон.

Бундан ташқари бу хилдаги шеърларни ўртача эмас, ҳатто юқори савияли китобхон ҳам луғат кўрмасдан ўқиёлмайди. Масалан: раъд, туғро, мизроб, ғоза, гул-фом, оғоз, ғизо, гумбази даввор…

Мен аруз вазнида ёзилган ўн олти йўллик шеърни, бармоқ вазнида ёзилган 16 йўллик бир шеърга солиштириб кўрдим. Ҳар иккиси ҳам муҳаббат мавзуида ёзилган.

АРАБ-ФОРС СЎЗЛАРИ

Шоир Аширматда 2,35 процент

Собир Абдуллада 36 процент

ИНТЕРНАЦИОНАЛ СЎЗЛАР

Шоир Аширматда 1,26 процент

Аширмат ишлатган араб-форс сўзлари ўзлашиб кетган, ҳозирги китобхон сўзларнинг араб-форс сўзлари эканини ҳатто билмаслиги мумкин. Шунинг учун ўн олти сатрнинг ҳаммасини ўқувчи бемалол тушунади. Собир Абдулла ишлатган араб-форс сўзларининг кўпчилиги халқ мутлақо ишлатмайдиган, ҳатто тайёрлиги бор китобхонни ҳам луғат кўришга мажбур қиладиган сўз, шунинг учун бу ўн олти сатрдан 7 сатрини китобхон тушунмайди.

Совет даврида ўсган, совет мактабида ўқиган, совет ёзувчиси деб аталган шоирни нима учун совет китобхони луғатсиз ўқиёлмайди? Совет ёзувчиси асарни кимга деб ёзади? Жаҳон адабиёти классикларининг энг машҳур асарларини бутун маъноси, гўзаллиги билан таржима қилишга яраган ўзбек адабий тили наинки Собирнинг анчайин фикрларини, сира ҳам мураккаб бўлмаган туйғусини ифода қилишдан ожиз бўлса? Ўзбек тилида яхши фикр ва туйғуларни ифода қилиб бўлмайди, деган назарияни Навоий бундан беш юз йил бурун тор-мор қилган?

Менимча, Собирдаги бу майл арузнинг талабидан келиб чиққан эмас. Бунинг сабабини фақат ўзи билади, бизга ўзи тушунтиради.

Эски араб алифбеси билан бирга ўлиб кетган, ўзбек тилининг хусусияти кўзда тутилиб тузилган янги ўзбек алифбеси ва тил қоидасида кулги чиқадиган мана бу хилдаги услубни қайта тирилтиришга уринишдан мақсад нима?

«Ер саҳнига сочилган ғалла жавоҳирларким, хирмон-хирмон омбор хазинасига тўплангани ва хазина тўлмоқи билан ер халқи тўқлангони; мулойим пахталарким, ишламоқ билан ияклангони ва нафис ипаклариким, тўқимоқ била кўнгилларга тилаклагони ва юмшоқ қоракўл барралариким, ўз-ўзидан гажаклангони ва ранг-баранг кон маъдалариким, очилмоқ била Ўзбекистон бойлиги юксаклангони…»

Мен аруз тўғрисида гапирганимда жўрттага Собир Абдуллани — ҳозирги арузнинг йирик намояндасини олдим. Чунки бош тузалса, оёқ тиним олади. Бошқа шоир ва шоирчалар тўғрисида гапирмоқчи эмасман.

Ҳозирги ўзбек адабиётидаги тизма сўзнинг чўққиси Ғафур Ғуломнинг «Вақт» деган шеъри, энг хашакиси бир артистимиз арузда қилиб юрган машқларидир. Ғафур Ғулом зўр профессионал шоиру артистни ҳаваскор нозим деб ҳозирги поэзиянинг икки нуқтасини белгиласак, демак, қолган ҳамма профессионал шоирлардан тортиб, ҳаваскор нозимларгача шу икки нуқта орасида жой олиши керак. Шунда Собир Абдуллани қаерга қўямиз. Ғафурга яқинроқми, ҳаваскор нозимга яқинроқми? Собир қаерга қўйилса, бошқа арузчилар ўшандан кейин қўйилади. Булар орасида нозим артистимиз билан жой талашадиган «мавлоно»лар ҳам бор.

Биз арузчилар олдига қандай талаблар қўямиз?

1. Шоир аруздан унинг музикаси, у талаб қиладиган араб-форс сўзлари остига ўзининг фикри қашшоқлигини яшириш учун фойдаланмаслиги керак. Биз булардан ғоявийлик талаб қиламиз.

2. Булар қайси мавзуда ёзишмасин, шеърда оригиналлик бўлиши зарур. Шоир бадиий воситалар яратиши, изланиши, тайёр шаблонлардан мутлақо фойдаланмаслиги керак.

3. Шоир муҳаббат мавзуини пастлаштириб, олижаноб туйғуни қабиҳлаштирмаслиги керак.

4. Аруз вазнида ёзадиган шоир ҳозирги ўзбек адабий тилининг табиий, қонуний тараққиёти йўлига ғов бўлмаслиги, ҳозирги адабий тилимизнинг ҳамма қонун-қоидаларига бўйсуниши керак. Аруз вазнида ёзадиган шоир вазн ё бошқа мулоҳазани кўзда тутиб, ҳозирги ўзбек ва интернационал сўзларни бузиб ишлатишга ҳаққи йўқ.

Масалан:

Осмон аэродромида улар урганда занг,
Безатди гулга кўмиб боғ бирла даласини.

1946 йил