Абдулла Қаҳҳор. Болалар адабиёти тўғрисида (1946)

Болалар адабиётининг ҳозирги аҳволи тўғрисидаги докладда ҳам, музокарага чиққан ўртоқларнинг нутқида ҳам бир нарса кўзга ташланади: ҳамма болалар адабиётидаги камчиликлардан гапиришдан олдин бу адабиёт анча ўсганлиги, ютуқларга эга бўлганлиги тўғрисида катта-кичик муқаддима қилиб ўтди.

Бу гаплар ҳақ, лекин бир нарсани эсдан чиқармаслик керак: модомики, болалар адабиёти совет адабиётининг бир қисми экан, унинг ўсиши, ютуқларга эга бўлиши табиий бир ҳол, гап бу ютуқларнинг даражаси, бу кунги талабларга қанчалик жавоб бера олиши тўғрисида бўлиши керак.

Тўғри, бугунги болалар адабиётининг салмоғи бундан ўн беш йил бурунги болалар адабиётининг салмоғидан анча юқори, лекин бугунги мактаб ёшидаги болалар бундан ўн беш йил бурунги мактаб ёшидаги болаларга ўхшайдими?

Ҳозирги мактаб ёшидаги болалар мактабга бошқа оилалардан, бошқача оилалардан бораётипти, бу болалар уруш замонини кўрган. Маълумки, уруш фақат шахар ва қишлоқларни бузгани йўқ…

Мана шу нуқтаи назардан қараганда, болалар адабиётининг ҳозирги даражаси, савияси жуда юксак бўлиши керак.

Пленумда болалар адабиёти алоҳида масала қилиб қўйилганлиги ва союз раҳбарлари бу масалани қўйишда айрим, пишиқ тайёргарлик кўрганлигига сабаб ҳам шу бўлса керак.

Чиройли лоф-қофдан хунук ҳақиқат яхши: анча ўсган, ютуқларга эга бўлган ҳозирги болалар адабиётининг даражаси, савияси унинг олдида турган талаблар, вазифалар даражасидан хийлагина паст. Адабиётимизнинг ҳозирги даражасини кўзда тутганда, бу нарса жуда билинади.

Бунга энг биринчи сабаб шуки, болалар адабиёти шу кунгача ҳам союзнинг, ҳам адабиёт жамоатчилигининг диққат марказидан четда бўлиб келди.

Бунга биринчи далил:

Бундан бир қанча вақт бурун «Правда Востока» ва «Қизил Ўзбекистон» нашриётининг «ширпотреб цехи» Ғайратийнинг «Ўрмонжоннинг мушуги» деган китобчасини нашр этди. Бу китобчанинг мазмунини икки оғиз гап билан айтсак шуки, ашаддий бир пияниста ишчининг пиянисталикдан тузалиб, одам бўлиб кетишига битта сичқон сабаб бўлади. Болалар адабиёти тамғаси билан нашр этилган шундай китоб на Ёзувчилар союзининг диққатини жалб қилди, на айрим ёзувчиларнинг эътирозига сабаб бўлди.

Иккинчи далил:

Шукур Саъдулланинг кўп асарлари жуда хом, ғариб эканлиги тўғрисида яқин ўн йилдан бери гап юради, лекин унинг биронта асари бирон марта жиддийроқ муҳокама қилингани йўқ.

Агар болалар адабиёти союзимизнинг диққат марказида бўлганда, бутун бошли ёзувчининг ижоди унинг эътиборидан четда қолмас эди.

Бу ҳол, албатта, болалар адабиётининг савиясига катта таъсир қилади.

Ҳозирги болалар адабиётининг савияси паст бўлишига иккинчи сабаб, болалар учун ёзадиган ёзувчиларнинг умумий савияси, малакаси пастлигидан келиб чиқади. Кеча ва бугун сўзга чиққан ўртоқлар бу тўғрида етарли мисоллар кўрсатишди. Болалар ёзувчиларининг олдига қаттиқ талаблар қўймаганимиз учун кўпи «косиб» бўлиб қоляпти. Булардан бирмунчаси болалар учун ёзиш қанчалик масъулиятли эканини, бу масъулиятни зиммасига олган одам қанчалик билимли, қанчалик ҳунарманд бўлиши керак эканини яхши билмайди, тушунмайди. Болалар адабиётида катталардан кўра болаларга ёзиш осон деган ақидада юрган «косиблар» топилади.

Катталар учун ёзилган китобда йўл қўйилган хатони тузатиш мумкин, лекин болалар учун ёзилган китобда кетган хатони тузатиб бўлмайди, бу хатодан болани огоҳлантирилса, хато унинг зеҳнига чуқурроқ ўрнашади.

Докладда, музокарага чиққан ўртоқларнинг нутқида одам хижолат бўладиган мисоллар кўрсатилди. Буларнинг ичида ёзувчининг чаласавод эканини кўрсатадиган фактлар бор. Бу қандоқ гапки, ёзувчи, болаларнинг иккинчи муаллими бўлган ёзувчи чаласавод, жумла тузолмайди! Ёзувчи бўла туриб ўзбек сўзларининг маъносини билмайди, сўзни ўз ўрнида ишлатмайди!

Ҳаммадан ёмонроғи шуки, биз шуларни пайқамай келаётибмиз, пайқаганимизга эътибор қилмаётибмиз.

Болалар учун китоб ёзадиган киши ғоят уста санъаткор, катта тажрибали педагог, тилнинг заршуноси бўлмоғи керак.

1946 йил