Абдулла Қаҳҳор. Ашула тўғрисида (1962)

Ашула айтиш буткул ихтиёрий нарса. Бирон ашулани ҳозирги кайфиятимга мос келса, таъбимга ўтирса айтаман, бўлмаса йўқ. Таъбимга ёқмаган ашулани менга ҳеч ким айттиролмайди.

Аксинча, бирон ашулани айтаман деган кишига ҳеч ким, ҳеч нарса тўсқинлик қилолмайди, оғзини беркитсангиз бурни билан, бурнини беркитсангиз кўнгли билан айтади.

Ашулани эшитиш ҳам буткул ихтиёрий нарса. Биров бирон ашулани эшитаман деса эшитаверади, унга ҳеч ким, ҳеч нарса, ҳеч қандай мулоҳаза монелик қилолмайди.

Кўнгилга хуш келмайдиган, ёғланмаган эски араванинг ғийқиллашига ўхшаш шу ашулани эшитишга объектив равишда бўлса ҳам мажбур қилиш нима деган сўз ўзи? Бировни ашула айтиш ёки эшитишга мажбур қилиш жаҳолат, ёввойилик, пришебеевчиликдир.

Доклад ва нотиқларнинг сўзларидан маълум бўлдики, ашула жанридаги ишларимиз кўнгилдагидек эмас, анчагина чатоқ экан.

Менинг назаримда ҳамма иллат шундаки, ашула жанрига халтурачи — текинтомоқ одамлар суқилиб кириб олган, жанрга ҳамма ерда ҳам бирдай ақли расо, кенг маълумотли, шу ишдан хабардор одамлар раҳбарлик қилмаётипти.

Бирон халтурачи шоирга, масалан, том шуватиш учун пул ёки бирон ишини битириш учун тездан обрў зарур бўлиб қолади. Шоир ҳар ерда бетўхтов ўтадиган бирон мавзуда дарров шеър ёзади, кейин ўзига ўхшаш халтурачи композиторни қидириб топади, икки халтурачининг ҳамкорлигида халтура ашула майдонга келади. Музика ва шеърни етти ухлаб тушида кўрмаган бирон мансабдор бу ашулани «амалга оширади». Иш битириб шеър ва музика авторлари қалам ҳақини олишга, раҳбар ўз раҳбарлигида ашула жанри тобора ўсаётганлиги, «Бугунги кунда тинчлик ҳақида фалон дона, пахта ҳақида фалон дона, муҳаббат ва чорвачилик ҳақида фалон дона ашула» яратилганлиги ҳақида рапорт ёзишга шошилади.

Ашула жанрининг булғанишига фақат халтурачи шоир, халтурачи композиторгина сабаб эмас, бу ҳақда яхши, ҳатто олдинги сафда турган шоир ва композиторлардан ҳам ўпкалашимиз керак. Булар, афтидан, наф-соният туйғусини йўқотиб қўйишган: ҳар куни, ҳар соат-да радио ва телевизорда, саҳнада халтурани кўриб, эши-тиб туриб ориятлари келмайди, норози бўлишмайди, ҳатто бунга эътибор ҳам қилишмайди.

Композиторлардан бир қисми ҳозирги ўзбек поэзиясини тахминан ҳам билишмаса керак, халтурачиларнинг бемаза нарсаларини, поэзияга етти пушти бего-на кишиларнинг машқларини шеър, деб унга музика ёзишади.

Мен яхши бир композиторни биламан. Бу одам туппа-тузук диди бўлгани ҳолда, олим бир ошнасининг машқ қилиб ёзган шеърига музика ёзди. Илмга одам жонини бериши мумкин, лекин «Ревизор»даги шаҳар ҳокими айтмоқчи, курсини синдиришнинг нима ҳожати бор?

Дунёда, ҳар нарса бўлиши, чунончи, товуши бўлмаган одам ўзича тўсатдан ашула айтиб юбориши мумкин. Майли, айтсин, лекин унинг ашуласини ёзиб олиб радиода бериш ҳеч кимнинг хаёлига келмайди. Буни ёзиб радиога бериш машинистгагина керакли бўлган паровознинг гудогини ёзиб олиб радиода беришдай бемаъни бир иш бўлар эди.

Бир композитор диди бўлгани ҳолда, ошна-оғайнигарчилик важидан олим ўртоғининг беҳуда шеърига музика ёзган бўлса, бошқа бир композитор бошқа сабабларга кўра, бошқа одамнинг ёмон шеърига музика ёзади. Шунақа қилиб поэзиямизнинг савиясини билмаслик, ҳар хил мулоҳазалар, моддий ва маънавий лаган-бардорлик ва бошқа кўп нарсалар ўртага тушади-ю, халтура шеърларга композитор ўзини балогардон қилади.

Шундай ҳам бўлиши мумкин: композитор беҳуда шеърга ёқимли музика ёзади ёки халтурачи шоир ёқимли музикага ўзининг халтура шеърини тиқади…

Биз ашула жанри тўғрисида энди гапираётганимиз йўқ, композиторларни биринчи марта танқид қилаётганимиз йўқ. Танқидларимиз ижобий натижалар бериб келаётипти. Лекин ҳар нечук, бу жанр ҳар томонлама, чуқур таҳлил қилиш ва хулосалар чиқарилишига муҳтож. Бунда матбуот ёрдам бериши мумкин. Афсуски, матбуот бу нарсага яхши эътибор қилмай келаётипти. Хусусан, бу йўлда «Шарқ юлдузи», «Ўзбекистон маданияти» кўп иш қилиши мумкин.

Қадим замонда «Табиат бўшлиқдан қўрқади», дейишар экан. Ҳақиқатан, яхши нарса бўлмаган жойга ёмон нарса суқилиб кириб олади.

Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг ашула жанри тўғрисидаги қарори муносабати билан «Қизил Ўзбекистон» газетасида босилган уч авторнинг мақоласини олайлик. Марказқўмнинг қарори, ашула ижодкорлари олдига жуда жиддий масалаларни қўяди. Мақола авторлари эса жиддий гаплар айтган бўлиб, бачканаликдан нари ўтмайди.

Мақолада баъзи классиклар, бизга кўпгина ашулалар ёзиб берган бир қанча ҳозирги шоирларга кесак отадилар. Бу авторларга қолса Фирузни кўп хотин олишда айблаб совет қонуни билан суд қилиш, сандиққа қамаб, ҳидини ҳам чиқармаслик керак.

Фируз ким ўзи?

Фируз машҳур лирик шоир, мусиқашунос, компози-тор, яхши таржимон, Умархон сингари ўз замонасининг шоирларини ўрдасига йиққан, 1873 йилда босма-хона сотиб олиб Хоразмда биринчи китоб бостирган одам. Шу одамни юз йилдан кейин қора қурсига ўтқазиб, совет қонуни билан суд қилишдан нима мурод ҳосил бўлади.

Кўп хотин олиш эса ёлғиз Фирузнинг айби эмас, балки бутун феодал жамиятининг иллатидир.

Латифа қаҳрамонига тақлид қилиш керак эмас.

Бир ҳукмдор бор экан. Бу ҳукмдор ҳар куни бозорга тоғора кўтариб чиқар экану, ҳамма одамларни шу тоғорага ўтиргани мажбур қилиб, кети тоғорага сиғмаган одамлардан ҳам, сиққан одамлардан ҳам биттангадан жарима олар экан. «Сиғса-сиғмаса биттанга» деган матал шундан қолган экан.

Кўрасизми, уч авторнинг тоғорасига яхши-яхши ашулалар ёзган Камтар, Ямин Қурбон, Маъруф Қориев сингари шоирларнинг кети сиғмапти!

Авторлар ҳеч бир далил-исботсиз Камтарнинг шеърларини ёмонга чиқариб, унинг «Унутма» деган шеърига сиёсий айб тақмоқчи бўлишади. Бу шеърда шундай сатрлар бор:

Ёш умринг ўтар, фасли баҳорингни унутма,
Халқингни безар қабру мазорингни унутма.

Бу: «Ёшлигинг ўтиб кетади, қабринг Навоий, Улуғбек қабри сингари халқингни безаши кераклигини унутма», деган сўз.

Мақола авторлари қоровул чақиришади: «Вой-дод, ҳозирги замон одамлари коммунизм қуришни қўйиб, қабру мозор тўғрисида ўйлаши керакми!» Бундан ортиқ шаллақилик, бундан ортиқ шармандароқ «тоғорабозлик» бўлмас!

Обрўли бир газета саҳифасида шундай нарсанинг кўриниши кишини ҳайратга солади.

Бундан кейин мақола авторлари Маъруф Қориевга найза ўқталишади, унинг бутун ижодини ғайрибадиийга чиқаришади, «Жон Андижоним» деган шеърини мисол қилиб олишади…

Меҳнат завқи қўшиқлари янграр самода,
Қушлар учар ўйнаб-ўйнаб эркин ҳавода.

Авторлар бу икки сатрнинг нимаси ғайрибадиий эканини айтишмайди. Бу икки сатр шеър, чунки кишида кайфият туғдиради, қалбга йўл топади, қувонч туйғусини уйғотади.

Авторларнинг бадиийликни белгилайдиган ўлчовлари қанақа эканини билмайман, ҳар қалай, ўзларига хос бўлса керак.

Оддий камонча — оддий ёғоч қутидан ғижжакчи аломат садолар чиқаради. Оддий сўз ва товушларнинг маълум тартибда қўшилиши ашула ижодкорларининг қўлида қудратли кучга айланиши, қалбимизга йўл топиши, қувонч ва илҳом манбаи бўлиб ҳизмат қилиши керак.

1962 йил