Абдулла Қаҳҳор. Абдулла Қодирий (1964)

Ўзбек элининг севикли адиби Абдулла Қодирий манфаатпараст, мартабапараст одамларнинг чақуви билан сафимиздан юлиб олинган эди.

Абдулла Қодирий, баъзи бир одамлар айтмоқчи, «бир-иккита рисола ёзган» анчайин ёзувчи эмас, балки янги давр адабиёти, Европа адабиёти гази билан ўлчаганда ҳам тўлақонли асарлар ёзган, ўзбек романчилигини бошлаб берган улкан адибдир. Унинг «Ўтган кунлар», «Меҳробдан чаён» романлари, бир талай ҳажвий асарлари халқ орасида ғоят машҳур бўлиб, ҳар бир ўзбек оиласига, ҳатто саводхон одам бўлмаган оилаларга ҳам кириб борган эди. Аллақаердан келган бир китобхон «Ўтган кунлар»ни ёд билар экан, китобнинг исталган жойини сўралганда шаррос ўқиб берганида Абдулла Қодирий унга чопон кийгизгани ёдимда бор. Унинг асарларини ўқиш ман қилинган вақтларда ҳам китобхон «Ўтган кунлар» билан «Меҳробдан чаён»ни қўлидан қўйган эмас, бошқа китобларнинг муқовасига солиб яшириқча ўқиган. Бу романлар ўша вақтдаёқ кардош халқлар ва ғарб тилларига таржима қилинган эди. Биз бир гуруҳ ўзбек ёзувчилари ўттиз олтинчи йилда Татаристонга борганимизда Абдулла Қодирийнинг «Абдулла оби» номи билан татар зиёлилари, ҳатто татар овулларида машҳур эканига шоҳид бўлган эдик.

Бизнинг 20-йиллар адабиётимиз тарихи ҳозирги туришида камбағал кўринади. Ўз вақтида фақат Абдулла Қодирийгина эмас, каттакон олим-ёзувчи Фитрат, зўр талант эгаси Чўлпон, жўшқин комсомол шоир Боту, сатира ва юморда тенги, тимсоли йўқ ва ўзига хос шоир Сўфизода, йигирманчи йиллар поэзиясини безаган шоирлардан Рафиқ Мўмин, Ғулом Зафарий, уста сатирик шоир Абдуҳамид Мажидий сингари кўп арбобларимизнинг ҳам номи ўчган эди. Кейинги вақтларда адолат юз кўрсатиб, буларнинг ҳаммаси бош кўтараётибди, адабиётимиз тарихига қайтаётибди. Бунга ҳар бир виждонли киши, ҳар бир зиёли бениҳоят хурсанд бўлиши керак. Афсуски, орамизда бу муҳтарам зотларнинг тирилиб, 20-йиллар адабиётимиз тарихини обод қилишига ғашлик қилаётган, ҳатто тўсқинлик қилмоқчи бўлган одамлар ҳам бор. Ғашлик қилаётған одамларнинг бир тоифасини ўлимтик еб тириклик қиладиган қузғунга ўхшатиш мумкин: кўзини чўқишга чоғланиб турганида ўлик қимирласа, хусусан, бошини кўтариб, ўрнидан турса, албатта, норози бўлади, яна йиқилишини кутади, қағиллаб унинг боши узра айланади. Ғашлик қилаётган одамларнинг бошқа бир тоифаси шуҳратпараст қалам аҳлларидан бўлиб, «ўликлар» тирилса, ҳозир адабиётда ишғол қилиб турган ўрни «пойга»роқ бўлиб қолишидан қўрқади. Ҳолбуки, айтилган адиб ва шоирлар сафига қайтса, ҳеч кимни ўрнидан турғизмайди, ўзининг бўш турган ўрнига ўтиради, чунки адабиётда ҳеч қачон биров бировнинг ўрнини ололмайди, ҳар ким қобилияти, қилган хизмати, қай даражада китобхоннинг кўнглини олганига қараб ўзи муносиб ўринни ишғол қилади.

Бу хилдаги одамлар асл ғаразларини ҳар хил сиёсий сўзлар, «ҳушёрлик»ка оид иборалар билан хаспўшлаб, ўзбек совет адабиётининг тарихини безайдиган адиб ва шоирларнинг оқланганига кишиларда шубҳа туғдирмоқчи, буларга қора кўланка солмоқчи бўлишади.

Бунақа одамларнинг сўзи инобатга ўтадиган, жамоатчиликни чалғитадиган замонлар ўтиб кетди, у кунлар ёмон бир тушдай бўлиб қолди. Лекин, «илон чаққан киши ола арқондан қўрқади» дегандай, ўша замонда азият тортган ёки азият тортганларни кўрган кўп одамлар ҳануз ўзига келолмайди.

Болалигимда бир китоб ўқиган эдим. Унда ҳайвонот боғчасидаги бир фил тўғрисида гапирилади. Фил 200 йил давомида темир қозиққа занжирбанд қилиб қўйилган экан. 200 йил давомида занжир занглаб, темир емирилибди, темир қозиқдан ном-нишон қолмабди, бироқ фил бундан бехабар яна 100 йил темир қозиқ атрофидан нари кетолмаган экан.

Фил жонивор, ақл-идроки йўқ, биз нега культ даври қоқиб кетган темир қозиқ атрофидан йироқ кетолмаймиз?

Бизнинг вазифамиз буларнинг ҳаммасини жой-жойига ўтқазиб, 20-йиллар ўзбек адабиёти тарихининг гўзал манзарасини тиклашдир.

1964 йил