Абдулла Орипов. Юзинчи маъно (1977)

Бир кун бозорда кимдир Хўжа Насриддиннинг елкасига бор кучи билан тушириб қолибди. Насриддин орқасига қарабди. Шунда нотаниш киши ўсал бўлиб, узр сўрабди.

— Кечирасиз, мен сизни Тошмат дебман.

— Ҳечқиси йўқ, баъзан шунақаси ҳам бўлади, — тўнғиллабди афанди.

Насриддин кечқурун чойхонада Тошматни кўриб қолибди-ю, узоқ ўйлаб ўтирмай ёнига бориб бор кучи билан мушт туширибди.

— Нима гап? — ҳайрон бўлибди Тошмат.

— Омонатингни ол, оғайни. Бозорда бир дўстинг мендан бериб юборган эди, — жавоб берибди афанди.

Менимча, таржимоннинг вазифаси ҳам Насриддинникига ўхшаш — олинган зарбани худди шу даражадаги зарб билан етказа билиш.

Бунинг учун нима қилиш керак?

Таржима этилаётган асар тилини билишми?

Албатта, асл нусха тилини билиш таржимон учун катта шараф. Қанийди ана шундай таржимонлар кўп бўлса… Афсуски, ҳаёт бизнинг истакларимиз билан ҳаммавақт ҳам ҳисоблашавермайди. Бобил минорасини эса қандай бўлмасин қуриш керак. Таржимон бир неча тилни юксак малака билан таржима қила оладиган даражада билиши мушкул иш. Баъзан шундай бўлади: таржимон асл нусха тилини биладию, аммо бўш таржима қилади. Таржимон олим С. Иванов ажойиб тилчи, ўзбекчани яхши билади, унинг Навоийдан қилган таржималари малакали ва аслига тўғри. Бироқ нима бўлгандаям у фан кишиси. Ўзбек тилини билмайдиган Лев Пенковский эса Навоийнинг “Фарҳод ва Ширин”ини таржима қилди. Бу гапни “Лайли ва Мажнун”ни маҳорат билан ўгирган С. Липкин ҳақида ёки Н. Гребневнинг таржималари хусусида ҳам айтиш мумкин. Уларнинг тилни билмасликларини нозик психологик интуиция, шеърий таржима маданиятини пухта эгаллаганликлари ва умуман, шеърият қонуниятларини чуқур англашлари ювиб юборган.

Шундай қилиб, асл нусха тилини биладиган таржимонлар кам, таржимага эса эҳтиёж катта экан, бундай шароитда сатрма-сатр таржима орқали ўгириш тажрибаси ҳам қўл келади. Лекин сатрма-сатр таржима қилувчи киши ўз ишининг кўзини биладиган бўлиши зарур. Ачинарлиси шундаки, ижодкор таржимон учун “хом ашё” (подстрочник) тайёрловчи кишилар ҳам на асл нусха тилини ва на ўз тилларини чуқур ҳис этадилар. Ҳолбуки, улар асл нусха тилининг билағонлари ҳисобланадилар!

Арманистон ҳақидаги шеъримда “Бош уриб Ереван дарвозасига” деган мисра бор. “Бош урмоқ” ўзбек тилида икки хил маънони англатади ва қайси маънони ифодалаётганини матн мазмунидан билиш мумкин. Сатрма-сатр таржима муаллифи эса уни “Бошим билан урдим Ереван дарвозасига” деб ўгирган. Бадиий таржимон шунда нима қилиши керак? Битта йўл бор — “эркин” ёндошиш.

Таржимоннинг эркинлиги, менинг назаримда қатъий чегараланган бўлиши керак. Мен шундай эркинлик тарафдориманки, таржима қилинган асарни уни аслиятда ўқиган киши дарҳол танийдиган бўлсин (бу ўринда гап ўзимиз қатори шоирлар асарлари таржимаси ҳақида бораётир, ҳар қандай илтифот ортиқчадир). Эркинликнинг чегараси ана шу. Бу эркинлик чегарасидан чиққан ҳамоно исталган нарса юз бериши — ўртача асар яхши бўлиши, яхшиси эса расвога айланиши мумкин. Бизда: “Қозонда бори чўмичга чиқади”, дейишади. Таржимон қозонда йўқ нарсани бор қилса, бу ёмон. Лекин қозонда борини чиқара олмаслик минг чандон ёмонроқдир. Агар таржимада вазн, оҳанг, шеърий қаторлар ва услуб сақланмас экан, асар ўзининг миллий қиёфасини бутунлай йўқотади.

Таржимада шеърий тилнинг табиийлигига қандай эришмоқ мумкин? Сўзма-сўз таржимада уни бериш мумкин эмас. “Ўзга тил” имкониятларини “ўз тилинг” имкониятларига алмаштириш билан ҳам иш битмайди. Учинчи маъқул йўлни топиш — таржима қилинаётган тилдан бадиий муқобилот ахтариш лозим. Бу эса ҳар гал янгидан ҳал қилинадиган ижод сиридир. Мисол тариқасида улуғ Бедил ҳақидаги бир ҳикоятни келтирмоқчиман. Бедилхонлар вақти-вақти билан унинг шеърларини ўқиш учун йиғилиб турганлар. Шундай гурунглардан бирида бедилхонлардан бири битга мисранинг 99 маъносини кашф қилишга муяссар бўлган. Унинг ғолиблигини ҳамма бирдай тан олган. Аммо, кечаси тушида Бедилнинг ўзи намоён бўлиб, унга миннатдорчилик билдиргач, мисранинг юзинчи маъносини айтиб берган.

Энди ижод сирларини қўйиб, том маънодаги аниқлик ҳақида сўзлашайлик. Гап таржима объекти танлаш хусусида бормоқда. Ҳар бир ижодкор, албатта ўз асарининг бошқа тилга ўгирилишини хоҳлайди. Умидли дунё, дейдилар. Аммо ростини айтганда, барча ёзувчиларни ҳам бунга лойиқ деб бўлмайди. Хўш, нима қилиш керак?

Ёзувчилар уюшмалари қошида холисона иш кўрадиган, таржимага арзирли ишларни танлаб, таржималарнинг сифатини назорат қилиб турадиган, энг асосийси, “уддабуронлар ва товламачилар”нинг кавушини тўғрилаб қўядиган Бадиий кенгаш тузилса яхши бўларди.

Ҳар ҳолда таржима сифати масаласи ҳозир оғир аҳволда бўлиб, жиддий аралашувни талаб қилади. Баъзан асарларингни шундай ўгиришадики бошқа тилда чиққанидан хафа бўлиб кетасан, ҳатто. Москвада нашр этилган тўпламимдаги шеърлардан бирида Олимхон ва Раҳимов номлари тилга олинади. Олимхон — Бухоронинг сўнгги амири, Раҳимов эса — биринчи ўзбек генерали. Таржимада (хайриятки, корректурада уни тузатишга улгурдим) амир Олимхон — “олим бобо”га, пиёда қўшин генерали С. Раҳимов — “учувчи”га айланган?

Таржимачилик хайрли иш. Аммо асарларимизнинг бўш ва умри қисқа таржималарини чоп қилдирилишига лоқайд бўлмаслигимиз, бефарқ қарамаслигимиз керак. Энди ёш ва талантли таржимонларни тайёрлаш, уларнинг сафини кенгайтириш тўғрисида жиддий бош қотириш жуда зарур. Умуман таржимачиликка ижодиётнинг биринчи даражали масалаларидан бири сифатида қараш, унинг такомили учун аниқ тадбирлар белгилаш вақти келди.

“Ўзбекистон маданияти”, 1977 йил 7 январь.