Абдулла Орипов. Кўнгил калити (1980)

Асрлар давомида сайқал топган санъатимиз бор. Биз инсон фаолиятининг турли-туман соҳаларида Ер юзи халқларидан ибрату ўрнак олишимиз мумкиндир. Аммо, адабиёт ва мусиқа соҳасида шундай улуғвор ҳамда нафис меросимиз борки, бу салтанат бизнинг шуҳратимизни абадул-абад таъминлайди. Мана шу соҳада Шарқнинг қиёси йўқ, мана шу соҳада Шарқ устозлик даъво қилиши мумкин. Мерос, албатта, мерос. Ҳаёт тинимсиз ҳаракат қилиб бормоқда, авлодлар шуурида янги-янги қатламлар очилаётир. Жумладан, қўшиқчиликда ҳам давр белгилари, XX аср оҳанглари пайдо бўлмоқда. Бу қонуний бир ҳолдир. Мен шу кунги қўшиқлар ҳақида бир-икки калима сўз айтмоқчиман.

Яхши қўшиқ дилга малҳам бўлади, у кўнгил калитидир. Бунга заррача ҳам шубҳа йўқ. Яхши қўшиқ, яхши музика тинглаганда киши ўзини мутлақо бошқа оламда ҳис этади, хунук ҳодисалар, аянч хотиралар дилдан бир зум тумандек кўтарилади. Айниқса, киши кўз олдига манзараларни келтирувчи қўшиқлар менга жуда ёқади. Бепоён кенгликлар, турналарнинг чўзиқ ва ҳасратли нидолари… булар бари қўшиқлардир, булар бари табиатнинг улуғвор уйғунлигидан таралган садолардир. Яхши қўшиқлар ҳамиша яратилган. Улар консерватория ва нота ёзувидан кўра анча қадимийрокдир. Муҳит, айниқса, шаҳар шароити — кишини шундай бир аҳволга солиб қўйганки, эртадан то кечгача — хоҳлайсизми, йўқми, аллақанча товушларни, ғалати садоларни эшитишга мажбурсиз. Радио ва телевидение муомалада турган экан, яхши қўшиқлар баробарида ўртачасини ҳам, афсуски, ниҳоятда ғариб қўшиқларни ҳам гоҳида беихтиёр тинглаймиз.

Ғариб қўшиқлар! Уларни тингловчиларга менинг дилдилдан раҳмим келади. Чунки бундай қўшиқлар ўзининг чучмал оҳанги, пойма-пой сўзлари билан асабларни беомон арралайди, миллионлаб тингловчиларни бир нафас бўлса ҳам ғоят ноқулай аҳволга солиб қўяди, дидсиз, фаросатсиз ашулачининг дастидан дод дегинг, дунёдан бош олиб чиқиб кетгинг келади. Хўш, ашуланинг шеърини ёзган шоир назмбоз товламачи экан, унинг мусиқасини ёзган бастакор аллақандай оҳангфуруш экан, ижрочи без теришдан бошқа ишга ярамайдиган ўткинчи саводсиз кимса экан, миллион-миллион халқда нима айб?! Нега улуғ дид ва фаросат эгаси бўлган буюк халқ бундақанги масхарабозликни тинглаши керак? Уша ноинсоф пгуҳратпараст кимсалар халқнинг дидини бузаётганини, уни оёғидан орқага тортаётганини билармикин? Энг аввало, тингловчини изтиробга соладиган нарса ашуланинг шеъридир. Чунки, нўноқ мусиқани, ҳа, бу ҳам бир тинғир-тинғир экан-да, деб қўя қоласиз. Аммо қўшиқ шеъри, хоҳлайсизми-йўқми, тешик қулоқдан ичкарига киради. Биз қўшиқларимизда ижтимоий мазмун бўлишини хуш кўрамиз. Дуруст, ижтимоий мазмун зарур, унга басталанган куй ҳам, бир даражада ижтимоий бўлиши керакми-йўқми? Акс ҳолда тракторга қараб, “оҳ, трактор”, деб хониш қилиш қўшиқчилик санъатини масхара қилишдан бошқа нарса эмас. Дунёда бирор нарса ўз-ўзича қўшиқ бўла олмайди. Унга муносабатда қўшиқ элементлари бўлиши мумкин.

Яна бир ҳодиса кўзга ташланади. Иқтидорли бир неча шоирларни ҳисобга олмаганда, кўпгина бозори касод қаламкашлар ночорликдан ўзларини қўшиқчиликка урадилар. Ҳолбуки, бир неча минг нусхада нашр этиладиган уларнинг бўш асарларидан кўра, ғариб қўшиқлари халққа кўпроқ зиён етказади. Чунки, уни миллионлаб одамлар тинглайди. У ёшларнинг мўрт ва мурғак дидини бузади. Мана шу сабабдан ҳам шоир қўшиқчилик даражасига тушмаслиги, балки қўшиқчилик даражасига ўсиб етишмоғи керак. Бу ўринда бастакорнинг ўрни ниҳоятда катта. Ўқиш учун яратилган шеър қўшиқ бўлмаслиги мумкин. Уни зўрлаб қўшиқ қилишдан заррача фойда йўқ. Агар бастакор шеърга мос оҳанг топса, шеърнинг ижросига путур етказмаса, бирор мурод ҳосил бўлиши мумкин. Масалан, Ҳ. Олимжоннинг “Ўрик гуллаганда” шеърини олиб кўрайлик. Мана шу шеър қўшиқ бўлиши мумкинлиги ҳеч кимнинг хаёлига келмаган. Аммо бастакор Манас Левиев бу шеърга мос шундай куйни топдики, эндиликда бу қўшиқни кўпчилик эътибор билан тингламоқда. Туроб Тўланинг кўпгина муваффақиятли чиққан қўшиқлари ҳақида ҳам шундай фикрларни айтиш мумкин. Масалан, Т. Тўла ва М. Ашрафийнинг “Жаннатда ҳам топилмайди бу чоғлар” мазмунидаги қўшиғини кўпчилик хуш кўради. Қўшиқ бўладиган сўзнинг ўзида аллақандай эркалик бўлмоғи лозим, тўпори сўз қўшиққа ҳеч қачон сиғмайди. Бастакор бу ҳолни ҳамиша ҳисобга олмоғи шарт. Гап аруз вазнига келиб тақалганда бир ҳолни хотирангизга солиб ўтмоқчи эдим. Аруз (албатта, қоидасига тўғри келгани аруз) ўзича тайёр оҳангдир. Уни, масалан, бўғинлари тўғри келиб қолса, “Гулузорим” куйига ёки бошқа бирор тайёр қолипга солиб куйлайвериш мумкин. Аммо баъзи ижрочиларимиз ғазалнинг нозик хусусиятларига эътиборсизлик билан қараб ички туроқдаги бўғинлар алмашинувини нотўғри талқин этадилар. Натижада қўшиқнинг бирор ўрнида келган, масалан, “жонон” сўзи иккига бўлиниб кетади.

Шарқ шеъриятида таъсирчан дидактиканинг ўз ўрни бор. Масалан, Махтумқули сингари даҳо шоирлар бу жанрни юксак санъат даражасига кўтара билганлар. Уларнинг шеърларида шоирнинг ўтли армони уфуриб туради. Мен бу ўринда ғализ, чучмал назмбозлик ҳақида гапирмоқчиман, холос. Афсуски, бу иллат қўшиқчилигимизда ҳанузгача мавжуд. Ўзингиз ўйланг, халққа қарата, далага чиқиб ишланг, чунки бу фойдали, деган гапни ашула тарзида, яна бунинг устига, чираниб ташвиқ қилиш шартми? Бундай қилиш меҳнаткашларнинг иззат-нафсига тегмайдими? Ота-онани ҳурмат қилишни, жамиятга хизмат қилишни халқимиз жуда яхши зуҳур этади. Маҳмадона шоир ва ижрочи бундай гапларни ўзлари каби саёз, дидсиз тўдаларга бориб айтсалар, эҳтимол, тўғри бўлар. Ахир қўшиқларимиз замонамизга, меҳнатимиз пафосига муносиб бўлмоғи керак. Санъаткорларимиз мана шу ғоят нозик ва масъулиятли ишнинг уддасидан чиқмоқлари, бунинг учун эса тинимсиз изланмоқлари зарур. Сувчини яхши кўраман, чўпонни севиб қолдим қабилидаги гапларни бугунги кунда сувчи ҳам, чўпон ҳам яхши тушунади. Санъатнинг вазифаси — уларга юзаки севги изҳор қилиб, шафқат билан бошини силаш эмас, балки халқнинг юрагида балқиб турган туйғуларни куйлашдир.

Қўшиқчилик санъатини ривожлантириш ҳақида махсус қарорлар чиққан. Бу қарорлар бир жиҳатдан қўшиқчилик санъатининг муваффақиятларидан қониқиш белгиси бўлса, иккинчи томондан қўшиқчилик соҳасидаги камчиликлардан ташвишланиш белгиси ҳамдир. Мен бу ўринда бирмунча умумий мулоҳазалар юритдим. Баъзи андишаларга бориб аниқ мисоллар келтирмадим. Аммо ҳаммамиз бир мантиқни яхши англаб олмоғимиз керак: қўшиқчилик бедарвоза соҳа эмас!

“Совет Ўзбекистони” журнали, 1980 йил, 3-сон.