Абдулла Орипов. Дантенинг безовта руҳи (1983)

Мен баъзи чет эл мамлакатларида аввал ҳам бир неча бор бўлганман. Лекин негадир сафар таассуротларимни қоғозга туширган эмас эдим. Навбатдаги Италия сафаримни эса ҳикоя қилгим келди. Бунинг сабаби, менинг Данте таржимони сифатида Италияга қизиқишимдандир, эҳтимол. Сафаримиздан мурод асосан Италиянинг Сицилия ёзувчилар клуби билан алоқа ўрнатиш бўлиб, бизни бу гал итальян адиблари таклиф этган эдилар. Делегациямиз таркибида украин адиби Виталий Коротич (раҳбар), рус шоирлари Евгений Винокуров, Игорь Шкляревский, латиш ёзувчиси Имант Зиедонис, таржимон Лев Вершининлар бор эди. Мен бу ёзувчиларни, албатта, аввалдан билардим, баъзилари билан эса дўст ҳам эдим…

Сиз қуйидаги иборани яхши биласиз, яъни Римни — боқий шаҳар дейдилар. Магар қадимий дунё ҳўкиз шохлари устида турган бўлса, унинг бир шохи Самарқандга, иккинчиси эса Римга қадалган бўлиб чиқади.

Сицилия Италиянинг жанубидаги атрофини уч денгиз ўраб олган, иқлими жуда мўътадил орол. Вилоятнинг саноати заиф. Аҳолининг тирикчилиги эса асосан мандаринга ўхшаш меваларни сотиш ҳисобига кечади. Шу ўринда бир гапни айтиб ўтмоқчи эдим. Тарихда итальянлар улуғ фарзандлари билан нечоғлик ном қозонган бўлсалар, улар ноиттифоқ халқ сифатида ҳам шунчалик донг таратганлар. Итальян тили лаҳжаларининг бир-биридан кескин фарқ қилиши ҳам бу парокандаликда роль ўйнагандир.

Лекин тарихнинг тақозосию Дантедан тортиб Гарибальдигача бўлган фидойи фарзандларининг саъй-ҳаракатлари туфайли итальянлар бир давлат сифатида уюшганлар ва уларнинг ягона она тили — итальян тили ҳисобланади. Шунга қарамасдан, ҳанузгача ҳар бир вилоят ўзининг мавқеи учун кураш олиб боради, бу кураш гоҳида ошкор, гоҳида пинҳон кечади. Бу машъум иллатдан, албагга, сицилияликлар ҳам ҳоли эмаслар. Вилоят пойтахти Катания шаҳрида бизни Сицилия адибларининг вакиллари синьор Марио Грацио ва ёзувчи Жованни ҳамда уларнинг яқин кишилари кутиб олдилар. Кейинчалик пайқадикки, у ерда, масалан, бизникига ўхшаш ёзувчилар ташкилотининг ўзи расман йўқ. У ерда адиблар, маданият ходимлари клуб атрофида жам бўладилар. Синьор Грацио эса ўз ҳисобидан журнал чиқаради. Журналнинг бош муҳаррири синьорнинг ўзи, хотини масъул котиб, ёқимтойгина талаба қиз уларнинг ишларига гоҳида қарашиб турар экан. Бор-йўқ гап шу. Марио Грационинг журнали Сицилияда анча эътиборли ҳисобланади. Бироқ шундоқ журналнинг тиражи 1,5 минг атрофида, холос. Марио одамгарчиликни ўрнига қўядиган, адабиётларимиз ҳамда халқларимиз ўртасида дўстлик ва ҳамкорлик бўлишини чин дилдан хоҳлайдиган шахс сифатида илиқ таассурот қолдирди. Марио Грацио ўз журналининг деярли бутун бир сонини адабиётлар дўстлигига бағишлаган. Журнал саҳифаларини варақлай туриб, Ўрта Осиёдан тожик шоираси Гулрухсор Сафиеванинг сурати ва шеърларига кўзим тушди. Юқоридаги каби фазилатлар Марионинг шахсиятини, албатта, безаб турибди. Бироқ, унинг ижоди билан биз мутлақо нотанишмиз, унинг юраги тубига назар ташлай олган эмасмиз. Иккинчи мезбонимиз — Жованни. “Унита” газетасининг жамоатчи мухбири, соқол-мўйловини ўстирган, ихчам гавдали, ўйчан ва тийрак кўзли одам. Катания шаҳридан (унда 600 мингга яқин аҳоли яшайди) денгиз бўйидаги кичикроқ шаҳар қароргоҳимиз Очериалига машиналарда йўл олдик. Мен Жованнининг машинасида эдим. Таржимон ҳам биз билан бирга эканлигидан фойдаланиб, Жованни билан йўл-йўлакай суҳбатлашиб кетдик.

Одам ҳамма жойда ҳам одам. Мен Жованни ва унинг ўғлига иккита дўппи совға қилганимда улар ғоят қувониб кетишди. Жованнининг ўғлини, айниқса, бизнинг Бухоро, Тошкент, Самарқанд белгили нишонларимиз қизиқтириб қолди. Жованнининг айтишича, адабий меҳнатдан келадиган даромад рўзғорини таъминлай олмас экан. Шу сабабли, у бўш вақтларида кулолчилик билан шуғулланиб, турли бадиий буюмлар ясаб сотар экан.

— Болалар ўсяпти, уларни уй-жойли қилиш керак, — деди Жованни. Унинг тўрт фарзанди бор. Италия шароитида бу катта оила. Ҳаёт ҳақиқатан ҳам ғалати гузар. Умрида бир-бири билан бир оғиз гаплашмаган, бир пиёла чой ичишмаган одамларнинг бир-бирларига хусумат билан қарашларини биламан. Бу ерда эса бошқа тузум, бегона тил, ўзга тартиблар. Жованни — инсон. Жованни — ижодкор. Бизнинг бир-биримизга хайрихоҳлик билан қарашимизга шуларнинг ўзи етарли эди.

— Менинг ҳам бешта болам бор, — дедим.

— Бўлмасам, кулолчиликни сенга ҳам ўргатишим керак экан, — деди кулиб Жованни.

Ҳа, одам ҳар жойда ҳам одам…

Бизни Очериали шаҳрининг чеккасидаги бир меҳмонхонага келтиришди. У шундоққина денгиз соҳилида бўлиб, номи ҳам “Иони денгизининг дурдонаси” деб аталар экан. Агар гўзаллик оламида дур деган сифатни мутлақ деб қабул қилсангиз, уни фақат шу жойдагина қўллаш мумкин эди. Во ажаб! Она заминимиз бунчалар гўзал бўлмаса? Балки Биби Марьям жамоли ҳақидаги бетакрор тасаввурлар шу жойларда туғилганми?! Бу ернинг одамлари тағин қандай манзарадан ҳайратга тушишлари мумкин экан! Яшиллик, турли-туман чароғон гулларнинг ранги зангор денгиз ранги билан, шаффоф ҳаво билан уйғунлашиб кетган, узоқда эса кўм-кўк ясси тоғлар ҳарир парда орқасида турган каби жимирлаб кўринади. У ерда — Этна вулқони.

Ўша оқшом бизни Очериали шаҳрининг мэри қабул қилди. Қабул чоғида шаҳар епископи, маданият, адабиёт ва санъат арбоблари иштирок этишди. Тантанали маросимда даставвал уч-тўрт рассомга қандайдир лауреатлик нишонларини топширишди. Барча нотиқларнинг, жумладан, мэрнинг нутқида ҳам асосий гап тинчлик ҳақида бўлди. Мезбонлар бизнинг ташриф буюрганимиздан мамнунлигини изҳор этишди. Биз ҳам навбат билан сўз олиб, дилимиздаги гапларни, эзгу ниятларимизни айтдик. Мен мэрга дўппи кийгиздим ҳамда Дантенинг ўзбек тилида нашр қилинган “Дўзах” китобини совға қилдим. Тўғрисини айтганда, Данте китобининг ўзбекча нашрини кўриб, итальянлар ниҳоятда ҳаяжонга тушишди. Бир-бирлари билан чуғурлашиб, алланарсаларни уқгиришди. Мен уларга “Дўзах”нинг бошланиш қисмидан ўзбекча парча ўқиб бердим. Залдагиларнинг баъзилари итальян тилида жўр бўлишди. Мени тўғри тушунишингизни сўрайман. Менинг ўрнимда бошқа бирор таржимон, масалан, Эшмат, Тошматми бўлиши мумкин эди. Гап таржимоннинг кимлигида эмас. Гап шундаки, қанчалик турли тилларда гаплашмасин, инсоният яхлит организмдир. Уни бир бутун қилиб турган жуда кўп омиллар мавжуд. Одамзод ўзини-ўзи парчаламаслиги лозим. Шафқатсиз тузум, бойликка ҳирс, шуҳратпарастлик ва қашшоқлик шундайлигича ҳам иллатлардан холи бўлмаган инсон руҳиятини вайрон қилади, одам боласини ёвуз бўрига айлантириб юборади. Улуғ шеърият ҳақида суҳбатлашар эканмиз, мэрнинг ҳам, епископнинг ҳам кўзларида чуқур самимият порлаб турарди. Одам боласи ўзининг асл моҳиятига қайтсагина шундай ҳолатга тушиши мумкин.

Шу пайт ташқаридан — улкан черков томондан гумбурлаган овозлар эшитилди. Қандайдир диний маросим муносабати билан мушак отишаётган эканлар. Виталий Коротич жилмайиб:

— Майли, мушаклар отилсин, фақат замбараклар тилга кирмаса бас, — деб қўйди.

Сицилия мафиянинг ватани ҳисобланади. Мафия — зўравонлик, қотиллик билан иш кўрувчи яширин ташкилот бўлиб, унинг ўз қоидалари бор. Чунончи, унинг аъзолари ўлим хавфи туғилганда ҳам бир-бировини сотмаслиги шарт.

Сицилиянинг Катания шаҳрида таниқли ёзувчи ва журналист Жузеппе Фава ўлдирилган. У телевидение орқали сўзлаб, мафиячиларнинг христиан демократик партияси вакиллари билан алоқаси борлигини фош қилган. Ўша Катания шаҳри ҳозир кўз ўнгимдан ўтаётибди. Юзаки қараганда, у оддий Европа шаҳарларининг бири. Кўчалар тиғиз, юзлаб дўконларда савдо қайнайди. Лекин, у жойда Италиянинг бошқа шаҳарларида бўлгани сингари одам жони билан ҳам савдо қилинади. Биз кейинги икки кун мобайнида иккита жойда учрашув ўтказдик. Бири — Очериалидаги лицейда, иккинчиси эса — Катания университетида. Бу учрашувлар мушоира ва қизғин савол-жавоблар билан ўтди. Учрашувлардан умумий таассуротим шундан иборатки, итальянлар бизнинг халқларимизни яхши билмайдилар, улар ташвиқоти айниқса, ёшларнинг миясига биз ҳақимизда тамомила ғайри тасаввурларни сингдириб юборган. Баъзи мисоллар келтираман. Ҳар иккала ўқув юртида ҳам менинг Данте таржимони эканлигимни эшитишиб, анча-мунча саволлар беришди. Хусусан, бу ишингиз учун Сизни қувғин қилишмадими, деган маънода савол беришди. Маълум бўлишича, улар Дантенинг ўзини ҳам бошқачароқ тушунишар, уни фақатгина христиан-католик ғояларини ифода қилган шоир деб билишар, бизнинг, Дантени таржима қилишимиз эса, уларга мутлақо ғайриижтимоий ҳолат бўлиб туюлар экан.

Шу орада биз Сицилиянинг Гуармане, Сиракузи каби шаҳарларида ҳам бўлдик. Бу шаҳарлар асосан туристлар келадиган жойлардир. Сиракузида Архимед яшаб ўтган. Буюк ихтирочи худди шу ерда денгиз соҳилида кўзгуларга қуёш нурини йиғиб, душман кемаларини ёқиб юборган. Сиракузида қадимий грек театрининг улуғвор харобалари ястаниб ётибди. Баҳайбат қояларнинг бағрида эса, сон-саноқсиз сунъий ғорлар кўриниб турибди. Уларни бир замонда турли мамлакатлардан келтирилган қуллар ўйиб ясашган. Қулларни ана шу ғорларга қамаб қўйганлар, зарур пайтда эса, улар ҳалиги очиқ театр саҳнасида бир-бирларини қонга белаб ёки ёввойи ҳайвонлар билан юлишиб, томоша кўрсатганлар. Гладиаторлик қадимги Римда кенг тарқалган ваҳшиёна томошалардан биридир.

Саёҳатимизнинг яна бир мароқли маршрути Этна вулқони эди. Вулқон денгиз сатҳидан 3340 метр баландлиқда жойлашган. Унинг ёнбағрида 200 дан зиёд майда кратерлар қайнаб ётибди. Вулқон ҳозиргача сўнган эмас. У милоддан аввалги 1500 йилларда ҳам отилиб турган. У жами бўлиб ҳанузгача 130 марта қаттиқ жунбушга кирибди. 1669 йилда Этна вулқонининг лава оқими Катания шаҳригача етиб келган экан. Шаҳарда лава тўхтаган жойда махсус ёдгорлик ўрнатилган. Вулқоннинг лава оқими ғоят катта майдонни эгаллаб ётибди. Калинлиги том бўйи келадиган қоп-қора лава метин каби қотиб қолган. Уни кесиш ёки ўрнидан кўчириш ҳазилакам иш эмас. Шунга қарамасдан, то вулқон этагигача лавани ўйишиб, текис асфальт йўл ўтказганлар, хушманзара тоғ дараларида эса, саёҳатчилар учун махсус мусофирхоналар қуришган. Ҳар ҳолда вулқон “эга”ларига саёҳатчилардан дурустгина фойда тушиб турса керак. Йўқса, бу жойларда мушук офтобга чиқармиди. Баъзи меҳмонхоналарда қиморбоз автоматлар ўрнатилган. Боши гангиган бирор одам автомат билан қимор ўйнаб, бор-йўғидан ажраб қолиши ҳеч гап эмас.

Сицилиядаги саёҳатимиз охирлаб қолган эди. Биз баъзи рассомларнинг кўргазмаларида ҳам бўлдик. Ҳафта охирида бизни Очериали шаҳрининг мэри ва епископи яна расмий равишда қабул қилди. Шаҳар маъмурлари бизнинг ташрифимиз фойдали бўлганлигини қайд этиб, бизга эсдалик совғалари тақдим этдилар. Ушбу қабул маросимида, айниқса, епископнинг гаплари менинг хотирамда ўрнашиб қолди. Ёши олтмишлардан ошган ғоят ҳаракатчан бу одамнинг мавқеи анча баланд ҳисобланади. Шундай бўлиши ҳам табиий, чунки, мамлакат унинг ҳаётининг узвий бўлагидир. Черков одамлар онгига бевосита таъсир ўтказадиган, фатволари ҳар қандай муҳокамадан холи бўлган ғоя масканидир.

Бу борада адабиётнинг қўлидан нималар келиши мумкин? Уруш — сиёсатнинг қуролли тўқнашувлар шаклида давом этишидир. Урушнинг илмий таърифи аслида мана шу. Лекин одамзод қадим замонлардан буён урушга руҳий оламнинг инқирози деб ҳам қараб келган. Одамларнинг феъл-атворидаги қусурлар, хусусан, очкўзлик, орадан меҳру оқибат кўтарилиши каби манфий жиҳатлар ҳаддан зиёд кучайиб кетганда, халқ оддийгина қилиб қиёмат яқин қолди, шекилли, деб қўя қолган. Демак, одамларни тарбиялаш, ёвузликни туғдирадиган сабабларга қарши кураш қонли можароларнинг олдини олишда муҳим аҳамиятга эгадир. Бу эса, адабиёт ва санъатнинг бош вазифасини ташкил этади.

Ниҳоят сицилияликлар билан хайр-хўшлашиб, биз самолётда Римга етиб келдик. Рим — милоддан аввалги VIII асрларда ташкил топган шаҳар. У бир қанча тепаликлар устида жойлашган бўлиб, ўртасида Тибр дарёси оқиб ўтади. Рим қадимий обрў-эътиборига кўра, жаҳон цивилизациясининг марказларидан бири ҳисобланади. Инсон боласи ўзининг ақл-заковати нималарга қодир эканлигини неча минг йиллар бурун исботлаб қўйган. Бунинг гувоҳи кўҳна Римдир. Афсонавий шаҳарнинг архитектура ёдгорликлари — Форум, Колизей, Капитолий, Пантеон, Ватикан ва кўплаб черковлар, неча юзлаб ҳайкаллар ҳануз одамларни ҳайратга солади. Римга ҳар йили 10 миллиондан зиёд турист келиб кетади. Ёзувчи ва санъаткорлар қадим-қадимдан, бамисоли мусулмонлар Маккага интилганлари каби Рим томон талпинадилар, Бу шаҳарда ҳозир ҳам қандайдир кўз илғамас нафосат яшаб туради. Турли-туман модалар Римдан тарқалиши бежиз эмас. Лекин, у Форобий ва Сен-Симон орзу қилган идеал шаҳар эмас, албатта. Бугунги Римнинг салобати — арвоҳларнинг салобатидир.

Улуғвор харобаларга ҳайрат билан қарайман. Ана, машҳур Форум, тош устунлар орасидан Юлий Цезарь чиқиб келаётгандай. Сарой машъум фожеани кутмоқда. Цезарга Брут ханжар урди. Цезарь: “Сен ҳамми, Брут!..” дейди. Улуғ Шекспир асарларидаги воқеалар айнан шу ерда юз берган. Форумнинг шундоқ ёнгинасида Ю. Цезарнинг ҳайкали турибди. Кийим-бошлари Ҳамза театрида биз кўрган Цезарь либосларининг ўзи. О, Шукур Бурҳонов! Мен шу зумда Сизни хаёлимга келтирдим. Нақадар қудратли санъаткорсиз!

Мана бу эса — Колизей! Бетимсол, улуғ иншоотнинг харобаларини кўргач, ҳа, инсоният фазога парвоз қилгунча минг йиллар муқаддам тайёргарлик кўра бошлаган экан, дейсиз. Колизей очиқ стадион шаклида қурилган. Бу ерда турли томошалар кўрсатилган. Лекин, бу томошаларнинг аксарияти қонли томошалар эди. Қадимги Рим файласуфи Сенека “Ахлоққа оид мактублар” китобида қуйидаги гапларни ёзади:

“…Бирмунча ҳордиқ чиқариш мақсадида у жойга бордим! Ҳордиқ қаёқда! Куннинг биринчи ярмида одамларни (гладиаторларни кўзда тутмоқда — А. О.) йўлбарслар ва айиқлар бурдалайди. Куннинг иккинчи ярмида эса, яъни, ҳайвонлар билан олишувдан омон қолган курашчилар зўрлик билан майдонга ҳайдаб чиқарилади. Энди улар гладиаторлар сифатида бир-бирларини ўлдирадилар…” Сенека бу томошаларни аҳмоқона деб атайди.

Колизейга бораверишда тағин бир иморат бор. Уни малъун ва манфур Муссолини қурдирган. Итальянлар бу иморатни “қассобнинг диди билан қурилган бино” дейдилар. Уни кўрганда сон-саноқсиз, баҳайбат тошлар қалаштириб ташланган-у, устидан оқ кўпик сочиб юборилган, дейсиз. Аркнинг олдида ҳалок бўлган жангчилар хотирасига мангу олов ёқиб қўйилган. У ерда икки аскар фахрий қоровулликда туради. Айтишларича, аскарлар гоҳида зинага ўлтиришиб ухлаб ҳам қолишар экан. Римнинг энг гавжум зиёратгоҳларидан бири, шубҳасиз, Ватикан ҳисобланади. Ватикан — жаҳон католик динининг марказий черкови, у дунёда энг кичкинтой давлат ҳам ҳисобланади. Ватиканда Рим папаси истиқомат қилади. Папа жаҳон сиёсатига ҳамиша аралашиб келади. Бунинг сабаби, албатта, дунёда католик динининг таъсир доираси ғоят кенглиги билан изоҳланади.

Мен ҳозирча Италия хотираларининг бир қисмини ёздим. Ўйлайманки, бу мамлакат ҳақида кузатганларимни, таассуротларимни баён қилиб берарман. Зеро, Италия билан менинг камтарин ижодимни боғлайдиган ришталар бор…

1983 йил.