Абдулла Носиров. Асрлар яшаган ноёб китоблар (1983)

Буюк алломаларнинг илмий мероси бора-бора халқнинг азиз мулкига айланиб қолади. Шарқ халқларининг илмий-адабий, тарихий ва сиёсий қарашларини ўрганиш мақсадида Ўзбекистон Фанлар академияси томонидан 1943 йилда ташкил этилган Абу Райҳон Беруний номидаги шарқшунослик институти бамисоли хазиналар кони. Бу илм даргоҳида сақланаётган қадимий даврнинг автограф асарлари нодир нусхалар бўлиш билан биргаликда ўзининг салмоғи ва илмий қиммати жиҳатидан жаҳонда маълум бўлган Шарқ қўлёзмаларидан қолишмайди.

Шулар жумласидан институтда тарих, фалсафа, тил ва адабиёт каби фанларга доир кўплаб ноёб асарлар сақланади.

Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти фондида 74324 нусха қўлёзма ҳамда босма асар бор. Шундан 42736 таси босма асар.

Нусхаларнинг 20000 дан зиёд қисми махсус фондда сақланади. Улар қадимги шарқ мутафаккирлари томонидан ёзилиб чоп қилинган ноёб нусхалардир. Бу асарлар шарқ мамлакатларининг 32 шаҳарида 240 матбаада босилган. Масалан, Алишер Навоийнинг 31 та асари 60 марта, «Ғаройиб ус-сиғар» асари эса биргина Тошкентнинг ўзида 35 марта чоп этилган.

Институтда сақланаётган асарлар тарих, адабиёт, фалсафа, астрономия, тил каби фанларга оид тармоқларга бўлинади. Чунончи, улардан 4428 таси адабиёт, 1983 таси фалсафа, 2021 таси тарих ва география, 479 таси тиб ва ҳибзисиҳат, 526 таси фанний, 3883 таси диний асарлардир.

Мазкур китоблар форс, туркий, татар, бошқирд, озарбайжон, доғистон, қозоқ, қирғиз, қорақалпок, туркман, уйғур, олтой, мўғил, қўмиқ, рум, қипчоқ, ўғуз, урду, пушту, мажор ва бошқа шарқ халқларининг йигирма олти тилида ёзилган.

Булар орасида мўғил тилида «Мўғул дин китоби», ўғуз тилида «Китоби Дада Қўрқут», қўмиқ тилида «Бўз йигит», уйғур тилида «Таранчилар тарихи», жава тилида «Бурнумотир», қорақалпоқ тилида «Эдика» номли асарлар бор.

Каталогда кўрсатилишича, бу асарлар инқилобдан илгари турли мамлакатларга қарашли 32 шаҳарда нашр бўлган.

Бу ерда мавжуд ўзбек тилидаги китоблар эса Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Фарғона, Қўқон, Наманган, Марғилон, Хива, Қошғар, Истамбул, Қозон, Боку, Москва, Ленинград, Париж ва Ҳиндистонда нашр этилгандир.

Хоразм хони Абулғози Баҳодирхоннинг (1603-1664) Ўрта Осиё тарихи ҳақида ҳикоя қилувчи «Шажараи турк» номли асари Қозон шаҳрида император университети тарафидан 1824 йил ўзбек тилида нашр этилган биринчи босма асар ҳисобланади.

Ундан кейин Алишер Навоийнинг «Муҳокамат ул-луғатайн», «Тарихи мулуки ажам» асарлари бир муқовада Парижда босилган. Шу йилнинг ўзида Алининг «Юсуф ва Зулайҳо» номли асари ҳам Қозон шаҳрида 1841 йилда чоп этилган. Институтда қўлёзма асарларни ўрганиш ва каталогини нашр қилиш билан бирга бу ерда сақланаётган босма асарларнинг ҳам каталогини тузиб, илмий асосда нашрга тайёрлаб юзага чиқариш мақсадида махсус бўлим очилди. Бу муҳим иш фақат шарқшуносларнинггина эмас, балки фан тарихи билан шуғулланувчи барча олимларни қизиқтириши табиий.

Институтда сақланаётган қадимий босма асарлардан «Жиҳоннумо» бундан икки юз эллик йил аввал 1732 йилда Истамбул шаҳрида очилган матбаада чоп этилган.

«Туҳфат ул-олам» асарининг Ҳиндистонда босилган нусхасига ҳам бир юз саксон бир йил бўлган. «Муҳаммадия» номли асарнинг эса бир юз саксон олти йил муқаддам нашр этилган мусхаси бор.

Ўзбекистонда китоб нашр қилиш иши XIX асрнинг иккинчи ярмидан бошланган. Тошкентда дастлабки матбаа 1867 йилда очилиб, 1868 йили унда рус олими ва сайёҳи Н. А. Северцовнинг «Тоғ ўлкаси тўғрисидаги хотиралар» номли асари рус тилида босилган. Бу матбаа Туркистон Ҳарбий округи штабининг босмахонаси эди. Унда 1871 йилда араб ҳарфи билан илк бор ўзбек тилида беш юз нусхада Шоҳимардон Иброҳимовнинг ўша йил учун тузган календари чоп қилинган. Бу календарь ҳозирча топилгани йўқ. У 1872 йилда иккинчи марта беш юз нусхада нашр бўлган. Ўша нашрнинг бир нусхаси Навоий номидаги Давлат кутубхонасида сақланади.

Тошкентда Туркистон ҳарбий округи матбаасидан кейин 1876 йилда Петухов матбааси, 1887 йилда Лахтин матбааси очилган. Лахтин матбаасида 1881 йилда босилган «Фикҳи кайдоний» ва «Чаҳор китоб» ҳамда 1883 йилда чоп этилган «Фарзий айн» номли асарлар қадимий нашрлардан ҳисобланиб келинади.

Хива шаҳрида 1874 йилда литография-тошбосма вужудга келтирилган. Шу матбаада 1880 йилда Навоийнинг «Хамса»си, Рожий ва Мунисларнинг девони нашр қилинган. Немис тилида ёзилган бир мақолада Мунис девонининг бир нусхаси Германияда сақланади деган маълумот келтирилади. «Хамса» билан Мунис девонининг ўша нусхасидан бири институтда ҳам бор. Шуниси муҳимки, Мунис девонининг 1813 йилда ижодкорнинг ўз қўли билан кўчирган асл қўлёзма нусхаси институтда 11194 рақам билан сақланмоқда.

1920 йил Хоразм инқилобигача Хива шаҳрида фақат 43 номдагина китоб нашр бўлган. Октябрь инқилобигача ҳозирги Ўзбекистон заминида йигирма олтита матбаа бўлган. Чунончи Тошкентда ўн тўртта. Бухорода бешта, Қўқонда тўртта, Марғилон, Наманган ва Хивада биттадан матбаа бўлиб келган.

Алоҳида қимматга эга бўлган нодир китобларнинг институт фондида сақланаётган нусхаларидан бири Абу Райҳон Берунийнинг «Машоҳири Хоразм» номли асари бўлиб, у Хоразмнинг X асрдаги сиёсий-ижтимоий тарихига оид нодир маълумотларга эга. Унинг асл нусхаси йўқолган. Китобнинг бир қисмигина форс тилига таржима қилиниб, Байҳақий «Тарихи»нинг охирига муаллиф томонидан бир муносабат билан қайд қилинган, у 28 бетдан иборат.

Шунингдек, институтда сақланаётган Фазлулло Рўзбеҳонинг 1509 йилда Ҳиротда форс тилида ёзилган «Меҳмонномаи Бухоро» асари ҳам ўзбек халқи тарихини ўрганиш учун асосий манбалардан бири ҳисобланади. Унинг Теҳрон нашри 403 бет.

Абу Райҳон Берунийнинг «Осори ал-боқия», Шарафиддин Али Яздийнинг «Зафарнома», Ибн Арабшоҳнинг «Ажойиб ал-мақдур», Рашидийнинг «Жоми ут-таворих», Муҳаммад Солиҳнинг «Шайбонийнома», Бобирнинг «Бобирнома», Абу Тоҳир Самарқандийнинг «Самария», Форобийнинг «Орой аҳли Мадина» сингари асарлари ҳам институт фондини бойитиб турибди.

География ва саёҳатномага оид асарлардан бири — муаллифи номаълум «Худуд ул-олам» мамлакатларнинг иқлими, табиати, халқлари, урф-одатлари ҳақида маълумот беради. У форс тилида ёзилган.

XIV асрда араб сайёҳи Ибн Баттутанинг шарқ мамлакатлари бўйлаб 25 йил қилган саёҳати, жумладан Ўрта Осиёга (Хоразм, Бухоро, Самарқанд, Термиз) қилган сафари муносабати билан ёзилган «Туҳфат ун-нуззор» асарида тарихий, географик далиллар билан биргаликда турли халқларнинг урф-одатлари, ободончилиги ва олимлар билан қилган суҳбатлари хусусида қизиқарли маълумотлар келтирилади.

«Ҳиндистон саёҳатномаси» Сайидалихоннинг Ҳиндистонга қилган ўн йиллик сафари таассуротлари асосида ёзилган. Туркий тилга таржима бўлган.

«Мўъжам ал-булдон» Ёқут Ҳамавий асари. XIII асрда яратилган. Шарқ мамлакатларига оид географик қомус. 10 жилд, арабча.

Гардизийнинг «Зайнул-ахбор» асарининг ҳам аҳамияти катта. Институтда тил ва адабиётга оид нодир намуналардан Маҳмуд Қошғарийнинг 1071—72 йилда ёзилган «Девони луғотит турк» асари сақланмоқда. Бу асар Солиҳ Муталлибов томонидан ўзбек тилига таржима қилиниб, 1960-1963 йилларда Тошкентда нашр этилган.

Замаҳшарийнинг «Муқаддиматул-адаб» араб тили илмига оид қомуси ҳам институт фондидаги ноёб асарлардан ҳисобланади. Шунингдек, Ибнул Маҳнонинг 1424 йилда ёзилган «Ҳулятул-инсон» номли туркча-мўғилча-форсча луғати, Мирзо Маҳдихоннинг «Санглоҳ» («Мабоний ал-луға») номли ўзбекча-форсча луғати, Муҳаммад Ёқуб Чангийнинг «Китоби забони туркий» номли ўзбек тили грамматикасига доир асари институт хазинасини безаб туради.

Институтда қадимги ўзбек тили ва адабиётига оид ёдгорликлардан Аҳмад Югнакийнинг «Ҳибатул-ҳақойиқ», Ўрхун китоблари, «Муҳаббатнома», Амирийнинг «Даҳнома», Алининг «Юсуф ва Зулайҳо» достонлари ҳамда ўғузномалар қимматли хазина сифатида авайлаб сақланади.

Бухоролик Рабиъ бинни Аҳмад томонидан 980 йилда форс тилида ёзилган наботот ва тибга оид «Ҳидоятул-мутааллимин» асари ҳам энг нодир қўлёзмалар сирасига киради. (918 бет. Машҳад нашри).

X асрда яшаб ижод қилган бухоролик гениал олим Абу Али ибн Синонинг тиббиётга оид «Ал-Қонун» номли китобининг нусхалари ҳамда бошқа асарларидан иборат 33 хил китоби мавжуд.

Ҳозир институтда шарқ табобатида машҳур бўлган ҳакимларнинг 400 га яқин қадимда нашр бўлган асарлари сақланиб келинади.

Аҳлоқ билан фалсафага оид Форобий, Ибн Сино, Ғаззолий, Ибн Рушд каби шарқнинг буюк алломалари ёзиб қолдирган асарларни санаб тугатиш қийин. Шулардан бири «Аҳлоқи Жалолий» номли китобнинг муаллифи Жалолиддин Даввоний. У XV аср да яшаб ижод этган. Юсуф Хос Ҳожибнинг 1070 йилда ёзилган машҳур «Қутадғу билик» асарининг 1910 йилда Радлов томонидан нашр қилинган нусхаси ҳам ноёб қўлёзмалар сирасига киради. Институтда шарқ мамлакатлари географиясига бағишланган бир қатор ноёб асарлар ҳам мавжуд. Жумладан шундай жўғрофий асар «Миротул мамолик» X асрда Саид Али Раис тарафидан туркий тилда ёзилган. Истамбулда нашр этилган. У муаллифнинг Мовароуннаҳрга қилган саёҳати асосида ёзилиб, унда ўша даврга оид муҳим ва қизиқарли маълумотлар келтирилган. Китоб ўзбек тилига таржима қилиниб, Тошкентда нашр этилган.

«Хива саёҳатномаси ва тарихи». Инглиз тилидан туркчага ўгирилиб, 1876 йилда Истамбулда чиқарилган.

«Мовароуннаҳрга        саёҳат» — Муҳаммад Зоҳир Бегеев асари. 1897 йилда Ўрта Осиёга қилган сафари асосида яратилган. Татар тилида Қозонда чоп қилинган.

«Туркистон тарихи ва саёҳатномаси» — Шеллер асари. 1873 йилда ёзилган. Туркча таржимаси тарихий расмлар билан Истамбулда босилган. Унда Тошкентга доир кўпгина маълумотлар берилган.

«Ёдгори сафари Тошкент» («Тошкент сафари хотиралари») Теҳрон. 1944. Форсча. Теҳрондан Тошкентга қилинган саёҳатнинг таассуротлари ҳикоя қилинган. Институтда қишлоқ хўжалиги соҳасига оид турли мамлакат ва шаҳарларда ҳар хил тил ва ҳар хил вақтларда нашр бўлган бир қатор асарлар ҳам сақланмоқда, Булар суғориш ишлари, пахтачилик, ипакчилик, асаларичилик чорвачилик, мевачилик, ер ишлари, зироат масалалари каби қишлоқ хўжалигининг кўп тармоқлари ҳақидадир. Улардан айримлари Ўзбекистонда турли вақтларда бир қатор тилларда нашр қилинган. Хусусан, 1917 ва 1920 йиллар атрофида чоп этилганлари қизиқарли ҳисобланади.

Шунингдек, институтда рус классик ижодкорларидан Пушкин, Лермонтов, Толстой, Крилов, Тургенев, Чехов асарларининг татар ва озарбайжон тилларига таржима бўлган нусхалари билан бирга Шекспир, Ламартин, Вамбери, Жюль Верн ҳамда ҳинд муаллифларининг асарлари мавжуд.

XIX асрнинг иккинчи ярмида рус классик адабиётидан ўзбек тилига биринчи марта таржима қилинган асарлардан Толстойнинг 1887 йилда Тошкентда чоп қилинган «Одамлар нима билан тирик?» номли асари ҳам сақланмоқда.

Октябрь революцияси арафасида (1915-1917) нашр бўлган асарлардан институтда Навоийнинг «Мажолис ун-нафоис» ва «Муҳокаматул-луғатайн» номли китоблари ҳамда Ҳамзанинг Қўқонда нашр бўлган 7 рисоласи бор. 1917-1920 йиллар мобайнида нашр бўлган асарлардан 61 нусха сақланмоқда. Жумладан, ўзбек тилида чоп қилинган «Гулдастаи ҳуррият», «Мардикорлар ашуласи», «Тоза ҳуррият», «Тиконли гул», «Ҳуррият меваси», «Русия инқилоби», «Тошкент мусулмонлари» каби асарлар намунали нусхалардир.

Институтда Октябрь инқилобидан азвал (1862-1917) қозоқ, қирғиз ҳамда бошқа тилларда Қозон шаҳрида нашр бўлган юзга яқин асар мавжуд. Шулардан «Ҳалвопуруш қиссаси», «Ҳамро ва Хисрав», «Қизжибек» китоблари қозоқ тилидаги адабий асарларнинг муҳимлари.

Институтдаги китоблар фондида қўлёзма асарлар билан бир қаторда босма асарларнинг ҳам салмоғи катта. Мазкур

босма китоблар турли вақтларда ҳар хил йўллар билан тўпланган.

1919 йилда Тошкентнинг эски шаҳар қисмида Турон номидаги кутубхона очилган эди. Ҳозирги Тошкент область кутубхонаси. Ўша вақтда бу даргоҳга ҳадя этиш ва сотиб олиш йўли билан бир қанча китоблар жамланган. 1924 йилда Орск шаҳридаги машҳур китобфуруш Аҳмад Исҳоқий деган кишининг 5000 атрофидаги ҳар хил фанларга доир хусусий кутубхонаси сотиб олинган. Ана шу область кутубхонасидаги китобларнинг бир қисми кейинроқ Навоий номидаги Давлат кутубхонасига ўтказилган. Шу билан бирга Академиянинг асосий кутубхонасидан ҳам бир қанча китоблар келтирилган.

Кейинчалик эса институт Эрон, Афғонистон, Туркия, Ҳиндистон ва бир қатор араб мамлакатларидан турли йўллар билан китоблар олиб келинган. Институт ҳузурида тузилган махсус комиссия орқали республикамизнинг турли жойларига бориб, нодир китобларни сотиб олиш йўли билан ҳам унинг фонди бойитилмоқда. Шундай йўл билан бухоролик Саиджоновдан ҳам бир қанча қўлёзма, босма асарлар, ҳужжатлар сотиб олинган.

Институт фондида мавжуд бўлган асарлар қиммати ва илмий аҳамияти жиҳатидан Ленинграддаги қўлёзмалар фондидан кейин мамлакатимизда иккинчи ўринни эгаллаган нодир намуналар хазинасидан бири ҳисобланади. Шу билан бирга босма асарларнинг сон ва салмоғи ҳам юқори даражада. Бу қўлёзмалар турли фанлар билан шуғулланувчи илм аҳллари учун борган сари қиммат касб этиб бораверади.

Абдулла Носиров,

илмий ходим

“Шарқ юлдузи” журнали, 1983 йил 3-сон.