Йўлдош Сулаймон. Бағри қон Фарғона (1989)

Она Фарғонам, онажоним, нега йиғлаяпсан, нега инграяпсан, нега титраяпсан? Мусибат қаердан кела қолди, уни ким олиб келди? Ана шу хунрезликни, биродаркушликни бошлаб берган, тинчингни ўғирлаган, сени қон қақшатган ким ўзи? Меҳр-муҳаббатнинг, қон-қардошликниг юзига оёқ қўйган, ўзига ёзилган дастурхонга оёқ узатган, бошимизга ғам тошини отаётган юзи қора ким ўзи? Наҳотки, сенинг сувингни, ҳавонгни, меҳрингни ичиб улғайганлар орасида шундай бетавфиқлар бор бўлса?!

Бутун Фарғонанинг азадор ҳовлига ўхшаб қолганига чидолмай ҳайқиргим келяпти Бу аламли нидо томоғимга тиқилиб-тиқилиб, бутун вужудимни аёвсиз оғритгани билан, нега овозимни чиқара олмаяпман? Гапириш навбати келганда тилим лол бўлиб, кўзларим ёшга тўляпти. Фарғонада қон, тўкилганига, 2 мингдан ортиқ ҳамюртимиз бошпанасидан айрилганига, мингга яқин узоқ-яқинларимизнинг жароҳатланганига, кўплаб кишиларнинг ҳалок бўлганига, ҳовли-жойларининг кули кўкка соврилганига ўзим шоҳид бўлиб турибман-ку! Қани энди буларнинг барчаси ёлғон бўлса? Қани, болалар ва оналар фарёдини эшитмаётган бўлсам? Бу шафқатсизликлар учун ич-ичим куйишга куйяпти, аммо кимни лаънатлай, кимга ялиниб-ёлворай? Ахир, турк билан ўзбек нима учун, нима талашиб, бир-бирларига тажовуз қилишди? Наҳотки, бир ҳовуч бебошларнинг қасдма-қасди икки халқни — тили бир, дини бир, урф-одати бир, ҳатто қони бир икки халқни бир-бирига ёв этиб қўйса? Йўқ, бу ҳеч ақлга сиғмайди…

У ёки бу халқни ёмон отлиққа чиқариш нодоннинг иши. Катта ё кичик бўлишидан қатъий назар, ҳар бир халқ ҳамиша улуғ ва қудратли. Ёмон, ичиқора, жанжални пулга сотиб оладиган, номард, худбин, пасткаш, майдагап, хулқи бузуқ, хоин одамлар ҳар бир халқдан ҳам топилади. Гўдакларнинг, оналарнинг, оталарнинг, «ҳеч кимга тили ҳам, жағи ҳам тегмаган» меҳнат аҳлининг гуноҳи нима?! Баъзилар бу воқеаларни «тўқликка шўхлик» деб баҳолаяпти. Ваҳоланки, унчалик тўқ ҳам эмасмиз. Иқтисодий, ижтимоий, маънавий қийинчиликларни тезроқ тугатиш йўлларини биргалашиб излаш, бир-биримизга мададкор бўлиш ўрнига, етти ухлаб тушга ҳам кирмаган даҳшатли манзараларнинг томошабини бўлиб ўтирибмиз. Жанжалнинг тагини суриштирмай, ўзимизча хулоса чиқаряпмиз. Баъзан вазиятни тўлиқ англаб етмай, «қилдан қийиқ қидирганлар»нинг ур калтак, сур калтакни давом эттиришларига баҳона топиб беряпмиз. Бошқа жойлардаги ҳамма месхет турклари Қувасойдаги ўз уруғлари бўлган ўша бебошларни қоралашяпти. Бундай қаҳрли овозни мен Қўқонда, Фрунзе ноҳиясининг Найманча қишлоғида, Ўзбекистон ноҳия Ленин номидаги жамоа хўжалигининг Каттағон қишлоғида, Фарғона ноҳиясининг Усмон Юсупов номидаги боғдорчилик совхозида, Марғилонда эшитдим. Месхет турк энг кўп яшайдиган Қувасойда ўзи нима бўлган эди?.

Қейинги вақтларда бу ерда истиқсмат қиладиган ўзбек, тожик, қирғиз ва бошқа миллатларга мансуб кишилар тез-тез:

— Буларнинг дастидан ёш-ялангларимиз кўчада бемалол юролмай қолишди, — деб айрим месхет турклари устидан арз этишарди.

Бу ҳақли овозларга қулоқ тутадиган топилмади. 1989 йил 23 май куни месхет турклари ресторанда ўзбек йигитларининг иззат-нафсларига тегдилар. Бу хабар тез тарқалди. Кўпдан алам билан юрган ўзбек йигитлари бақириқ-чақириқ билан ўша куни соат 19 дан 30 дақиқа ўтганда тўпландилар. Шаҳарнинг Будённий кўчасида икки тараф бир-бири билан юзма-юз бўлиб, бир-бирини ҳақоратлашди, қичқиришди. Гиж-гижлаш кучайиб, жаҳл келиб, ақл йўқолди, бир-бирларининг устига тошлардан ёмғирлар ёғдиришди. Ўзбек, тожик, месхет туркларидан тўрт киши жароҳатланди. Вилоят ва шаҳар партия, шўро ташкилотлари, милиция ходимлари кучи билан жанжал бостирилганда, вақт ярим кечадан ўтган эди. 24 май куни соат 11 ларда месхет туркларидан 300 киши шаҳарнинг Ленин майдонига тўпланиб, ўз юртларига қайтиш ҳақидаги ва бошқа сўровларни ўртага қўйиш билан бирга, жанжал сабабчиларини жазолашни талаб этдилар. Улар билан юзма-юз йиғилган 500 дан ортиқ ўзбек ва тожик миллатига мансуб шахслар рўпарасидагиларга асаблари қўзғаб интилдилар. Партия, шўро, жамоат ташкилотларининг раҳбарлари, тинчлигимиз соқчилари, обрў-эътиборли оқсоқоллар ўртага тушиши билан, соат 13 дан 30 дақиқа ўтганда тарқалган оломон, соат 19ларда яна йиғила бошлади. Аммо булар фақат ўзбек ва тожик йигитлари эди. Улар қаршисида месхет турк оқсоқолларидан — ҳалол меҳнати ва одамларга меҳри билан ҳурмат топган Тоштон ака Аслонов сўзга чиқиб, ўз ватандошлари орасидаги баъзи енгилтак ва хулқи бузуқ йигитларни қоралади, уларнинг ҳаддан ошган хатти-ҳаракатлари учун вужуди титраб-титраб кечирим сўради. Ундан кейин сўзга чиққан кўп кишилар ҳозирги воқеаларни онгсиз ҳаракат деб баҳолаб, ақл-идрокни йиғиб олишга чақирдилар.

Бу юрак сўзлари, ҳатто ялиниб-ёлборишлар, қонун бунга йўл қўймаслиги, ҳеч ким ундан қочиб қутулолмаслиги ҳақидаги жиддий огоҳлантиришлар нега озгина бўлса ҳам таъсир этмади? Нега оломоннинг қулоғи кар бўлиб қолди, жазавалари ошиб-тошди? Темирйўлчилар кўчасидан юриш бошлаган оломонни бу ерда кўпчилик бўлиб яшайдиган месхет турклари ғазаб билан кутиб турарди. Тошлар, портловчи пакетлар ва таёқлар билан бир-бирига ташланган жаҳолат жангида 58 киши жароҳатланди, 32 киши касалхонага ётқизилди. Қувасойнинг Вали қишлоғида яшовчи 29 ёшли тожик йигити Икром Абдураҳмонов касалхонада вафот этди. Кимларнингдир, рости, қайсидир кўринмас шарпаларнинг ваҳимасига, миллий ҳис-туйғуга тегувчи чақириқларига, қутқусига учиб, қулоғи кар, дили ва кўзи совуқ бўлиб кетган ҳар икки тарафнинг оломони ҳақида гапиришдан олдин Қувасой раҳбарларига, милиция ходимларига таъна тошини отмай бўладими? Қувасойда месхет туркларининг бир тўда «валат»лари кейинги вақтларда бебошлик кўчасига кириб, бошқаларнинг иззат-нафсига тегиб юриши маълум бўлиб, кўп шикоятлар тушиб турган экан, нега чора кўрилмаган? Милиция ходимлари, жамоат ташкилотлари, Сизлар қаерда эдингиз? Айниқса, милиция ходимлари, яна такрорлайман, ўзбошимчаликни кўриб туриб, нега кўрмасликка олганлар?

Қувасойликларнинг айтишларича, бу ердаги милиция ходимлари айрим месхет турк йигитларидан қўрқишар экан. Нега? Тиллари қисиқмиди? Босар-тусарини билмаган ўша 10—15 такасалтанг вақтида жиловлаб қўйилганда, имоним комилки, ҳозир бошимизга бундай оғир кўргулик тушмаган бўлар эди. Жанжалнинг илк куни оломон жиноятчиларнинг жазоланишини талаб этганда, каллани ишлатиб, тўполончи ўнтадир, йигирматадир, ўттизтадир, нега дарров ушланмади? Улар ўша куни кўпчилик кўзи олдида тергов қилинса, судга берилса, ҳамма фалокатнинг олди олинмасмиди? Ишсизларни ким ўйлаб кўрди? Қўлга тош, таёқ, пичоғу ханжар тутган ёшларнинг кўпчилиги ҳеч қаерда ишламаётган, ҳеч ким ҳисобини олмаётган бекорчилар эканини катталар бундай ўйлаяптиларми?

Қувасойдаги бор воқеа мана шу. Аммо миш-мишлар еру-кўкка сиғмайди. Фарғона вилоятининг қаерига борманг: «Нима дейсиз, месхет турклари Қувасойда болалар боғча-яслисига кириб, гўдакларни ўлдириб, паншахага илиб кетибди, болаларнинг икки оёғини икки томонга тортиб, бўлиб, деворларга михлабди, қизларни зўрлабди, кўринган ўзбекни ўлдиряпти» ва ҳоказо ва ҳоказо гаплар. Ахир, буларнинг ҳаммаси кимларнингдир ўйдирмаси-ку! Вилоят партия қўмитаси мафкура бўлими мудири Абдусамаджон Шерматов боғча-ясли воқеасини шарҳлаб деди:

— Шаҳар ижроия қўмитаси биноси ёнида жанжалкашлар билан мунозара қилиб турганимизда, орқа томондан аёл кишининг «дод, келишяпти», деган овози келиб қолди. — Кўпчилик ўша томонга югурдик. Етиб борсак, жимжитлик. Боғча-ясли мудираси:

— Мени кечиринглар, — деди, — ўйнаб юрган болалар скамейкаларнинг тахталарини тортишаётган экан. Ёғочнинг қарсиллаганидан қўрқиб кетибман!

Боғча-яслига оид воқеа ҳам шу, холос. Бошқа миш-мишлар ҳам худди шундай, уйдирма! Фарғона шаҳрида, Фарғона ноҳиясида, Марғилонда, Қўқонда, Фрунзе ноҳиясида ва бошқа жойлардаги ўзбек, тожик, қирғизлардан сўранг, ҳаммаси месхет туркларидан ёмонлик кўрмаганликларини, иноқ яшаётганларини айтишади. Бу жойлардаги месхет турклари эса, ўзбеклардан бир умр миннатдор эканликларини изҳор этишади. Ўзингиз ўйланг, икки халқнинг бир-бирига қандай адовати бўлиши мумкин?! Месхет туркларига меҳр-муҳаббатдан бўлак ҳис-туйғумиз йўқ десам, барча юртдошларим қўшилишларига ишонаман. Биз, уруш йилларининг қийинчиликларини кўрган болалар, ота-оналаримиз месхет туркларини қандай ҳурмат-иззат билан кутиб олганликларини яхши биламиз. Ўзбекистон ноҳия Ленин номидаги жамоа хўжалигидаги Қаттақум қишлоғининг бундан 45 йил бурунги ўша кечки пайти ҳеч ёдимдан кўтарилмайди. Урушдан оғир ярадор бўлиб, касалланиб келган, кўрпа-тўшак қилиб ётган дадамни урушдан бир кўли яроқсиз қайтган Мамараҳим ака йўқлаб келиб:

— Қани, Сулаймонқул, бир амаллаб ўрнингдан турмасанг бўлмайди, — деди. — Кавказдан меҳмонлар келяпти.

—Ҳозир меҳмондорчилик вақтими,—деди дадам бошини кўтариб, — тинчликми?

— Кавказдан қайсидир халқ сургун қилинибди.

— Наҳотки, бутун бир халқ сургун қилинса?

— Қримлар ҳам шундай бўлди-ку?

— Ё раббим, — деб дадам худди соппа-соғ одамдек туриб, Мамараҳим акага эргашди.

Ўша куни шом қоронғусидан бошлаб, ўндан ортиқ оила учун, иккитагина синфи бор, пастак томли мактабимиз, яна бир неча хонадонлар, меҳмонлар пойига шошилинч ҳозирланди. Уйма-уй юриб, уларга емиш йиғилди. Очлар ўзларининг очликларини сездирмай, топган-тутганларни беришди. Ўша, ниҳоятда ачинарли, аммо меҳру муҳаббатли манзараларни жўнгина ёзиб ҳам, гапириб ҳам бўлмайди. Илк кунларданоқ, Ойдин ва Алоиддин Байрамовлар, Рустам тоға Азизов, Гунаш Чкалов, Сейфад ака, Билол ака, Фезлат, Ширват, Ширвон опа ва бошқаларнинг оилалари қишлоғимизга худди ўз қариндош-уруғимиздай сингиб кетди. Боримиз ҳам, йўғимиз ҳам ўртада, ўзбек тенгдошларим қатори Муҳаммад, Уммат, Юлдуз, Ночора, Гулботин, Илмдор, Сарвар сингари месхет турк ўртоқларим, йиғласам йиғлаб, кулсам кулиб ҳамиша мадад берганликларини унутсам, ўз ўтмишимни оқ ости қилган бўламан-ку? Йигирмадан ортиқ невара-чевараси бор оппоқ соқолли, гавдали, хушрўй, гапи кескир ва лекин меҳрли Байрам бобо вафот этганда, бутун маҳалла ўз отасидан айрилгандай йиғлаган эди?! Юракнинг бу титроғини ўлчай оладиган мезон борми? Ҳозир шуларни эслаб юрагим эзиляпти.

60-йилларда қишлоғимиздаги месхет туркларидан Фезлат опа, Сейфад ака ва марҳум Гунаш Чкалов оиласи Фарғонага кўчиб келган. Мен булар билан кўришиб турардим. Пахта заводи орқасидаги кўчаларда яшарди. Улар орасида онамга тенгдош, қадрдон Фезлат опа билан кўп вақт учрашолмадик. Бир куни ёз пайти Фарғона бозорида мева харид қилиб юрсам, кимдир пештахтадан ўзини ташлаб, мени қучоқлади. Қарасам, ўша ўзимнинг холам ўрнида холам бўлиб қолган Фезлат опа. У мени ўпиб-ўпиб йиғлаяпти. Бу меҳрни тушунтириб бўлармиди?

Чекшўрада яшайдиган Ширват опа «этажда ўтирасизлар» деб шафтоли ё узумлари пишса, олдин менинг оиламга олиб келарди. Билардими, бу оқибат мен учун эмас, марҳум дадамга, заҳматкаш онамга бўлган меҳрларининг изҳори эди. Эҳ, биз қандай саховатли, кўнгли кенг, ўзини эмас, ҳамиша бошқаларни ўйлаб яшаган улуғ инсонлар фарзандимиз!

Нурхон исмли қиз Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими идорасига кириб келиб, Тошлоқдаги «Аврора» кинотеатри методисти — Бахтли исмли месхет турк аёлини топишга ёрдам беришимизни сўради… У ўзини тутолмай йиғларди:

— Бахтли опамдек яхши аёлни кам учратганман, туғишгандек эдик.

Нурхон йиғлаяпти. Бугунги ёвузлик орасида юриб, худди қўрқинчли туш кўраётгандекман. Кошки, бу туш бўлса? Кошки уйғониб, Фарғона ноҳияси Ленин номидаги жамоа хўжалигининг вилоятга машҳур пахтакори, тош устида дур ундираётган бригадир, Ленин орденли Уммат Кўчиевни яна ўша даштдаги ўзи қурган дала шийпонида учратсам. Ўтган йили кузда бу шийпонда санъаткорлар ва шоирларнинг пахтакорлар билан учрашуви бўлиб, уни жумҳурият телевидениеси тўла-тўкис кўрсатган эди. Усмон Юсупов номидаги боғдорчилик совхозининг ўнлаб гектар ерларида боғ яратган соҳибкор Сейфад Улфановни нега яшириб қўйишга мажбур бўлдик. Ҳозир унинг гилослари қийғоч пишиб ётибди.

Мен билан ёнма-ён яшаётган невара-чеварали Мусо оға, қурувчи Фармонжон ва Анваржон, ҳайдовчи Азизжон, тарбиячи Мўминадай ҳалол, очиқ кўнгил, заҳматкаш қўшниларим совхоз бош агрономи Кахо Мучаидзе нега ўз уйларидан қувилишди, нега сарсон-саргардон бўлишди? Уларни ўйлаб туриб, яна бир ҳақиқатни алам билан айтгим келади. Фарғонада, жуда кўп миллат вакиллари яшайдилар. Аммо далада ишлаётган, дала меҳнатининг азобини ўзбек ва тожиклар билан бирга тортаётган) ҳам фақат месхет турклари эди-ку!

Қувасойда бошланган бу довулни бошқа тарафларга ким олиб ўтди? Ғалаённи бостириш учун шундай жиддий чоралар кўрилар экан, шуни илгарироқ бошласа бўлмасмиди? Нега чора кўриш кечиктирилди? Бу оқимни Қувасойнинг ўзида тўхтатиб қолиш мумкин эди-ку!

Ҳозир ўзбеклар билан месхет туркларининг қон-қардошлиги тарихини варақлаб ўтирмоқчи эмасман. Бу ҳақда жуда кўп гапириляпти. Бу икки халқ номидан иш кўраётганлар фожиаси борган сари оғирлашиб бораётган бир пайтда соф ниятли, очиқ дил, меҳрли кишилар нигоҳларидан таскин оламиз. Ўзбекларнинг ҳам, месхет туркларининг ҳам аҳли донишлари бу беюзлик қаршисида кўзларида ёш билан бош эгиб, бебошлик кўчасига кирганлар учун бир-бирларидан дил ичида кечирим сўраётганларини ҳис этяпман.

Донишмандлар айтганидек, дунёда дўстликдан афзалроқ ва қимматлиррқ ҳеч нарса йўқ. Умрдан дўстликни ўчириб ташлаш қуёш нуридан маҳрум этиш билан баробар. Ўзгаларнинг қайғусига лоқайд қараганлар ҳеч қачон ҳақиқий инсон саналмаганлар. Ҳозир кимнинг кимлиги билинадиган энг оғир синовлар бағрида турибмиз. Бундай пайтда ҳар бир одам ўз ақл-идрокини эҳтирос ихтиёрига топшириб қўймаслиги керак. Халқда шундай гап бор: «Эҳтиросни тизгинла, акс ҳолда, у сени тизгинлайди». Ҳаётда эҳтироснинг қулига айланган кишиларнинг умри ҳамиша аянчли бўлганига оид воқеалар жуда кўп!

Қадимда шундай низо чиққанда халқ улуғлари, кўпни кўрган оқсоқоллар яраш-яраш чақириғи билан чиқиб, икки тарафни бир-бирига яқинлаштириб, ўрталарига нон қўйиб, бир-биридан узр сўратиб, ҳамиша дўст яшашга онт ичирганлар. Менинг ёши улуғ ҳамюртларим! Сизлар нима қиляпсизлар? Ақл-идрок, оғир вазминлик, донишмандлик, кечиримли бўлиш сингари ота мерос фазилатларимизни йўқотиб қўйганимиз йўқ-ку! Шундай пайтда ҳам катта раҳбарларнинг тоишириқларини, уларнинг иш буюришларини кутяпсизларми? Нега фарзандларингиз, невара-чевараларингиз йўлини тўсмадингизлар? Кўп раҳбарларимиз тузукроқ гап ҳам топишолмаяпти. Ҳатто даврага чиқишганда, ҳамон қоғозга қараб, биров ёзиб берган гапни такрорлашяпти. Улар юракдан гаплашишни билишмаяпти.

Юртимнинг кўпни кўрган улуғлари, энди умидимиз Сизлардан. Милиция ва ички ишлар қўшини солдатлари қуршовида турибмиз. Жиноятчилар, майли, жазолансин. Аммо лақмаларнинг кўзини очиб қўйишни, огоҳлантиришни унутмайлик. Негадир баъзи ёшларимиз оёғи тагидан нарини кўрмаяпти.

Ҳеч бир миллат ҳеч қачон ёлғиз ўзи бахтли бўлолмаган. Қардошлик, дўстлик, қўни-қўшничилик, қариндош-уруғчилик, меҳр-оқибат, — ахир бу бахтимизку! Жаҳл келганда, ақлини йўқотганларнинг яна ақлларини йиғиб олишларига кўмаклашайлик. Фарғона — шафқат, муҳаббат, мардлик водийси! Биз ана шу гўзал водийнинг диёнатли кишилари фарзандларимиз. Оталар шаънига, водий шаънига доғ туширмайлик. Мардлар ҳамиша кечиримли бўлган.

Азиз ҳамюртларим, туғишгандай бўлиб кетган месхет турк қариндошлар, жазавага тушган бебошларнинг гапини гап қилмайлик, улар ташлаган совуқчилик учун, келинглар, бир-биримизни кечирайлик!

«Фитна санъати» (1-китоб, «Фан» нашриёти, Тошкент, 1993) китобидан олинди.